Кенгесбой Каримов (1948)

1948 йилда Чимбой туманида туғилган. 1975 йилда Нукус Давлат педагогика институтини тугатган. “Оралиқлар”, “Вақт минораси”, “Унутилган ой”, “Менинг деразаларим”, “Оролдан келдим”, “Кўнгил мулки” каби шеърий китоблар муаллифи. Айни дамда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси. Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.


ТУҒИЛГАН ТУПРОҒИМ СЎҚМОҒИ

Совуқ куз руҳимга санчилар чим-чим,
Булутлар – кечиккан карвон эмасми?
Уфқ жиягида саробдек оҳим
Кўнглимдаги қат-қат армон эмасми?

Мана, мезон ўтди. Ўрлади ақраб,
Шимолдан изғирин шамоллар эсди.
Негадир юрагим ўртанди қақраб,
Чимбой сўқмоқлари ёдимга тушди.

Бир овчи йўқотган пўлат пичоғин
Кутилмаган ердан топгани каби.
Юз йил сув чиқмаган чўлларда тағин
Оқин сувлар тошиб чопгани каби.

Умр ўтаётир бир ширин тушдек,
Кўнглимда орзулар ўсди барқ уриб.
Хаёлим мисоли безовта қушдек
Ниманидир излаб, учди чарх уриб.

Кўнгил алғов-далғов, хотира оғир,
Шу олис йўлларда йўқотдим нени?
Деди: “Қадамингга босаман бағир”, –
Чимбой сўқмоқлари чақирди мени.

БОЛАЛИК СЎҚМОҒИ

Хушбўйли майсалар, ям-яшил олам –
Баҳорда тўшалган гул патли гилам,
Сенга қайтгим келиб, қўмсайман ҳар дам,
Яланг оёғимга тор бўлган сўқмоқ.

Шод эдик. Кун узун, кўнгил тўқ эди,
Лойқа ариқларда сувлар кўп эди,
Юракларда сира ғубор йўқ эди,
Ёзда тупроқ, қишда қор бўлган сўқмоқ.

Уйдан сўнг бедазор, полизга довур,
Кўз илғамас олис-олисга довур,
Какку сайрагандан, то кузга довур
Югуриб товоним ёрилган сўқмоқ.

Азиздир тепаси, чуқури, қири,
Юракка туташган боши-охири,
Сендан юрган одамзодининг бари,
Ҳар кимга ўзгача ёр бўлган сўқмоқ.

Гоҳ қумлардан ўтиб, гоҳо соядан,
Гоҳо тут, қоратол бўлиб соябон,
Дарага тушсанг ҳам, ошсанг ҳам довон,
Дарё каби меҳри бор бўлган сўқмоқ.

Бориб жўраларнинг уйи қошига,
Бурилиб мактабга, овул бошига,
Тўқнашишин билмай тақдир тошига,
Чорраҳага бориб чор бўлган сўқмоқ.

Тор сўқмоқда тўқиштирган бошларин,
Соғиниб келганман, қайда дўстларим,
Кўз ўнгимдан ўтказиб бари-барин,
Сени қучоқлашга зор бўлдим, сўқмоқ.

ЁШЛИК СЎҚМОҒИ

Қачон юрган эдим, билмам, изингдан:
Кўнгил берган душвор кўнгил топмоғи,
Қанча орзу-армон кўрдим ўзингдан,
О, мени чорлаган ёшлик сўқмоғи.

Узоқ ўйланибман сочимни тараб,
Бир куни негадир ойнага қараб,
Юрагим ўртанди бир нима сўраб,
Саробдек порлаган ёшлик сўқмоғи.

Кўрсам қизил гулдек нозанин қизни,
Хаёл олиб қочди, унутдим ўзни,
Гўзаллик маҳлиё айлади бизни,
Юракка ўрлаган ёшлик сўқмоғи.

Лол айлаб, сумбул соч, лола яноғлар,
Қалам қош, хипча бел, ғунча дудоғлар,
Соҳибжамол қизлар – баланд димоғлар
Ғўр қалбни “хўрлаган” ёшлик сўқмоғи.

Дуч келиб муҳаббат аталмиш туйғу,
Дилдан ором қочди, йўқолди уйқу,
Кўкдан ойни олмоқ – хомхаёл қайғу
Неча йил ўртаган ёшлик сўқмоғи.

Узоқ сирлашувлар, ошиқ-маъшуқлар,
Кўнгилда очилган олтин эшиклар,
Мактублар, илк шеърлар, тўнғич қўшиқлар
Булбулдек зорлаган ёшлик сўқмоғи.

Соғинчу ҳижронни солиб орага,
Орзуга эргашиб кетган қалъага,
Қара, танирмисан, қора болага,
Неча йил кўрмаган ёшлик сўқмоғи.

УМР СЎҚМОҒИ

Мен босиб ўтган йўл, мен юрган кўча,
Йилларим туялар мисоли кўча,
Қиссамни сўйласам, неча минг кеча,
Бадавлат карвоним – умр сўқмоғи.

Бу йўлда кимга ор, кимга от талош,
Кимга ҳаёт талош, кимга зот талош,
Неча тулпор талош, неча от талош,
Курашим, исёним – умр сўқмоғи.

Сен телба денгизсан, уфурган тўфон,
Кўз юмиб очгунча бошланган бўрон,
Эл-юртим кечирган не давру даврон,
Ҳасратим, армоним – умр сўқмоғи.

Ким отни қамчилаб, дов бошлаб келди,
Кимдир тўнин ечиб, пўст ташлаб келди,
Ким йиғлаб, ўксиниб, кўз ёшлаб келди,
Ҳамроҳим, ҳайроним – умр сўқмоғи.

Кимни етакладинг чўққига томон,
Кимни манзилига етказдинг омон,
Ташвишинг, азобинг кўплиги ёмон,
Мураккаб довоним – умр сўқмоғи.

Азалдан Яратган чизиб берганди,
Тақдир пешонага ёзиб берганди,
Кимга тор, кимга кенг – жозиб берганди,
Макри кўп жононим – умр сўқмоғи?

Зиммамга юк жойлаб турибман ҳозир,
Сафарга от шайлаб турибман ҳозир,
Хизматга бел бойлаб турибман ҳозир,
Давроним, замоним – умр сўқмоғи.

КЎКЛАМ ЁМҒИРИ

Кўкни гумбурлатиб бир оғир карвон,
Ёппа ёпирилди эллар устига.
Довули, қуюни, сели шўх, шодмон,
Челаклаб сув қуйди чўллар устига.

Оллоҳ марҳаматли, меҳрли ғоят,
Борлиққа “Уйғон” деб пайғоми келди.
Қумда бир гул кўрдим – куйлайди ҳаёт,
Ёмғирда табиат илҳоми келди.

Аёз тутқунидан қутулди дунё,
Тупроққа жон бўлди кўклам ёмғири.
Бош кўтарди қуёш нуридан гиёҳ,
Томирга қон бўлди кўклам ёмғири.

* * *

Кўпая бошлайди чорва ўзидан,
Бепоён кенгликлар очади қучоқ.
Майсага интилган совлиқ изидан
Маъраб югуради барра қўзичоқ.

Чўпон дўстим!
Саҳар шошилдинг қайга?
Ўт излаб ер ҳидлар яйловда сурув.
Майсалар чиқдими Қамишли уйга, —
Деган ўй кўнглингга солдими ғулу?

Айвонга суяниб турган белкурак,
Юзинг ялтирайди мисли ой каби.
Сувчи дўстим тезда уйғониш керак,
Сувни сарфламасин Ҳотамтой каби.

Деҳқон дўстим!
Етди дея фурсати,
Темир тулпор тонгда кишнайди “дир-дир”,
Ғаниматдир кўклам вақти соати,
Қопда уруғ дилгир, далалар дилгир.

Ҳой кайвони синглим,
Овсинларингни
Сумалакка чақир, қозон кавласин.
Жамла овул-элни, қўшниларингни,
Баҳам кўрайлик-да кўкламнинг ошин.

Қаердасиз ёшлар,
Ошиқ-маъшуқлар,
Қуюқ соя солди толлар япроғи,
Нега учрашмайсиз айтиб қўшиқлар,
Баҳор оқшомида ой тўлган чоғи?

Хей, шоир!
Қўлга ол янгроқ торингни,
Чорла фариштангни, илҳом парисин.
Куйла тўлиб-тошиб дилда борингни,
Тинглаб юракдаги дардлар арисин.

* * *

Кўклам нафасидан уйғонди гуллар,
Дарахтлар кетма-кет уйғонаверди.
Уйғонди юз йил сув ичмаган чўллар,
Олам ўсма қўйиб, бўянаверди.

Уйғонди далалар, уйғонди боғлар,
Оқ қалпоғин ечиб, терлади тоғлар,
Ёмғирлар сувидан ювилди доғлар,
Ўрмонлар яшил тўн – тўёна берди.

Сувлар лойқаланиб, мавжланиб оқди,
Чўллар ҳазорисбанд мунчоғин тақди,
Ўрдак, ғоз шошилиб қанотин қоқди,
Кўллар ҳам чайқалиб тўлғанаверди.

Йигит-яланг ечиб қишки кийимни,
Қиз-жувон қирмизи-яшил кийинди,
Ранглардан дил қувнаб, кўзлар суюнди,
Қарилар ёшарди, ёш ёнаверди.

Тусланди далалар, турланди эллар,
Хушхабар етказди шошқалоқ еллар,
Яхшилар орзулаб эккан ниҳоллар
Япроқ ёзиб, гулга чўлғанаверди.

Боши кўкка етган новча оқ терак
Осмонга устундек, заминга тиргак.
Чайқалиб, тебраниб, гувлаб, гуркираб,
Нозли қиз мисоли солланаверди.

Навбаҳор, нимасан? Афсунгармисан?
Олти ой қаерда эдинг? Бормисан?
Ё соғинганимдан бехабармисан? —
Десам, қовоқ уйиб, дўлланаверди.

АЙРОНСАН

Кувида чайқалиб, кувида тошиб,
Мой қаймоқдан айрилганга ҳайронсан.
Ота-бобом билан асрлар ошиб,
Оқлик дея номинг кетган айронсан.

Илк бор буғдой эдинг, балки ўт эдинг,
Саҳарда соғилган оппоқ сут эдинг,
Рўзғорга барака, элга қут эдинг,
Бизнинг замонларга етган айронсан.

Мешкобдан қуйилиб кувига тушдинг,
Куви сопдан обдон таёқ еб пишдинг,
Қаймокдан айириб, ёвғонга қўшдинг,
Минг бора элакдан ўтган айронсан.

Момолар келину қизни жамлаган,
Сут-қатиқ, айронни саранжомлаган,
Болаларга сузма, қурут ғамлаган,
Қиз-келинлар ҳавас қилган айронсан.

Туш пайти, айни кун қизиган вақтда,
Экинзор бошида, буғдой ўрокда,
Чайқалиб қовокда, идиш-товоқда,
Чанқаган деҳқонга дармон айронсан.

Уйдан қуруқ кетмас айрон сўраган,
Қўшнидан овулга, элга тараган,
Оқ бўлиб, ош бўлиб кунга яраган,
Ҳамиша хизматда турган айронсан.

Ушбу кун айрондан айириб мойни,
Куви пишган келин нега камайди,
Эл урфин унутма, юртдош оғайни,
Каримтекли, жоним қурбон, айронсан.

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси

АЙЛАДИ

Фалак кимни сару самон айлади,
Кўнглимда ҳар куни фиғон айлади,
Минг йил қуёш нурин тўкиб заминга,
Дашту саҳро-чўлни райҳон айлади.

Оламга келтирди тоғларнинг тошин,
Одам гоҳо кулди, гоҳ тўкди ёшин,
Қаддини тик тутди, кўтарди бошин,
Эл-юрт бериб, давру даврон айлади.

Гоҳо қанотсизга зўр парвоз берди,
Кимга нозик кўнгил, яна соз берди,
Чайқалган кўлларга сўна – ғоз берди,
Яхшини гоҳи дам ёмон айлади.

Шодлик билан бирга инъом этди ғам,
Ҳасрат тўла жомда қатра қувонч кам,
Инсон тақдирида барин этиб жам,
Тағин юз минг сирин пинҳон айлади.

Қўшқанот бермади, берди забонни,
Учқур хаёл берди ва берди жонни,
Ишқ берди севсин деб, Ватанни, нонни,
Яна оламларни кайҳон айлади.

Бизга ҳам дунёда навбат келибдур,
Минг файласуф ўйлаб сифат берибдур,
Қисматдошлар бир ташвишга шерикдур,
Не авлодлар қаддин камон айлади.

ИНОНМА

Сўзларга инонма, сўзлар алдамчи,
Кўзларга инонма, кўзлар алдамчи,
Қуёш бўлиб боққан юзлар алдамчи,
Фақат юрагингга ишонгил, жоним!

Сўз билан суйганлар панд бериб кетар,
Кўз билан суйганлар термулиб ўтар,
Чин ошиқлар ишқнинг қадрига етар,
Фақат юрагингга ишонгил, жоним!

Баҳорда кўз ёрган япроқлар яшил,
Кузда сарғиш тортиб айланар фасл,
Тоза ишқ юракда яшар муттасил,
Фақат юрагингга ишонгил, жоним!

Бул даврон ўткинчи, ўткинчи дунё,
Орзуга роз айтар турланган само,
Севгининг ҳар они бир меҳригиё,
Фақат юрагингга ишонгил, жоним!

ҚАЛПОҒИМ

Магар дард, қайғудан бўлгансан қора
Ёки бир қушмидинг – кўксида яра,
Иқбол дарагини мозийдан сўра,
Тақдири тарихга кўчган қалпоғим.

Сени қанча мардлар кийган эса-да,
Ипагингни қизлар суйган эса-да,
Нақшинг олов, четинг куйган эса-да,
Қорақалпоқ юртим ошган, қалпоғим.

Отингга айланган халқимнинг оти,
Эркинлик қўмсаган, туркийдир зоти,
Энг улкан мерос сен – боболар ёди,
Кийганимда кўнглим ўсган қалпоғим.

Ўлчаб кўрдим сени не-не бошларга,
Одат бўлолмадинг, афсус, ёшларга,
Кийгизайин десам ёру дўстларга,
Кўкайимни гумон кесган, қалпоғим.

Халқимнинг бошида қалпоқ чўғ каби,
Қалпоқ ҳақида сўз – қалбим матлаби,
Тўрт буржида титрар гулларнинг лаби,
Номардлар бошидан ечган қалпоғим.

Сени бошга кийган туркийнинг ули,
Доим эркин, ёлғиз оллоҳнинг қули,
Қатимингда талақ замон довули,
Гувиллаб-гувиллаб эсган, қалпоғим.

ҚАЙТАДИ

Кўкда “қур-қурей”лаб турналар қайтди,
Шамоллар соғиниш қўшиғин айтди,
Сени, қоракўзим, нелар мунглатди,
Мунгланма, баҳоринг келади яна.

Нега кўнглинг доғли, кўзларинг ёшли,
Муҳаббат бир тотли азобдир, асли,
Гуллар ғунча боғлаб ошиқлар фасли,
Жонажон баҳоринг келади яна.

Сой бўйига бошлаб қилдек сўқмоқлар,
Тағин гул очилиб, уйғонар боғлар,
Нафис ёмғирларга чайилиб доғлар,
Сен кутган баҳоринг келади яна.

Айтгил, вафо борми тожу тахтларда,
Тонгги дардларни кўр тунги бахтларда,
Дунёдан умидни узган вақтларда,
Соғинган баҳоринг келади яна.

Қорақалпоқ тилидан Салим Ашур таржимаси

ДАРҒА

Тошқин дарё,
Омонат қайиқ,
Урилади қирғоққа тўлқин.
Яна елкан қанотин ёйиб,
Довулларни чақирар бетин.
Чайқалади
Қайиқ тинимсиз,
Ваҳимали елади шамол.
Кўк уфқида булут қўнимсиз,
Тўсар қуёш юзини алҳол.
Кўнгилларда ҳавотир, ҳадик
Чайқалади тўлқинлар каби:
“Бир омонат қайиқдан қолдик.
Кетмоқ керак бир манзил сари”…
Уйғонади шунда бир ҳавас
Тўлқинларнинг шаштидан ўзган:
– Ўтиринглар! Вақтимиз оз, бас,
Фурсат етди, жўнаймиз тездан.
Бу дарғанинг дуоси эрур!
Ишонтирар қалбимни маним,
Қўл силтанглар, дилларда сурур,
Манзил олис, ошиқинг, қани!
Суза бошлар омонат қайиқ,
Атроф тўлқин, мисоли туйғу.
Кўнгилларда умидлар тўлиқ,
Чекинади нарига қайғу.
Манзил олис, сафларда сузмак –
Манглайимга битилган тақдир.
Орзуларга тўладир юрак,
Менга армон тин бермас, ахир.
Шундан туриб ҳар тонгда, саҳар
Фикрим улуғ сафарда, олға.
Сафни олис манзилга бошлар
Йўл бошловчи,
Яшасин дарға!

ЎЗГАЛАРНИНГ

Ўзгаларнинг изидан бордим,
Эмрога ҳам ўхшагим келди,
Куйларига дил ҳавас берди,
Ошиқларга менгзадим, боқдим,
Қалам йўниб, жонимни ёқдим,
Дил Эмродай бўлолмас эди.
Бўлгим келди Ажиниёздай,
Ширин сухан, жарангли создай.
Тамом ўзга чиқди овозим,
Ёзганларим қора сўз ё жим,
Қўшиқ эмас, сохта пардоздай.
Шунда сайраб бир қуш қалбимда,
Ўхшагим келмади ҳеч кимга.
Ёзганимдан ҳеч ор қилмасман,
Камим бўлса, безакдир менга.
Ўзга ўзга, ўзга бўлмасман,
Ўзгалардай айта билмасман.

УНУТИБ КЕТДИНГ

Қадам қўйсам
Қадим сўқмоқлар,
Товонимни қитиқлаб, дединг:
Қора бола, қайларда эдинг?
Ёдингдами у ажиб чоқлар,
Ахир, бизни унутиб кетдинг!
Боғда қари олма дарахти
Япроқлари сочимни силар,
Шивирлашиб ўтади еллар,
Таскин берар, кўз ёши шаҳди
Оққанида бунда сел бўлиб:
Қани гўзал дамларинг, ўтдинг,
Сен бизни ҳам унутиб кетдинг!
Озод овул, олтмиш хонадон,
Дер оқсоқол, сўзимни кесиб:
Сени қўмсаб яшаймиз ҳамон,
Дим кўринмай кетганинг неси?
Бу йил мана етмишга етдинг,
Сен овулни унутиб кетдинг?
Қадим сўқмоқ,
Шовуллаган боғ,
Саркаш еллар. Озод овули,
Мен сизларни унутмам,
ҳар чоқ
Сизни десам, мум каби бағрим
Эриб кетар.
Қайтаман бир кун
О, ўтмишим!
Сен менинг қалбим!
Сени қандай унутиш мумкин?

Қорақалпоқчадан Ҳумоюн таржимаси

ВАТАН ҲАҚИДА

Олам кезиб, денгиз, кўлларни кўрдим,
Кўз илғамас саҳро, чўлларни кўрдим,
Нур-зиёга ташна элларни кўрдим,
Ўзингдан аълосин кўрмадим, Ватан!

Инсоннинг онаси танҳо бўлади,
Мардларнинг Ватани якто бўлади,
Сен учун юрагим дарё бўлади,
Ўзбекистон менга жонажон Ватан!

Дўстлик, бағрикенглик азал-аслингдир,
Ўзбек меҳнаткаш халқ – қўли олтиндир,
Энг буюк бойлигинг – элинг, халқингдир,
Она Ўзбекистон – жонажон Ватан!

ТЕБРАНАДИ БИР ТУП ҚАРАҒАЙ

Ёлғизоёқ йўлнинг сўнгида
Тебранади бир туп қарағай.
Шамол билан сирлашар танҳо,
Оқшомлари тепасидан ой.

Қарағайнинг остида битта
Бир ўриндиқ турар мунғайиб.
Йўлга дилгир боқар оҳиста,
Васл истар бариси ғойиб.

Ўриндиққа тил битса бирдан
Ғам-ғуссасин сўйларди ёна.
Қандай айро тушди дийдордан,
Тунга айтар эди афсона.

Оҳ, кечмишнинг тилсиз гувоҳи,
Маъюс қарар ойнинг нурига.
Ким келса-да, очиб қучоғин,
Пешвоз чиқар у ҳузурига.

Борсам ҳар гал Дўрмон боғига,
Чорлар бир туп қарағай мени.
Хушвақт дийдорлашув чоғида
Шу ўриндиқ эслатар сени.

Шовуллайди бир туп қарағай,
Ўтган кунлар қўшиғин айтиб.
Олис дийдор кечмиш, ҳойнаҳой,
Билгум, энди келмайди қайтиб.

КАРВОН ВА ИТ ҲАҚИДА

Ривоят

Катта йўлдан тинмай карвон,
Кеча-кундуз юрар экан.
Ола кўппак куйдириб жон,
Шу карвонга ҳурар экан.

Карвонбоши ўз манзилин
Кўзлаб йўлда борар шошиб.
Ола кўппак билмай ҳолин,
Ҳураверар ҳаддан ошиб.

Бу бир қадамий ривоят,
Минг йилларким айтилади.
Ҳой, биродар! Бу чин ҳаёт,
Гоҳ-гоҳ унга қайтилади.

Умринг – синов, сирли манзил,
Бу йўлда йўловчи инсон.
Манзилга етгунча ҳар хил
Итлар учрар, бўлма ҳайрон.

Йўлдан карвон ўтаверар,
Гоҳ сокин, гоҳ жадал юриб.
Ҳаёт давом этаверар,
Қолаверар итлар ҳуриб.

Итлик қилиб ҳурмаса у,
Ажабланиб қарар эдик.
Гапимизга бериб урғу –
Эссиз шу ҳам итми дердик?..

Шунинг учун ҳар бир замон,
Карвон келиб-кетаверар.
Ранжиб хафа бўлма, инсон,
Ит-итлигин қилаверар.

НАВОИЙ ҲАЗРАТ

Ким у – қушлар тилини билган?
Сўз ишқида бағрини тилган,
Овозаси бизгача келган,
Айтаман, у – Навоий ҳазрат.

Қўли очиқ, юраги сахий,
Бир шоирким, қалби илоҳий,
Якқалам Дун назми саройи,
– Ким у? – десанг, Навоий ҳазрат.

Сўз уммонин ўктам дарғаси,
Замон оша ортар ҳаваси,
Қўллаб турар бизни нафаси,
– Ким у? – айтай, Навоий ҳазрат.

Қалб сандиғин элга очган ким?
Сўз дурларин дилга сочган ким?
Мол-дунёдан четга қочган ким?
– Ким у? – десанг, Навоий ҳазрат.

Довруқ солиб элдан элларга,
Номи достон бийрон тилларда,
Гул ундирган шайдо дилларда,
– Бу ким? – десанг, Навоий ҳазрат.

Турк сулуви сочларин тараб,
Оро берса тил лолдир, қараб,
Ҳайрон эмиш ажаму араб,
– Ким у? – десанг, Навоий ҳазрат.

Сира тинмай юк ортилган нор,
Сас-товуши сўнмас жарангдор,
Сўз мулкида буюк, бетакрор,
– Ким у? – билгин, Навоий ҳазрат.

СИНОАТ

Ям-яшил баргларнинг сарғайиши бор,
Шодликнинг ортидан келар ғам-ғусса.
Оққан дарё доим оқади такрор,
Йиллар ўтган сари чўккайдир жусса.

“Тонгда чиқаман”, деб ботади қуёш,
Кўнглимни титратар кўзда томчи ёш.
Маҳшар куни қайта тирилмоқ аён,
Дунёда бир марта яшайди инсон.

ТАВАККАЛ ҚАЙИҒИ

Таваккал деб қайиққа минган одам
Тоқат қилмоқдан йўқ ўзга чораси.
Довулдан елканлар титрагай ҳар дам,
Ажал доми – сув билан ўт ораси.

Бўлмаса қайиқнинг эшкаги, демак,
Бахти – таваккалдир инсон боласи.
Қўлловчи – Аллоҳдан етса гар кўмак,
Тўкилмас бошидан бир соч толаси.

АЙТГИЛ, ЖИЙЕНБАЙ

Бу дунё нимадир? Карвон саройми?
Келган-кетганлардан хабар сўрайми?
Бир фурсат тўхтаб, мен ортга қарайми?
Билсанг, жавобини айтгил, Жийенбай.

Қани ғунча очган гул, баҳор фасли?
Кўнгил гулларининг қизил, яшили,
Сарғайиб пишдими кузнинг ҳосили?
Ортда қанча йўллар қолди, Жийенбай?

Ранжиганмидинг ё десак, ёш шоир,
Неларга қодирсан чеҳрангда зоҳир,
Ёш шоир! – биз учун армондир, ахир,
Ортда қанча йиллар қолди, Жийенбай.

Адабиёт мисли сирли бир жаҳон,
Азалий чин ошиқ ошгайдир довон,
Элдан олиб элга этдик армуғон,
Гоҳо ним, гоҳо кўнгил тўлди, Жийенбай.

Йўл бошлар ҳамиша карвоннинг нори,
Сочимизга қўнди йилларнинг қори,
Бузилмасин сира сафи-қатори,
Танилдинг энг аввал элда, Жийенбай.

ДУНЁ ИШИ

Эй биродар, англай билсанг,
Асли дунё бутун эмас,
Бу масканда ҳеч бир кимса
Боқий қолар устун эмас.

Бундан карвон келган, кетган,
Доим манзилига етган,
Яхши-ёмон – бари ўтган,
Дарди олов – тутун эмас.

Ой-кунларнинг пинҳон сири,
Тонг отса камаяр бири,
Олтин-кумуш қўлнинг кири,
Боғлаб қўйган итинг эмас.

Орзуинг тоғ, ҳавас минор,
Сени омад, сабринг синар,
Умринг шиша янглиғ синар,
Мисли пўлат метин эмас.

Турфа шакли, ранги-туси,
Тенг келмас ҳеч тарозиси,
Эмассан кўнгил қозиси,
Вақт келса юз-бетинг демас.

Гоҳ жаҳлинг, гоҳ келар кулгинг,
Тортиб олар берган мулкин,
Қўлингдаги калит-қулфинг
Сандиғинг ё сейфинг эмас.

Кароматли дунё учун,
Кўриб, лол қолдингиз кучин,
Кетиб борар карвон – кўчинг,
Бир лаҳза тўхтайин демас.

ЭЛИМ МЕНИНГ

Мерос ота – боболардан,
Тилим, урфим, нақлим менинг.
Аму сўнгин макон қилган,
Қорақалпоқ – халқим менинг.

Сенда томган киндик қоним,
Меҳринг симирдим мен қониб,
Толеим юлдузи ёниб –
Туғилган юрт – элим менинг.

Босган изим муҳрим – тамғам,
Боқолмайман сенга беғам,
Қутлуғ шоним, ризқ-насибам,
Ота макон – кўнглим менинг.

Шоир қалбим жон-жаҳони,
Мусаффодир кенг осмони,
Кийик-жайронлар макони,
Дашту ёбон – чўлим менинг.

Фидодир юртга жонлари,
Одобли қиз-жувонлари,
Оқсоқол – кайвонилари,
Бағримдаги гулим менинг.

Ҳар гиёҳинг Ҳақдан тортиқ,
Одамларинг вазмин, босиқ,
Томчи сувинг болдай тансиқ
Чанқаб келсам кўлим менинг.

Қорақалпоқ дер номингни,
Ота юртим, элим менинг,
Каримтекли, шонингни,
Ёниб сўзлар – тилим менинг.

ДАРҒА

Тошқин дарё,
Омонат қайиқ,
Тўлқинлар урилар қирғоққа.
Елканлар ҳам қанотин ёйиб,
Довулларни чорлар бу ёққа.

Тебранади
Қайиқ бетиним,
Ваҳимали увиллар шамол.
Булут куннинг юзин бекитиб
Яширади бағрига дарҳол.

Кўнгилларда кин ва адоват,
Чайқалади тўлқинлар мисол.
“Қайиқ титраб турар омонат,
Қочоқларга бўлгайдир тимсол…”

Янграб қолар шу пайт бир овоз,
Тўлқинларнинг сасидан ўктам:
– Ўтиринглар! – Вақт тиғиз, оз
Фурсат етди, ғаниматдир дам.

Қаршимизда турибди дарға!
Мағрур тикилади у кўлга.
“Қўл силтанглар хавфу хатарга,
Манзил узоқ, шошилинг йўлга!”

Сузиб борар омонот қайиқ,
Тўлқинлар-ки… жунбушли туйғу,
Кўнглларда уйғотиб умид,
Чекинади хавотир – қайғу.

Манзил узоқ, сузиш серхатар,
Қисмат-азал бизга ноаён.
Дилда дардим тобора ортар,
Тинчлик бермай қийнар бир армон.

Шу боисдан туриб тонг саҳар,
Отланаман тағин сафарга.
Қўрқитолмас уни хавф-хатар,
Йўл бошловчи –
Яшасин, Дарға!

Қорақалпоқчадан Очил Тоҳир таржимаси