Аали Тўқумбоев (1904-1988)

Тўқумбоев Аали (Аалы Токомбаев; тахаллуслари Балқа, Чалқар) (1904.7.11, Қирғизистоннинг ҳозирги Кемин тумани — 1988) — Қирғизистон халқ шоири (1945), қирғиз ёзма адабиёти асосчиларидан. Қирғизистон Фанлар академияси академиги (1954). Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1934—49).
«Меҳнат гули» (1932), «Дастлабки шеърлар» (1934) китоблари ва «Тутқун Марат» достони (1932) замонавий мавзуда. «Днестр чуқур денгизга қуйилади» (1939), «Яраланган юрак» (1940) қиссалари муаллифи.
2-жаҳон уруши ва урушдан кейинги йилларда ёзган шеърлар тўплами («Ташаккур», 1944; «Замон овози», 1966), достон («Манас ватандошлари», 1941; «Дўмбира навоси», 1960; «Жонли тарих», 1969) ва пьесалари («Қасам», 1943; «Тафтиш давом этади», 1962; «Биз ҳам солдат бўлганмиз», 1965) қирғиз халқининг ватанпарварлиги ҳақида.
«Тонг олдидан» шеърий романи («Қонли йиллар», 1-китоб, 1935; «Барҳаётлик уруғи», 2-китоб, 1947, бирлаштирилган қайта нашри, 1962)да қирғиз халқининг турмуш тарзи акс этган. Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Тўқтағул Сотилғонов номидаги Қирғизистон Давлат мукофоти лауреати (1967).

УМР

Умр ўтиб кетар учқур елсимон,
Ҳаёт она айтган алладай ширин.
Табиат инсонга мунча хасиссан,
Ҳаттоки бермадинг чинорнинг умрин.

Юзга ажин тушмай бўз йигит бўлиб,
Қанийди камида юз йил яшасак.
Аммо ўшанда ҳам оҳ-фиғон қилиб,
Қарғардик дунёда ўлимни бешак.

Фурсат бар тутқизмай ўтаверади,
Ҳаёт эркалайди гўё онадек.
Курашларда толиб чиқсак бўлгани —
Тўлқинларни ёриб ўтган кемадек.

* * *

Ҳаётга ота – Қуёш, Ер – онадир.
Бир-бирига ҳар қачон парвонадир.
Фарзандлари – одамзот: яхши, ёмон…
Яшайдилар эзгуликни севиб ҳамон.
Оламда Қуёш ва Ер мавжуд экан
Одамзот бир кун яшар тугал, бекам.

* * *

Сайроқи булбул бўлмаса –
Каштадан гўзал гул ғариб.
Қалбларга кира олмаса –
Ҳар қандай шеъру куй ғариб.
Дунёни ёруғ қилмаса
Қуёшли ҳатто кун ғариб!..…

* * *

Ҳеч ким ҳеч вақт йиғиларни тиёлмайди,
Йиғлагандан ҳеч ким ҳеч вақт уёлмайди.
Йиғи, кулгу — ҳам дору, ҳам оғудир,
Ҳеч ким уни бир идишга қуёлмайди.

* * *

Курашиб, зарур жойга туғ илмаса,
Сўзлаган сўзи элга уқилмаса…
На куйи бор, на бирор севган иши,
Бундайлар қани эди туғилмаса.

* * *

Муҳаббат чимчиб ўтмаса
Умрнинг бўлмас ёлқини.
Гўзаллик мафтун этмаса
Кўнгилнинг бўлмас тўлқини.
Чин чирой ҳамда муҳаббат
Бўға олар ўлим ҳалқумин!

УЧИР МЕНИ

Учир мени фан аталмиш қанотим,
Чексиз кўкда яйраб-яйраб учайин.
Коинотнинг ҳали мавҳум сирларин
Самопараст эллар учун очайин.

Мен ҳам кетгум бу дунёдан, имкон бер,
Яхшиликнинг уруғларин сочайин.
Учир мени юрак деган қанотим,
Қалблардаги сир-асрорга етайин.

Шоирлигим асқатади, биламан,
Бир дақиқа сирли сатр битайин.
Не иш қилсам, нима топсам – барини
Она халқим, сенга ташлаб кетайин!

УЧ ҲАҚИҚАТ

Оламни обдон билса ҳам,
Уйини тилло қилса ҳам,
Осмонда юлдуз оралаб,
Ой нурин миниб келса ҳам,
Толега тўймас одамзот.

Асрча яшаб юрса ҳам,
Минг мўъжиза кўрса ҳам,
Қирчиллама кез ўтиб,
Қариликка кирса ҳам,
Ҳаётга тўймас одамзот.

Ёнида ажал юрса ҳам,
Қиличин унга бурса ҳам,
Қийналиб юрак, қонсираб
Зўрға уриб турса ҳам –
Умидга тўймас одамзот!

ТУҒРУҚХОНА ОЛДИДА

Туғруқхона олдига шошиб келиб
Дароз йигит тўхтаб, мўйлов силади.
Ёри борми кўз ёрувчи ёш келин?
Илк мартами? Буни ўзи билади…
Кейин шошди. Деразани чертди у.
Ёш ёрининг қийналганин билдими?
Қайдан уқсин!
Ҳозир ҳар ёқ қий-чув-ку!
Балки эрта, эҳтимол кеч келдими?
Оқ халатчан, мулойим юз келинчак
«Ҳа, сизмисиз…» дея кулиб сўйлади:
«Гар етмаса чидамингиз,
сиз андак бирга юринг…»
Лабда кулгу ўйнади.
— Йўқ,йўқ, — деди
ҳайрон йигит бош ирғаб,
Йўталди-ю мунг таралди юзига…
Тезроқ ота бўлиш фикрин боз қарғаб
Раҳм ила боқди ёрин кўзига…
Сўнг кўришди сайр қилган бир чолни,
Кулганча у аста-аста йўталди.
Ўйинчоқнинг соқолидай соқолни
Силаганча секин қаддин кўтарди.
Кузатганча йигит билан ёрини
«Афсус, афсус… умр…» деган бўлди у.
Кейин тўхтаб оқ тугмадай дорини
Танглайига ташлаб шимиб олди у.
Сўнгра кулди бамисоли ёш ниҳол —
Таъсир қилди бу ҳол йигит, жувонга.
«Ўзичами ёки бизга кулди чол?»
Билмоқ бўлиб боришди у томонга.
— Ҳа, биламан,- деди аста мўйсафид, —
Атворингиз кулгум сирин билгудак.
Қани ҳаёт орзуга йўл қўйса бут,
Бўлиб қолсам қайта бола, ёш гўдак!
Шу туйғудан оғзим нақ қулоғимда,
Фикр чопса мен қандайин тўхтайман.
Қаҳратонга сирдош бўлган чоғимда
Саратонни – ёшлигимни йўқлайман!
Туғруқхона — муқаддас жой ҳар қачон,
Кундир-тундир севинч, қувонч булоғи.
Чақалоққа салтанатдир ўша он —
Дунёмизга келган они, илк чоғи!
Дунё, саҳро эрур дунё сабодо
Шу келинлар, шу болалар бўлмаса.
Мени ҳозир шундай хаёл-шабада
Қитиқлади – бўлармиди кулмасам!
Майли эди бўлсам сиздай ёш ўғлон…
Лекин ҳаёт ҳаёт эрур, ўйла, боқ.
Суюнчи деб чиқар эди бир жувон…
Бундай толе мендан кетган бечатоқ.
«Айниган чол» деманг асло бу дамда,
Хаёл, нетай уялмас, қилар қутқу.
Одам деган шунинг учун одам-да,
Яшасам деря шагани сайин у!

ЭЛ БИЛАДИ

Ҳар бир қуврай керилар,
Ўзин толга тенг билар.
Унинг қандай эканин
Шамол билар, ел билар.

Ҳар бир тепа керилар,
Қапчиғайни ер билар.
Унинг қандай эканин
Тоғдан тушган сел билар.

Ҳар бир одам керилар,
Ўзин даҳо, эр билар.
Унинг қандай эканин
Бу барҳаёт эл билар.

БОБОЛАРИМГА

Қувонгум шу ерда туғилиб-ўсдим,
Юрибман бобом юрган ўтлоқлар аро.
От чопсам шошқалоқ еллардан ўздим,
Бургут макон қилган шу тоғлар аро.

Шарқнинг бўсағаси эрур бу диёр,
Деворин қоялардан қурган қирғизим.
Қўлимни узатсам тутаман такрор
Осмонни безаган қалин юлдузин.

Булутни ёриб ўтган учли чўққилар
Фалакни тираб турган устун туюлар.
Гапирсанг чор томондан садо уқилар,
Ҳайқирган дарёю сойга қуюлар.

Тўлғониб, шивираб, нимадир айтиб
Қоя қоя билан суҳбат қуради…
Хоҳла баҳор чоғи, хоҳла қиш пайти
Бу ерда оқ орзу кезиб юради.

Тоғли юртим, кезиб юрганда сенда
Тўяман умидлар, соф ҳаволарга.
Шундай жой танлагани учун заминда
Минг бор қуллуғ қилгум Сиз боболарга!

Боболар! Қонингиз қайноқ қонимда,
Берган беқиёс юрт юртимдир суюк.
Мармар тўш чўққиларга чиққан онимда
Бўламан ҳар қачон Сиз каби буюк!..

ҚАЛАМИМГА

Сен йиғласанг – севинаман,
Сен нетасан – йиғласам?
Сен чўримсан, даъво бекор,
Майли йиғла йиғласанг.

Чак-чак томган ёшларинг
Менинг аниқ зўрлигим.
Сезасанми исканжани,
Келадими хўрлигинг?

Мен ўринда ётганда ҳам
Даволаган ўзингсан.
Уйғондимми, яна кўз ёш
Оқа бошлар кўзингдан.

Чўрим – қалам, ёши сиёҳ,
Шу боис йўқдир тинчи.
Қисматингдан рози бўл:
Сен – мангу, Мен – ўткинчи…

Усмон Темур таржималари

АЛИШЕР НАВОИЙ

Беш юз йил! Назар солиб кўр-чи ерни,
Шу йиллар ўзгартибди талай элни.
Ва лекин у ўзгарта олгани йўқ
Бобомиз — улуғ шоир Алишерни.

Алишернинг шуҳрати ошар доим,
Шеърият тожи шуъла сочар доим.
Озодлик қўшиқлари йиллар оша,
Эрк тонгин нур пардасин очар доим.

Алишер ўлмас шоир бир умрга,
Биз билан доим куйлаб юрар бирга.
Беш юз йил сайраб келган толмас булбул,
Жўш уриб, тинмай ўтар тилдан-тилга.

Алишер, сенинг тилинг — менинг тилим,
Алишер, сенинг дилинг — менинг дилим.
Кел, бирга жўр бўлайлик, орзуларинг
Очилди чаман бўлиб мана бугун.
1948

ОҚ БУВРА

Гуркираб, минг тўлғаниб,
Ушқирасан, Оқ бувра.
Узоқларга йўл олиб,
Жўш урасан, Оқ бувра.

Ботирларга бош уриб,
Боғланасан, Оқ бувра.
Меҳнат деса тўш уриб,
Товланасан, Оқ бувра.

«Оқ олтинли» маконга
Шошиб, елдинг, Оқ бувра.
Ором бериб деҳқонга,
Тошиб келдинг, Оқ бувра.

Экинларни суғориб,
Боғ яратдинг, Оқ бувра.
Ботмон-ботмон буғдойдан
Тоғ яратдинг, Оқ бувра.
1948

ТЕНТАК НОРИН

Тентак Норин
Сузиб жарин,
Сойлардаги
Сувнинг барин
Тортиб ётар ўзига,
Жимжит оқиб
Баъзида сой
Қаймоқ қўшган
Какаодай
Кўринади кўзингга.
Сойлар елиб,
Шошиб келиб,
Қучоқларин
Очиб келиб
Кураш тушиб ётишар.
Минг юлмалаб,
Минг юлмалаб,
Ачомлашиб,
Лабларда лаб,
Кўкка кўпик отишар.
Парвоз этсанг,
Кўкка етсанг,
Самолётда
Учиб ўтсанг,
Қоялардан кўп нари
Тоғ бошида,
Ёнбошида,
Юксаклар.
Булут бўлиб
Учар шунда
Жўшқин Норин буғлари.
Сакраб, чўчиб,
Кайфи учиб,
Самолётга
Кўзи тушиб
Ҳуркиб қарар кийиклар.
Кийик ва тоғ,
Бир ёнда боғ,
Кўринади
Яқин-узоқ,
Пасту баланд — бийиклар.
Кўнглим чоғ,
Кўкда қалқиб,
Тўймай боқдим
Уйла болқиб
Қўшиқ қилдим Норинни.
«Менга қара,
Тортмай наъра,
Қўшиқ тўқи
Менга сара,
Аямайман боримни»,—
Дедим унга,
У ҳам шунга
Амал қилиб,
Сапчиб кунга,
Шодлик билан тошарди.
Олға шошиб,
Чўлни босиб,
Далаларга
Гуллар сочиб
Қирғоғидан ошарди.
Тентак Норин
Сузиб жарин,
Сойлардаги
Сувнинг барин
Қўшиб олға чопади.
Ундан ўзиб
Қўлин чўзиб,
Халқим унинг
Йўлин тўсиб,
Янгиликлар топади.
1948

С. Қолбек таржималари