Жубан Мўлдағалиев (Жұбан Молдағалиев) Ўрол вилоятининг Тайнақ туманидаги “Жиланди” манзилида туғилган. 1940 йилда Ўрол Қишлоқ хўжалиги техникумини битирган. Иккинни жаҳон уруши қатнашчиси.
Жубан Мўлдағалиев “Есир аёл тақдири”, “Мен — қозоқман”, “Кишан очган”, “Сел”, “Бойқўнғир бош бармоқлари” ва бошқа ўнлаб шеърий китобларнинг муаллифидир. Кўплаб орден ва нишонлар билан тақдирланган. “Қозоғистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган.
У XX аср қозоқ шеъриятининг йирик вакилларидан бири ҳисобланади.
ТОШКЕНТ БИЛАН КЎРИШГАНДА
Йўл бўлиб ётса осмон ердагидай,
Нега мен ажабланмай, ҳайратланмай?
Қозоқнинг оқинлари бамисоли
Тошкентга қўнар кўкдан фариштадай.
Айланиб оқ булутлар теграсидан,
Пастликка тайёрада юз бураман.
Тошкентнинг зар дўппидай зеболанган
Кўркига термулишни хуш кўраман.
Келганим йўқ мен асло ёт маконга,
Ўзимни бегонага менгзамасман.
Дўстимнинг, йўлдошимнинг, жигаримнинг
Муборак дийдорига етдим, ростдан.
Бу ўлка чамани соз, қўшиғи соз,
Юракка ажиб илҳом берар, бешак.
Юрганда ўзбек билан қўл ушлашиб,
Шукуҳли руҳинг ўсар тағин юксак.
Илк тонгнинг нурларига сайқалланган
Айёмни қаршилаб дил масрур жуда.
Шафақнинг зар ёлқини бамисоли
Тилла ранг уқа ўзбек дўпписида.
Оқинлар ерга қўнар фариштадай,
Боқарлар теваракка, маъволарга.
Тошкент ҳам ушбу дамлар ерда эмас,
Юксалиб кетгандайин ҳаволарга.
НОН
Сира ваъз ўқимайман нон ҳақца мен,
Қадрини улуғларман бироқ-да мен.
Ёдимда,
унинг зарра ушоғини
Оппоқ тонг баҳосига кўргандим тенг.
Не хасис замоналар кечмади, ҳа,
Кечмади не савдолар нон устида.
Кўрганман,
донга қаҳат далаларни
Ҳам очлик зада қилган шаҳарни-да.
Ўтди-ку очлик, уруш қийнаб жонни,
Бу кун нон тўлдирмишдир дастурхонни.
Ҳар қозоқ олиб чиқар меҳмонига
Бамисли қуёш нусха ширмой нонни.
Қозоғим азалдан-да қизиқ халқдир,
Уни маҳв этолмаган аянч тақдир.
Зеро у оллоҳ дея топингани
Ҳамиша бахт келтирган меҳнатгадир.
Ўландир бор бисотим, симу зарим,
Мард деҳқон наслига йўқ ҳеч аярим.
Юрагин шеърларимга ўрасин у,
Бахш этай унга ўтли сатрларим.
КУЗ
Кунлари бор – тафти буткул сўнмаган,
Гуллари бор – ҳали тўйиб кулмаган,
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Ёзи ўтиб, қиши етиб келмаган.
Сўнган ёздан ёдгор унинг ёлқини,
Жунжиктирар тонглар шудринг салқини.
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
“Эрта” эмас, “кеча” бўлган кўп куни.
Ялт-юлт этиб чақин ўйнар йироқда,
Чўмалайлар* ўртанмайди бироқ-да.
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Дилдирайди боқиб ойна булоққа.
Гоҳо очиқ, гоҳо кунлар беёғду,
Гоҳо ёмғир, гоҳ қор босар — оқ, парқу.
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Ёз ва қишни туташтириб турар у.
Хазон тўла боғлар боқар паришон,
Энди унда яшилликдан йўқ нишон.
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Нигоҳида алланечук дард ниҳон.
Далаларда жилваланган сароб-да
Кумуш тонгдан энди мужда эмас, ҳа.
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Зоҳиридан на қария, йигит на.
Рангпар офтоб сўйлар кўкда сўнгги роз,
Зеро, унинг тафти-қўри қолмиш оз.
Куз ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Билар — йилда икки марта келмас ёз.
Бироқ куздан мўл-кўл неъмат эҳсондир
Ҳамда куз чўнг сарҳисобга имкондир.
У ҳам ўхшар менинг эллик ёшимга,
Кўпни кўрган, теран ўйли деҳқондир.
______________
* Пичан ғарамлари
ЧЎПОН
“Қозоқнинг қозоқлигин, одамлигин,
Яйловин, жўмардлигин, омонлигин
Бедахл сақлаб келган бир найзамас,
Таёғим, мўмин касбим — омонлигим”.
О, Чўпон, шундоқ дея оласан сен,
Борлиқдай боқий яшаб қоласан сен.
Карвондек кўз ўнгингдан ўтказасан
Ҳайвоннингу инсоннинг оқ-қорасин.
Ўтмади дов-да қўйсиз, ёв-да қўйсиз,
Битмади битим қўйсиз, савдо қўйсиз.
Ҳамроҳи бўлиб юрдинг юрт ва қутнинг,
Неча тож-тахт алмашди ўйли-ўйсиз.
Хонликни, подшоликни ажал олди,
Қўй қолди, чўпон қолди, таёқ қолди.
Ўзингсиз тақдирнинг-да тақдири йўқ,
Айтмоқчи, сени қандай асраб қолди?
Қуёш сенга қараб соат тўғрилар,
Қирга чиқсанг, сўнфа шуъласин тарар.
Ётар вақтим бўлди, дер ой, сен ётсанг,
Сен ухлагач тун оромга йўғрилар.
Сен – нақ чўлда саксовул куйиб ўсган,
Сен – нақ қоя чинори уфқни тўсган.
Аёз ялаб кўксингни, офтоб ўраб,
Тоғу тошда тешилди сенинг ўкчанг.
Чўққиларга сурурдан сўйлагайман,
Буғдойзорлар мавжини бўйлагайман.
Кўзим яшнар ёш шақар, навниҳолдан,
Эзгуликни бир умр куйлагайман.
Сенга боқсам юрагим ғамдан холи,
Сен бўлмасанг куларми чўл иқболи.
Биламан – сен ёшардинг, навқиронсан,
Фотиҳа берди даштнинг доно чоли.
Туққан ерга кимнинг қалб қўри сингса,
Қадру эъзоз топгайдир эл ичинда.
Чўпондан академик чиқмоқдадир
(Ва лекин бунинг акси бўлмасин, ҳа).
Илму ҳунар камолотга интилажак,
Бир куни, батки робот қўй боқажак.
Лек уларда бўлмас-ку чўпон қалби,
Ер-сув, дала ишқида ким ёнажак?
Ойга-да олиб борар кема у он,
Ошиқар Чўпон сари гуллар хандон.
Таёғинг етмас уфқ йўқ бўлса-да,
Ерда юр. Чўпон, сенга дала гирён.
Мирпўлат Мирзо таржималари