Нодирбек Алимбеков (Надырбек Алымбеков) 1944 йили Талас туманининг Козучак овулида туғилган. Тошкент текстил институтини тамомлаган (1967).
25 дан ортиқ китоблари чоп этилган. Шеърлари рус, инглиз, форс, қозоқ, ўзбек, турк, тожик, уйғур, грузин, озарбайжон тилларига таржима қилинган.
“Иймондан дилим тозарар” китобида ҳадислар маъносини тушунтирган (2004), “Муқаддас Қуръон маънолари” китобида Қуръони карим маъноларини шеърий услубда баён қилган (2008).
УЙ ТАШВИШИ
Ёғоч керак, темир керак, тош керак,
Маблағ зарур, фаросату бош керак.
Белни боғлаб лойга тушган пайтингда,
Оқибатли дўстлару қурдош керак.
Минг бир ташвиш – озиқ-овқат, нон керак,
Қассобга ёғ, эчкига-чи жон керак.
Қурган ҳужранг улкан Ватан тимсоли,
Сенга қувват, устига имон керак.
Уйинг битгач, демакким рўзғор керак,
Ош тортасан, номус керак, ор керак.
Бешик узра қувнаб алла айтгувчи
Садоқатли, меҳрибон дилдор керак.
ОРИЯТ
Ўғил дейсан, қиз боладан яхшими?
Қиз буюммас қирқ йилқига сотгудай.
Қалинига соғин сигир, қўй олиб,
Қаймоқ билан мойга ботиб ётгудай.
Ширин-шакар қизларим кўп, ёронлар,
Буёғидан бадавлатман, бардам мен.
Қиздан яқин меҳрибон йўқ отага,
Бахтиёрман кеча – кундуз, ҳар дам мен.
ТОШКЕНТИМ
Ўқиб, билим олгани
Тошкент сари отландим.
Ишим келиб ўнгидан,
Шодландим, қанотландим.
Марказий Осиёнинг
Зўр таянчи – бош шаҳрим.
Қўйнингда топдим камол,
Омон бўлгин, Шош шаҳрим.
Дош қозонда ош тайёр,
Нон юртисан азали.
Ихлос билан ўқийман
Мир Алишер ғазалин.
Чорак асир, ажабо,
Тошкент сари чопаман.
Устозларни кўрганда,
Дилдан таскин топаман!
Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржимаси