Есенғали Равшан (1957)

Есенғали Равшан (Есенғали Әбдіжаппарұлы Раушанов) Қорақалпоғистоннинг Хўжайли шаҳрида туғилган. Қозоғистон Давлат университетининг журналистика факультетида таҳсил олган.
Шеърлари 1980 йиллардан эълон қилиниб келади. 1983 йилда “Бекдавлат ва Жўломан” номли достони қозоқ шеъриятида катта воқеа бўлди ва қатор адабий мукофотларга лойиқ топилди.
Бугунги кунда “Жазуши” номли нашриётнинг директори лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

ОҚ ЁМҒИР

Яшил кўкламнинг жарчиларими,
Сузади булутлар тепамда.
Манглайим тутдим томчиларига,
Суяниб турибман эманга.

Туғёнлар ила қонимга битган,
Ўтказдим тунларни мен бедор.
Ажиб бу дамларни энтикиб кутган,
Бир юракман — сендек интизор.

Тўколсам эди қалбимнинг нурин
Сендайин, тунги Ой мисол.
Жами одамга тиладим бугун
Рўшнолик ҳамда бахт-иқбол.

Тозарар кўнгил ёққанинг сари,
Фароғат қўнгай уйларга.
Гўзал шеърларни ёзарсан ҳали,
Дардларинг қўшиб куйларга.

Овозим балки самоларга етмас,
Сендай покликни лек хуш билдим.
Ўлжас ҳам эмас, Тўлаган ҳам эмас,
Есанғали бўлиб термилдим.

Хайр, деб энди қор-қировга,
Яшнаса, не тонг дашт-қирим.
Жала, дўлсан балки бировга
Эй, менинг ифор ёмғирим.

КЎКЛАМ. ЯНГИҚЎРҒОН

Ҳут ойида унниқар кўп қиш ҳусни,
Энди наврўз кириб келар хуш исли.
Бўғотлардан тирс-тирс томган томчилар,
Қолган кунинг санаётир бамисли.

Юрагидан тошиб қасрат-мунглари,
Таралади қирдан жилға унлари.
Ипак еллар қайтар бот-бот изига,
“Кўклам-ов”нинг нақорати сингари.

Янгиқўрғон, янги ўйлар кўп манда,
Осмон бирам чиройли, ер кўркам, ҳа!
Катта йўлу ёлғиз оёқ сўқмоқ ҳам
Борар эниб яшил ўтов — кўкламга.

Тулпорлардан шаҳци аён билинди,
Туйғуларим чақин чақар дилимда.
Кўклам бу кун тонг-саҳардан уйғониб,
Сайраб турар қумри қушнинг тилинда.

Жон овулим, баҳордир бу — кул, ясан,
Қўлинг силкиб, сен жим ўйлар сурасан.
Қозоқнинг бир оддий чоли рамзида
Эзгуликка йўл кўрсатиб турасан.

ҚОРА БОВУР ҚАШҚАЛДОҚ

Қора бовур қашқалдоқ, қайга учдинг бу замон?
Мунгли сасинг қулоғим остидан кетмас ҳамон.

Қора бовур қашқалдоқ, қайт ортингга, қайта қол,
Ғамга ботган тўқайнинг ҳолин сўра, кўнглин ол!

Уя қолса эгасиз ойдин тунга зулмат жо,
Адашиб келган чурра бўлолмас сендак асло.

Ўзингники бу ернинг тоғи, қири, тепаси,
Ўз уйини ўзгага ташлаб кетмоқ, нимаси?
Қашқалдоғим, ортга қайт!..

* * *

Янги очилган кичик сайёраларнинг бирига С. Есенин номи берилди.
Газетадан.

Сайёра бўп Есенин айланади.
Есенғали овулида қўй боқади.
Есенғали овулида қўй боқади,
Есениндай бўлсам деб ўйланади.

Ўйланади,
Кетсам дея тўлғанади.
Жуда оғир, жуда узоқ кечди бу йил.
Мирзачўлга шеър битсам дер масрур кўнгли,
Мирзачўлдан тез кетсам дер аразли дил.

Пойтахтга ҳам қиймай ҳуши-эси толди,
Ёпирайин, қиймайдиган неси қолди?!
Есенғали кентга кўча олмай сарсон,
Есенин нақ самоларга чиқиб олди.

Йигит эди у омадга ҳамиша ёр,
Кўчиш жуда ғалва экан
Ва қилар ор…
Мирзачўлга зўр бир достон ёзсам дейди,
Юрагида ўз юртидан бор-да виқор.

Бу виқорни таъкидламоқ кўп осон гап,
Лек чигал ўй қуршар уни ҳар ёндан заб.
Фарзанд тилаб тенги-тўши гирён юрар,
Ҳаприқади бошқа кимдир уруш тилаб…

Фалакларга шеър-ла очди Есенин йўл,
Есенғали учун манзил эрур бу чўл.
Осмонларни ҳозирча у қўя турар,
Чунки унинг бу заминда ташвиши мўл.

ҚОЗОҚ ҚИССАСИ

Мен кеча “халқ душмани” боласи эдим,
Тенгқурларим тенги, лекин “ола”си эдим.
Ўпкаласа биздайлар ўпкаласин,
Сталинга не додинг бор, оға, сенинг?!

Биздайлар кам эдими, зотан —
Юрагида ғусса, юрагида мотам.
“Беломорканал”ни сен чекдинг,
Беломор канални қазди отам.

Оҳимиз кимга етди экан,
Кимни безовта этди экан?
Айланиб саҳна,
ўринлар
Қалай алмашиб кетди экан?

Ғам-қайғуга ҳаёт бунча ҳотам,
Юракда ғусса, юракда мотам.
Тишни тишга босиб сен юрдинг,
Тиш ёрмай сенга ўтди отам.

Тиш ёрмай ўтди неликдан,
Дейман бугунга келиб ман.
У учун ўлик эдинг сен,
Ўч олсин нетиб ўликдан?!

Замона кўпни хор этди,
Ҳатто кафанга зор этди.
“Халқнинг душмани” — сариқ чол
“Халқ осмон бўлсин” деб кетди.

Боғларга нурлар инди, ҳа,
Тош қотган музлар синди, ҳа.
Айланиб вақтнинг саҳнаси,
Алмашди ўринлар энди, ҳа.

Давр эди-ку кўп қора,
Гинадан, оға, йўқ чора.
Саҳнадан тушиб борябсан,
Юзлашсак девдим бир бора.

Ёш авлод бу — янги олам,
Эмасман энди кўзлари нам.
Саҳнадан тушиб борябсан.
Узоқлар соянг мисли ғам.

Кўкракка оташ, ўт солиб,
Боқамиз мағрур ва ғолиб.
Юрамиз кейин… бояги
Саҳна томонга йўл олиб.

ТОШКЕНТ ОҚШОМИ

…Шундоқ, дўстим, гап рости — не десак-да,
Тарихга ўз ҳисобини беражак, ҳа:
Икки ярим миллион юрак шаҳди ила
Тошкент дадил бормоқда келажакка.

Иффатли қиз одоб-ла тўхтаб, ана,
Ниманидир сўрашга чоғланади.
Дамланган ош устида майиздайин
Қора холи юзида чўғланади.

Ўша кеч юрагимга тўлиб ўлан,
Борардим мен “Ҳамза”нинг* йўли билан.
Чўпон ота масжидин тепасида
Чўлпон юлдуз товланди нур тараб шаън.

Бамисоли ол баркаш кўкдаги ой —
Оғиб борар маҳали кўлга қарай,
Қўлига илиб олмоқ бўлиб уни,
Югурди кўча бўйлаб чўнг қарағай.

Ютоқиб кузатаман шафақ нурин,
Нимага менгзаш мумкин дил сурурин.
Аския айтган чоллар бир зум тўхтанг,
Гўзаллик ҳақида ҳам баҳслар қуринг.

Зийнатлар ўйнатади бунда кўзни,
Тинглайсан ҳар қадамда ширин сўзни.
Не изласанг — Тошкентда топилади,
Йўқотиб қўймасанг бас бунда ўзни.

…Шундоқ, дўстим, гап рости — не десак-да,
Тарихга ўз ҳисобин беражак, ҳа:
Икки ярим миллион юрак шаҳд ила
Тошкент дадил бормоқда келажакка.
___________
* Ҳозирги Миллий театр кўзда тутиляпти.

Мирпўлат Мирзо таржималари

СИЁСИЙ БЎЛМАГАН ШЕЪР

– Чет элларда киминг бор?
– Сўраманглар!
– Йўқ, сен айт!
– Ундай бўлса, айтай такрор:
Қўлдан келса, олиб келгин, ўзга юртда
Отам, онам, икки бувим, бир акам бор.

Қай бир йили, соатни санаб тонгда,
Ўзим ҳам ўтиб кетгим келган эди.
Онам пақир “қўй-қўй”лаб, чирқиради,
Бир оғиз сўз билан олиб қолган эди.

Қозоғистон заминидан кетган бари.
– Хат ёзадими?
Келмади ҳеч хатлари.
Осмонистон деган ҳув мамлакатдан
Тунни ёпиниб ўзлари кеп туради.

Сапчиб тураман мен шунда, тикиламан,
Нега буни айтди дема, бу бир алам.
Қозоғистон еридан кетганимда
Ўша юртга кетажакман ҳали мен ҳам…

* * *

Беш юз йил муқаддам
Худди шу тоғда
Шоҳона хабари бўлиб замоннинг,
Худди шу муддатда,
Худди шу чоғда
Чодири турганди Бобур султоннинг.

Буни қушлар айтди менга азонги,
Гуллар айтди менга шивирлаб.
Тун бўйи яралган янги ғазални,
Ерга бир теккизиб олган иримлаб.

Тилак тилаб отланган у шу ерда,
Шу тоғларга қўлин ёйган қаҳрамон.
Йўқса, нега Бобур ёзган сўзларда
Олмаотанинг оқ ёмғирин кўраман?!

У шошилди забт этай деб замонни,
Бир шаҳд ила отланганин англарсиз?
Яна бир кун қўнса эди, дунёни
Байт биланоқ эгалларди жангларсиз.

Ярим олам – Бобуршоҳнинг мероси,
Ганг томонга от йўрттирар шоҳ Бобур.
…Ҳиндиларнинг кўрар бўлсам киносин,
Мен шуларни ёд оламан негадир…

Ана, тоғлар!
Тап тортмайди ҳеч кимдан,
Ёз тонглари, бунча гўзал, оқ манглай!
… Кўнглим яйраб уйғонаман уйқумдан,
Шоҳ Бобурнинг чодирида ётгандай…

* * *

Зулматни қувиб кўнгилдан,
Чироғим ёпиб турар олдда,
– Фаришта недан яралган?
– Ўтдан, – дейилади Қуръонда.

Мен ёққан ўша чироққа
(Чироқ – бу умид пилдирак)
Фаришта келмайди, бироқ-да,
Келади тентираб капалак.

Фариштанг эдим кокилли
Қайга бошлаб келдинг, қил раҳм
Тентак капалак сингари
Тақдирим менинг, тақдирим.

Кўчада булутдай хаёллар,
Ўтади шекилли ёғмасдан.
Тентак деймиз-ов жониворни,
Ҳаётнинг ўзи соғми, денг.

Қанчалар совуқ тун эди,
Капалак, тўнғиб қолдингми?
Бизларни пойлаб юради,
Шамоллар эшик олдида.

Ўқни ёйдай мўлжаллаб нақ
Вишиллаб пойлаб келади.
Ўчган ўт, ўлган капалак
Шумиди унга кераги?
Тушунмайман…

Музаффар Аҳмад таржимаси