Қалижон Бекхожин (1913-1990)

Қалижон Бекхожин (Жұмекен Сабырұлы Нәжімеденов) 1913 йил 15 декабрда Павлодар шаҳрида дунёга келган. 1938 йилда Абай номидаги Қозоғистон Давлат педагогика институтини тамомлаган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.
Қ.Бекхожин кўплаб лирик шеърлар, достонлар муаллифи. “Ўрмон қизи” (1939) достонида халқ орасидан чиққан истеъдодли ёшлар образи меҳр билан чизилади. Шоир Қозоғистон Давлат мукофотининг совриндори. “Қозоғистон халқ ёзувчиси” унвони ва бошқа кўплаб мукофотлар билан тақдирланган.
Унинг “Шеру” (1944), “Кўклам” (1948), “Қаҳрамонлик қўшиғи” (1949), “Дўстлик овози” (1954), “Марям Егор қизи” (1956), “Олти чўққи” (1973) ва бошқа китоблари чоп этилган.

ЎША КЎЗЛАР

Кўзлар
юрак ойнасидир аслида,
Қорачиғда акс этади борлиғинг.
Мен ёнганман чақноқ кўзлар васлида,
Мен кўзларда кўрдим қалб айёрлигин.
Кўзлар борки,
тўла сиру синоат,
Уқай дея дил қулфимни очганман.
Уқолмасам…
яна қилиб цаноат,
Чақноқ кўзлар изларидан кўчганман.
Кўзлар борки,
қуёш бўлиб боқади.
Суйдиради,
куйдиради беомон,
Кўзлар борки,
жон—танингни ёқади.
Кўзлар борки,
кўрмай дейсан ҳеч қачон.
Чўғ кўзларга болаликдан ошнаман
Ва уларга умр бўйи сиғиндим.
Дуч келганда совуқ нигоҳларга ман,
Ўтли кўзлар қарашини соғиндим…
… Нурсиз кўзлар
қай юракни ёндирган,
Кўп кўрганман кўзлардаги рангларни.
Кўзлар борки,
туб-тубига сингдирган
Қилмишларин устаси фарангларнинг.
Ўтли кўзлар ошиғиман бир умр,
Улар кирган юрагимга бесўроқ.
Ўша кўзлар бағишлайди ёғду-нур,
Ўша кўзлар борки,
қуёш, тонг уйғоқ.

Сафар Барноев таржимаси.

СОҒИНДИМ

Соғиндим мен Таттимбет*нинг куйларин,
Шуъласидай майин ёзнинг кунларин.
Еллар чалди кўл қамишин сурнайдек,
Ўсдим шунда тинглаб оққув унларин.

Нафасидай эрка гўдак чоғимнинг
Таттимбетнинг тотли сасин соғиндим.
Ел-ла ўйнаб, югурардим ушлашга
Шуълаларин ифорли гулбоғимнинг.

Қўк майсада капалакдай ўйнадим,
Ўйласам мен бахт ҳақида ўйладим.
Ўша бахтим — сенда ўтган хуш дамлар,
Шу дамларнинг сурурига тўймадим.

Чалғитмасди мени эрмак, на сас-да,
Бор вужудим туйғуларга пайваста.
Ўзимда йўқ, ўзгалардан қизғаниб
Қарар эдим қулун, тойга ҳавасда.

Юрар экан қўй-қўзилар маърашиб,
Ёш бузоқлар — қир-адирда яйрашиб,
Шодланардим мен чақнаса чақмоқлар,
Жилға чопса қирлардан, йўл талашиб.

Менга иссиқ чеккадаги тор кулбам,
Лекин мен-чун ҳамма уйдан у кўркам.
Жимирлайди кўкда милт-милт юлдузлар,
Термулсам мен кечалари дарчамдан.

Тегмаса-да менга ўрин тўридан,
Шу бир кулба кенг маъводай кўринган.
Энди сиғмам олтин нақшли қасрга,
Бу нимаси — борми мендек керилган?

Жаҳон кезган ярим аср ёшимнинг
Татгимбетда ўтказдим энг асилин.
Унда ғамсиз, шўх-шан эди юрагим,
Олчи эди доим менинг ошиғим.

Унда бундай хўрсиниқни ким билган,
Болалик-ла юргум дердим минг йил ман.
Дали эдим ва чапани у пайтлар,
Узр айтарди менга ортиқ сўз қилган.

Кетдим сендан, ўтди учқур йиллар кўп,
Тоққа чиқдим, мевалари тотли деб.
Оқ соч шоир номин олдим, не нафдир,
Болалигим қолди сенда, Таттимбет!

Қирлар кезиб, бахт қушини овладим,
Ўлан айтиб, тоғларга ҳам довладим.
Бироқ ҳамон ўша бола чоғимдай
Кўк майсага келар бирам ағнагим.

Болаликдай бўлиб эрка ва хушхон,
Шуъладайин майинмисан сен ҳамон?
Балки қайта ёшарарман, боладай
Майсазорда чопсам уриб мен жавлон.

Бари садқа, сенинг эрка болангман,
Даштларингга жоним яйраб борарман.
“Тентагим” деб, еллар суйса манглайдан,
Чўпонинг бўп қирларингда қоларман…
____________
* XIX асрда яшаб ўтган таниқли бастакор.

Мирпўлат Мирзо таржимаcи