Николай Заболоцкий (1903-1958)

Николай Заболоцкий ХХ аср рус шеъриятининг мумтоз вакилларидан бири саналади. Унинг шеърияти майин лиризмга йўғрилган фалсафий тафаккурга бойлиги билан ажралиб туради.
Н.Заболоцкий 1903 йилда Қозон шаҳрида таваллуд топди. Унинг болалиги Витебск губерниясининг Уржум шаҳри яқинидаги Сернур қишлоғида кечади. У мурғаклигидан бетакрор табиат гўзаллигига ошна бўлиб ўсди. Ва у ўша даврдаги бокира туйғуларини қалбида умрининг охирига қадар сақлаб қола билди.
Бўлажак шоир 1920 йили Москвага келиб, Москва университетининг тарих-филология факультетига ўқишга киради. Лекин у ерда яшашнинг оғирлиги сабаб Ленинградга боради ва Герцен номидаги Педагогика институтида таҳсил олишни давом эттиради.
У бу даврда Маяковский, Есенин ва яна турли хил оқимлар намояндалари иштирок этадиган давраларда фаол қатнашади, уларга эргашиб шеърлар ёза бошлайди.
Ёш истеъдод соҳиби ижодкор бўлишга қатъий аҳд қилади. У юрагидаги бу азму қарорини 1928 йили бўлажак турмуш ўртоғига ёзган хатида шундоқ изҳор этади: “Сиз ёзувчининг ҳаёт йўли қанчалик машаққатли эканини яхши биласиз. Мен ижод учун турмушимдаги фароғатдан юз бурдим, “жамиятдаги мавқеим”дан воз кечдим, туғилган оиламдан узилдим. Энди умримни ижодсиз тасаввур қила олмайман…”
1929 йилда шоирнинг биринчи китоби – “Туркумлар” дунё юзини кўради. Ва у шоирга юксак обрў келтиради. Тўплам ҳақида В.Каверин, С.Маршак, Н.Тихоновлар яхши фикр билдирадилар ва ёш муаллифни қўллаб-қувватлайдилар.
Шоир қатор шеърий тўпламлар чоп этиш билан бирга айни пайтда таржима соҳасида ҳам катта ишларга қўл уради. Унинг грузин мумтоз шеъриятидан қилган таржималари, айниқса Ш.Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” асарининг ажойиб таржимаси таҳсинга муносибдир.
Н.Заболоцкий 1938 йили ўзининг адабий-танқидий мақолалари учун қамоққа ҳукм қилинади. У мақолалар баҳонасида “бутун ижодига хос бўлган” эътиқодсизликда айбланади.
1946 йили шоир яна Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тикланади. У яна ижод билан машғул бўлади.
Шоир ҳаётининг сўнгги уч йили ниҳоятда баракали кечди. У бу даврда ўзининг бир қатор фалсафий руҳдаги шеърларини яратади. Ва ҳаётининг охирги кунларида умр сарҳисоби бўлган сўнгги шеърий тўпламини нашрга тайёрлайди.
Шоир 1958 йили 55 ёшида ҳаётдан кўз юмади.


ҚИШНИНГ БОШЛАНИШИ

Қишнинг замзамаси ортиб тобора,
Бугун эшигимни қоқди уч бора.
Чиқдим далаларга. Чирсиллар ҳаво,
Мусаффо кенгликлар бахш этди сафо.
Хаёлан бир нафас уфқларни қучдим,
Сўнг қирдан пастликка энтикиб тушдим.
Қирғоқ тепасида туриб қолдим лол,
Асов дарё оқар эди бемажол.

Аёзларга буркаб тириклик йўлин,
Қиш узатган эди сувга ҳам қўлин.
Ажалнинг домида сезиб ўзини,
Дарё очолмасди ҳорғин кўзини.
Ҳолсиз вужудини ҳар ён ташлади,
Сўнг бирдан узаниб музлай бошлади.
Гувраниб қирғоққа урди сўнг бор бош,
Қорамтир мавжлари қотди мисли тош.

Кўрдим мен дарёнинг беришини жон –
Бир кун, икки кунмас айнан ушбу он.
Азобдан инграниб тортганида оҳ,
Унинг дардларидан бўлдим мен огоҳ.
Энг қайғули дамда – қолганда ночор,
Бўлмайин ёнингда на дўсту на ёр –
Талашар сониянг талвасада жон
Айнан шу лавҳада бўлди намоён.

Бўйнида кўрганда ажал сиртмоғин,
Туйдим мен дарёда қалбнинг тўлғоғин.
Бош устида ўлим қилганда таҳдид
Инсон ҳам жон берар худди шу тақлит.
Кўпириб оқишлар энди бир рўё,
Мункиган тулпордай ётар у гўё.
Муз узра тошган сув қалқир қорайиб,
Гўё зирҳли қирғоқ борар торайиб.

Турганча харсангтош ёрғучоғида,
Ғамгин термилардим ботгувчи кунга.
Қоп-қора қузғунлар арча шохида
Ўткир кўзларини тикканди менга.
Кетдим. Сўнг зулмат тун ёйди пардасин,
Изғирин чарх урди тинмасдан сира.
Қолдирмай кўксида тириклик сасин,
Дарё ётар эди тош тобут ичра.

ОТ ҲАҚИДА ҚИССА

Жонворлар ухламас. Тун ичра бедор
Турарлар тик қомат, мисли тошдевор.

Силлиқ шохлари-ла пичанни илиб,
Бошқалардан ўзин айрича билиб,
Сигир оғилхона ичра тўкиб қўр,
Бўйнини ёнига буради базўр.

Отнинг сахт-сумбати кўркамдир бирам.
Кўзларида унинг ақл мужассам.
Ҳушёр у! Илғайди барглар шивирин,
Англар гўё туннинг жамики сирин.

Бироқ у кимга ҳам сўйлагай, ахир,
Кун бўйи кўргани-билганларини?
Тун эса терандир – самовий, соҳир
Юлдузлар заминга тўкар зарини.

От эса турибди – соқчидек хушқад,
Ўйноқи шаббода завқи билмас чек;
Иккита қароғи нурланар фақат,
Ёллари нақ тилла шокилалардек.

Агар кўргандайди инсон ушбу он
Отнинг истарали мунис юзини,
Юлиб берар эди унга бегумон –
Тилини ва бешак бундан ўзини
Туйган бўлар эди бахтиёр чандон.
Ахир, от бўлмайин ортиқ жигархун,
Сўйлаб юборарди дардини ёна –
Ва нақшин олмадай дона ва дона
Сўзлар тўкиларди ё улар алҳол
Сутдек тошарди ё томар мисли бол.
Сўзларки, тунд ҳужра ичини ногоҳ
Ёритган чироқдай киргай юракка.
Сўзларки, қўшиққа мазмун бўлароқ
Юксалтар ҳориган руҳинг юксакка.

Бироқ ҳувиллайди отхона саҳар,
Дов-дарахт жилади яқин-йироққа.
Тоғларни тонг барвақт йўргаклаб олар,
Уйғонар одамлар меҳнат қилмоққа.
От ҳам аравани чиқади судраб,
Ҳали у терларга ботгайдир жиққа.
Ҳозирча нигоҳин ташлайди мудраб
Сирларга тўла бу кўҳна борлиққа.


ТОНГГИ ҚЎШИҚ

Ажойиб кун келди. Дарахтлар хушқад,
Япроқлар тин олди. Шоху шаббанинг
Томири кучланди. Ва замин узра
Очди деразалар қанотларин ланг.
Ва кимки минора устида бўлса,
Қаради осмонга, осмон – зангори.

Дераза ёнида турардик биз ҳам,
Суюклим баҳорий кўйлагин кийган.
Унинг қўлидаги жажжи ўғилчам
Ажиб қувончидан қийқирар тинмай,
Бокира нигоҳин қадаган у ҳам
Қуёш чарақлаган мовий осмонга.

Пастда дов-дарахтлар, жонворлар, қушлар –
Йирик, кучли, юнгдор, чаққон ҳамда шўх,
Давра қуриб, олиб бамисли созни –
Найни, ғижжакнию гўс ноғорани,
Бошлаб юбораркан тонгнинг қўшиғин,
Бизни қаршиларлар. Сўнг куйлар борлиқ.
Борлиқ жўр бўлган чоғ ушбу қўшиққа,
Эчки ҳовлини гир айланиб қолар.
Ва мен англадим бу ажиб тонг пайти –
Одамзоднинг бахти ўлмас, боқийдир.

ЭРТА КЎКЛАМ

Бўрон тиниб, офтоб юзини
Тунд осмонда кўрсатди илк бор.
Қиш ортиқча сезди ўзини,
Кўчаларда хира тортди қор.

Қора булут лахтакларидан
Сизди тунда ойдан олтин нур.
Енгил тортди қарағайлар ҳам
Муз лошидан қутулиб бир қур.

Сумалакнинг тугаб куч-қурби,
Тонг жилғани чулғади зарга.
Ялтирайди кўлмаклар худди
Ўхшаб кумуш тақсимчаларга.

Ҳали мудрар оппоқ далалар,
Йўғрилмишлар қишнинг хобига.
Улар ишлар ушбу паллалар,
Келсин деб ер айни тобига.

Ҳали-замон борлиқни қутлаб,
Оқ булутлар ёяр елканин.
Ва осмонни тўлдириб қушлар,
Билдирарлар баҳор келганин.


САЪВАЖОН, ЖОЙ БЕРГИН МЕНГА ЁНИНГДАН

Саъважон, жой бергин менга ёнингдан,
Бир бора ошуфта ҳолимга боққин.
Қалбимни сен учун садқа этгайман,
Чечакдек чақнаган кўзларинг ҳаққи.

Баҳор ўз қўшиғин куйлайди баравж,
Тераклар сувдадир тиззаси қадар.
Барги капалакдек урсин дея мавж,
Новдаларда куртак бўртар тонг-саҳар.

Ҳатто далалар ҳам чуввосдан гаранг,
Ирмоқлар чулдираб тинмайди сира.
Иложинг бормикин – чордоқда бўлсанг,
Ўзни отмасликка қайинзор узра!

Ишқий наволаринг бошла, саъважон!
Нурлар ўйнаганда кўкнинг тоқида,
Биз-чун илк навобахш ўзингсан, ишон,
Қайинзорнинг қўшиқ илмгоҳида.

Бошла нағмаларинг, эй жимит ошиқ!
Кетсин юраклардан алам, ҳасрат, доғ.
Куйларинг кўкларга чиққайдир тошиб,
Сен ўрмон кўксида сайраганинг чоғ.

Мен ҳам куйламоққа ташнаман роса,
Бироқ шивирлади митти капалак:
“Кимки баҳорда гар ҳаддидан ошса,
Ёзда куйлай олмай бўлгуси ҳалак”.

О, баҳор яхшисан, бирам яхшисан!
Настарин ифори борлиқда бутун.
Қалбим, баландлатгин ошёнинг сен ҳам,
Сен ҳам чаманларни куйлагин мафтун.

Сурх новда устида руҳинг яйратиб,
Жаҳонга ёя қол завқу суруринг.
Қалбингни энг сайроқи қушдек сайратиб,
Юлдузлар нурига боғла шууринг.

Тонгларга юзинг бур – ташвишдан холи,
Қара – бойчечак қор қучоқларида.
Куйлаб эси оғган саъва мисоли
Адаш сен ҳам баҳор пучмоқларида.

* * *

Кимдир у – ўрмонда берган акс садо?
Эман қарағай-ла сирлашдими ё,
Ё елда тебранди қизил наъматак,
Ё саъва куйлади – тин олиб андак,
Ва ёки тоғчумчуқ – жонсарак бирам,
Шом пайти ахтарди мени чекиб ғам?

Кимдир у – ўрмонда берган акс садо?
Эҳтимол сендирсан, эй нозик адо –
Яна баҳор келгач ёшликни эслаб –
Мени фироғингда куйдирганинг заб,
Оҳлар ургандирсан гўшангда танҳо,
Нофармон йилларни дилга қилиб жо?

Кимдир у – ўрмонда берган акс садо?
Тонгда ҳам, шомда ҳам, ёз, қишда ҳатто
Менга эшитилар ажиб, сирли сас.
Илк севги саси бу – энди ҳеч қайтмас…
Мен ўша ишқ боис шеър битгум ҳамон
Ва улар кафтимдан учар сен томон…

МУНИС ЁР

Ўлтирар у жиддий ва сокин,
Излагандек ҳаёт тотини.
Ичиб олгин, дея дорисин
Узатади унга хотини.

Ва меҳрли нигоҳин ташлар,
Нигоҳларки – ёнган шам музда:
Осилмишдир жингала сочлар
Ажин тушган пешона узра!

Тинмай ёзар, ёзар у ҳамон,
Қоғозлардан кўтармайди бош…
Гарчи хотин ўзи ярим жон,
Тилар унга тўзим ва бардош.

“Тиқ” этган сас унга нақ оғу,
Жим дашноми ўтар баридан.
Ер ўйилса, тушиб кетса у
Унинг ўткир нигоҳларидан.

Кимсан ўзи – даҳомисан ё,
Ҳатто Гёте, ҳаттоки Данте
Садоқати, меҳри дилга жо –
Бундай мунис ёр кўрмаганди.

Қоралайсан неларни нуқул?
Нималар хун қилмоқда сени?
Зулматларга чўмганча буткул,
Сен куюниб ахтаргунг нени?

Эзгуликнинг тушиб измига,
Изладинг гар ҳаётдан тотни,
Айт, сезмайсан томудом нега
Ёнингдаги энг мунис зотни?


ШАФҚАТ ҚИЛМА ҚАЛБИНГГА АСЛО

Шафқат қилма қалбингга асло –
Лоқайдликдан юқтирмасин гард!
Умринг давом этар экан то –
У туну кун ёнмоқлиги шарт.

Холи қўйма уйингда уни,
Жонига тег сафарда минг бор.
Безовта қил, терга ҳар куни,
Сен қалбингга раҳм этма зинҳор.

Турган бўлсин тўшакдан мутлақ
Тонг юлдузи ёнган дам саҳар.
Ор қилмасдан ётиб олар нақ
Жиндаккина бўш келсанг агар!

Пўписангу танбеҳларинг кам,
Унга ҳатто зуғумлар қилгин.
Йўқса сўнгги кўйлагингни ҳам
Ечиб олар устингдан, билгин.

Айла уни заҳматга маҳкум,
То бўлмасин арзанда, эрка.
Ўргансин у сен билан ҳар зум
Яшамоқни елкама-елка.

У қулингдир, маликангдир у,
У чўрингдир, у қизинг – маъсум.
Таратмоғи шартдир у ёғду,
Ёнмоғи шарт унинг туну кун!

* * *

Туғилганман қорли ўлкада,
Шундан менга қадрли кўпроқ –
Пахмоқ бошли қоқиўтлар ва
Барги шамшир янглиғ отқулоқ.

Жўн гиёҳлар мен-чун кўп дилдор,
Титрар юрак ҳайрат комида,
Кўринсалар ер узра илк бор
Майин, илиқ баҳор тонгида.

Шўх ирмоқлар чопқиллаб жўшқин,
Мойчечаклар қулф урган қирда –
Ётгим келар хаёл суриб жим,
Ўқиганча самодан сирлар.

Ҳаёт эса дарёдай уйғоқ,
Оқаверар тинмайин сира.
Юлдузлар ҳам сочгайдир яшноқ
Барглар аро нурларин хира.

Теваракда баҳор кезар шан,
Кенгликлардан ел эсар сарин.
Мен ётгумдир сурганча теран –
Юксак эманзорлар ўйларин.


БАҲОР ДОСТОНИ

Олиб келдинг сен ўз созингни,
Бизларни ҳам ўргатдинг найга.
Бошладинг сўнг айтиб розингни,
Яшил қирлар бағри – кунгайга.
Ғампарастга айлаб сен дашном,
Гуллар тутдинг унга анвойи.
Букри чолга бердинг-да салом,
Юрагига солдинг хиргойи.
Ифорларинг чулғаб дилини,
Қурумсоқ ҳам ҳуснингга боқди
Ва ютоқиб, йиққан пулини
Новдаларга барг қилиб тақди.
Бадбинларнинг завқи билмай чек,
Ноинсофлар инсофга бориб –
Худди янги полопонлардек
Қобиқларин чиқдилар ёриб.
Курсисини севса ҳам чандон,
Мансабдорлар кўзида ҳавас –
Шайдо бўлиб жилвангга бир он,
Бахтдан ўзин туйдилар сармаст.
Ай, алдамчи, ай, тантиқ баҳор!
Таниш менга макринг, димоғинг.
Деразадан кўрдим илк наҳор
Истиғнонгни, нозу фироғинг!
Ўтлоқларда ҳилпирайди ел,
Капалакнинг кўзлари мунчоқ.
Китобларга мук тушиб апрел,
Чучмомадан тақмиш тақинчоқ.
У билади, мавзулар бисёр,
Барин ёзмоқ менга армондир.
Баҳор эса – нозанин баҳор
Менга ёрдир, менга достондир.

ТУНГИ САЙР

Шом қўйнига кирди улкан бинолар,
Юлдузларни ўпди чинор барглари.
Боғда байрам руҳи жарангос солар,
Сайрга чиқмишдир одамлар бари.

Тўлдириб осмонни завқ нашъасига
Кумуш нур ёғдирар мушакбоз моҳир.
Бироқ туннинг бундоқ асъасасига
Ортиқ мафтун бўлма, ишонма, шоир.

Сўнгай мушакбознинг ёрқин мушаги,
Яна тун қоплайди борлиқни қаро.
Ўчмай ёнгай фақат шоир юраги
Унинг таъмасиз, соф шеърлари аро.

* * *

Айтиб бергин сен менга – қайдан
Туғилгай бу хаёллар ғалат?
Зеҳним бундоқ мўъжизалардан
Халос қил – у тин олсин фақат.

Қўрқаманки, шундай он келур –
Ўзига йўл тополмайин мос,
Азобларда туғилган фикр
Юрагимни ёражак паққос.

Хаёлотга ортиқ бериб эрк,
Ундан ажиб тимсоллар излаб,
Худди беғам болакайлардек
Жар лабида ўйнаймиз бизлар.

Ўз навбати етган замона,
Қанотларин куйдириб бутун,
Шам ёнида ўлар парвона,
Унинг нури сўнмасин учун!


ДЎСТЛАР БИЛАН ВИДОЛАШУВ

Сизлар хотирамда мисли офтобсиз –
Қўлтиқда шеърдафтар, юзлар гулгун, ол…
Энди эса, эвоҳ, хокитуробсиз,
Настариннинг хазон барглари мисол.

Энди сиз ўзга бир мамлакатдасиз –
Орзудан йўқ нишон, бари чилпарчин.
Осмон ҳам йўқ унда, қабр бор ёлғиз,
Ой ҳам шуъла тўкмас тунлари заррин.

Унда уқиб бўлмас, ўзга бир тилда
Турфа ҳашаротлар айтурлар калом.
Унда чироқчасин тутганча қўлда,
Қўнғиз ўз қавмига беради салом.

Хушвақтмисиз, менинг дўстларим, унда
Ёки сизлар учун ҳаммаси унут?
Энди улфатингиз қурту қумурсқа,
Илдизлар, чаёнлар, зимистон беқут.

Энди ҳамширангиз забун япроқлар,
Гул барги – юзида заъфарон ангиз.
Сизни ҳамон йўқлар, ҳамон сўроқлар
Юқорида қолган дўстингиз ёлғиз.

Унга ҳали балки жой йўқ у ёқда –
Сиз сингган диёрда, шарпалар мисол…
Мен сизни эслайман ҳамон титроқда,
Шоир жўраларим, гул юзлари ол!..

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржималари


ТУНГИ БОҒ

О, тунги боғ, о, тунги боғ, сеҳрли чолғу,
Виолончелу сонсиз узун карнай макони.
О, тунги боғ, о, тунги боғ, сақов болуту
Ҳаракатсиз арчаларнинг ғамгин карвони.

У кунбўйи елиб толди, гувлади ҳорғин,
Болут — муҳораба, терак — ғалаён эди.
Юз минг япроқ худди юз минг тилла танадек,
Кеч кузакнинг ҳавосида бирлашиб кетди.

Темир август ойи узун қўнжли этикда
Олисларда турарди ов ўлжасин ушлаб.
Ўқ садоси янграр эди қир-сайҳонликда,
Ҳаволарда учар эди қорайиб қушлар.

Ва боғ тинди, ногоҳ ҳилол топди йўлини,
Ерга узун соялар ҳам тўшалди ўнлаб.
Арғувонлар тўда-тўда чўзди қўлини,
Қушчаларни сўнг яширди шохларга ўраб

О, тунги боғ, о, тунги боғ, ғамгин тунги боғ,
О, мавжудот, қучоқлаган қора уйқуни!
О, бошларнинг нақ устида порлаган бодроқ,
Чарақлаган юлдузнинг бир оний учқуни.

БОЛАЛИК

Қўғирчоқ кўзидек катта-катта
Дийдаси термилар тиниб нафаси,
Ёнар ишонч билан киприк остида
Гўдак қорачиғин қора ҳалқаси.

Нимага термилар? Бу ҳовли, бу боғ
Ё унда янграган қадимий қўшиқ,
Ўт юлган, тўқиган тинчимас одам –
Буларнинг барчасин нимаси қизиқ?

Олишар жуфт ориқ хўроз деворда,
Чирмовиқ зинани чирмар беҳайё.
Қизалоқ термилар — ойдин нигоҳда
Сўнгги нуқта қадар жойлашар дунё.

Бу ажиб, эртакдай сирли мавжудот
Қизчани сеҳрлар илк бор ўша он
Ва кўксига тирик суҳбатдош каби
Жо бўлар бу ҳовли, бу боғ, бу ўрмон.

Кўп кунлар ўтажак. Қалб оғриқ туяр,
Бахтни ҳам кўражак.
Ёр, она бўлар.
Бу оний лаҳзанинг эзгу мазмунин
Унутмас сочларн оқарган қадар.

* * *

Айт, ким менга овоз берди бу ўрмон аро?
Қари эман қарағайга шивирларми ё,
Ёки аста ғижирларми олисда милаш,
Ёки тўрғай сурнайи таратди шўх сас,
Қадрдоним, миттигина тоғчумчуғи ё
Шом ботарда чорловимга қайтарди садо?

Айт, ким менга овоз берди бу ўрмон аро?
Ёки сенми қайтди дея баҳорий рўё
Эслаб бирга кечган олис йилларимизни,
Ташвиш аро қайғу чеккан дилларимизни,
Олис юртда кечмишимиз — ғам ичра яёв —
Овоз бердинг, эй қалбимни ёндирган олов.

Айт, ким менга овоз берди яшил ўрмонда?
Гоҳ тонг, гоҳ шом, гоҳ қаҳратон, гоҳ саратонда,
Эшитилар қулоғимга сокин, унсиз сас
Гўё улуғ муҳаббатим олгандек нафас.
Шу севги деб титраётган шеърлар ичимдан
Қайнаб, учар сенга томон бўш ҳовучимдан… ‘

ҚОР ОДАМ

Дейдиларки, Ҳимолай ёқда
Ибтидоий ҳайвон боласи
Яшар эмиш энг юксак тоғда
Юлдузларга етиб ноласи.

У мўминтой, оппоқ ва пахмоқ,
Тушиб тоғдан оқшом паллада,
Рақс тушармиш телбадек қувноқ
Ё қорбўрон ўйнар далада.

Бироқ, Будда хизматкорлари
Карнайини чалгани замон,
У қўрқувдан титраб қўллари
Қочар эмиш чўққиси томон .

Агар бу гап миш-миш бўлмаса,
Демак, яшар, демак барҳаёт
Бу донишманд асрда сўнгги
Ярим ваҳший, ярим одамзот.

Унинг ақл, фаросати паст,
Қоронғидир ғорининг ичи.
У мактабда ўқиган эмас,
Ҳарф танимас бу абжир овчи.

Бекинганча тоғда ғорларда,
У бехабар, у билмас,пастда:
Ўзин инсон деб билган каслар
Бомбаларни яратди қасддан.

Ҳатто ёниб юлдуз мисоли
Учса ҳамки бўшлиқлар томон,
Ҳимолайлик бу ғор фарзанди
Улар сирин ечмас ҳеч қачон.

Бироқ, токи унинг изини
Кўриб лаблар ўқиркан дуо,
Сон-саноқсиз ноғорасини
Чалар экан кўҳна саждагоҳ

Ва минг йиллик Будда киндиги
Сирин ўйлаб бўларкан ҳалак,
Қор одами ғорларда яшар
Хотиржам ва парвойипалак.

Унда балки ёниб кўзлари
Тоғ оҳусин сўяр бешафқат
Ва ҳайқириб айтган сўзлари
Олмошлардан иборат фақат.


СЎНГГИ СЕВГИ

(Туркумдан)

1.Қушқўнмас

Келтиришди қушқўнмас гулин
Ва гулдонга қўйишди, ана:
Кўз ўнгимда исён ва ёнғин,
Ўт яратган алвон тантана.

Ҳар тикани учли юлдуздек,
Ё шимолий тонгнинг титроғи,
Ҳар бир гули жарангдор создек,
Ичларида порлар чироғи.

Бу гуллар ҳам мавжудот рамзи,
Шуълалардан тўқилган вужуд.
Тугамаган жанглар овози,
Қиличларда порлаб турган ўт.

Бу нафрату шон минораси,
Унда найза учида найза.
Унда гулнинг қонли дастаси
Юрагимга ботар ҳар лаҳза.

Тушда кўрдим юксак бир зиндон
Ва панжара — худди тунд кеча,
Панжаранинг ортида яшар
Унутилган сеҳрли қушча.

Демак, мен ҳам яшарман бекор,
Беролмасам қушчага зркни.
Шунда тиклаб қушқўнмас девор,
Қувончимдан айирар мени.

Ва кўксимни этиб чароғон
Ёнар бу гул, ёнар сўнгги он.
Унинг ғамгин, дилбар кўзлари
Термулар нур сочиб мен томон.

6.

Нидо этдинг — то ўлим қадар
Сенинг ёринг бўламан деб.
Эсни йиғиб олдик, йил ўтиб
Ақлли бўп қолдик баробар.

Ўзимизга келиб, мунисим,
Англаб қолдик бизлар баробар:
Ёр бўлмоқлик қилмагай насиб
Энди бизга то ўлим қадар.

Чайқалганча оч тўлқинларнинг
Оловида оққуш сузади.
Бироқ у ҳам кўражак ерни —
Оёқлари ерни сезади.

Яна ёлғиз қолади мовий
Тўлқинланиб ётган бу денгиз
Унинг сокин, тинч кўзларига
Термилади тунлари юлдуз.

10. Қарилик

Ғариб, ғамгин, сочлари оппоқ —
Чол ҳасса ушлаган, аёл — соябон.
Улар боғ кезарлар, учган ҳар япроқ
Парвозин кузатиб шомгача шодмон.

Уларнинг суҳбати жуда ҳам қисқа,
Ҳар қараш, ҳар нигоҳ бесўз ҳам аён,
Уларнинг юраги ёруғ, антиқа
Дунёга борлиғин қилгай намоён.

Ҳаётнинг нимхира сўқмоқларида
Уларнинг тақдири кўзга чалинмас.
Қайғунинг ҳаётбахш ёғдуси аста
Уларнинг бошида нур тарар элас.

Ожизликнинг оғир зулми остида
Қийналган сўқиру кар, чўлоқлардек,
Иккисин юраги ҳаёт қасдида
Маҳкам бирлашгандир худди тоғлардек.

Ҳикматнинг бир оний, парча учқуни
Нур сочди умрнинг сўнгида чарчоқ:
Ахир, бизнинг бахт ҳам — шафақнинг нури,
У фақат олисда порлаган чироқ.

У бизга жуда оз нурини сочар,
Нурин эвазига катта бож тилар!
Нақадар тезкор у — ёнару ўчар
Ва мангуга кўзда эриб йўқолар!

КЕЧА ЎЛИМ ҲАҚДА ХАЁЛЛАР СУРИБ…

Кеча ўлим ҳақда хаёллар суриб
Ногоҳ юрак қотди, юзим оқарди.
Қайғули кун! Қора ўрмондан туриб
Қадимий табиат менга боқарди.

Айрилиқнинг чидаб бўлмас соғинчи
Янгилаган чоғи дил ярасини,
Эшитдим қуриган ўтлар ўтинчин,
Сув нутқин ва тошнинг муз наърасини.

Тирик қолиб кездим далалар бўйлаб
Ўрмонларга кирдим сезмай хавф-хатар.
Ўликларнинг фикри ёруғ минордай
Теграмни қуршади то осмон қадар.

Пушкин сасин туйдим япроқлар узра,
Хлебников* қалбин кўрдим ҳар қушда.
Бир тошни учратдим — турарди музлаб,
Сковорода** юзи балқирди тошда.

Бус-бутун элатлар, бутун хору хас
Тирик эди — барин аниқ кўрардим.
Мен ҳам табиатнинг фарзанди эмас —
Унинг фикри, зийрак идроки эдим.

———
* Велимир Хлебников — рус шоири
** Григорий Сковорода — украин ва рус файласуфи

ЁМҒИР

Хароба булутлар тумани аро
Қаршилаб музаффар саҳар ёғдусин,
У ҳали кўз учун эди бир рўё,
Ҳали олмаганди ҳаётий тусин.

Булут сутларини эмган зурриёд
Ҳаяжонга тўлиб қайнаб юрарди.
У — қувноқ баҳодир, тўсатдан ҳаёт
Торларини чалиб куйлаб юборди.

Ва кетди ёришиб бирдан эманзор
Чақмоқдек ёшларнинг шуъласи аро,
Оппоқ қайинларнинг ҳар шохида зор
Ям-яшил япроқлар чиқарди садо.

Минг-мннглаб толалар тортилди, хира,
Хўмрайган осмону ер ўртасида,
Бостириб кириб сўнг воқеаларга
Бошини хам этиб битди қасида.

Олисдан келади, қия учади
Қари эманзорлар бошига ёмғир,
Босолмай титроғин уни ичади
Замин — бу қудратли бепоён бағир.

ДЎСТЛАР БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

Гирди кенг шляпа, узун камзулда,
Қўлда эса дафтар ё китобингиз…
Тўкилган настарин япроқларидай
Тупроққа қоришди хок-туробингиз.

Олис ўлкадасиз — унда шакл йўқ,
Унда барча нарса аралаш, тор-мор.
Унда кўк ўрнида бнр уюм тупроқ
Ва қабр устида муаллақ ой бор.

У ерда бегона, ноаниқ тилда
Куйлар ҳашаротлар синклитни бу дам.
Унда кичкина бир чироғи қўлда
Дўртларин олқишлар қўнғизча — одам.

Сиз унда тинчмисиз, азиз дўстларим?
Отирмасми? Ёддан ўчдими бари?
Энди сизга дўстдир — тол илдизлари,
Чумоли, майсалар, чанг тўзонлари.

Энди сизга сингил — алвон чиннигул,
Настарин кўксию чувалчанг ини.
Қудрати етмайди ёдлай деса тил,
Тепада қолган чин дўстнинг номини.

Унга ҳали жой йўқ, барчангиз унсиз
Гирди кенг шляпа, узун камзулда
Қўлтиққа қисганча шеър дафтарингиз
Енгил соялардек сингган ўлкада.

ХОТИРА

Етди қариликнинг мудроқ ойлари…
Балки умр ўтди тошқин, югуриб.
Балки тугаб ташвиш, ғам чарчоқлари
Тунги меқмон каби ўтирди кириб.

Ичгиси келдию, лек ёқмас шароб.
Қорин оч — бўғзидан аммо ўтмас нон.
Тинглайди — милашнинг шивирин бехоб,
Тинглайди — саъванинг сайрашин шодмон.

Олис-олис юртда, бўрон яширган,
Оппоқ, кумуш қорнинг остида пинҳон.
Ташландиқ ва ёлғиз дўппайиб турган
Бир қабр ҳақида у куйлар бу он.

Томири музлаган заминни тишлаб
Қайин шивирламас унда ҳеч қачон.
У ерда совуқнинг ҳалқасин ушлаб
Қонга ботган ҳилол сузар паришон,

АСЛО ТИНИМ БИЛМАСИН ЮРАК

Асло тиним билмасин юрак!
Ўғирда сув туймаслик учун.
Юрак меҳнат қилмоғи керак
Қеча-кундуз, кечаю кундуз!
Қувгин уни кулбама-кулба,
Етаклаб юр сарҳадма-сарҳад.
Сайхонлигу қия қортепа,
Қора жарлар аро етакла.
Ухламасин оппоқ тўшакда
Тонг юлдузи ёниб турган дам.
Ул танбални терлатиб ишлат,
Ушлаб тургин жиловин маҳкам!
Агар уни қора меҳнатдан
Халос қилиб, айласанг раҳм.
Эгнингдан у юлиб олади
Ҳатто сўнгги кўйлагингни ҳам.
Елкаларин маҳкам қучганча
Ўргат, қийна ҳар он, ҳар пайтда.
Токи сен-ла одамга ўхшаб
Яшамоқни ўргансин қайта.
Юрак — чўри, юрак— малика,
У — хизматкор, у —севимли қиз,
Юрак меҳнат қилмоғи керак
Қеча-кундуз, кечаю кундуз,

ШЕЪРЛАР ЎҚИБ

Қизиқарли, ғаройиб, нозик:
Бу шеър шеърга ўхшамас, инон.
Чирилдоғу гўдак шивирин
Шоир шеърда этмиш намоён.

Бу нутқ — эзма маъносизликда
Озми-кўпми маҳорат ҳам бор.
Бироқ инсон орзусин ўйин
Учун қурбон қилмоқ на даркор?

Тафаккурнинг тирик асоси
Бермасин деб унда ҳеч имдод,
Она тилни саъва сасига
Айлантириб бўлурми, наҳот?

Йўқ, шеърият тўсиқлар қўйиб
Бунга асло йўл бермас.
Ижод —
Масхарабоз қалпоғин кийиб
Сўз ўйнаган кимсаларга ёт.

Ким замон-ла яшар ҳамнафас,
Ким ёшликдан шеърга ҳамсуҳбат.
У ўз она тилин ҳаётбахш
Закосига ишонар абад.

* * *

Қаттиққўл табиат, биламан сени,
Шунинг-чун дилимни қучар ҳаяжон.
Пойимда қоқининг момиқ бошини,
Баргизуб қиличин ногоқ сезган он.

Ўсимлик қанчалик оддий ва мўъжаз,
Шунча у кучлироқ қўзғатар ҳайрат,
Навбаҳор тонгида унинг ям-яшил
Биринчи барглари бўртаётган пайт.

Мойчечак юртида, бўғилиб куйлаб
Оққан ирмоқларга ҳамнафас бўлиб
Осмонга тикилиб ётмоқ истайман
Бутун ер ёғдуга кетгунча тўлиб.

Шуълага йўғрилган тўзонга ўхшаб
Япроқлар оралаб оқаркан умр,
Бутазорлар узра ёғдусин тўшаб
Хираранг юлдузлар кўкдан сочар нур.

Мен эсам майсага кўмилиб хушвақт
Тинглаб навбаҳорнинг янгроқ куйини,
Ястаниб олганча ўйладим фақат
Чеки йўқ далалар, боғлар ўйини.


ХУНУК ҚИЗЧА

Ўйнаб юрган бошқа болалар аро
Ажралиб туради у — қурбақадек.
Ҳилпирар шамолда юпқа кўйлаги,
Сап-сариқ сачлари тилла ҳалқадек.
Оғзи жуда катта, тишлари сўйлоқ,
Юзи ҳам диққатни тортмайди бироқ.

Унинг тенгдошлари — икки болага
Велосипед этмиш оталар инъом.
Шундан тушликка ҳам шошмай, йўлкага
Сиғмасдан, ўйинга берилиб тамом,
Болалар елишар, эсда йўқ бу қиз,
У эса чопади тинмай изма-из.

Ўзганинг қувончи ўзиникидай
Яйрайди, қувонч сиғмайди ичга.
Қийқириб қулади, қувонар тинмай
Ҳаёт шодлигига қўшилиб қизча.
Ҳасад қилиш нима, бадбинлик нима?—
Ҳали англаганмас бу митти вужуд.
Унга дунёдаги ҳар қайиқ — кема!
Унга ўлганларнинг барчаси мавжуд!

Мен эса ўйлашни истамам, дўстлар,
Кун келиб йиғлашин ўкириб унсиз,
Дугоналар аро ўзин нақадар
Хунук эканини англаган бу қиз.
Инонмоқ истайман: қалб қўғирчоқмас
Ва у ўз-ўзидан ҳеч қачон синмас!

Инонмоқ истайман — қалбининг чексиз
Қаърида порлайди тип-тиниқ ёғду —
Ҳар қандай тошни ҳам эритади у,
Енгади ҳар қандай оғриқни шаксиз!
Майли кўзни тортмас унинг сурати
Ва гўзал орзуга йўқ сира имкон —
Бироқ, гўзалликнинг пинҳон сийрати
Унинг ҳар сўзида бўлар намоён.

Шундай экан, айтинг, гўзаллик нима,
Нечун одамларга илоҳият у?
Гўзаллик — ичи бўш шишами ёхуд
Шишанинг ичида порлаган ёғду?

БОЛЕРО *

Болеро рақсини бошлаймиз, Равель!
Оҳангни қаламга алишмаган дил
Бахтига бор эрур бу байрам, бу тўй —
Сивизға таратган сокин, ғамгин куй
Ва олам титраши — эрлар рақсидан…
Испания! Сен билан мен тағин мастман!
Илоҳий орзулар гулин эркалаб,
Виқорли Пиреней қирраларида
Сенинг сиймонг яна турибди порлаб.
Афсус, ҳаёт тинди Мадрид бағрида,
Тинди у бўронлар гирдоби аро,
Долорес Ибаррури унда йўқ,аммо
Тирик халқ қўшиғи! Омондир боши!
Рақс эт, Равель!
Бошла, қудратли рақсинг,
Рақс эт, Равель!
Рақс эт, эй испан дўстим!
Сен ҳам айлан, тарих — тегирмон тоши.
Тегирмончи бўлгин шундай вақтда сен!
О, болеро, қутлуғ жангларнинг рақси!
______________
* Болеро (исп. Bolero) — таниқли француз композитори Морис Равель (1875 — 1937) томонидан 1928 йили катта оркестрга мўлжаллаб ёзилган, икки асосий оҳангнинг қайта-қайта такрорланиши, ҳар сафар янги чолғулар қўшилиши туфайли эшитувчини ром этадиган сеҳрга эга ва ижро маромидан келиб чиқиб 15-18 дақиқа давом этадиган ўта шиддатли мусиқий асарнинг номи.

ҲАЛИ ҚИШЛОҚ УЗРА ОҚАРМАДИ ТОНГ

Ҳали қишлоқ узра оқармади тонг,
Ҳали боғда ухлар шохлар сояси,
Ҳали ой остида чўмилар бу он
Музлаган дарахтлар, ўтлар дунёси.
Жуда эрта тушди янгроқ қиш бунда,
Шаффоф нур қўйнида эди чорбоғлар, —
Ақлдан оздию шамоллар тунда,
Қор тушиб, оқарди яна япроқлар.

Боқаман ўйларга чўмиб, дарчадан
Қўшни маҳалланинг томлари томон.
Тип-тиниқ гулханга ўраниб олган
Қуёш чиқиб келар эринчоқ, бежон,
Кекса қайинларнинг қора шохларин
Оппоқ шоҳиларга ўрайди қорлар.
Олислардан келар бўрон лашкари,
Совуқ биллурларга чулғанар боғлар.

Менинг қари итим сергак ва ҳайрон,
Ойнинг шуълалари ялтирар қорда.
Сезаман: юрагим билан совуқ тонг
Ўртасида сирли боғлиқлик бордай.
Қишнинг айни шундай узун кунлари
Музлаётган ўтлар қўйнида ҳар он
Илҳомнинг абадий куч ва қудрати
Бутун эрки билан бўлар намоён.

Хуршид Даврон таржимаси