Туманбой Мўлдағалиев (1935-2011)

Туманбой Мўлдағалиев (Тұманбай Молдағалиев) Олмаота вилояти, “Меҳнаткаш қозоқ” туманида дунёга келган. 1958 йили Қозоғистон Давлат университетининг филология факультетини битирган.
Шоирнинг илк шеъри (“Украин қизига”) 1954 йили босилган. 1957 йили Талабанинг дафтари” номли илк тўплами нашр этилди. Шундан кейин унинг “Комила” (1960) “Кўклам тонги” (1951), “Олатов қизи” (1963), “Феруза ҳақида қўшиқ” (1964), “Кунлар чорлайди” (1965), “Юрагим менинг йўлларда (1966) ва бошқа кўплаб китоблари ўқувчилар қўлига етиб борди.
У моҳир таржимон ҳамдир. Қозоқ ўқувчилари унинг таржимасида Ж. Байрон, М. Лермонтов, Т. Шевченко, О. Туманян, С. Капутикян, Р. Ҳамзатов ва қатор ўзбек шоирларининг шеърларидан баҳраманд бўлганлар.

* * *

Хиёнатим йўқдир ҳеч бир кимсага,
Гулшанимда ўзни хасис тутмадим.
Лекин ўкинчлар ҳам бордир кўнглимда:
Дўстларим қадрига бирдек етмадим.

Кўкрагимда ёниб қуёш, юлдузлар,
Ҳамма каби тушдим ҳаёт йўлига.
Аммо, дўстим ишонганда юрагин —
Мен қалбимни тутолмадим қўлига.

Кўкрагимда ёниб қуёш, юлдузлар,
Яна тушдим бир кун ҳаёт йўлига.
Дилбар бир қиз ишонганда юрагин —
Эвоҳ, қалбим тутолмадим қўлига!

Шунданми, гоҳ ўкинчларга тўламан,
Кимга атаб, кимнинг розин сўзларман.
Юзларимни беркитгандай бўламан,
Гинаси йўқ, ул хайрихоҳ кўзлардан.

О, чироғим, мен розиман, сен порлаб,
Агар менинг етмасанг ҳам қадримга.,
Юрагингга ортиқ жабр айлама,
Шафқат истаб, бу армонли қалбимга!..

Аҳмад Тошхўжаев таржимаси.

ЎЗБЕГИМ – ЎЗ ОҒАМ

Қозоғу ўзбек қадим қондош тайин,
Бу туйғу дилга сурур берар майин.
Тошкентда юрганим кез дўстлар билан
Бўламан Олмаотада юргандайин.

Тошкентнинг гулбоғлари ўз боғимдай,
Кўчалари кўнглимнинг чароғиндай.
Дунёда оҳу кўз кўп, бўта кўз кўп,
Кўз борми ўзбек қизин қароғиндай!

Жон Тошкент қалбимни гар банди этса,
Нечун мен ёшармайин, бўлай кекса?
Йигитда армон қолмас бир сулувнинг
Ўтида парвонадек куйиб кетса.

Ўш бу йил қоралади элликларни,
Бу дегани — нари борса, умр ярми.
Дали ишқ туғёнимни туймадингми,
Киройи ром этардим бир дилбарни…

Биламан, о ўзбегим, кўпдан сени,
Хуш кўрмайсан қозоқнинг сергапини.
Тошкентда қолиб бир оз, бозор кезсам,
Фарқлай олар эди сендан ким ҳам мени?

Дилимда ҳавас сўнмай, ғайрат ўлмай,
Нечук кўрк-зийнатингга мафтун бўлмай?
Бир кирсам бозорингга,      то кечгача
Гиргиттон чарх ураман чиққим келмай.

Мен гоҳ шеър сурурига лим тўламан,
Илҳомсиз кунларимда жим — сўламан.
Боримни бозорингга бериб кетган
Жайдари, содда қозоқ мен бўламан…

Қалбимни далам каби кенг қиламан,
Улуғларни тоғимга тенг биламан.
Мусо оғам* қўлига Олмаотада
Сув қуйган ўспирин ҳам мен бўламан.

Навоий, Абай назм ой-қуёши,
Талпинамиз уларга қайнаб-тошиб.
Бир ажиб дам кечганди Олмаотада
Миртемир оғамиз-ла қаймоқлашиб.

Ўзбегим, ўз оғамсан, чин бу сўзим,
Эргашиб кам бўлмадим, топдим тўзим.
Уйғуннинг бир том шеърин қозоқчага
Ағдарган азамат ҳам менинг ўзим.

Меҳрим бу — ҳеч миннат қилмаганман.
Топилмас Шарқда уни билмаганлар, —
Зулфия опамиз ҳам тўлиб-тўлиб,
Қозоқча сўйлаганди бир маҳаллар.

Ўзбегим, яша доим дориломон,
Кўрмасам, бот-бот қўмсаб соғинаман.
Ўшми ё у кексами — топиштирар
Тошкентда омон бўлса Носир оғам.

Ўртада тўйларимиз, ўйларимиз,
Қаторда муносибдир бўйларимиз.
Ўзбекнинг паловига тот берай деб,
Ўрлайди Тошкент томон қўйларимиз.

Йигитнинг кўзи қизда, кўнгли қизда,
Гап ташлардик биз ҳатто қирқимизда.
Мисоли қалин молдек чегарадан
Ўтади ўзбек ёққа йилқимиз-да.

Ўртада баҳам орзу, қувонч, азоб,
Сен борсан, ҳеч ким мени этмас мазоқ.
Ўзбекнинг осмонида тонг балқиса,
Ҳаммадан бурун уни кўрар қозоқ.

Гинам йўқ, сен оғамсан — туғишгансан,
Тилагим — эзгуликка юрак қонсин.
Ҳазиллар файз берсин умримизга,
Саодат юлдузимиз мангу ёнсин!

*Ойбек назарда тутиляпти.

Қозоқ тилидан Мирпўлат Мирзо таржимаси.