Кулаш Аҳметова (1946)

Кулаш Аҳметова (Күләш Ділдәқызы Ахметова) Қирғизистоннинг Кировка қишлоғида туғилган. 1968 — 1973 йилларда Қозоғистон Давлат университетида ўқиган. “Жалын” нашриётида шеърият бўлими мудири бўлиб ишлади.
Шеърлари қатор қардош халқлар тилларига таржима қилинган. Анна Ахматова, Александр Межиров, Саломея Нерис, Назрул Ислом, Эдуардас Межелайтис шеърларини қозоқ тилига таржима қилган. “Меҳнатда фидокорлик кўрсатгани учун” нишони билан мукофотланган.
Унинг “Оқ гулим менинг” (1975), “Сен менинг бахтимсан” (1977), “Япроқ — ёзнинг юраги” (1979), “Муҳаббат йили“ (1980), “Меҳр” (1981), “Булоқдаги юлдузлар” (1982), “Яшил яйлов” (1984), “Лайлаклар қайтиб келганда” (1985) каби тўпламлари чоп этилган.

РОСТ СЎЙЛАР ДАМЛАР

Давр келиб, жаҳон бизга қарар энди,
Ялтоқилар ундан узр сўрар энди.
Қалбингдаги айтар гапинг қўрқмайин айт,
Янги замон шаън-ғуруринг кўрар энди!

Вақт дегани умр учун синовдир энг,
Тирикларга бағри унинг доимо кенг.
Ўкинаман, шу кунларга етмади деб
Оташ қалбли Муқағали ва Жумекен.

Ғам кўп эди, йўқчилик қам ошқинди хўб.
Қаттол замон не бир зотни айлади чўп.
Ҳа, ёзилди оддий сўзлар, улуғ ўйлар,
Лек, ҳар қалай, айтилмади чин сўзлар кўп.

Шеър-ла улар элга зиё, нур сочдилар,
Эрк, ҳурликка янги, ёрқин уфқ очдилар.
Улар қалбин қандоқ куйлай олиш мумкин,
Эсламасанг Илёс, Сакен тақдирин гар!

Илғор эди улар доим — ҳар қандай дам,
Юртнинг эрки дея улар чекдилар ғам.
Ҳурлик даври келган маҳал бизлар дадил,
Рост сўз сўйлай олармизми улар-чун ҳам?

Юрт илҳақдир — қайда туйғу ўтлию чин,
Озод фикр чўққиларга кенг тўш урсин.
Юксакларга чорлаб дилни доим, ҳар вақт,
Рост сўз бугун томирларда, ҳа, жўш урсин!

* * *

Яшнаган гулдай — жамоли гўзал кентимсан,
Кўклам тағин кўксингга зийнат келтирсин.
Бинолар бўй чўзиб, қанотин уфққа керган,
Диёрим эркасисан сен, эркинсан.

Олмаотам менинг, шодлигим, туйғулар наҳрим,
Сулув тонгларингни кўриб очилар баҳрим.
Ёзда — гулларга, қишда қорларга чулғаниб,
Шоҳи булутлардан рўмол боғлаган, шаҳрим!

Фавворадан кумуш учқун сўлу соғларда,
Йигит-қиз терар нақшин олмалар боғларда.
Наволи оқшомлар япрокдар сир айтар тинмай,
Булоқ саслари тинмас бу ажиб чоғларда.

Кўнглимни рафторинг-ла сарафроз этдигим,
Дўсту қадрдонларга очиқдир эшигинг.
Ҳарир еллар сени чулғарлар ҳар ёққан,
Табиат — онанг, Олатов — сенинг бешигинг.

Бошига чиққайман агар чақирса Кўктепанг,
Кўктепа ёқдан кўрингайсан сен кўп тўман*.
Зангор ҳаволарда қалққан чеҳрангга боқиб,
Чўмгум хаёллар, ажиб ўйларга мен теран.

Гуллагум бирга, гулдайин бўлсанг агар сан,
Кўкаргум бирга, кўкламда сен ҳам кўкарсанг.
Сен билан бирга селга ҳам қарши тургум мен,
Сен билан бирга кўргайман сенки не кўрсанг!
_______________
* Пастликда маъносида.

* * *

Юрагимни мен ҳамиша кенг айлаб,
Сўз сўзладим одамларга авайлаб.
Керак эмас асло енгил-елпи бахт,
Юрмагайман уни қалбга мен жойлаб.

Бўлмаса-да гарчи мен суянарим,
Кўпчиликка манзур ижод-шеърларим.
Яхши деган одамнинг ҳам ёнида
Нимагадир қум бўп турар жигарим.

Неки ишга мен астойдил киришдим,
Кимлардандир ранжиб, ким-ла суришдим.
Бир мақсаднинг этагини тутган дам
Бахтли бўлиб кўринмоққа тиришдим.

Бахт нимадир — борми бу ё бекор гап?
Тулки бўла олмадим мен биланглаб.
Тулкилар ҳам кулки бўлар бир кезда,
Пайқайдиган одам бўлса — жим англаб.

Чин оқинга илинж, таъма азал ёт,
Асл одам қалбинг туяр шу заҳот.
Рўйхатларга тиркалганда ким — мамнун,
Шундайларнинг қаторида мен наҳот?

Балки орзу йўлида мен тўзарман,
Лекин ҳали кўп ўланлар ёзарман.
Асрлардек пойдор бўлган бу элни
Одамларга англатмоқлик — зўр армон.

* * *

О, менинг сатрларим, жажжи қушчалар!
Қайларда учдингиз — куйламоқ учун?
Сизни қандай қисмат кутмоқда бу кун?
Қийнар тушларимда бир орзу яккаш —
Сиздан хайрихоҳ дўст топгайми хабар?
Афв этинг, олисларга учирдим сизни…
Энди мен кузата олмасман сира
Бу кун бориб етган манзилингизни.
Бироқ ишонаман, сизлар юракка —
Қаҳр ва қайғу ёт, ишқдан мунаввар
Юракка беҳадик қургайсиз ошён,
О, шеър сатрлари, маьсум қушчалар!
Машаққатли йўлнинг азобларига
Чайир қанотингиз дош беролдими?
Ёхуд тиришқоқлар, бахил ва зўрлар
Сафида беимкон, ожиз қолдими?
Ё шубҳа-гумоннинг бадкор шамоли
Қўндирдими сизни аросат жойга?
Муяссарсиз балки сиз аллақачон
Зангор боғлар қўйни, тансиқ чиройга.
Ва унда ложувард осмон остида
Юрак сатрларим ўзгалар учун
Тирилтиргандирсиз, улар қатида
Ниҳон эди сўзлар —
Қувноқ ва маҳзун!
Қушларим, чўчиманг, ҳадиксираманг,
Куйчининг қисмати — ўртаниб куйлаш.
Парвозингиз йироқ уфқларни қучсин!
Қўшиқ юксаклардан қуласа агар,
Инсон юрагин нақ устига тушсин!

Мирпўлат Мирзо таржималари