Қозоқ шеъриятининг буюк намояндаси, оташнафас шоир Мағжан Жумабой (Мағжан Жұмабай Бекенұлы) номи халқ орасида афсонага айланиб, қалблардан ўчмас жой олган. У 1893 йилнинг май ойида дунёга келган. Ўн тўрт ёшидан шеър ёза бошлаган.
Шоир асарлари ўша пайтларда қозоқ, татар тилларида нашр қилинувчи газета-журналларда чоп қилинган. “Чўлпон” номли илк шеърлар тўплами 1912 йилда Қозон шаҳрида босилган. Улуғ шоирнинг “Баян ботир” номли достони 1922 йилда Тошкентда ёзилган ва шу ерда нашр қилинувчи “Сана” (“Тафаккур”) журналининг 3-5 сонларида эълон қилинган.
Мағжан Жумабой ижодиёти – тутқун қалб фарёдларининг, озодлик нашидасини қўмсаб оҳ урган дил дардларининг ифодасидир. Шоир бутун умри бўйи мустамлака кишанларини парчалаб ташлашга даъват қилувчи шеърлар ёзди, озод ва эркин ҳаётни эҳтирос билан ёниб куйлади. Исёнкор руҳдаги шеърлари учун мустабид ҳукумат зиндонларида ўтириб, охир-оқибатда сталинчи ёвузлар қўлида ҳалок бўлди.
Мағжаннинг оловли шеърлари узоқ йиллар мобайнида халқдан яшириб келинган эди. Фақат мустақиллик туфайлигина бу исёнкор шеърлар яна ўз халқининг маънавий хазинасига айланди.
ТУРКИСТОН
Туркистон — икки дунё эшиги бу,
Туркистон — ҳар бир туркнинг бешиги бу.
Туркистон — Тангри берган муқаддас жой,
Туркистон — ҳар бир туркка сочар ёғду.
Мозийда Туркистонни Турон демиш,
Туронда турк улуси топган емиш.
Туроннинг тақдири ўн долғалидир,
Бошидан оғир кунлар кечган эмиш.
Туроннинг тарихи бор мисли ялов,
Теранроқ боқсанг ўтдай ёнар лов-лов.
Туроннинг ери билан суви қадим,
Денгиздай ғамига дил бермайди дов.
Туроннинг икки чексиз чўли гўзал!
Денгиздай қирғоғи йўқ кўли гўзал!
Туроннинг тўлиб оққан дарёлари,
Яна бир тўлиб оқса — сели гўзал!
Туроннинг тоғлари бор осмон ошган,
Пурвиқор чўққиларин қорлар босган.
Бағрида кўк булоқлар жимирлайди,
Яралиб тоғдан оққан томчи ёшдан.
Саҳролар юзин босмиш қат-қат ажин,
Сассиздир олган каби мангуга тин.
Кўринмас жон-жонивор сарғиш уфқда,
Қумларда рақс этади парию жин.
Туроннинг сувлари бор мовий, зилол,
Чайқалиб ётар яшнаб улкан Орол.
Бир томон — ярқираган Иссиқкўлнинг
Бағрида дунё кўрган туркий кўкёл.
Ўртада Жайҳун, Сайқун оқар сарин,
Икки наҳр боқиб келган туркнинг барин.
Бешак бу икки дарё орасинда
Топгайсан улуғ бобонг ҳикматларин.
Туроннинг Тиёншондай тоғи қалай,
Тенг келмас Тиёншонга тоғлар талай!
Туркнинг чўнг ғурурин сен ёдга солгин,
Виқорли Хонтенгрига қарай-қарай.
Йўқса, у буюк юртга ўхшармиди?
Улуғлар бу заминни йўқлармиди?
Қазиғурт хосиятли тоғ бўлмаса,
Тўфонда Нуҳ кемаси тўхтармиди?
Бу тупроқ эзгу — гарчи оддийдайин,
Уқарсан тарих кўрсанг буни тайин.
Туронга бежиз хумор бўлган эмас,
Қачондир Кайхисраву Зулқарнайн.
Бу шундай хуш ўлкаки — тонглари соф,
Ботирлар этди уни шан, файзиёб.
Туроннинг довруғини кўтарган илк
Шавкатли, афсонавий Афросиёб.
Туронга ер юзида ер етганми?
Башарда турк элига эл етганми?
Бемисл матонатда, заковатда
Туроннинг эрларига эр етганми?
Туроннинг беклари бор Тарағайдай,
Туғилган ундан Темур ўт бўп ўйнай.
Танилган ер юзига Соҳибқирон,
Чақмоқдай қиличини қўлдан қўймай.
Туронни мақтамайман манманликка,
Довруғин билар унинг олис-чекка.
Англамоқ борасида юлдуз сирин
Ким бордир — тенг келолса Улуғбекка!
Аслдир хосиятли турк қони,
Туғди шу қон Беруний ва Синони.
Келдими бу заминга улардай зот —
Забт этган ақли билан кенг дунёни?
Камситган ким қадим турк мусиқасин?
Биларми у дўмбира ё уд сасин?
Форобий илк бор ясаб чалганида,
Диллардан қувмаганми ғам шарпасин?
Турк азал олов номин олмаганми?
Дунёнинг бағрига ўт солмаганми?
Талай турк бўлакланиб таралганда,
Қозоқда қора ўтов қолмаганми?
Арслондек элга Ватан бўлган Турон,
Тиклаган қозоғим ҳам унда қўрғон.
Қозоқнинг танти, доно Қосимхони,
Туроннинг фахри бўлган қозониб шон.
Одил хон кам учрайди Назардайин,
Улусга Есимхоннинг йўли тайин.
Таукедай донишманд хон қурган экан
Култепа деган жойда Қурултойин.
Бу Турон азал-азал эзгу макон,
Дардига юпанч топган ҳар битта жон.
Туроннинг тупроғида ором олар
Танти эр, арслон юрак Абилайхон…
Ғам чеккан ўз юртида топар қоим,
Тулпор ҳам туққан ерин қўмсар доим.
Ботишу сўлга тарқаб кетган улус,
Турондир, билсанг, сенинг туққан жойинг.
Ўртада Жайҳун, Сайҳун оқар сарин,
Икки наҳр боқиб келган юртнинг барин.
Бешак, бу икки дарё орасинда
Топгайсан улуғ бобонг ҳикматларин.
Мирпўлат Мирзо таржимаси