Хонбиби Есенқораева (1949)

Хонбиби Есенқораева (Ханбибі Есенқарақызы) Жанубий Қозоғистон вилояти Сариоғоч туманида туғилган. 1972 йилда Чимкент Давлат педагогика институтининг филология факультетини тамомлаган. У “Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонига эга.
Хонбибининг “Илктўплам”, “Юлдуз”, “Муҳаббатим мангу”, “Ҳақиқат томон суздим мен”, “Қўшиқларим – сирларим” каби шеърий китоблари ўқувчилар меҳрини қозонган.

ЙИГИТЛАР

Сиз — элим юксак тоғи,
Сиз — кўнглимнинг ардоғи.
Сулув-ку кўп даламда,
Йигитсизми, қозоғим?!

“Элим-ов” деб куйладик,
Ажиб ўйлар ўйладик.
Мўмин бўлиб ўсдик биз,
Қад кермадик мағрур, тик.

Дашт-далада чўлладик.
Дашт-далада ўрладик.
Қай товондан топталиб,
Кимдан хўрлик кўрмадик!

Гоҳ мурғак жон сўлганда.
Қалъа кулга тўлганда,
Боболар кўзига ёш —
Келган онлар бўлганми?!

Гўдак ғамин еганлар,
Айлангандай эманга —
Кўз юмар лаҳзада ҳам,
Биз енгилдик, деганми?!

Совут бўлди кийгани,
Ёвга бошин эгмади.
Қоқилди не тулпорлар,
Не ўтовлар куймади?!

Тарих чангин қоқмайлик
Ва нуқул айб тақмайлик.
Мард қозоқ йигитларин
Ардоқлайлик, сақлайлик!

УЛУҒ ДАЛАМ

Яшил олам, уфққа етган, далам,
Юрагимга илҳом бахш этган, далам.
Хаёлларинг, исмсиз сўқмоқларинг
Менинг кўнглим қаърига кетган, далам.

Кўйлак қилдим ложувард кўкламингни,
Қуёшингдан кўзларимга нурлар инди.
Кенгликларга тўниб-тўниб боқдим баъзан,
Ёш жисмимга боболарим руҳи сингди.

Не бир зотлар — мижжасида соғинч ёши,
Келар улар сени йўқдаб, тўлиб-тошиб.
Бари ошиқ ўзингга, Улуғ Далам.
Наслларинг, зурёдларинг бари ошиқ.

Меҳрим сенга бахшидадир, дилда титроқ,
Майли, учқур орзуларим учсин йироқ.
Алвон шафақ оғушингга олгин, далам,
Офтоб энди юрагимнинг тўрида нақ.

Қайда юрсам юрадирман бахтинг кўзлаб,
Йироқларда юпанаман сендан сўзлаб.
Қалдирғочдай сингайин-ей уфқларингга,
Турналардай талпинайин бўзлаб-бўзлаб…

УМР ЎТИБ БОРАЁТИР

“Оқ кўнгил”, — деб, бировлар, “кеккайган”, — деб.
Умр ўтиб бораётир, умр ўтиб…
Кимдир кетса юз кўрмасдек буткул мендан,
Кимдир юрар изларимни тавоф этиб.

Кимларнингдир ўз суянчи — “тоғи” бўлар,
Шундан ўзин зўр санайди ҳар дам улар.
Ўзгартолмас дидинг сенинг ҳеч кимни, бас,
Одамларнинг разили бор, асили бор.

Биров дейди, омад қуши қўнсин менга,
Тахтинг борки, бировлар дўст бўлар сенга,
Кечирардим мен барчасин бехижолат,
Имонлари нур сололса юрагимга.

Дилни тошдек эзар завол ахду паймон,
Юрагимда орзудан ҳам кўпдир армон.
Кечирардим тоғдек улкан хатоликни,
Бўлмасайди агар унда риё, ёлғон.

Умр оқар, деманг менга мақтов, ёрлиқ,
Менга гоҳи ойдин, гоҳи жумбоқ борлиқ.
Кўп нарсани хуш кўрмайди кўнглим, дўстлар,
Ки шулардан — маккорлигу фитнакорлик.

Шунданмикин ношудликдан қўрқаман мен,
Аммо гумон қоясини йиқаман мен.
Минг ўйларга кўксимни мен минг бор уриб,
Минг ўйлардан минг бор омон чиқаман мен.

ЧАҚМОҚЛИ ТУН

Дириллатиб, гумбурлатиб ҳар ённи,
Наврўз келди бошлаб селу суронни.
Уфқ осмони кўклай бошлар ошиғич —
Олтин ип-ла тўзган, жулдур чакмонни.

Қора булут — худди чакмон минг қуроқ,
Тўзган барин илди тоққа у шу чоқ.
Онда-сонда тун зулматин бағрида
Ярқиллайди сойга чопган оқ сўқмоқ.

Тун чақмоғин тоғ бағрига сермади —
Олмос тиғдан дашту дара яшнади.
Шунда дир-дир титраб қирда оқ бия.
Саман айғир ер тепиниб кишнади.

Тун далалар майсаларга чулғанди
Ва адирлар яшил-яшил тўлғанди.
О, қанча гул бош кўтарди қоқ ердан.
Қанча умид чечаклардек уйғонди!

ҚАЙГА КЕТДИНГ?..

Кўпдан бери бир азобда, оҳ, дилим,
Дардларимнинг изҳорига гунг тилим,
Дердим, ўтли юрагимни от, майли.
Ёнмаса у сени дея, севгилим!

Дала — туман, дилда — ғашлик, тун — оғу,
Интиламан, ахтараман мен ёғду.
Азоб берар, азоб берар, нетайин —
Ҳеч кимсага ёролмаган дардим бу.

Мудом менинг юрагимда ўшал дард,
Олис ёшлик қўшиқлари — гўзал дард.
Қайга кетдинг, муҳаббатим сиймоси,
Йўқлаб келгин ҳузуримга, бўлсанг мард.

Қани энди у лаҳзалар — гул сайли,
Неки бордир йитар, мангу турмайди.
Аммо, нетай, соғинч отлиғ бир ҳасрат
Оч бўридай юрак-бағрим тирнайди.

Кўклам кезар теваракда — сен йўқсан,
Хазон тўзар боғчаларда — сен йўқсан.
Қўмсайсанми мени бир бор, билмадим,
Сен ноласан, кўнглим аро андуҳсан.

Маҳзун-маҳзун ўйлаб ҳолим харобдир,
Армон деган оғули май, шаробдир.
Ичдим уни, қониб ичдим — ўлмадим.
Ичган сайин, ичган сайин — чўлладим.

* * *

Олчалар ғарқ пишган боғ,
Индамай турдинг, бегим.
Увол кетар бари, оҳ,
Наҳотки келмас егинг?!

Ўриклар-чи — олтин-ол,
Шохларин тутар аранг.
Турсами тентак шамол,
Қучар барин тўзон-чанг.

Қара, кузги олма бу,
Севгимиздек бизнинг ғўр.
Уни ҳеч ким узмаса,
Қор ёққанда бўлар хўр.

Майса эди — кўкалам,
Ажиб сирлар қалбингда.
Чит кўйлак кийиб бу дам
Қиз турарди олдингда.

Сулувлик — биллур томчи,
Ташламадинг бир нигоҳ.
Ўзи ўтинган он бу,
Кейин қилма аттанг, оҳ.

Бу он қайтиб келмайди,
Учиб кетар изи ҳам.
Кунлар гўзал — эртанги,
Кечаги — солар алам…

Мирпўлат Мирзо таржималари