Тўлеген Айбергенов (Төлеген Айбергенұлы Айбергенов) Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги “Қўнғирот” совхозида таваллуд топган. 1954 — 1959 йилларда Тошкентда Низомий номидаги Педагогика институтида қозоқ тили ва адабиёти факультетида ўқиган. Илк шеърларини болаликда ёза бошлаган. Илк туркум шеърлари “Ёш даврон” номли тўпламда чоп этилган.
1974 йилда “Қумдаги миноралар” тўплами учун Қозоғистон Ёшлари уюшмасининг мукофоти берилди (вафотидан кейин).
Тириклигида унинг “Ҳаётга саёҳат” (1955), “Мен сенга ошиқ эдим” (1970), “Омонат” (1975) сингари китоблари чоп этилган.
Тўлеген Айбергенов 60-йиллар шеъриятига ярақлаб кириб келган ёрқин истеъдод эди. Унинг лирик, фалсафий шеърлари қозоқ ёшлари орасида кенг шуҳрат қозониб, уларнинг сўнмас муҳаббатига сазовор бўлган.
* * *
Қирингдан отам йўрғада
Йўртиб бир ўтди, Кегайли.
Мен отам изин қўрғалаб,
Манзилга етдим, Кегайли.
Даштингда онам қиз кунин
Қиздириб ўтган, Кегайли.
Келгум деб қайтиб, қир гулин
Уздириб кетган, Кегайли.
Сув олган жойда бувимнинг
Сирғаси қолган, Кегайли,
Сирдоши қолган, Кегайли,
Мунгдоши қолган, Кегайли.
Аму нариги бетидан
Орқалаб келдим кўп ўйни.
Юрагинг иссиқўти-ла
Қарши ол мени, Кегайли!
ЮРАК СЎЗИ
Юраман йўл билан мен эзгу,
Бераман жило кўлларга.
Гувиллаб ётган денгизни
Ағдариб қуйгум чўлларга.
Эргашиб кўпнинг кўчига,
Яйловга чиққум қўй ҳайдаб.
Шодумон дала тўшида
Чалқанча ётгум мен яйраб.
Гоҳи заминни сел чаюр,
Тўлади борлиқ файз-қутга.
Емғирли кун нақ мўрча-ю,
Ювингум мен оқ булутга.
КЎЛ
Сулув бўп кетасан қуш, ғозинг келса,
Мен сузгум ойдинингда ёзинг келса,
Ётгандай бўласан бир яйраб кулиб.
Сувингни жимирлатиб еллар елса.
Биргина қайноқ ёз-чун сен бордайсан,
Қушларга қизиги кўп бозордайсан.
…Қушнимас, ёруғ кунни суясан-ов.
Бежиз сен кўк осмондан кўз олмайсан.
КЎКЛАМДА
Кўкламни қўмсаб диллар эзилади,
Унда гуллар қизлар-чун узилади.
Осмонда эзгуликнинг номин ёзиб,
Турналар қатор-қатор тизилади.
* * *
Шодликка тўла чоғим энг
Утказдим сенда, қир ошдим.
Толега очиб бағрим кенг,
Шивирлаб туриб сирлашдим.
Кўнгли қўкламдек қурч гавда —
Оғам-ла фикр алишдим.
Ёз келбат ёрқин женгейга
Ҳазилим айтиб танишдим…
Юракда кадар-нолиш йўқ,
Илк севги дилни жазб этган.
Кўринди менга олис бўп
Қошимда турган бўй етган.
Не тонгки, дили пок дўстлар,
Бўз бола кунлар ўтди-ку.
Хандон-да кулган кўп қизлар
Армон бўп қолиб кетди-ку…
ҚИЗИМ МЕНИНГ
Уйландим. Болалигим бироқ қочди,
Олдимда янги ҳаёт кулган чоғи.
Умримга сен келдинг-да гулин очди —
Менинг ёш оиламнинг қизғалдоғи.
Кўнглимга сеҳрин қуйиб дала, кўлнинг,
Сен менга ота номин ола келдинг.
Ётгандай гулғунчаси орзуимнинг,
Айланиб бешигингга боравердим.
Кўп тортган азобимдан онагинам
Қучоғин очди сенга кўпроқ бу дам.
Ким билсин,
Йиллар бўйи интиқ кутган.
Сени, о, ширингинам, ой юзгинам.
Сен туғилиб — нуқул у кулаверди,
Қалбига қаердандир қувват келди.
Хиргойи бошлаб ҳар кун тонг-саҳардан
Вужуди куйга тўлиб юраверди…
Мирпўлат Мирзо таржималари