Кенгшилик Мирзабек (Кеңшілік Ағытайұлы Мырзабеков) 1946 йил 6 июнда Тўрғай вилояти, Жанкелди туманининг Ақчиғаноқ овулида дунёга келган. Илк ижоди мактаб даврида бошланган. Кейинчалик шеърлари вилоят ва республика газета-журналларида чоп этилган. Ал-Форобий номидаги Қозоғистон Давлат Миллий университетини тамомлагандан сўнг “Жетису”, “Қозоқ адабиёти” газеталарида хизмат қилди.
Унинг “Ажаб дунё” (1972), “Сурурли даврон” (1976), “Хуморли нигоҳ” (1985) каби салмоқли тўпламлари чоп этилган.
Кенгшилик Мирзабек ҳозирги замон қозоқ шеъриятида ўз ўрнига эга шоирлардан бири.
БИР СИҚИМ ТУПРОҚ
Туққан ер, қайтдим яна қошингга мен ғамгин,
Энтиккан ғоздай таъмини туйдим мунг-ғамнинг.
Қўнғир тепамнинг устида маҳзун турарман,
Қабрини кўриб ўтган йил кетган оғамнинг.
Қўнғир тепадан бир сиқим тупроқ оларман,
Кўз ёшимга ийлаб, қабрингга бориб соларман.
Наҳотки! — дейман ўкиниб, — ҳоли шу бўлса
Мен учун умрин бахшида қилган одамнинг!
Туйғуларимдан бамисли маъво тузарман
Кўз ёши ила кўнгилни бир зум бузарман.
Барчаси ўтмиш. Елдайин ўтган умрнинг
Уммондай чексиз ғамида қалқиб сузарман.
Хаёлларимга кўрган тушдайин қонарман.
Танамга ўтлар туташиб, ичдан ёнарман.
Ой муҳри тушган қабр тошининг олдида
Майда ғамлардан, майда ҳасратдан тонарман.
Туққан ер, қайтдим яна қошингга мен ғамгин
Бошига бордим ўтган йили ўтган оғамнинг.
Сизлади ўрни ярамнинг,
Тупроққа тупроқ соларман,
Соларману унсиз қоларман.
Айрилган ушбу тупроқцан
Аввал бошда бирга яралдим,
Тупроқ дегани — туққан ер,
Иси бу — туққан онангнинг.
* * *
Ўзга бир ерда кўклам билан бугун тўқнашдим,
Иккимизгина… кўрмади бизни ўзга ҳеч ким.
Мен талай кўклам ёғдуларини кўрсам-да,
Кўҳлигин бундоқ авваллари ҳеч сезмасдим.
Биргина лаҳза — бутоғим гулга чулғанди,
Биргина лаҳза — булоғим эриб, уйғонди.
Биргина лаҳза — ёзилди юрак хумори,
Биргина лаҳза — тарқади кўнгил ғубори.
Бир ондан кейин совиди буткул ўт-танам,
Булоғим қани, бутоғим қани кўклаган.
Шу бир лаҳзада капалак бўлдим, ўлдим мен
Нетайин ўлсам…
“Ёзмишдан ўзмиш йўқ” деган!
ЭСКИ КИНОТЕАТРДА
Турибди кинотеатр —
Қайси бир замон қурилган.
Эшиги устига бир вақтлар
Қора қоплама сирилган.
Поллари кўп бор бўялиб,
Томи ёпилган неча бор.
Ёнидаги ариқ йўқолиб.
Бир уйча тушган нақшинкор.
Ўша-ўша қизил ғиштлар ҳам,
Қизили кетиб, унниққан…
Чириллар тўрғай дам-бадам,
Пана ахтариб иссиқдан.
Саҳна ўшадир…
бурундан
Сирли сеҳрини қўймаган.
Экран ҳам ўша — ўрнида,
Турфа шуълалар ўйнаган.
Кўринди
қиз-йигит шу дамда,
Келар бир-бирига қўл бериб.
Билмаслар
менинг танамда
Кетганин бирдан муз эриб.
Мирпўлат Мирзо таржималари