Маҳамбет Ўтемис ўғли (Махамбет Өтемісұлы) Ички Бўкей ўрдаси, Бекетай аймоғи (ҳозирги Ўрол вилояти, Жойбек тумани)да туғилган. 1824-1829 йилларда Оренбургда ўқиган.
Ёшлигидан шеър ёза бошлаган Маҳамбет маҳаллий амалдорларнинг кирдикорларини фош қилувчи асарлари учун 1829-1831 йилларда қамоқда ўтиради. Қамоқдан чиққандан кейин 1836-1837 йилларда бўлиб ўтган қўзғолонга машҳур халқ ҳимоячиси Исатой Тайманов билан бирга раҳбарлик қилади.
“Жанггирга”, “Боймағамбет султонга”, “Еравул отга эгар солмай”, “Улкан армон”, “Ёйиқнинг бўйи кўк яйлов”, “Отадан туғилган ардоқли эр” каби шеърларида у ҳукмрон тўдаларнинг халққа ўтказаётган жабр-зулмлари, золимликларини қаттиқ танқид қилади. У қозоқ шеъриятидаги тўлғов, қўшиқ ва терма каби лирик жанрларни халқчиллик, ҳикмат ҳамда фалсафий оҳанглар билан бойитди.
Маҳамбет шеърлари оғиздан-оғизга ўтиб, халқ орасида кенг тарқалди. Улар XX асрга келиб махсус ёзиб олинди ва алоҳида китоб ҳолида нашр этилди. Маҳамбет шеърлари қозоқ шеъриятига жанговарлик, ижтимоий-сиёсий мавзу ва фалсафий йўналиш олиб кирди. Улар сиёсий лириканинг ноёб намуналаридир.
ЁЛҒОН ДУНЁ
Қўғали кўллар, қум, сувлар
Кимларга манзил бўлмаган?
Қирғоқдаги гужум тол
Кимларга соя бермаган?
Шойи рўмол ўраган
Гўзаллар кимдан қолмаган?
Энг сара, учқур тулпорлар
Кимни йўлга яёв солмаган?
Қулонлар ичмас балчиқ сув
Кимларга шарбат бўлмаган?
Садоғини сариқтўт босиб,
Ёв излаган мард эрнинг
Қайда боши қолмаган?
Ичайлик-да, кияйлик,
Минайлик-да, тушайлик,
Ўйнайлик-да, кулайлик,
Ўйласанг, ҳей йигитлар,
Ушбу ёлғон, шум дунё
Кимлардан ҳам қолмаган?!
АРҒУМОҚҚА ЎҚ ТЕГДИ
Арғумоққа ўқ тегди —
Курагининг тагидан.
Эр йигитга ўқ тегди —
Бехос нақ кўкрагидан.
Мункайиб ётиб кўп ичдим
Ёзнинг кўлмак сувидан,
Нетай, дунё экан бу!
Чорасиз кетиб бораман
Ёнимда аскар камидан.
Мен юртимнинг ориман,
Бир гўзалнинг ёриман.
Сағримга қамчи текканда,
Чопмай қандоқ чидайин!
Илдизи кесилган тик терак
Мисоли мен қуларман!
ЁЙИҚНИНГ БЎЙИ КЎК МАЙСА
Ёйиқнинг бўйи кўк майса,
Уни ўриб, жойлармиз.
Мағрур ўмров отларни
Унга кунда бойлармиз.
Худо ишни ўнгласа,
Омад кулиб боққанда
Босиб келган ёвларни
Қўйдай қилиб ҳайдармиз.
ҚИЗҒИШ ҚУШ
О, қизғиш қуш, қизғиш қуш!
Қанотинг қизил, бўйнинг тўс.
Исатойдан айрилиб,
Ёлғизлик-ла бўлдим дўст.
О, қизғиш қуш, қизғиш қуш!
Эл қўриган мен эдим,
Мен-да айрилдим элимдан.
Кўл қўриган сен эдинг,
Сен-да айрилдинг кўлингдан.
Осмонда учган қизғиш қуш!
Сени кўлдан айирган —
Лочин қушнинг тепкини.
Мени элдан айирган —
Хон Жангирнинг эпкини.
Кимга дардим айтайин?..
Азобларда ўтди-ку
Маҳамбетнинг кўп куни!!!
Мирпўлат Мирзо таржималари