Собит Муқонов (1900-1973)

Муқонов Собит Муқонович (Сәбит Мұқанұлы Мұқанов) (1900.13.4, ҳозирги Шимолий Қозоғистон вилояти Жамбул тумани — 1973.18.4, Олмаота) — қозоқ ёзувчиси ва жамоат арбоби. Қозоғистон Фанлар академияси академиги (1954). Фуқаролар уруши қатнашчиси (1918—20).
1930-35 йилларда Москвадаги Қизил профессура институтида ўқиган. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси (1936-37; 1943-1952).
«Бой ўғли» (1928), «Соф севги» (1931), «Темиртас» (1935), «Бўтакўз» (1938) романларида қозоқ халқининг босиб ўтган тарихий йўли акс этган. «Бўтакўз» романи асосида пьеса ва киносценарийлар яратилган. «Менинг мактабим» (1939—53) автобиографик қиссасида ёзувчининг болалиги тасвирланган. «Сирдарё» романи (1947—48) 2-жаҳон урушига бағишланган. «Менинг мактабим» қиссаси асосида «ҳаёт мактаби» трилогиясини яратган (1949—53).
Муқонов «Чўқон Валихонов» (1954), «Сакен Сайфуллин» (1970) драмалари, «Бўз тўлқинлари» (1956) романи, «Замондошлар ҳақида афсона» қиссаси (1962) ва бошқа асарлар муаллифи. У 3 китобдан иборат «Оққан юлдуз» асарини (1967— 70) ёзган.
Ойбек, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия асарларидан намуналарни қозоқ тилига таржима қилган. Асарлари ўзбек тилида чоп этилган. Абай номидаги Қозоғистон Давлат мукофоти лауреати (1967).


ЎРМОНДА ЁЗ

Димоғни ёради оғочлар иси,
Томирлар яйради, яйради кўнгил.
Ўт-ўлан, ёғочу япроқлар туси
Кўзларни олади товланиб минг хил.

Ўрмонга ёғилди эртанги зиё,
Таъзимга тутинди дарахтлар бирга.
Ёш титроқ япроқлар оралаб гўё
Олтиндан тангалар тўкилди ерга.

Зағчалар қағ-қағи, чумчуқлар чурқи
Урмонни тўлдирди, нақадар хушҳол.
Қулоқ тут бир нафас, азиз ўқувчи,
Не созлар тинглайсан ва бўласан лол.

Ҳар ерда ўрмалар қурту қумурсқа,
Ортмоқлаб боради насибасини..
Чиққандай шодиёна ажиб юмушга,
Инсондай билади нашидасини.

Ёз келди ярқираб, сепини ёйди,
Қай томон қарасанг очилар баҳринг.
Шундай соз кунларда кўнгил улғайди,
Шундай бахт юртида кенг, эркин бағринг.

Туроб Тўла таржимаси