Жўлон Мамитов (Жолон Мамытов) 1940 йил 1 апрелда Қирғизистоннинг Ўш вилояти, Қорасув туманида туғилган. Тўқтағул номидаги Қирғизистон давлат мукофоти соҳиби.
Қирғиз ва рус тилларида ижод қилган. Унинг “Булоқ ва уммон” (1983), “Тўп” (1984), “Сувнинг умри”, “Челтен ботир ҳақида қисса”, китоблари машҳур.
Жўлон Мамитов Ф. Тютчев, А. Фет, В. Маяковский, Хосе Марти шеърларини, Миколас Слуцкиснинг «Нерингнинг кокили» қиссасини, Ўлжас Сулаймонов китобларини қирғизчага таржима қилган.
РОМАНТИКА
Тоғларнинг орасида битта ғор бор,
Эртакдаги сулувлар йўқлашади.
Яйловда от чопгулик майдонлар бор,
Афсонавий баҳодирлар тўқнашади.
Бир тегирмон сув оқар тоғни кесиб,
Соҳилида алвастилар сочин тарар.
Бир довон бор, тоғларнинг ўркачида,
От чопиб, шамолдайин девлар борар.
Ушласанг балиқлари гапиради,
– Мени қўй, – дер, – омон ўт, қалтис жардан,
Тулпорингни кишнатиб йўртиб қолсанг,
Кийиклари саломлашар сен-ла ҳар дам.
Юлдуз қўнар қорларга бодроқдайин.
Юлдуз ушлаб улғаяр қувноқ ёшлар.
Юлдуз олиб келишар гўзалларга
Қўй ўтлатиб тоғни кезган бўйдоқ ёшлар.
Эмин-эркин яшайди тоғли элат,
Ёмонликни раво кўрмай бошқаларга.
Меҳмон бўлсанг, саломни қилма канда,
Сенга алик йўллайди осқалар* ҳам.
___________
* Осқа – чўққи.
* * *
Шаҳар ичра изғийди безгак шамол,
Қуюн ўйнар ёлғиз қолган қишки боғда.
Ям-яшил яйлов ўтар кўз ўнгимдан,
Нигоҳимда далалар, оппоқ пахта.
Юрагимиз дукуллаб уриб турса,
Ҳаётнинг қадрин англаб, сезган чоғда.
Кўм-кўк яйлов кўзимда яшил сурат,
Ҳайдалган шудгор эса оппоқ пахта.
Зулматли тунни ёриб олов ёнар,
Чўғнинг тафти Сен менга ёзган хатда.
Кўзингдаги чақноғинг яшил сурат,
Кўнглимдаги хотиранг оппоқ пахта.
Юрагимиз дукуллаб уриб турса,
Ҳаётнинг қадрин англаб, сезган чоғда.
Кўм-кўк яйлов кўзимда яшил сурат,
Ҳайдалган шудгор эса оппоқ пахта.
Зулматли тунни ёриб олов ёнар,
Чўғнинг тафти Сен менга ёзган хатда.
Кўзингдаги чақноғинг яшил сурат,
Кўнглимдаги хотиранг оппоқ пахта.
ШЕЪРИЯТНИНГ ТАШВИШЛАРИ
Шону шуҳрат иллатдир,
Оқинларга ёпишган.
Оғир кечар ҳаётинг,
Агарда тил топишсанг,
Суриштирмас одамлар,
Ёзганинг кўп, оз учун.
Оппоқ қоғоз шай турар.
Каптардай парвоз учун.
Йиллар қолар ортингда,
Семирдингми, оздингми?
Юртинг учун шеърингни,
Қонинг билан ёздингми?!
Ҳар мисрасин севдингми
Суйган каби ёрингни.
Она Ватан керак деса,
Берасанми жонингни?!.
Ижод қилиш аслида,
Покизалик демакдир.
Юртнинг қувонч, ташвишин,
Биргаликда емакдир.
Байрамларда кеч қолсанг,
Ҳамроҳ Ватан илинжи,
Қайғу тушса, юртингга,
Қалқон бўлгин биринчи.
Қирғиз тилидан Турсунбой Адашбоев таржималари
ТУТ
Меҳнаткашим, тутгинам, сен, ёлғизим,
Она ернинг ширасини шимасан.
Жон бағишлаб, пилла қуртин тўйғизиб,
Ипак бўлиб хоналарга кирасан.
Меванг пишса татиб кўрган ҳар одам,
Роҳатланар, айт-чи, бизга не бахтсан.
Сен азалдан чайир, бутаб — қирқса ҳам,
Қулоч ёзиб, барг чиқарган дарахтсан.
Дала-даштда соқчимизсан қоядай,
Ипак бўлиб турмушимиз безадинг.
Сен бешиксан, сен ўтинсан, соянгда —
Ҳордиқ олган ўзин енгил сезади.
Гоҳ кетаман хаёлларга берилиб,
Тутнинг бўйи гоҳи баланд, гоҳи паст.
Аммо кетмас тераклардек керилиб,
Кераклигин таниб яшар ҳар нафас.
Сафар Барноев таржимаси.
БАХТ
Ўз йўлида Тунга дуч бўлар,
Тинчлик, Қайғу, Ҳукм не билар.
Қирсиқларни енгиб йўлида
Бахт доимо кечикиб келар.
Бахт эмасдир шону шарафлар,
Дунё тулиб ётган тарафлар..
Толе эмас зиёфатларда
Уриштириб ичган шароблар..
Бошқани қўй — дил бўлур оқлик,
Нима дема бахтга қонмоқлик…
Ўнғай топилмовчи бахт эса
Катта Мақсад учун ёнмоқлик
Катта Ният учун қон бериш,
Катта Тилак учун жон бериш!
Сафар чоғи Тунга дуч бўлар,
Тинчлик, Қайғу, Ҳукм не—билар.
Фалокатни енгиб ўтаркан
Бахт кўпинча кечикиб келар.
ҚАЙҒУГА АФРИКАЧА ШАРҲ
Йўл юрганда беҳад толиш қайғумас,
Суйган қизга етмай қолиш қайғумас,
Ҳаётдаги камчиликлар—зўр, майда,
Фақирчилик…бу ҳам қайғу бўлмайди!
Ташвиш чекмай яшаб юрсанг соғ, тирик,
Тушиб олиб нопокликнинг йўлига:
Энг зўр қайғу—Она халқинг тақдирин
Бериб қўйиш ўзгаларнинг қўлига!
ҲАҚИҚАТ
Сенга етиш қийин, аммо этгум ҳис,
Йўл олисдир, оғир ҳар бир дақиқа…
Сенга етиш — армон йўқдир деган сўз,
Сенга етиш — бориб турган ҳақиқат!
* * *
Нажот олиб илиқ ёмғирдан
Беда ўса бошлади яна.
Ҳаётга ишқ нақадар чексиз:
Бедазорда яшил тантана!
Далаларни қорлар қоплади,
Энди унда оқлик чайқалар…
Қор остида қолаверишди
Ўса ётган яшанг майсалар.
* * *
Суқландим ажабтовур бу кузга мен,
У келгач…либос кийиб бамисли чўғ—
Сен ўтдинг. Дунё бўлиб остин-устин,…
Дилимда ғусса ёнди ҳудуди йўқ!..
Сенда қайдан бундай ранго-ранг тус?
Мен қайдан қўмсай қолдим
ишқий кезни?..
Қачондир яшаган бўлсак-а биз?
Қачондир йўлиқтириб
шундай кузни?
СОЧ ҲАҚИДА ШЕЪР
Эр йигитки, зўр мақсадга эгадир,
Доим кетар чор томонга йўл очиб.
Шу тўғрида хаёл сурсам, негадир
Эсга тушар Суймонқулнинг оқ сочи…
У — сочлари қора кездан жо этди
Жон юртига истеъдоду фикр-ўйин.
Чўқморовнинг сиймосида танитди
Ер юзига қирғизим ўз ранг-рўйин.
Тарих учун йиллар кечса бир кунча,
Бизга улар зўр зафарлар қут-гарди…
Она халқим қадру қиммат топгунча
Не ўғлонлар қора сочи оқарди.
Усмон Темур таржималари