Айгерим Тажи (1981)

Айгерим Тажи 1981 йилда Қозоғистоннинг Актюба вилоятида туғилган. Москвада бўлиб ўтган “Пиллапоя” конкурси ғолиби. Шеърлари инглиз, француз, арман тилларига таржима қилинган. Бир қанча халқаро фестиваллар иштирокчиси.

* * *

менинг юрагим тахир
тордир жуда кўкрак қафасим
шаҳар йўлларидан юриб боряпман
сочиб юборилган дўнглик четлари
нафас олсам озгина ҳаво
нафасимни қўйсам сўзлар жўрлиги
йиртилган чодирга наматдан
юборилган бегона осмон
зое кетган шамол шиддати
кўзларда пайпасланар зиёну заҳмат
ёвшанларга чирмашган кўнгил
жароҳатли дарча эшиги
ойна орқасида ҳавосиз аср
тутқунлардан дарз кетиб бўлган

* * *

сузгим келар оқим бўйлаб
ғижимланган қоғоз қайиқда
бўм-бўш қирғоқ томон эсиб кетаётган
шамолни эгнингга кийиб кўрмоқ
ёпиқ шаҳар ёнидан ўтиб
бир тишланган олма изидан
елиб ўтмоқ аянчли сасда
ариққа
ўзанга
шеърларга

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси