Минайхон Жуманазарова 1957 йили Кегейли туманида туғилган. Қорақалпоқ давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. “Элим деб” (1992), “Юрагимда бир дард бор” (1993), “Алвидо демайман, муҳаббат” (1997) тўпламлари, 2001 йили Тошкентда ўзбек тилида “Қалбингизда қолгим келади” китоби чоп этилган.
СЕНСИЗ
Сенсиз бордим талай даврага,
Илтифотлар кўрдим басма-бас.
Ҳазил-кулгум бари жўрттага,
Кўзларимдан сувратинг кетмас.
Керак эмас сохта иззатлар,
Жоним, фақат сени қўмсайман.
Лабда кулгу, қалбда ҳасратлар,
Ичдан ёниб-куйиб яшайман.
Қўшиқ-созлар чалинар ана,
Тингламайман, қизимас қоним.
Хўрсинаман фақат жимгина,
Чунки йўқсан ёнимда, жоним.
Йўқсан, йўқсан, йўқсан…
КЎРИНДИ
Кўрдим бу дунёда яхши-ёмонни,
Ақлли, аҳмоқни ҳамда нодонни.
Кўрдим йиғлатганин одам одамни,
Дунёга келганим ёлғон кўринди.
Кўрдим ор-номусин пулга сотганни,
Амал учун жонин ўтга ёққанни,
Орқасидан бири бирин сотганни,
Бу дунё ишлари вайрон кўринди.
Инсон феъл-атвори озган замонда,
Шумлиги бошидан ошган замонда,
Ризқу баракаси қочган замонда
Бир тишлам нон топиш гумон кўринди.
Меҳру шафоат ҳам ўлган замонда,
Севги-муҳаббат ҳам сўнган замонда,
Ўмонлик уруғи унган замонда
Ҳатто бир табассум армон кўринди.
Ватан
Дарёю денгизинг, кўлингни ёздим,
Асқар тоғларингни, чўлингни ёздим,
Учи-охири йўқ ерингни ёздим,
Илҳом булоғимнинг кўзисан, Ватан!
Неча турли қушлар, не жонворларинг,
Яшил тўқайларинг, сўлим боғларинг,
Нурга чўмилтирар алвон тонгларинг,
Меҳрибон онамнинг ўзисан, Ватан!
Саҳроларда жоним ҳалак югурдим,
Лойқа сувларингда суздим, чўмилдим,
Бахтим шу – Она юрт, сенда туғилдим.
Киндик қоним томган еримсан, Ватан!
Дарёю денгизинг, кўлингни ёздим,
Асқар тоғларингни, чўлингни ёздим,
Учи-охири йўқ ерингни ёздим,
Илҳом булоғимнинг кўзисан, Ватан!
Яхши-ёмон кунларда
Бир елка бўлса экан, –
Бошингни қўядиган.
Унутиб бор дунёни
Еб-ичмай тўйсанг экан…..
Бир дўстинг бўлса экан,
Дардингни оладиган.
Яхши-ёмон кунларда
Ёнингда қоладиган…..
Душманинг ҳам мард бўлса,
Ҳайратга солгудайин.
Ё айланса жон-танга,
Ё ўтга солгудайин.
Шулар бари жам бўлса.
Қолмас эдим ғафлатда…
Кетмоқ учун келганман
Қанча сулув гул бўлса-да, сўлар бир кун,
Шон-шавкатли саройлар ҳам тўзар бир кун,
Тарқаб кетар ҳар қандайин бозор бир кун,
Эллар аро ёд этилар сўзим менинг,
Сўзим аро яшагайман ўзим менинг.
Бойлик қувиб ўзгаларга ялинмадим,
Амал сўраб равон йўлда кўринмадим,
Ўз ўтовим, ўз бошпанам – Ватаним бор,
Адолатда, ҳақиқатда кучим менинг,
Шунинг учун ўткир поки-тишим менинг!
Сўз ҳам – давлат, подшодирман менинг ўзим,
Бош олади ўткир қилич – шеърим, сўзим,
Кўзга сурма ҳар бир босган изим менинг,
Шукрим кўпдир яратувчим – бир Оллоҳга,
Кетмоқ учун келгандурман бу саройга!
Қайга борсам халқим ўзинг — қайтар жойим,
Борим ўзинг, йўғим ўзинг — сенсан доим,
Ел бўлиб эс, мен — кўкдаги тўлин ойинг,
Айланайин қорагина кўзим менинг!
Кўзим эмас, жон-жигарим, ўзим менинг!!
Қанча сулув гул бўлса-да сўлар бир кун,
Шон-шавкатли саройлар ҳам тўзар бир кун,
Тарқаб кетар ҳар қандайин бозор бир кун,
Эллар аро ёд этилар сўзим менинг,
Сўзим аро яшагайман ўзим менинг!
Ёлғизлик
Бояги боғларнинг боғбони ўзга,
Ўзга ниҳоллари, ўзга гуллари….
Меваси бош эгиб эгилмас бизга,
Ҳатто майсаларнинг ўзга нурлари.
Эски нарса бари – янги бўянган,
Эски сурувларда қолмабди излар.
Саид Аҳмад ҳам йўқ ҳасса таянган,
Муҳаммад Юсуф йўқ юракдан сўзлар.
Янги баҳонада дамланади ош,
Дийдор ғаниматдир – тушунарли ҳол.
Қулоқлар эшитар, кўз кўрар такрор,
Дўрмон боғларида янгича жамол!
Аммо мен ёлғизман, боғ ёлғиз, якка,
Нени излаб келдим, нени йўқотдим?!
Соғинчлар ўрнашар яна юракка,
Нега келганимни билолмай қайтгум…
2011 йил Дўрмон
Қорақалпоқчадан Музаффар Аҳмад таржималари
* * *
Қалбимда ҳар баҳор ғунча кўз очди,
Кимнингдир интизор боққан кўзидан.
Ҳисларим қитиқлаб кимдир сўз очди,
Мен ҳам кимларнингдир боқдим изидан.
Неча бор ўқиди дил қона-қона:
Туғилиш, муҳаббат, дилроз китобин.
Кимга мафтун бўлдим гоҳ ёна-ёна,
Кимларга тоттирдим ҳижрон азобин.
Билмадим, билмадим, ҳануз билмайман,
Қачон бу тизгинсиз ҳислар олар тин.
Ўзидан мен фақат шуни тилайман,
Муҳаббат қалбимни ҳеч тарк этмасин.
* * *
Эҳтиросга кўнглим бўлмагин банда,
Эрк берма ҳавойи ҳиссиётларга.
Гўзаллик шайдоси – кўзим алданма,
Бош урма эргашма етти ётларга.
Кўнглим кўчаларин кишанла, номус,
Виждон ҳар қадамда назорат қилгин.
Меҳр қалбга қуйил, сен ҳовуч-ҳовуч,
Беғубор поклигим, сен огоҳ бўлгин.
* * *
Майли, тингламагил оҳу зоримни,
Майли, чертма ҳаргиз кўнгил торимни.
Фақат бир илтимос. Унутма, асло,
Бу улкан дунёда менинг боримни.
Майли, йўқлаб келма мени бир бора,
Қолсам ҳам бўронда, изғирин қорда.
Агар ғаминг бўлса, кўтарай ўзим,
Сени кўрсам басдир мангу баҳорда.
Тушларимда дийдор, ўнгимда ҳижрон,
Васлингга восиллик қилмаганман аҳд.
Дард яқин дўстимдай азиз, бегумон,
Севиб қийналмоқнинг ўзи менга бахт.
* * *
Аёзли изғирин, қалбим қаҳратон,
Ер-замин силкинар армонларимдан.
Ёзуғим не эди, айтчи, эй Раҳмон,
Кўзёшларим қотди мужгонларимда.
Қоралардан бошимга кийдирдинг тожни,
Саройим – муз қалъа, муз тахти равон.
Кўнглим эса, кўнглим қўмсайди ёзни,
Тушимга киради фақат саратон.
* * *
Қушлар учиб кетди ошганча тоғлар,
Булбулим қайт дея йиғлайди боғлар,
Саҳролар бағрини айрилиқ доғлар,
Мен эса соғиндим, сени соғиндим!
Учиб кетган қушлар қайтишар бир кун,
Кўклам-эй, кўнгилни айлади бугун.
Кўзларим йўлингда, бир умр кутдим,
Азизим, қайдасан, сени соғиндим?
Ёз кўрсатиб бўлди басти-бўйини,
Дунё яна чалди соғинч куйини,
Узоқ нишонладик фироқ тўйини,
Энди, кел, кел энди, сени соғиндим!
* * *
Ҳей, қалбимда унган гул-чечак,
Нечун менга очдинг бағрингни?
Гоҳо лоқайд, гоҳо куюнчак,
Бол аралаш тотдим заҳрингни.
Гоҳ оқила дейсан, гоҳ барно,
Замин қолиб, кўкка тенглайсан.
Еру кўкка ишонмай гоҳо,
Юрагимнинг амрин тинглайсан.
Тушунмайман, ҳатто, меҳрингга,
Яшин каби ёниб, қулайсан.
Баданларим куяр сеҳрингга,
Осмонингдан сўрайман найсон.
Фақат аён, биз бир юракмиз,
Умр бўйи интилдик абгор.
Мен сенга, сен менга керакмиз,
Қолганлари бекордир-бекор.
* * *
Сепгандим кўнглингга яхшилик нурин,
Меҳру муруввати тинмасин, дея.
Гоҳ ошкора севдим, гоҳо яширин,
Севги-муҳаббати сўнмасин, дея.
Сен берган меванинг дони пуч бўлди,
Э воҳ, экканимни ўра олмадим.
Орзу-хаёлларим бари туш бўлди,
Бир кам дунё экан, тошиб-тўлмадим.
* * *
Қанча баҳорлар гуллади сенсиз,
Тўкилдим соғинчдан кузги япроқдай.
Ёзларда қақрадим ёғинсиз, намсиз,
Дардли бир кўнглимнинг давосин топмай.
Бугунчи, ўзгача қулф урар дунё,
Вужуд, шууримга кел, тезроқ синг сен.
Келгин кўзларимга бахш этиб зиё,
Наҳот, бу сен бўлсанг, сен бўлсанг, сен, сен?
Қалбим саройига келгин, ҳукм эт сен,
Бизга мунтазирдир висол боғлари.
Ўтли нафасингдан эриблар кетсин,
Қалбимдаги қат-қат ҳижрон доғлари.
Қорақалпоқ тилидан Мансур Аҳмедов таржимаси