Темирхон Мададбек (1945)

Темирхон Мададбек (Темірхан Медетбек) 1945 йил Жанубий Қозоғистоннинг Туркистон туманида туғилган. Шоир, таржимон, ношир, муҳаррир. «Жулдуз» адабий журналининг бош муҳаррири бўлган. Кўплаб шеърий тўпламлар, танқидий асарлар, тадқиқотлар муаллифи. Қозоғистон Давлат мукофоти лауреати (2000).

ТУРКИСТОН БОЗОРИ

Кун чиқмасдан янгратади соз, ўйин,
Кун чиқмасдан қайнатади қозонин.
Кун чиқмасдан тўйлатади азонин,
Туркистоннинг бозорин айт, бозорин!

Оралаб кўр, орала завқ олгани,
Не изласанг – топилади, бор ҳали.
Думаланиб ётар қовун-тарвузлар,
Тамшантирар ўрик, гилос, шафтоли.

Сўриларда мунчоқ каби тизмаги,
Кулимсирар кун нурида узум ҳам.
Битта-битта узиб еса ўзбагим,
Қозоқ ейди бир еганда юзин ҳам.

Чўлласангиз кўк чой турибди тайёр,
Чойхонага келинг, сизда ихтиёр.
Манов юрган янгам хўп семирибди,
Белида нақ беш чақирим мато бор.

Носвойидан қоқиб, ташлаб бир отим,
Нор чавандоз етаклайди ғиротин.
Қора қошин ўйнатиб бир келинчак,
Шопиради қимиз билан шубатин1 .

Бир тўп йигит бирин-бири судрайди,
Қора кўзлар қора кўзни имлайди.
Оқ қалпоқли Бейсембойлар анг солиб2 ,
Олачопон Тошмат қўшиқ куйлайди.

Қара, қара манов турган сулувга,
Қора кўзи олов бўлиб ёнувда.
Олма-ёқ қўй олмаси-ю ёнғоғин,
Бозорламас одам фақат олувга.

Кўр она-ер неъматларин, озиғин,
Олма-ёқ қўй, томоша қил қизиғин.
Қалбга қўнар қучоқ-қучоқ соғинчлар,
Шопирасан қувончнинг соф қимизин.

* * *

Минора бўлмасанг, сен парча ерсан,
Ётибсан ҳовур ичра, ўлан кутган.
Кўтариб олсаммикан қўшиқ каби,
Мен сени олти аср теранликдан.

Тўлдирган кўкракларни ишқингмиди,
Бўлмаса, ишқинг шунча жўшқинмиди?

Туққан юрт талпинганда бир отилиб,
Осмонда қолиб кетган тўлқинмиди?
Қалайча кетсин кўнгил сенга боқмай,
Сен билан бизнинг вужуд бир тупроқдай.
Ётибсан тўнкарилиб, кўк осмондан
Узилиб тушиб қолган қўнғроқдай.

Аломат сир мўъжиза тошларинг ҳам,
Аломат ўтда қолди ёш жоним ҳам.
…Бир юксак нишон бўлса туққан юртда,
Юксакроқ кўринаркан осмонинг ҳам.

Музаффар Аҳмад таржимаси