Озода Бегимқулова (Азада Бегимкулова) 1950 йил 10 ноябрда Жалолобод шаҳрида туғилган. 1974 йили Бишкек кооператив техникумини, сўнг Самарқанд кооператив институтини тамомлаган. Ўш вилоятининг Қорасув туманида пахтачиликка ихтисослашган комсомол қизлар бригадасини бошқарган. 1996 йили оғир касалликдан вафот этган.
ШЕЪРИЯТ ШАЙДОЛАРИГА
Тўлғаниб тўлқин урма, ҳиссиётим,
Тақдирга бошим эгма — бу ҳаётим.
Ашъорим нурли қанот — дил баётим,
Шеърият шайдоларин ёдидаман.
Ҳисларим, айро йўлда бўзламагин,
Олатасир гапларни сўзламагин,
Яхшини де, ёмонни кўзламагин,
Қадримни билганларнинг ёдидаман.
Чечакка бурканмасин сўли-соғим,
Ахир менинг бозордан қайтган чоғим,
Саноқли қолган ўзи дўст-ўртоғим,
Сабримни синаганлар ёдидаман.
Қайғуриб, ўксимагин, ҳиссиётим,
Толиқиб, ҳориб қолди учқур отим,
Имонқулнинг зурёди — асл зотим,
Дардимни билганларнинг ёдидаман.
Ҳисларим кўк тоқида кезган чоғда,
Ғаюрдан, нопоклардан безган чоғда,
Номарднинг найрангини сезган чоғда,
Қалбимни билганларнинг ёдидаман.
Ҳиссиёт қанотида саргаштаман,
Гоҳ беҳиштда, гоҳ биёбон-даштдаман.
Вақти келса, тупроқдан ҳам пастдаман,
Шеърият шайдоларин ёдидаман.
ОЙДИН ЙЎЛ
Ҳофиз Жўлбўлди Алибоевга
Чўлпоним деб куйласанг,
Асал томар танглайингдан.
Иқтидоринг туфайли
Омад ўпди манглайингдан.
Кўксулув деб куйласанг
Ушалди орзу, армон.
Ошиқ билан маъшуққа,
Қўшиғинг бўлди дармон.
Қўбизни чертган чоғинг,
Мухлисларинг лов ёнар,
Кўз ўнгимда бу олам,
Атласдайин товланар.
Алибой ўғли Жўлбўлди,
Шайдоларинг мўл бўлди.
Тангрим берган овозинг,
Сенга ойдин йўл бўлди.
ЎЗИНГ САҚЛА…
Салима Шариповага
Орамизда дилгир, очиқ,
Бир қиз бўлса,
Менга ўхшаб арғинчалиш
Гибрит бўлса.
Бизлар ундай дадил, шаддот,
Бўлолмасдан,
Эркаклар ҳам бир аёлни,
Кўролмасдан,
Ғийбат, бўҳтон, фисқу фасод
Гапни ёзсак.
Ўнг-терсини ажратолмай,
Чапни ёзсак.
Ойзода ҳам шундайлардан
Йиғлаганди.
Қалби торлар дунёсига,
Сиғмаганди.
Энди уни қидиргаймиз
Эртаклардан.
Ўзинг сақла субути йўқ
Эркаклардан.
Каминанинг Салимага
Айтар сўзи:
Сени асраб-авайласин,
Тангрим ўзи…
“КИМГА АЙТАЙ?”
Айтимдан парча
Яйдоқ отнинг ёлин ушлаб,
Чопганимни кимга айтай?
Етти ётга, бегонага,
Ёққанимни кимга айтай?
Молу, дунё тўпламай
Сочганимни кимга айтай?
Яхшиликдан — ёмонлик
Топганимни кимга айтай?
Ёшлигимдан безиб эрта,
Қочганимни кимга айтай?
Қари-қартанг оламига,
Шошганимни кимга айтай?
Таҳқирланиб, ўксиниб,
Кетганлигим кимга айтай?
Таъна-дашном сўнгакка
Етганлигин кимга айтай?
Ўз ҳолимча жумбоқни
Ечганлигим кимга айтай?
Билиб қолиб, билмаганлар,
Кечганлигин кимга айтай?
“Висир-висир” гаплардан
Чўкканлигим кимга айтай?
Кўз ёшимни яшириб,
Тўкканлигим кимга айтай?
Душманларга тик боқиб,
Куйганимни кимга айтай?
Озурда жон ташвишин
Туйганимни кимга айтай?
Ва қадримга етмаганни,
Суйганимни кимга айтай?
Гўдакларнинг “ингасига”
Зор бўлганим кимга айтай?
Тирноғига интиқ бўлиб,
Ҳор бўлганим кимга айтай?
Ёстиқ билан дардлашиб,
Йиғлаганим кимга айтай?
Шундай кўркам дунёга
Сиғмаганим кимга айтай?
Бевафога қўл силтаб,
Қўйганимни кимга айтай?
Ушук урган гулдайин,
Сўлганимни кимга айтай?
Қирғизчадан Турсунбой Адашбоев таржималари.
ДОНО АЁЛ
Тоғ, яйловли Олайим,
Тағин шеърга солайин.
Гарчи уққансан бундай
Мақтовларнинг талайин,
Додҳо она тўй қилар,
Қандай четда қолайин.
Сўз айтилмай кўп йиллар,
Тўсилган эди тиллар…
Ғоят келиб хуш замон
Додҳони эслар эллар.
Улуғ инсон тўйига
Келар одамлар оқиб,
Оқбўсаға кутади—
Меҳмонга жонин қоқиб.…
Сийлар эл она руҳин
Ул азиз зотга боқиб!..
Азал ота-боболар
Сақлаб қирғиз элимни—
Ардоқлаган ҳамиша
Қирқ кокил қиз-келинни.
Бежиз Жанғил Мирзани
Эл хон дея юрмаган.
Атоқли ботир Сайқалга
Манас ҳам қарши турмаган.
Чопқир от билан олғир қуш,
Ақли тиниқ қиз-келин—
Эркакдай баланд тутган
Обрўсин ўз юрт-элин.
Уларнинг шон-шавкатин
Ардоқлаб, сийлаб келамиз.
Муносиб бунга ҳар қачон
Қурвонжон додҳо энамиз!
Айттирмай юрган Шўрога
Дилларда нафрат-ўт ёнди…
Уйқуда ётган элимиз,
Шукурки, эрта уйғонди.
Аждодлар қандай кечирсин.
Унутсак агар ўтганни?
Таъзим қилиб қутлаймиз
Тўй қилиб, меҳмон кутганни!
Бу эртакмас, ҳақиқат,
Тарих бетин бот берган,
Тақдирин ўйлаб элининг
Оқ подшога хат берган.
Тан бергач генераллар
Эли суйиб қад керган.
Бел ечмаган бекка тенг
Аёлнинг додҳо бўлгани.
Ўйласам ўша замонни
Юрагим кетар тўлғаниб…
Шабдон келса Кеминдан,
Бек туриб, ўйлаб эл нафин-—
Ҳар жумлага юк юклаб
Айтган додҳо ўз гапин..
Ўрда беклари ичра
Додҳо шу ёлғиз аёл…
Эркакларга бу ҳолат
Келган анчаёқ малол.
У Нодира бегимнинг
Ашъорин севиб ўқиган.
Гап бор—эрин сўйишгач,
Куйитдан шеър тўқиган…
Додҳога додҳо ёр бўлган,
Ғанимга тиккка ор бўлган.
Суюмли Қамчибегига
Номус — арқон, дор бўлган.
Панд айтган, йиғламаган
Гарчи дуне тор бўлган!.
Сўз қийқимин айтмаган,
Ёвқурликдан қайтмаган,
Донишманди кўп учун
Қирғиз элим бор бўлган.
Ҳеч кимга ёмон соғинмай,
Покдомон дала-тоғиндай,
Яхшиликни пойдорлаб
Яйловин тоза сақлаган.
Япалақ қизи бўлса ҳам
Олайни суюб, мақтаган.
Ёрига тикка қарамай
Аёллик бурчин оқлаган,
Хониша бўлиб кетса ҳам
Эл деган, элин ёқлаган!
…Шу куннинг келин-қизлари
Ибрат ол доно Додҳодан!
Ўш—Олай.. 1992
Усмон Темур таржимаси