Мухтор Шохонов (1942)

Мухтор Шохонов (Мұхтар Шаханов) Чимкент вилояти, Ленгер тумани Қашқасув қишлоғида таваллуд топган. Етти йиллик мактабни тамомлагач, “Юлдуз” колхозида тракторчига ёрдамчи, кейин вилоят газетасида адабий ходим, Қозоғистон радиосида катта муҳаррир, Бош муҳаррир бўлиб ишлади.
Чимкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди. Кейинчалик “Жалын” журналида Бош муҳаррир, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқармасида котиб вазифаларида фаолият кўрсатди.
Мустақиллик йилларида Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчиси лавозимида хизмат қилди.
Қозоғистон ҳалқ шоири. Унинг шеърий ва драматик асарлари эл орасида катта шуҳрат қозонган.

ОЙША

Ойша янгам суйган ёрин кузатди жанг майдонга…
Сўнг сиғиниб яшади аҳд-паймонга.
Уруш битди.
Шунқори, эҳ, қайтмади.
Уч йил кутди,
Беш йил кутди…
У бировга ноумид гап айтмади.
Ҳасратини ўз қалбига беркитди,
Шу орада тағин тўрт-беш йил ўтди.
Нурсиз умид оғушида дил қонаб,
Кутаверди у кун санаб, ой санаб.
Қисматидан унсиз аччиқ нола бўп,
Кўкрагида милтирарди совуқ ўт.
Жилла қурса,
Жилла қурса, худой-ов,
Ҳовурини босмоқликка фарзанд йўқ.
Умид пайваст вужудини эзди ғам.
Ёлғиз жонга ёқмас лекин кулгу қам.
Йўқ, бўлмади.
Йиллар ўтиб, ахийри
Турмуш қурди у бир қари чол билан.
Илк кеча у тинч ухлади
Ва бағридан гўёки
Аригандек бўлди заққум ғам-дарди…
Лекин тонгда… Эвоҳ, марҳум куёви
Деразани чертарди.
Ойша шўрлик куйди тамом бу хўрликдан ёзғириб,
Тошдек қотди,
Қўрқув тилин лол қилди,
Кейин илкис сочин ёйиб юбориб,
Остонага йиқилди.
Йиқилдию ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади,
Юрак-бағрин тиғлади,
Ўз-ўзини қора ерга булғади.
…Асил севги — шунақадир, турланмайди лаҳзада,
Ҳижронлардан, азоблардан куйса-да…
Шу он Ойша ўрнидан бот турди-да,
Бир фикр-ла чирмаб ақлу шуурни,
Тоғ тубида сапчиб ётган ғазабнок
Оқсув ёққа жон ҳалпида югурди.
Шунақадир асл севги камоли,
Шунақадир асл севги заволи…
Оқарганча ётар эди қирғоқда
У шўрликнинг тушиб қолган рўмоли…

ДИЙДОРЛАШУВ

Болалигим лавҳаларин эслаб шан,
Қашқасувнинг ёқасида турдим ман.
Гоҳи унсиз, гоҳ кўпириб серғулу —
Олдимизда оқарди у мовий сув.
Биз ҳам шундоқ асов, шаддод эдик, ҳа,
Бир маҳаллар онамизнинг бағрида.
Кунларимиз ўтарди шўх суронда,
Жанжаллашсак, ярашардик бир онда.
Биз бегона бўлиб ғараз-кинларга,
Етиб келдик шу муборак кунларга
Ўшал онлар ёдингдами, эй нигор,
Ё қалбингда қолмиш фақат гард-ғубор?
Тонг каби соф кулгунг билан сен ширин —
Кўксимда ўт ёқар эдинг яширин.
Қани ўша тотли хаёл, тотли сир,
Бари юлдуз ёғдусидек сўнмишдир.
Нечун сўнмиш? Айтолмайман мен аён.
Сўнг сочилиб кетдик бизлар ҳар қаён.
Жўшқин эди у чоғ орзу-тилаклар,
Қолди фақат хотиралар юракда.
…Болалигим лавҳаларин эслаб шан,
Қашқасувнинг ёқасида турдим ман.
Асов дарё ювиб қирғоқ бетини,
Қайларгадир ошиқарди бетиним.
Гоҳ дафъатан энтикарди тортиб оҳ,
Йиллар ёдин эслагандек баногоҳ.
Ул нигорнинг қўлларида ушбу он —
Тек турмайин бижирларди митти жон.
Мен гўдакни суймоқ бўлдим эгиб бош,
Лекин нигор мижжасида кўрдим ёш.
Ва у томчи томди биллур мавжларга,
Видолашган янглиғ қайтмас дамлар-ла.
Нимадир деб хўрсинди у ўша дам,
Бироқ буни англай олмай қолдим ман.

МЕН ҲАҚИМДА ЎЙЛАДИНГМИ?..

Энтикдингми боғлар
Чечак таққанда,
Қушлар наво гулханини ёққанда?
Ҳаприқдингми — мени келиб қолди деб,
Бир йўловчи эшигингни қоққанда?

Оқ булутлар кезса кўкда саргардон,
Кокилингни силаб ўтса ел шодон,
Турдингми сен қора йўлга термилиб,
Ширин умид оғушида лол-ҳайрон.

Кечмиш йиллар гирдобида бўлиб хун,
Чекдингми сен ҳажр дардин туну кун?
Қирмиз оқшом қирга чиқиб жимгина
Тердингми ё гул-чечаклар мен учун?

Сабринг тугаб, дилингни қон этдингми?
Раҳм этса гар келар-да, деб кутдингми?
Хилватларда сен янгангдан яшириб,
Менга атаб рўмолчалар тикдингми?

Ёлвораман, соғ бўл, қайда юрма сен,
Ўйларингни ишқим нури безасин.
Менга атаб тиккан бўлсанг рўмолча,
Хатга солиб жўнатмадинг нега сен?

Йўлга қараб сарғайдингми, сўлдингми?
Қаттиқ ўксиб, гиналарга тўлдингми?
Ёки мендан умид узиб, ёт-ўзга —
Бировларга суюмли ёр бўлдингми?

Асл севсанг, фироқ тоғин йиқарсан,
Ожиз эрсанг, ҳасратларда биқарсан.
Билгим келар — ўйладингми мен ҳақда,
Балки сира ўйламаган чиқарсан?

Хаёлингдан ҳайдалганим наҳот чин,
Йўқ эди-ку юрагингда зарра кин.
Қадрим менинг паст бўлдими шунчалар,
Аёвлигим, унутолдинг қандоқ сен?

Бари мумкин.
Ишқ киприкни қилар нам.
Айри кетмоқ мумкин кўнгил бериб ҳам.
Бари мумкин, фақат менинг ҳақимда
Ўйламадим дер бўлсанг, ҳеч ишонмам!

ОҒА

Рост, биз туғилмадик битта онадан,
Менга туғишгандан аълосиз бироқ.
Не тонг, юксакларни кўзлар ҳар одам,
Мен Сизга таассуб қиламан ҳар чоқ.

Кўрдим, имонингиз бегард, беғубор.
Зотан мунаввардир диёнат йўли.
Оға, заминдаги эзгу инсонлар
Кўринади менга худди Сиз бўлиб.

БАХТЛИ БЎЛ

Мағрур кўнглим талпингани-суйгани,
Қўшиқ эдинг мен-чун — шомлар кўнганда.
Туриб-туриб қайтар эдим уйга мен,
Деразангнинг ёғдулари сўнганда.

Қаролмасдим ботиниб ҳеч кўзингга,
Лекин кўнглинг энтикишин илғардим.
Сени ҳамроз этолмадим ўзимга,
Ёнса ҳамки юрагимда ишқ-дардим.

Балки шундан кетдинг ортга қарамай,
Кетдинг учиб, о бахт қушим, айт, қаён?
Каптари-ла хайрлашган боладай
Толе тилаб қолавердим мен нолон.

* * *

Айтсам дейман дилдаги бор сўзимни,
Бегона ҳам пешвоз кулиб келган он.
Ҳақманки, мен қадрлайман ўзимни
Ва шу боис мағрурдирман ҳар қачон.

Умр ҳақда кўп ўйладим, тўлғандим,
Дўстлар, дўстлар, мендан умид узманглар.
Мени ҳар чоғ ҳақиқат деб куюнган
Фидойилар қаторидан изланглар.

Мирпўлат Мирзо таржималари

ТУШУНИШ ТЕОРЕМАСИ

Хонани қайғу булутдай ёпганида,
Одамзотнинг олғир қуши баногоҳ –
Лев Толстой жон топшираётганида,
Хотини келиб, қўлини ўпиб, урди оҳ:
“Тиёлмасдан ёмон феълим таъсирини,
Ўзинг билан ўтказдим ярим ас(и)римни.
Мен бадбахтни кечир, жоним, гуноҳ кўп,
Мана энди-энди очилди кўзим.
Юрак тўла афсус-аттанг ва оҳ кўп,
Кечир мени, кечир мени, азизим!..”
Унсиз, ичдан шивирлади донишманд:
“Ҳе… сенмидинг? Ёшингни арт, бердинг панд.
Йиғлаб, ҳеч ким қайтаролмас ўтганни,
Қочдим сендан,
Яшагунча сен билан
Ортиқ кўрдим дунё кезиб кетганни.
Қочганимга сабаб бир сен эмас-у,
Россиядан ажралмасдай бўлдим-ку,
Изим қолди совуқ қор узра оппоқ.
Кулли оламни тамшандирган ақлим ҳам
Сендан таянч-суянч топмади мутлоқ.
Бир ҳақиқат гап бор – келди хонаси,
Ўғил-қизларимнинг бўлдинг онаси.
Қартайиб эр-хотин қара-я буни,
Тушунишмай қолди бири-бирини.
Айтгим келмас шўрисан деб манглайнинг.
Бироқ ўзинг шу тақдирни танладинг.
Тушунмадинг, тушунмадинг мени сен,
Тушунмадим, афсус-аттанг, сени мен.
Тушунишга тиришмадинг мени сен.
Ғамхўрим бўп чўздинг қанча қўл учин,
Тушунишни хоҳламадинг бироқ сен.
Кечирмайман, кечирмайман шунинг-чун…”
Қалбин, лабин надоматлар қилиб банд,
Кўзин юмди шундай улуғ донишманд.
Қайда, қайда кўнгил сирин
Кўздан сезган заковат?!

Уч масофа, уч мезон бор, уч тенглик:
Бу – юксаклик, бу – теранлик, бу – кенглик!
Бу учовин, менсимаслик – бу кўрлик,
Кўзи бўлиб кўзсизлик бу, қулоғи бор гаранглик.
Тушунмаслик ғурбат бўлар, бахтсизликдир ул
Ҳа, инсоний одатларда йўқ ҳалиям сара йўл.
Ўнғай эмас, бас, бу кураш, ўнғай эмас, ўнғаймас.
О, бирлик, о, мувофиқлик – сен шунчалар муқаддас!
Керак бўлса, тушунмаслик – гуноҳ эмас ниҳоят,
Тушунишга тиришмаслик – мана, мана жиноят!
О, қанчалар булоқ кўзин эл тушунмай кўмдилар.
Шуйтиб, қанча бойтераклар сувсизликка чўмдилар.
Уҳ, қанчалаб улуғларни юрт тушунмай ўлдирди,
Шуйтиб, манов тирикликка улуғ зиён келтирди.
Брунони ўтга ёққан,
Галилейни судга тортган,
Биржон солнинг арқон боғлаб қўлига,
Илон бўлиб Улуғбекнинг ўрмалаган йўлига –
Тушунмаслик эди-ку.
Шулар бари доғ бўп тушди
Одамзоднинг шўрига.
Тушунмаслик оз ёйдими қанотин?
Абайни ҳам савалаган
Тушунмаслик балоси!

Талантига тамшайтириб талайни,
Ёзганида Авезов ҳам “Абай”ни,
“Бундай роман боролмайди узоққа”, –
Деб, тишини ғижирлатиб, мазоққа
Мазоқ қўшиб, қамчи қўшиб қамчига,
Тушунмаслик киришди-ку янчишга!
Авезовнинг кайфияти хўб синди,
Изза тортди, қўлин силтаб,
Ичдан унсиз хўрсинди.
“Тушунувчан халқим омон бўлсин!” – деб,
“Халқим эзгуликлар томон бўлсин!” – деб,
Ёзаверди, ёзаверди романин,
Тўрт муҳташам китоб қилди қолганин!

Ўтган ўтди,
Бироқ бари ҳисобда.
Нодонликни – жиноят деб ҳисобла!
Қандай азоб тушунмаслик, жоҳиллик,
Жоҳилларга гап кор этмас ақллик.
Тушунмаслик – гуноҳ эмас, десак ҳам,
Тушунишга уринмаслик – чинакам
Ёмон ишдир, жиноятдир, гуноҳдир,
Оқибати афсус, аттанг ва оҳдир!
Тушунмаслик мисоли бир кўк туман,
Шул кўк туман туғдиради кўп гумон.
Бир ёш талант гап бошласа минбардан,
Юрт тушунмай қолса-я деб тураман.
Келаётир, кетаётир даҳолар,
Кўринг, тингланг, уларни ким баҳолар?!

ДЎСТЛИК ЎЛКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Олдимизга қўйиб турли саволлар,
Ҳаёт бизни ўргатади куйига,
Болаликда, бирга юрган дўстимни
Эргаштириб бордим тоғам уйига.
О, болалик! Сутдай оппоқ даврон бу,
Анқов, беғам, бол булоқ, кўк майса, денг.
Дўстим тақиб кўраман деб, бувимнинг
Кўзойнагин, эҳ, синдириб қўйса, денг!
Не қиламиз? Амал-ҳийла озайиб,
Қутулиш-чун бир йўл излаб зориқдик.
Дўстим менинг ювош бола, ажойиб,
Бувим – сўзи қатъий кампир, ёруғлик.
– Бола шунча бўладими мазасиз,
Қайси биринг кўзойнагим синдирган?–
Деди кампир. – Қолдирмайман жазосиз,
Синдирган ким? Олдимга кеп тур илдам!
Не қиламиз? Барча бола турдик жим…
Бир иззадан қутқармоқ бўп дўстимни:
– Мен синдирдим, кечиринг, був… мен эдим,
Мен эдим, – деб пастга эгдим бошимни.
Қандай жазо бераркан у – таваккал!
Одамзоднинг табиати сон қирли.
Қанча жаҳли чиқса ҳамки, ушбу гал,
Бувим мени жазосиз-оқ қолдирди,
Ҳамма хурсанд эди шодон, ҳангу манг,
Қад тикланиб, юзимизга ранг кирди!
Шу пайт укам сир очворди: “Ишонманг!
Кўзойнакни манов бола синдирди…”
Бувим қайта тутаб кетди шу лаҳза,
– Алдадингми мени-я?– деб қолди-да,–
Қани, юр!– деб, қулоғимдан судралаб,
Эргаштириб борди тоғам олдига.
– Қўй, бойбише, дов туғдирма бекорга,
Деди тоғам баланд келиб. – Айт қани,
Айб бўптими – ўзин қўйиб хатарга,
Эр йигитнинг дўстин сақлаб қолгани.
Дўстлик деган – эзгулик-ку, муқаддас,
Мисол ҳам кўп бу туйғуга, ким санар…
Ватанни ҳам сотвориши ҳеч гапмас
Қийин чоқда дўстин сотган кимсалар!

Музаффар Аҳмад таржимаси