Евгений Винокуров (1925-1993)

Евгений Михайлович Винокуров (22 октябрь 1925, Брянск — 23 январь 1993, Москва) — рус шоири. СССР Давлат мукофоти лауреати (1987). СССР ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

ОҚҚУШЛАР

Йиғлагим келади. Йўқ менда омад,
Сира ечилмайди оддий масала.
Ҳа, оддий масала,
Оддийгина шарт:
“Осмонда оққушлар учар бир гала…”

Бошимни чангаллаб кафтларим билан
Қўшаман, оламан — юришмайди иш.
Аммо кўзларимни ногаҳон юмсам,
Осмонни тўлдириб
Учади оққуш.

Шафақда ёнаётган булутни бузиб,
Улар учаётир — тўшлари алвон.
Ингичка бўйнини ортига чўзиб,
Тўпбоши тўпини чорларди ҳар он.

Улар қўнар эди босгани чанқоқ
Бир кўлнинг бўйига…
Учардилар боз —
Ёшгина оққушлар ёнида ҳар чоқ
Жонсарак она қуш этарди парвоз.

Осмонга нақадар улар ярашур,
Шафақни қанот-ла қучганларида!..
Ҳеч қачон қилолмас ҳеч ким тасаввур,
Уларнинг дарсликдан учганларига…

* * *

Йигирманчи аср!
Ёнар бемаъно кўзлар,
Бўғизда ҳайқириқ,
Сочлар тердан ҳўл.
Ана, у жўнади…
Поездда — кўрлар:
Асрга айтгули
Лаънатлари мўл.

Йигирманчи аср.
Етим-есирлар,
Мажруҳ оёғин
Босишар судраб.
Қанча? Йигирмами?
Қанча чақрим жар?
Кета-кетгунича
Суягу суяк.

Йигирманчи аср.
Тентираб танҳо,
Сенинг йўлларингга
Боқаман ҳақир.
Ҳайвон бўлмоқ — осон,
Осон — бўлмоқ худо,
Одам бўлиш — оғир,
Одам бўлиш — оғир…

Йигирманчи аср —
Туғ кўтарган жангчи —
Қон ва жон жангида
Жон берган кўйи,
Йўл кўрсатиб турар
Рейхстаг устидан:
Марҳамат,
Йўл очиқ…
Асрлар бўйи…

* * *

Темир қуювчиман. Оғир — меҳнатим.
Ҳурмат тахтасида турар суратим.
Бўйнимда галстук. Эгнимда костюм.
Ҳафтада олти бор тонгда уйғонгум.
Тонгда — совуқ қотиб — бораман ишга.
Озгина вақт қолар костюм ечишга.
Деразага боқиб қотаман бирдан…
Сен сайр қиласан курсантлар билан.
Мен сени сўймайман. Ўлдирмайман, йўқ,
Фақат темир ногоҳ сув бўлади, чўғ…
Оқади қизариб, ёниб тўлади…
Биламан, тўнади, охир тўнади.

КЎМИР

Бир шўх-шаън баҳор куни,
Ёқайин деб хизматга,
Толмай кўмир туширдим,
Аллақайси бекатда.

Ўн еттида эдимми,
Ҳарҳолда ёш эдим кўп,
Эгнимдаги шинелни
Тешиб ўтган эди ўқ.

Белкуракни ўйнатдим,
Қўлларимни музлатиб.
Қўлларим қаро эди,
Қаро эди кўзларим.

Куйламасдим, гапирмасдим,
Уст-бошим кўмир иси.
Кўмир чангидан ҳатто
Қоп-қора эди тишим.

Тушлик қилган чоғимда,
Банкадан ҳўпладим чой.
Чой ҳам, қанд ҳам кўмирранг —
Қора эди, ҳойнаҳой.

Шундай оғир меҳнатда
Ўша баҳордан мастдим…
Поезддаги қизлар аммо
Менга кулиб боқмасди.

Поездлар ўтар эди,
Турмасдилар тутилиб —
Туш каби кетар эди…
Юзларимда тутуни.

Ў!.. Бақиргим келар эди:
— Поездлар, тўхтанг бир он!
Тўхтанг! Ҳали севмаганман,
Севмаганман ҳеч қачон!

* * *

Жангда ҳалок бўлган навқирон аскар
Далада ётибди — бешинел, яланг…
Лой юққан қўлига. Сув силқиб оқар
Ёмғирда ҳўл бўлган енгчаларидан.

Мурда жим боқади… Фалакда калхат
Айланар — етмоқчи у тилагига.
“НАДЯ” — шу битта сўз ёзиб қўйилган
Аскарнинг оқарган сўл билагига.

* * *

Ё Аллоҳ! Йўқ, сен ҳам буюк эмассан,
Измингда эмасдир оддий андиша.
Ана, бандаларинг ичиб ётибди —
Учови бир шиша, учов бир шиша…

Ана, боришмоқда. Юзлари шишган.
Лабларида кўпик,
Туришолмас тик.
Ҳаммаси туманда. Ҳаммаси тушда.
Сўнгра қоронғулик,
Сўнг қоронғулик.

Ана, боришмоқда. Юзлари шишган…
Қанча авлодларни бу шиша ютди.
Ё Аллоҳ! Йўқ, сен ҳам буюк эмассан,
Худосисан фақат алафнинг, ўтнинг…

Фақат туманларга олий ҳукмсан,
Баҳри муҳитларга қудрати қодир.
Фақат одамларга Худо эмассан,
Ана, юзлар шишган…
Боришар…
Оғир!..

* * *

Тушимда чарх уриб, учдиму кетдим,
Фақат қулоғимда бир титроқ овоз:
— Зинҳор тонг чоғида ухлаб қолмагин,
Болам, тонг чоғида мудом эт парвоз!

Учдим — ҳаволарда тарқалди қайғу,
Кўзим юлдузларнинг энг тозасида.
Аммо менинг таним қолиб кетди-ку,
Ердаги кулбамнинг деразасида!

Учаман! Ёнаётган шафақлар томон,
Қалқиниб руҳимнинг овозасидан.
Аммо нимагадир қўрқаман ёмон —
Кўзларим кулбамнинг деразасида.

Усмон Азим таржимаси