Румин шеъриятининг энг машҳур шоири сифатида танилган Михай Эминеску (Mihai Eminescu) 1850 йилнинг 15 январида Руминиянинг таркибидаги Молдова князлигига қарашли Боташани шаҳарчасида туғилган. Унинг келиб чиқиши армани бўлмиш отаси ўртаҳол заминдор бўлиб, деҳқончилик билан шуғулланарди. Ёш Михай Австрия-Венгрия империяси таркибига кирган (бугун Украинанинг ғарбида) Черновтси шаҳридаги немис гимназиясида таълим олади. 1866 йили унинг севимли ўқитувчиси ўлими муносабати билан илк шеъри журналда чоп этилади. Шу йили унинг бир туркум шеърлари «Familia» («Оила») журналида босилади. Гимназиядаги таҳсилини охирига етказмай, Михай Венага боради ва университетда эркин тингловчи сифатида филология, фалсафа ва ҳуқуқшунослик йўналишидаги дарсларга қатнаша бошлайди. 1872 йили Берлинга бориб 2 йил давомида таҳсилини давом эттиради. 1874 йили ватанига қайтиб, даставвал гимназияда ўқитувчи, кейинчалик Бухарестга бориб «Тимпул» («Вақт») газетасибилан ҳамкорлик қилади. Айни ўша йиллари ижодининг чўққиси сифатида баҳоланган «Лучафэрул» («Тонг юлдузи» достонини ёзади. Шоир 1889 йилнинг 15 июнида Бухарестда вафот этган.
КЎЛ
Қирғоғида минг-минг сариқ гул,
Ўрмондаги кўл мудраб ётар.
Бўш қайиқни аллалаганча
Енгил тўлқин қулочин отар.
Қирғоқ бўйлаб сўқмоқ йўл билан
Бормоқдаман, қалбимда титроқ.
Назаримда қамиш оралаб
Чиқиб мени қучасан қувноқ.
Биз қайиққа ўтириб икков,
Узоқларга сузиб кетамиз.
Беихтиёр ташлаб эшкакни,
Ўйлайманки: “Уни нетамиз?”
Бизни қучар қадаҳ давраси,
Ой шуъласин эркалашлари,
Қамишзорда шилдир-шилдирлар,
Тўлқинларнинг шивирлашлари.
Ҳеч ким йўқдир… Хаёл бесамар.
Ўлғиз ўзинг, қайга борсанг шул.
Фақат ўрмон бағридаги кўл,
Қирғоғида минг-минг сариқ гул.
ОРЗУ
Ўрмондаги жилдираб оққан
Жилға томон келгин эртароқ.
Сирли сайҳон, яшил новдалар
Соясида ором ол қувноқ.
Қучоғимга талпин яна сен,
Кўкрагимга бошингни қўйгил.
Юзингдаги ҳарир пардани.
Ўз қўлим-ла олай дер кўнгил.
Жилға бўйи, хушбўй ўрмонда
Бирга бўлмоқ бизга ширин дам.
Жўкалардан тўкилиб гуллар,
Безаб турар сени дамо-дам.
Олтин сочли бошимни пастроқ
Эгиб-эгиб фақат қирмизи
Лабларингни мен учун асраб,
Тутажаксан ишқ ичра қизиб.
Бизга бахтли тушлар кўринар;
Сарин еллар эсар аллалаб.
Узоқлардан майин қўшиқлар.
Эшитилар гуллар оралаб.
Тинглаб ўрмон қўшиғин яна,
Жим қоламиз уйқу босганча.
Аллалайди бизни жўкалар,
Устимиздан гуллар сочганча.
ҚАНОТИНИНГ ОСТИДА БОШИ…
Қанотининг остида боши,
Қушларга хос ухлар кабутар.
Ой нурида оппоқ патлари
Садаф янглиғ ял-ял ялтирар.
Осмон узра минг-минг юлдузлар
Кўз қисишиб боқар ер томон.
Кеча сокин. Дарё тўлқини
Шағал тошни сурар беомон.
СЕВГИЛИМНИНГ ИЗИДАН ЮРИБ…
Севгилимнинг изидан юриб,
Бормоқдаман чакалак аро.
Унга яқин бормасимданоқ
Юрак қурғур уради бежо.
Зўрға-зўрға айтдим сўзимни,
Юрагимни ёндирган гапни.
Четга боқар жонон бепарво,
Менга бермай аниқ жавобни.
Унга яқин борганим сайин,
Яхши сўзлар айтганим сайин
Чўчиб қочар мендан нарироқ,
Сўзлашмоқлик бўлади қийин.
Қочар мендан, қўлимдан чиқиб,
Нозиккина белидан қучсам.
Қўлларимни ола олмайман,
Юрагимга яқин жуда ҳам.
Кўксимга бош қўймоқлик учун
Норозими ё розимикан.
Тўхтамасдан бўса оламан
Лабларидан, киприкларидан.
Кўкрагимга босаман маҳкам,
Ҳатто чиқмас нафасим бўғиқ.
Зерикиши нимадандир деб,
Сабабини сўрайман тўлиқ.
Жавобини айтар менга у,
Эҳтиросдан кўзи ёнароқ:
— Қимматлисан менга, азизим,
Лекин баъзан сен такаббуроқ.
СЕНДАН ОЛИСДАМАН…
Сендан олисдаман ёлғизу яккаш!
Печкада липиллаб турганда оташ,
Шамол эшик қоқар, кеча сим-сиёҳ,
Хотиралар қалбни илитар озроқ…
Наздимда қариман, сочим оқ жуда,
Мен ярим ўликман, сен эса мурда…
Ҳеч кимга керакмас ва севиклимас
Сирларни санайман бўлиб маст-алас.
Хотирамда тўқиб ўтмиш матосин,
Қўлларинг салқинин сезаман тағин
Кўзларингга қараб қучоқлаб секин,
Титраган бағримга тортаман тайин…
Бағримдан айрилма, тўхта, кетмагин!
Лекин сен йўқолдинг ёлғончи руҳдай,
Тумандан чиққандинг, ўчдинг тумандай…
Сен билан йўқолди бахтим ҳам алҳол,
Мен ёлғиз қолдим-ку мисоли бир чол.
ЯНА ЎША КЎЧА БОШИДА
Яна ўша кўча бошида
Хира ёғду сочмоқдадир ой.
Очиқ қолган дераза оша
Кутмагайсан мени ҳойнаҳой.
Деразангнинг ортида ўша
Садалару соя ғимирлар.
Ушбу кекса садалар учун
Қайтмас энди ўтган умрлар.
Сен бошқасан энди мутлақо,
Кўзларинг ҳам бошқача бугун.
Фақат бир мен ўзгармаганча,
Қоронғуда юрибман нечун.
Эсингдами, ерга боққанча,
Алғов-далғов туш кўргансимон
Келган эдинг аста одимлаб,
Чакалакка, мен турган томон.
Кўкрагимга бош қўйиб у дам,
Хижолатни енгиб, севгидан
Узоқ-узоқ сўйладинг менга,
Тўлиб-тошиб ишқий сезгидан.
Қалбим дук-дук урарди хушбахт,
Кўзим тиниб айланарди бош.
Кераксиз сўз ўрнига эса
Бўсалар ҳеч бўлмасди одош.
Мен маст бўлиб билолмас эдим
Дунё билган ишни аксига.
Қучоқлашми сояни ёки
Ишонмоқлик аёл лафзига.
Пардаларга урилар шамол,
Ўчиб борар кўкда хира ой.
Очиқ қолган дераза оша
Кутмагайсан мени, ҳойнаҳой.
СЕВГИЛИМ, ЭСЛАСАМ…
Севгилим, эсласам ўтмиш йилларни,
Кўраман уммоннинг музликларини.
Осмонда юлдуз йўқ, жимлик ҳукмрон,
Ой сузар, ёлғиз ой, ранги заъфарон.
Соҳилда харсанглар узра паришон
Учмоқда ёлғиз қуш ҳорғин ва нимжон.
Бошқаси ғарб томон учар қийқириб,
Қанотли дўстларин галасин қувиб.
Бу ерда қолган қуш чекар азият,
У ўлим олдида турибди албат,
Азоблар у қушни ўтмиш хотира…
Орамиз кенгликдир, шубҳа йўқ сира,
Қорайиб, совқотиб қолдим мен ёлғиз,
Сен эса йўқолдинг, севгилим, эй қиз…
ЎРМОН БИЛАН УЧРАШУВ
— Аҳвол қалай, жонажон ўрмон?
Қандай кечар баҳор, қаҳратон?
Кўп замонлар айрилган эдик,
Йиллар ўтди тезкор, югурик.
Мен олисга, ёт ўлкаларга
Кетган эдим сўнгсиз йўлларга.
— Қадрдоним, аввалгидайин
Қишда бўрон хуружи тайин.
Шохларимни қайиради у,
Муз остида жилғада уйқу.
Қулоқ солмас қушлар ғим-зорга,
Қиш сўқмоқни кўмади қорга.
Аввалгидай қадрдон ўғлон.
Ўруғ ёзда, баҳорда чандон.
Қўшиқларин тинглайман қувноқ.
Жилға томон югурган сўқмоқ
Бўйлаб бориб сув олган қизлар
Қўшиқ айтса жўшади ҳислар.
— Жилғаларинг соз, ўрмонгинам.
Ўтди қанча йиллар, ғам, алам,
Сен қуримай ва сийраклашмай,
Очиласан йилдан-йил гулдай.
— Вақт нимадир, кечаю кундуз
Акс этаркан дарёда юлдуз.
Шаррос ёмғир ёғса ҳам агар,
Япроқларда қўшиқ жаранглар.
Очиқ кунда, қора кунда ҳам
Дунай оқар доим серҳашам.
Ўзгаргандир фақат инсонлар,
Уларга ҳеч тегмаган сонлар.
Биз қолганмиз аввалгидайин,
Ҳуснимизни сақлашиб тайин.
Дарёлар ҳам оқар ўшандай,
Тоғу чўллар боқар ўшандай.
Осмонлар ҳам тоза, мусаффо,
Қуёш, ўрмон ўша, сержило.
ОҲ, ОНАМ!..
Оҳ, онам! Fамхона уйингдан ҳар гал
Сен мени чорлайсан, олгин деб хабар.
Охирги маконинг – қабрингга буткул
Заранг дарахтлари тўкар сўлғин гул.
Дарахт шивирлари — овозингдир у.
Шивири мангудир, уйқунг ҳам мангу.
Заминга “кечир” деб айтганим замон,
У дейди: “Марҳумга қайғурма, ўғлон;
Қабрга хуш ислик жўкадан эккин,
Уни кўз ёшинг-ла суғоргин секин…
Қабр узра дарахт шивирлар майин,
Ҳаёт ҳам ёшарар вақт ўтган сайин.”
Бирга кетмоқ бўлса агар тақдирда,
Сен билан тобутда ётардик бирга.
Бизларни кўмсинлар тик қирғоқ узра,
Тўлқинлар турсинлар оҳиста сўзлаб.
Жимгина ётардик бир-бирга ёвуқ.
Тўлқинлар йиғларди, кўз ёши совуқ.
ТАРК ЭТМОҚДА ЕЛКАНЛАР ТАFИН…
Тарк этмоқда елканлар тағин
Fам-аламсиз бандаргоҳларин.
Елканларнинг қанча-қанчасин
Пора айлар еллару тўлқин!
Қушларни қиш жанубга чорлар,
Кенгликларга қувар пайдар-пай.
Қанчасини сувга ғарқ этар
Тўлқинлару еллар аямай.
Унутаман осон бахтимни,
Тез ўтгувчи ҳисларимни ҳам;
Чунки билмай ҳудуд, ҳаддини,
Шамол, тўлқин урар дамо-дам.
Туш унарсиз бўлажак фақат
Ўзбошимча фикру хаёллар…
Ивир-шивир қилар бетоқат
Тўлқинлару эркин шамоллар.
ТУНДА ТЕРАК ШОХИ — НОВДАСИ…
Тунда терак шохи — новдаси
Деразамга урилса агар,
Юзинчи бор унинг нидоси
Севгилимдан бермоқда хабар.
Кўкда агар юлдузлар имлаб,
Дарё узра кўз қисса секин,
Юрагимга томчи-томчилаб
Хотиржамлик қуйилар сокин.
Ой чиқса гар булутни ёриб,
Ўчиб қолса момақалдироқ,
Эмас экан хотиранг ғариб,
Юрагимда экансан мутлоқ.
ТУННИ ЎРАР ОЙНИНГ ЗИЁСИ
Тунни ёрар ойнинг зиёси,
Япроқларнинг шивири бўғиқ.
Буталарни оралаб чўзиқ
Эшитилар сурнинг садоси.
Чўзиқ-чўзиқ ва синиқ-синиқ
Олисларда ўчар товуши.
Ҳайронликдан учади ҳушинг,
Солар ўлим ваҳимасини.
Нега ўчдинг аламли оҳанг?
Мен тайёрман сўнгги йўлга ҳам.
Қачонлардир энг охирги дам
Чорлайсанми урган каби занг?
ХАЙРЛИ ОҚШОМ
Қушлар тинди. Тинчлик ҳукмрон,
Кўзни елпир уйқу беором.
Гуллар ухлар, хорғиндир чунон, —
Хайрли оқшом!
Жилдирайди жилға гўёки
Ширин-ширин ёқимли қўшиқ.
Ўрмон ухлар. Атроф жимликки,
Ухлайвер тиниқ.
Чайқалганча мудрайди оққуш,
Сув устида, учгандир ҳуши.
Майли уни қамрасин оғуш,
Уйқу оғуши.
Ой ҳам чиқди, соялар эса
Қисқармоқда мудом ва мудом.
Орзуларинг тушингга кирса…
Хайрли оқшом!
ЙИЛЛАР ЎТИБ КЕКСАЙМОҚДАМАН
Йиллар ўтиб кексаймоқдаман…
Лек кундан-кун қаттиқ, баттарроқ
Мафтун бўлиб қолаётирман
Ул жононга, билмайман қандоқ.
Унинг бир бор боқиши алҳол
Куйдириб кул қилажакман дер.
Оддий аёл эмас у аёл,
Бошқа аёл, билмайман недир.
Унда бутун ҳаёт мужассам:
Сўзда жило, сукутида тун.
Овозлари қўшиқдай хуррам,
Чорлар мени, билмайман нечун?
Соғинчга қул бўлганча йўлда
Бормоқдаман соқову кардай.
Мафтунлигим сирини ўйлаб,
Тополмайман, топарман қандай?
КЕЛАРСАН…
Келарсан долғалар бағрин ёрароқ,
Зулфларинг товланар, қўлларинг оппоқ.
Момиқдай юзингга азоб-уқубат
Тип-тиниқ соядай солмиш рутубат.
Табассумнинг нозик, содда назаринг,
Аёллар ичида юлдузсан ўзинг.
Қўлларинг ушламоқ истайман титраб,
Кўзимга ёш келар бахтдан қалтираб.
Мумкинми зулматдан сени қутқармоқ?
Севгили фариштам, мумкинми қучмоқ?
Бетингга кўз ёшдан шўр бўлган бетим
Босганча қучаман, ўпаман бетин.
Совуқ қўлларингга бериб ҳарорат,
Бағримга босаман бўлиб бетоқат.
Лекин сер ер учун ёт ва нораво,
Йўқолдинг создайин, зулумот аро.
Ортингдан қўл силтаб бекор, беҳуда
Сени чақираман, истайман жуда.
Эзиламан ёлғиз соғинчдан алҳол,
Сени долғалардан қутқармоқ маҳол.
ЮЛДУЗ
Мурғаккина юлдузнинг нури
Ерга етиб келгунга қадар,
Юз мингларча йил йўлда юриб,
Келар бизга етгунга қадар.
Ўчмишдир ул юлдуз эҳтимол.
Кенг бўшлиқлар аро зиёси
Етгунича келиб бемалол,
Етгандир ул юлдуз қазоси.
Юлдуз ўчмиш, ўлмишдир кўкдан,
Аммо нури келмоқда равшан.
Кўрмагандик, бор эди кўкда,
Кўрган эдик, учмиш муайян.
Ишқ бор эди, энди йўқдир у,
Уни тўсди тун қоронғуси.
Ўчган ишқдан келгувчи ёғду
Кўзларимни қамаштиргувси.
Русчадан Азиз Абдураззоқ таржимаси.
ПИНҲОНА СЕВДИМ МЕН…
Пинҳона севдиму оҳим сир тутдим,
Азиз бўлай, дедим сенга жон қадар.
Кўзларингга боқиб, дилимда кадар,
Кўзларингдан бахтли муждалар кутдим.
Ортиқ сабр йўқдир… Хоксор дардимни
Сўзларим кўмарлар сирли оҳангга,
Ул ошиқ юракда ёнган аланга
Куйдириб, ёндириб юборсин мени.
Мана, боқ, лабларим ташна, ёрилган,
Кўзимда жафонинг қора сароби –
Наҳот қора ўлим ягона дўстим?
Нафас бер, уйғонай, битсин азобим,
Ҳисларим уйғонсин кўксимни ёрган,
Бошингни қўй-да, қуч – исисин кўксим.
КОШКИ БИР БОР…
Кошки бир бор қўлингни
Боссам эди кўксимга.
Мижжа қоқмай тикилсам
Яна сенинг кўзингга.
Сени қучсам, орзунинг
Заҳру оғусин ичсам
Ва кетиб олисларга,
Сендан тамом воз кечсам.
Агар кетсам, билсанг, бас,
Ўлимни излаб кетдим.
Ўлим – менинг тақдирим,
Уни мен ўзим битдим.
ЧОРБОҚҚА У ИЗИНИ БУРДИ
У чорбоққа изини бурди,
Мен ҳам кирдим унинг изидан.
Тўхтаб, менга юзини бурди,
Кўзим олиб қочдим кўзидан.
Сўнг нимадир айтдим ғўлдираб,
Қийнаб ишқнинг чорасиз дарди.
У эса боғ ичига қараб
Соқов каби сукут сақларди.
Унга яқин кела бошладим,
Гоҳ кўриб, гоҳ кўрмасдан уни.
У қизариб силтаб ташлади,
Сўнгра четга итарди мени.
Елкасидан қучдиму аста
Кўзларига боқдим умидвор,
Сузиларди кўзлари мастдай,
Оқарарди юзи мисли қор.
Аммо, сира парво қилмасдим,
Ва юзига юзимни қўйиб,
Лабларидан сармаст ўпардим,
Кўзларидан ўпардим тўйиб.
Босар эдим кўксимга маҳкам,
Совир эди кўксимда қоним.
— Хафа қилиб қўймадимми, айт
Севасанми сен мени, жоним?!
Саволимга жим шивирлади:
— Ҳа, севаман, сени жондан ҳам,
Сўнг табассум қиларкан, деди:
— Фақат шўхсан, шўхсан жудаям!
Хуршид Даврон таржималари
* * *
Омонат баргларни тўкар тийрамоҳ,
Деразангни уриб шовуллар ёмғир.
Унниққан мактубни қайта ўқиб гоҳ,
Ўтган кунларингни ёдлайсан бир-бир.
Соатларинг сарфлаб ажиб беҳуда,
Нашъасин сурасан, қулф эшик банди.
Ва буюк қўшиғи қоронғиларда
Сени аллалайди тинмасдан олдин.
Ёлғиз ўтирибман, олов теграси.
Докияни ўйлаб, қор парисини,
Кун ўрнида сузар тун қоронғиси.
Исёнкор зулматда сирғалар изинг
Ва нозик қўлларинг чулғайди мени,
Кўзларимга тегар нозик салқини.
УЙҚУ ЭМАС КЕЛГАН
Уйқу эмас келган ярим кечалар,
Ўлим олиб кетмоқ учун деразам чертар.
Бошламоқ бўлади юрилган йўлдан,
Ҳаёт, ўлим ҳаддин унутсам бирдан.
Лек идрок тарозисида қадаҳ силкинмас,
Ўлим имламайди, ҳаёт ҳам афзал эмас…
ЁЛҒИЗЛИК
Деразага парда тутилган.
Печда ўтин ёнар жимгина.
Сассиз чўкиб стол ортида
Хаёлларга чўмаман яна.
Хаёл… хаёл… қуш галасидай
Кўз олдимдан ўтади тўла.
Хотиралар овози унда
Чирилдоқлар билан жўр бўлар.
Ўтган кунлар ўчмайди ёди
Тунлар дилга чўкар чағир тош.
Исо Масиҳ оёқларига
Шаъмдан томган каби қайноқ ёш.
Бурчакдаги ўргимчак тўри
Баъзан-баъзан ялтиллаб кетар.
Пинҳон танда қўяр сичқонлар
Эски китоб уюмин титар.
О, юз марта аҳд қилдим ичда
Шеър ёзмайман энди ҳеч қачон.
Қийналмайман, шуниси тинч-да,
Шеър – оғир дард, юракка ёмон.
Лекин нечун сичқонлар ҳадеб
Куймаланар мендан пинҳона.
Ғамга тортар ахир бу ҳолат,
Шеър дардига ташлайди яна.
Баъзида-чи… узундан-узун
Кечаларда, гарчи камдан-кам…
Ёрилай дер бечора юрак
Эшик бандин шиқирлашидан.
Наҳот… ўзи келди бахт олиб…
Бўм-бўш хонам ярқ этди нурдан.
Гўё порлоқ санам тимсоли,
Қоронғилик чекинди сирдан…
О… қанийди, тўхтаб турса вақт,
Шу лаҳзада қолсак бир умр.
…Севгилимнинг тутаман қўлин,
Жим ёришар чеҳрасида нур.
Рус тилидан Фароғат Камолова таржимаси