Нурлан Ўразалин (1947)

Нурлан Ўразалин (Нұрлан Мырқасымұлы Оразалин) Олмаота вилоятининг Уйғур туманидаги Улкандихан (ҳозирги Кўкбостов) овулида таваллуд топган. Қозоғистон Давлат университети (ҳозирги Ал-Форобий номидаги Миллий университет)нинг филология факультетида таҳсил олган.
Йигирмадан зиёд шеърий тўпламлар, драмалар, эссе ва публицистик китобларнинг муаллифи. Кўплаб драмалари театр саҳналарида кўйилган. Шеърлари ўзбек, рус, украин, болгар, турк, молдаван, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилинган. У қозоқ ўқувчиларини кўплаб жаҳон шеърияти ва драматургияси намуналари билан таништириб келаётган забардаст таржимон.
Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқармасининг Раиси. Қозоғистон Республикаси Давлат мукофоти совриндори.

ЙИЛГА ТИЛАК

360…
Кундуз ўтди, тун ўтди.
Юксалтирди, гоҳи мени унутди.
360…
Тонг бўзариб уйғонди,
Не-не юрак янги кунга юз тутди.
Йил қуюндай тез ўтди!

Суйдик.
Куйдик.
Ғамлар чекдик. Ўртандик.
Пушмон қилдик.
Нимагадир ўргандик…
Юртимизга яхши кунлар ярашди,
Гарчи не бир жафоларни кўргандик.
Шу юрт учун ўртандик!

Кўкимизга мовий, кўм-кўк туғ илдик.
Кўк Туркдан биз гўё қайта туғилдик.
Ўй ҳам,
Қир ҳам,
Бутун борлиқ яшарди,
Озодликнинг сурурига йўғрилдик!
Кўкка кўм-кўк туғ илдик!

Менга бардош ҳавас эмас — аҳддир бу,
Ўткинчимас ҳурлик — энди нақддир бу,
Юрагимда — асрларнинг нидоси,
Теран ўйи,
Чўнг ғурури — бахтдир бу…
Саодатим — нақддир бу!

Даврим келди — чаман бўлди боғим, ҳа,
Қад ростлади “Қозоқ” деган тоғим, ҳа.
Аждодларнинг шукуҳи бор қалбимда,
Унутмасман
Асрларнинг доғин, ҳа…
Келди яшнар чоғим, ҳа!

Юрагимда — яратгандан эзгу ун,
Гарчи руҳим ғамларга эш туну кун.
Қачон?
Кимга?
Теккан, ахир, оп-осон
Озодликнинг ихтиёри бус-бутун?!
Юрагимда эзгу ун!

Эрк йўлида ким оҳ тортмас,
Демас “уҳ!”
Ҳур замон бу, тугар энди ғам-андуҳ.
Ўтди бир йил. Диёнат бор. Инонгум.
Юрагимда — янги илҳом, янги руҳ.
Муқаррардир бу шукуҳ!

Олдинда бор не-не довон,
Дашту чўл…
Жаннат эмас ҳали сенга ўнгу сўл.
Халқим, бир бўл, бир-бирингга узат қўл!
Истиқлолим — сенга эса донғил йўл,
Сен мангу бўл, мангу бўл!

ТЕПАЛИК ЁНИДАГИ ЎЙЛАР

Далалардаги эски тепаликларни кўрган сайин эсимга Геродотнинг: “Саклар юрт ҳудудига ёвлар бостириб кирганлиги ҳақда тепаликлар устига олов ёқиб, бир-бирига хабарлаганлар”, деган гаплари тушади.

Жировларнинг сўзларида ёдланган,
жуда кўҳна замонлардан сақланган,
ўқилмаган китобдир бу Тепалик,
қолган қадим хунлар билан саклардан.

Олис-олис мозийлардан ун солган,
байроқ ушлаб, Олтой ошиб, йўл олган —
бу Тепалик кўзими ё Кўк Туркнинг,
тақимида талай тулпор — от толган?

Бедовларин қичаб уфқни чоғлаган,
ёвларини аламларда доғлаган,
хазарлардан қолган сўзми бу элда,
замонларни замонларга боғлаган?

Уйсинлар ва туркешларнинг кўзими?
қумонлар ва қипчоқларнинг ўзими?
Эл бирлигин кўрғай юриб, қолдирган
аждодларнинг келажакка сўзими?

Гоҳ мен мозий қалбидаги мунгдайман,
тарих сасин тинглаб кўзим юмгайман,
мўр-малахдай мўғулларнинг дупури
эшитилар қузғайдан-да, кунгайдан.

Дилда ғамим
чўнг ҳасратлар гардими?
Шаҳид кетган одамларнинг мардими?
Бу тепалик — Аспаранинг азаси,
Нўғайлининг ташлаб кетган дардими?

Қилич сермаб тирикликнинг қасдида,
яширинганча даштнинг пана-пастида,
хокитуроб бўлиб бир халқ тарихи
ётгандайин шу тепалик остида.

Чархи дуннинг оҳи дилда лиммо-лим,
айтолмайин уни рўйи-рост, балким
ётгандайин Ипак йўлин тизгинлаб,
жўмард бобом кўзимиздан четда, жим.

Эр йигитлар суриб жангга отларни,
ўзин йўқлик уммонига отарми?
Йўқ, ётарлар — мисли Дала соҳиби,
туташтириб Кунчиқар Кунботарни.

Журъатидан ёвлар қўрқув туйган чин,
туғёнидан титраб турган Чин-Мочин
боқий элнинг шон-шавкати ётгандай,
теран кечмиш қучоғида олиб тин.

У замондан
айлар мени ким огоҳ:
қайси мақсад — улуғ чўққи, қайси — чоҳ?
Куюнаман… Хўрсинаман… Юрагим
оташ узра ётгандайин тортиб оҳ.

У замоннинг аён на куз, баҳори,
кўнглимнинг ҳам йўқдир қурч бир қарори.
Тунд Тепалик узра маҳзун тураркан,
вужудимни чирмар ўйлар шарори.

О, бобожон…
Ғуруридан тонмаган,
ўз юртининг толеига қонмаган,
тепаликнинг — қўл чўзгудек яқиндан
авлодларга, афсус, ўти ёнмаган.

Манзил етиб, чўктирилган туяси —
қай даврнинг, қай замоннинг эгаси?
Кўзин ишқаб,
зулмат тундан ўтаркан
қайда унинг ёрқин тонги, эртаси —
бу тепалик қай давроннинг эгаси?

Қай асрга эгайин мен бошимни?
Қай асрга тўкайин мен ёшимни?
Қай асрга олқишимни айтайин?
Қай замонга очай — отиб лошимни,
қалбдаги қуёшимни?

Қай даврни куйлар билан ўрайин?
Қай давр-чун эзгу сўзлар терайин?
Қай даврнинг қаршисида тиз чўкиб,
қай қалб ўтин лов ёндириб берайин?

Эй дил, даврон шакарию болина —
ўч бўлма ҳеч! Алданма! Ва нолима!
Қай замонни томиримда чийратиб,
тармашайин қай замоннинг ёлина?

Гарчи мозий кўйларида бағрим хун,
лекин тингла, кўкрагимдан тошар ун?
Минг-минг йиллик умрим эзгу меҳроби,
ҳузурингда таъзимдаман мен бу кун.

ОТАМ ЁДИ

Руҳим сўнган…
Қонда сурур оқмайди.
(“Хоксор уйнинг эгаси бор…” Сақлайди.)
Отам кетган, энди менинг ғамхўрим
келиб сира эшигимни қоқмайди.

Ҳазил-ҳузул қилмас энди кўнгли чоғ,
отланмайди шаҳар сари кўкси тоғ.
Келмас энди учиб-елиб, жонсарак,
юрибдими ўғлим, дея, омон-соғ.

“Чиқмади-я бир китобинг салмоқли”,
деб қўймайди ва кутмас ҳам йўлим зор.
Уруш кўрган оқсоқолнинг пандини
қизарганча эшитмайди эл такрор.

Шу қайғулар
ич-этимни тузлайди
ғамгин юрак жимирлайди, музлайди.
Қатағонлар жабрин чеккан қалб энди
лоқайд дўстнинг кайфиятин бузмайди.

Мижжасида ялтирамас энди ғам,
юрт олдида кўкрагига урмас ҳам,
дўст-ёрони соғинади кўп ҳали,
номин тилдан қўймагай эл ҳеч бир дам.

Менга энди мартабаю мол ғамми —
булар улуғ қилмас экан одамни.
“Отанг шундоқ деганди…” деб одамлар
ҳали-ҳануз эслашарлар отамни.

На чорам бор?
Кеч англадим, куйиндим,
файзи кетган — тўри бўшдир уйимнинг;
гарчи ёниқ кўзлар боқар суратдан,
машқи пастдир энди кўнгил куйимнинг.

Юрагимни мунглар ўртар пинҳон, зор,
кунлар қани — менга берган авж виқор?
Илҳом сўнса… Қайта ёзгай қанотин,
чин соғинсанг, жўш ургай у қайта бор.

Илҳом қайтар… дунё бўлар чаманим,
Оҳ, отам-чи! Армонимдир, оҳ, маним.
Келмас энди, эшигимни қоқмайди,
Шулар ҳақда тўлиб ёз-чи, ўланим!

Бир тўкилгин!
Танингда ўт ёнсин, о!
Эзгуликни юрагингга айла жо!
Нурин тўккай йўлларингга самолар,
Отанг руҳи бўлар сендан кўп ризо!

ОТАШИН ҚАЛБ

(Оқин тўйидаги сўз)

Яратганнинг ўзи унга мададкор,
оқин учун қайғу — уят, ҳасрат — ор,
ер устининг азобида ўртанар,
ҳаммасининг бирдек ўжар феъли бор.

Оқин учун қадрсиздир сийму зар,
эзгуликка хизмат қилмас бўлса гар;
ишқ йўлида аямас ҳеч жонини,
севгани-ла шеър тилида гаплашар.

Сал нарсадан у масрур ва бийрон тил,
сал нарсадан гоҳи ичдан кетар зил,
бир ота ва бир онадан яралган —
шоир деган бу ғалат қавм шундай, бил.

Йўлин кессанг яширмайди “ёвлигин”,
эли билар оқин кўкси тоғлигин;
тумор янглиғ юрагида сақлайди
у ўз халқин саодатин, соғлигин.

Оқин аҳли чиқишмас кўп тахт ила,
шундан менгзар эли уни бахт ила!
Она — осмон, отаси — ер одамга
сўз бўлурми ўлан ёзиш шаҳд ила?

Ўлан унинг бор борлиғи ажойиб.
(ўтли шеърга тақилдими оз айб?!)
Қувла-қувла қилинса ҳам, оқинлар,
қаторлари қолганми ҳеч озайиб?

Қўрқитолмас уни сира дову дўқ,
ношудларга айтган сўзи мисли ўқ;
юрт ғурури, эл сурури учун у
жонин тиккан, бундан кўнглинг бўлсин тўқ.

Яша!
Бор бўл!
Оқин отли зўр юрак,
оташин қалб — бу заминда тенги йўқ!

ОНА ЮРТ

Онамдай азизсан сен, юртим маним,
меҳрингга бахшидадир жону таним.
Бир замон мурғак дилда жўшди ҳислар,
парвозин топди сенда илк ўланим.

Умр бу — ошиб ўтиб қирдан-сойдан,
ризқимни топмайин мен қайси жойдан,
бари бир сенинг ўрнинг бўлак менга,
сен менга дастурхонсан онам ёйган.

Мен сенинг илҳоминг-ла ғарқ юраман,
сен билан юксаламан, барқ ураман.
Турмушнинг уммонида қолсам ожиз,
кўйингда чағалайдек чарх ураман.

Қамишлар кўл мавжида титраган он,
оққувлар учар тўп-тўп уфққа томон.
Қўмсаган дамларим мен сулувликни,
сен сари талпинаман ҳануз-ҳамон.

Армонлар,
юрагимни қийнаманг, бас…
Тунлар мен юлдузлардан тинглайман сас.
Зориққан пайтларимда ҳақиқатга,
дилда шеър туғён урар, тинчлик бермас.

Кўкларга
қанотимни ёзиб бир қур,
юксалсам тонгларингда туюб сурур,
уйғонар тоғлардаги шаршарадек
вужудим туб-тубида теран ғурур.

Қайғули дамларимда — ўзингдайман,
орзули дамларимда — кўзингдайман.
Мен ушбу кенг жаҳонни, ахир, нетай,
ўзингсиз кўролмайман, туёлмайман.

О, сенсан — чин толеим, эзгу шаъним,
мадҳингни куйлаб ўтгай шеърим маним.
Юрагим… Бор вужудим…
Она юртим.
Ўзингсан бу дунёда суянганим!

МАНГУЛИК

Таъналар отмай ўтмишга,
зарда қилмай, ушбу кунга ҳам —
ошиқиш керак!
Йўл қисқа,
умр дегани — бир тутам.

Юракнинг қурир мадори,
гар уни асраб-аярсан;
сезилиб ғамнинг залвори,
бир куни ҳолдан тоярсан…

Чўққипарастдайин бир вақт сен
қуларсан яланг муз узра,
қалбинг тубидаги энг ичкин
сўнгги умид ҳам узилар;

ой ботиб кетар сен учун,
отмайди тонглар энди ҳеч,
таратмас кўлда мавжлар ун,
қораяр уфқлар эрта-кеч;

йўллар тўзони босилар,
янграмас қирлар кулгуси,
уфқпарни тўсиб осилар
номаълум кунлар тур-туси;

қораяр осмон зангори,
туйғулар тўзар, куй сўнар,
ортиб юраклар оҳ-зори,
ҳар бир умрга мунг қўнар…

Тоғ ҳам, тўқай ҳам яланғоч
қоплайди қорлар ҳар ёнин,
сочганда кўклам нур қийғоч,
ташлайди қирлар чакмонин.

Ўзандан мутлақ қочар сув,
қудуқлар туби сим-сиёҳ,
лекин яна кўклам келару
уради белга гул-гиёҳ.

Соғинган кўнгил юпанар,
севинган кўздан ёш томар,
чўққилар узра нур ёнар.
янги бир давр бошланар…

Юраклар қалқиб жим, беун,
туйғулар туяр ажиб тот.
Завқланар бизсиз дала, тун,
куйлагай унда ёш авлод!

Болалар келиб бошқа бир,
ер билан кўкни баҳолар,
хабар берганча тош қабр,
уфқларга интиқ қадалар…

Мангулик шудир — бир лаҳза,
ўртаниб, ёниб, куйганинг,
толе, бахт тилаб бошқага,
уни ўзингча суйганинг.

Мангулик шудир — бир лаҳза,
қийналиб терлар тўкканинг,
илҳоминг жўшиб юракда
кулганинг, азоб чекканинг.

Мангулик шудир — бир лаҳза,
андармон бўлиб вақтга —
унутганинг ўлим борин, ҳа,
алданиб ёлғон бахтга.

Мангулик шудир — бир лаҳза,
эшик ва меҳроб ораси.
Оҳинг мавжланар фалакда,
топилмас дардинг чораси.

Мангулик шудир — бир лаҳза!
Орзунинг қаноти синмайди!
Завол топару боғ-боғча,
Юракнинг қўшиғи тинмайди.

Шу боис, дўстим, алданма,
гина қилиб бугун, ўтмишга,
даврни ёндириб туғён-ла,
курашиш керак!
Ошиқиш керак!
Йўл — қисқа…

Мирпўлат Мирзо таржималари

ТИЛАК

Мана, жоним…
Мана, имоним…
Сенсиз умр суролмам.
Дунёнинг ўзгарганин
Кўриб, унсиз юролмам.

Бир ўй бермас сира тиним,
Булқинади гул-тана,
Яратгандан сўраганим:
Омонлик бер кулбама!

Яйраб кирдим қирққа, мана,
Қўнди шуъла тўримга.
Берар бўлсанг урпоғима,
Элимга бер, еримга!

Чайқалмасин бўсағалар,
Омон турсин Ер доим.
Қўшоғим-ла2 қўш оқарар
Даврон бергин, Худойим!

Керак эмас синов-ўйин,
Кир изламам қаердан.
Бирга юриб, бирга кўрайин
Насибани, буюрган.

Мана, жоним…
Мана, имоним…
Сенсиз умр – афсус, оҳ.
Мен нетайин ўзгарганин
Ер-жаҳоннинг…

* * *

Шубҳа-гумон кўпайди…
Кўч кетганма?
Дўст кўп дердим,
Қарасам, дўст йўқ менда.
Сийлаганни дўст демоқ – соддалик бу,
Шунда қалай?
Бор умрим бўш ўтганма?

Гуноҳкор ким?
Ўзимми, ўзгаларми?
Ҳалол бўлса, сўз тинглаб, ўзгарарми?
“Кечаги дўст – бугун ёв” бўлмаса гар,
Кўз олдимда эврилиб, бўзарарми?

Сўроқ, савол кўпайди юракдаги,
Кеча-кундуз ёнаман, жисмим – маёқ!
Дўстим қилди хиёнат, бузуқ таги,
Сотди дўстим, кўзлари қилт этма-ёқ…

Музаффар Аҳмад таржимаси