Ғалим Жайлибой (1958)

Ғалим Жайлибой (Ғалым Жайлыбай) 1958 йил Қараганда вилояти, Жангаорқа туманида туғилган. Қозоғистон Менежмент, иқтисодиёт ва режалаштириш институтини тамомлаб, мамлакат Ташқи ишлар вазирлигининг турли нашрларида муҳаррир, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасида раис ўринбосари бўлиб ишлади. Шеърлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган.

ҚОП ОРҚАЛАБ БОРАЁТИР ҚИЗ БОЛА

Бахт орзусин даст кўтарган, тўйин-да,
Оқ билагин ортиб олган бўйинга.
Қоп орқалаб бораётир қиз бола,
Олмаотада, Арбат кўча бўйинда.

Кўчаси бу тиланчининг, мастнинг-да,
Минг-минг одам… ўхшаб кетар тошқинга.
Қайишиб борар,
Майишиб борар нозик тан
Олатойдай ола қопнинг остинда.

Ҳадеб қарар ўтган-кетган, ҳа, ҳадеб,
Кимга айтарсан, “гўзалликни кўр-а!” деб.
“Кўкбозор”га бораётир қиз бола,
Эски нимча, эски этикни суйралаб.

Қалтирайди гулдай бадан, гул изи,
Ярқираб бир ёнармикан юлдузи?
Қоп орқалаб бораётир кўчада
Қозоғимнинг полвон туғар бир қизи.

Оқ юзлари очиқ экан оқ тонгдай,
Бозорига етса дейман қоқталмай,
Оғзи боғлиқ хитойи қоп ичида
Тақдирининг бор салмоғи ётгандай.

Бахт изларми, Тахт изларми…
Куз. Қалъа.
Қамчи урар вақт ва аёз из сола.
Давру даврон юкин енгиллатай деб,
Қоп орқалаб бораётир қиз бола…

* * *

Кийик кунлар – кўкёлдан қочган саёқ,
Тошларни аяйман мен, осмонни аяб.
Менинг йиртқич йилларим ўз оғзига
Оққув-шеърни босади сесканма-ёқ.

Шеър тўкилган юракдан қон шовуллар,
Ёшлик йиғлаб боради жон совутар.
Бардоши адо бўлган овсар каби
Шоир борар, атрофда тош, довуллар.

Қиз ва гулни шеър қилган чиройлана,
Талай шоир ўтган йўл бу, талай доно.
Сувдай оқиб-тошган шеър-ўланимни,
Бўғро – омма чайнайди қалайғана.

Халқим қайғу кечганда, юртим қайғу,
Сариқ ваҳима соатлар чирқиллайди.
Шоирлари кафтини ёйган элнинг
Аёллари саркарда ул туғмайди.

Музаффар Аҳмад таржимаси