Сакен Сейфуллин (1894-1938)

Сакен Сейфуллин (Сәкен Сейфуллин) 1894 йил 15 октябрда Жезқазған вилоятининг Оқадир туманидаги “Қарашилик қишлоғида туғилган. У қозоқ адабиётининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган шоир. Унинг “Кўкчатов”, “Қизил от” достонлари ва шеърлари қозоқ шеъриятининг 30-йиллардаги энг яхши асарларидан ҳисобланади. “Бахт йўлида”, “Қизил шунқорлар каби драмалари адибнинг қозоқ саҳна санъатида ёрқин из қолдирганини исботлайди.
20 — 30-йиллар қозоқ шеъриятида ўзига хос мактаб ярата олган шоир мустабид тузум муҳитида ўз истеъдоди, салоҳиятини тўла намоён қила олмаган бўлса-да, шеърлари, йирик достонлари халқ дилидан жой олиб, қозоқ адабиётининг нодир намуналарига айланган.

МУНГ

Қолганда тор лаҳадда ёлғиз ўзим,
Жон чиқиб юмилганда икки кўзим,
Танимдан айро жондай қоларсан сен,
Юракдан чиққан оташ мунгли сўзим!

Қайғулар ичра қисқа умрим ўтиб,
Жон билан тан айрилар дамлар етиб,
Қандай сир, қандай куй-ла айтганимни
Ким англар, қолганда сен — ўзим кетиб?

Шодлансам, оҳлар тортсам, ҳорсам беҳол,
Чиқардинг кўкрагимдан бир оҳ мисол.
Табиат, ўзгалардан ўзгача бўп
Куйлаган бу куйчингни бағрингга ол.

Бировнинг давлатию моли кўпдир,
Бировнинг турмушидан кўнгли тўқдир.
Менинг-чи, ахтарганим: ҳасратлашар —
Бир жонкаш, афсус, у ҳам менда йўқдир.

Митти жон оғир дардга йўлиққанда,
Кўнгил бир нажот истаб зориққанда,
Қошингда бўлармикин бир меҳрибон,
Танангдан қувват кетиб, толиққанда?!

Йигитнинг бўлмаса гар жон йўлдоши,
Тўлмасми мунг-ҳасратга азиз боши?
Қайғуси; ғуссасини ким аритар,
Оққанда кўзларидан сел бўп ёши?

Кимса йўқ сир айтурга кўнгил очар,
Юракнинг куйиб-ёнган дардин босар.
Мунгимни юртга айтмай, сенга тўкдим,
Юрак — ўт, кўнгил — дарё. ҳолим абгор!

ҒАМЗАДА КЎНГИЛГА

Кўнглим-ей, ёнган ўтдай чалқир эдинг,
Лочиндай юксакларга қалқир эдинг.
Зулматга қаҳринг сочиб, лаънат айтиб,
Болдайин муҳаббатда балқир эдинг.

Эркингни ғам-ҳасратга берма, кўнглим!
Ўзингга ўкинчларни терма кунглим!
Мунгланиб қайғуландинг нега бундоқ,
Талпиниб кўкда қулоч серма, кўнглим!

Бир кезда ғаминг тўлиб-тошгани рост,
Кўп ёвлар сиртдан тегиб қочгани рост.
Ярқираб ерга қўнган қизил кунни
Ушбу дам қора зулмат босгани рост.

Ғанимлар қўли бапанд келгани рост,
Зулмат тун ёғдуларни енггани рост.
Юракни жароҳатлаб мисли ўкдай,
Қайғулар кўкрагимга энгани рост.

Бу кунда ёв ёқадан олгани рост,
Кўп душман оёқлардан чалгани рост.
Жонсиздай бўлиб ётган илон бирдан
Заҳрини нақ елкадан солгани рост.

Мунғайма сира, кўнглим, бари ўтар,
Азоблар бир зумликдай — изсиз кетар.
Қора тун чулғаса ҳам орқа-олдинг,
Ярқираб тонг отувчи дамлар етар.

ҚИРДА

Ўлтирар эдим қирда кўксим тўлиб,
Тўкилди дўмбирамдан куйнинг сели.
Ўланим қанотида олиб кетди —
Дафъатан эсган сарин еллар келиб.

Ел учди дилда ғамин йиққанларга,
Сариорқа томонларга чиққанларга.
Мен қирда тўлиб-тўлиб ўлан айтдим,
Куйладим ел сирини уққанларга.

Мирпўлат Мирзо таржималари