Марин Сореску (1936-1996)

Марин Сореску (Marin Sorescu) (19 февраль 1936, Булзешти ― 8 декабрь 1995, Бухарест) ― румин шоири ва драматург.

ҚОЧИШ

Бир куни
иш столимдан тураман,
Аста-секин кетаман сўзлардан,
сизлардан,
дунёдаги ҳамма нарсадан.
Уфқ этагида бир тоғ кўраман,
Қолмагунча бу тоғ ортимда,
Юравераман, юравераман.
Эргашаман булутга кейин,
булутни ҳам қолдиргум ортда.
Қуёш-да орқада қолар бир куни,
Юлдузлар ҳам бутун коинот.

ШЕКСПИР

Шекспир дунёни етти кунда яратди.
Биринчи кун осмон, тоғлар ва руҳларнинг
бўшлиқларин яратди.
Иккинчи кун дарё, денгиз, уммонлару
Ва ҳоказо туйғуларни яратиб бўлиб,
Бўлиб берди Ҳамлет, Цезар, Антонийга,
Клеопатра, Офелияга,
Отелло ва ҳоказоларга
Эгалик қилинг, деб бола-чақангиз билан
Абадул абад.
Учинчи кун тўплаб олиб фуқароларин,
Ҳар бирига бахт лаззатин, ишқу изтироб,
Рашку шуҳрат ва ҳоказолар
Лаззатини тотиб кўриш имконин берди,
Бор лаззатлар тугамагунча.
Шунда сал-пал кечикиб етиб келди аллакимсалар,
Яратувчи ачинганча силар экан
шўрликларнинг бошгиналарин,
— Эй воҳ, энди ижодимни ёмонлаб кун кўриш учун
танқидчилик қиласизлар, — деди.
Тўртинчи, бешинчи кунларни кулгу учун қолдирар,
Ижозат берар қизиқчилар эрмакларига,
Рухсат берар қироллар ҳам императорлар
Ва ҳоказо шўрпешоналарга —
тўйиб кўнгилхушлик қилишларига.
Олтинчи кун хўжалигин кўздан кечирар,
Бўрон яратар,
Қари Лирни
похолдан тож кийишга мажбур қилади.
Бироқ чиқиндилар қолди дунё яратилишидан,
Ричард Учинчини ясар улардан.
Еттинчи кун — нима иш қолди?
Бутун заминга афишаларни ёпиштириб бўлди
театрлар директорлари,
Шунча меҳнатдан кейин мен ҳам постановка
кўрсам бўлар, деб ўйлади Шекспир.
Аммо ундан олдин
мислсиз чарчоқдан узоқлашиб,
бир озгина ўлишга ётди.

ШАТРАНЖ

Оқ кунларни сураман,
Сурар қора кунларини.
Орзу билан ҳужум қиламан,
У жанг билан олар орзуни.
У ҳужум қилади ўпкаларимга,
Бир йил ўйга толаман касалхонада,
Топиб ажойиб бир комбинацияни
тахтадан оламан бир қора кунни.
У чиллак қилиб юрадиган
Ўлим билан тажовуз қилар.
Мен китобни кўтараман қалқондай
ўлим чекинар.
У яна бир неча тошини ютқазиб қўяр.
Бироқ ҳаётимнинг ярмиси
тахтадан пастда…
— Бир шоҳ десам борми,
бўшашиб қоласан-дейди у,
Ҳечқиси йўқ, деб ҳазиллашаману
Алмаштириб қўяман туйғуларимни.
Кифтим оша тикилиб,
Ҳар бир юришимдан юрак ҳовучлаб
Туришар хотиним, болаларим,
Қуёш, Ой ва бошқа тарафкашларим.
Сигарета тутатиб олиб,
Давом этаман машъум ўйинни.

* * *

Яшил рўмол билан
боғлаб қўйдим дарахтларнинг кўзларини.
— Қани, топинг мени! — дедим уларга.
Дарахтлар барглари-ла қаҳ-қаҳ отиб кулганча
бир пастдаёқ топволди мени.
Булут-рўмол билан
боғлаб қўйдим қушчаларнинг кўзларини,
— Қани, топинг мени! — дедим уларга.
Қушчалар чуғурлашиб, чаппор уриб ўйнашиб
бир пастдаёқ топволди мени.
Бир гўзал табассум-ла
боғлаб қўйдим ғам кўзларини,
Муҳаббатнинг оғушларидан
ғам мени топволди эртасигаёқ.
Зим-зимистон кечалар билан
боғлаб қўйдим қуёш кўзларин,
— Қани, мени топ, — дедим.
— А-а, манасан, — деди қуёш, —
мендан қочиб бўпсан.
Қочиб бўпсан, — деди,
бутун дунё, барча туйғулар.
Чунки уларнинг-да кўзини
боғламоқни ўйлаб юрардим.

Шавкат Раҳмон таржималари