Сарвиноз Мусатдинова (1989)

Сарвиноз Мусатдинова 1989 йили Шуманай туманида туғилган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида таҳсил олган. Ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” республика семинари иштирокчиси. “Карвон йўллари” шеърлар тўплами муаллифи.

МЕҲМОНДЎСТ ҚОРАҚАЛПОҚ

Яратган қадрият, дурдоналарни,
Оқ кўнгил, меҳмондўст қорақалпоғим.
Онамдан қадимги афсоналарни
Тинглаб улғайганман болалик чоғим.

Элимда отадек улуғдир меҳмон,
Ўчмаган боболар ёққан илк ўчоқ.
Тўйда қўша-қўша осилар қозон,
Жон деб меҳмон кутар овул, чангароқ.

Дерлар очарчилик йили бир пари
Меҳмон бўлиб элни синаган экан.
Одамга айланиб ночор ва қари,
Оқшом бир ўтовда тунаган экан.

Бир кафтгина гуруч қолган, қўноққа
Серфарзанд мезбоннинг бору йўғи шул.
Шавла қилиб сузганда бир товоққа,
Дастурхонга чўзилади неча қўл.

Уй эгаси уялганидан шошиб,
Қоронғида туртиб юборган шамни.
Болаларин қўлин товоқдан тўсиб,
– Олинг, – деган, – олинг, меҳмон, таомни.

Мезбоннинг ҳақига айлабди дуо,
Тўйиб олиб иссиқ шавлага меҳмон.
Қорақалпоқлардан бўлибди ризо,
Меҳмондўстлигига қолибди ҳайрон.

Халқим, мардлигингга сира шубҳа йўқ,
Бойсан, қўли очиқ, сахийлигинг рост.
Қорақалпоқ – меҳмондўст, деган довруқ
Ўша мусофирдан қолган бир мерос.

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси