Адам Мицкевич (1798-1855)

Адам Мицкевич (Adam Bernard Mickiewicz; 1798.24.12, Новогрудка яқинидаги Заосье қишлоғи — 1855.26.11, Истанбул) — поляк шоири, миллий озодлик ҳаракати арбоби. Поляк романтизмининг асосчиси. Вилен университетини тугатган (1819), поляк ёшларининг «Филоматлар» («Фан дўстлари»), «Филаретлар» («Яхшилик дўстлари») ташкилотларида фаол иштирок этган.
Адам Мицкевичнинг илк тўплами («Шеърият», 1-жилд, 1822) Польша адабиётида романтик оқимнинг манифести бўлди. Адам Мицкевич «Шеърият» (2-жилд, 1823)га кирган романтик руҳдаги «Гражина» лиро-эпик достони билан Польшада «шеърий қисса» жанрига асос солди.
«Филаретлар» ташкилоти иши бўйича қамалган (1823) Адам Мицкевични чор маъмурлари Литвадан чиқариб юборган; Россияда яшаб, А. С. Пушкин билан яқин алоқада бўлган (1824—29). Бу йиллар унинг ғоявий ва ижодий ўсишида муҳим давр бўлди («Қрим сонетлари», 1826; «Конрад Валленрод», 1828 ва б.).
Адам Мицкевич 1830 йилдан Парижда яшади. «Дзядлар» драматик достонининг 3-қисми (1832)ни ва миллий мустақиллик учун кураш руҳи билан сугорилган 12 қўшиқдан иборат «Пан Тадеуш» достони (1834)ни нашр эттирди. Реалистик ғоялар, интилишлар ёрқин намоён бўлган «Пан Тадеуш» достони миллий эпопеядир, у персонажлари юксак даражада типиклашган ва индивидуаллашган дурдона асар, эски поляк турмушининг қомуси, сержило сўз санъати саналади.
Адам Мицкевич лирик шеърлар туркумини (1838—39) яратган. Ижтимоий ва маданий ҳаётда фаол иш олиб борган: 1840—44 йилларда Парижда славянлар адабиётидан маърузалар ўқиган. 1848 йили Австрия зулмига қарши курашаётган италияликларга ёрдам бериш учун поляк легионини тузган. 1849 йилдан демократик руҳдаги «Халқ минбари» газ.да муҳаррирлик қилган.
Адам Мицкевич шеърлари М. Шайхзода, Шуҳрат, Муҳаммад Али, Сайёр ва бошқа томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.


ФИЛАРЕТЛАР ҚАСИДАСИ

Тинмасин ҳаёт ҳеч, гупирсин!
Дунёга келганмиз бир марта:
Қалбимиз сингари кўпирсин
Биллурий қадаҳлар қўлларда.

Даврада чарх урган ол шароб –
Ёшликка эгизак илҳомчи!
Юксалсин, ҳар қадаҳ – бир офтоб,
Қолмасин тубида бир томчи!

Полякнинг шароби – болимиз,
Эмасмиз ёт тиллар ошиғи.
Туташар дилларга дилимиз,
Янграса она-халқ қўшиғи.

Китобий гапларни суймаймиз!
Аждодлар сабоғи бебаҳо:
Қувнасак – юнондай қувнаймиз,
Жанг қилсак – римликлар раҳнамо.

Келди қонунпазлар! Эй, мезбон,
Қўявер қадаҳни ўртага:
Ҳақ эрур бугунча зўравон,
Ҳақиқат зўр келур эртага.

Ҳуррият дардини тортганлар
Бугунча нафасин ютади.
Аҳиллик тузини тотганлар
Дил ёзмоқ дамини кутади!

Пўлатни буколган кишилар
Замонни ҳам охир бўлажак:
– Офарин сизларга, яхшилар, –
Деб Бахус ол шароб тутажак!

Дилбарин табаррук тилидан
Табаррук сўз татиб кимёгар,
Ўшанда миннатдор элидан
Ташаккур тинглагай донолар.

Архимед – юлдуз-ла муттасил
Сирлашиб яшаган зўр одам.
Лекин у ўз таянч нуқтасин
Тополмай кўз юмди дунёдан.

Ньютон қўли ҳам қисқарган,
Қисқадир жаҳонни қучмоққа,
У йўриқ сўрасин бизлардан,
Аҳд этса янги йўл очмоққа.

Қалби муз сайёра эмасмиз,
Самовий харита не даркор? –
Кучаниб овора эмасмиз,
Куч эмас, ишончда ҳикмат бор.

Қалбимиз қўрини ўлчаган
Қўлларни босажак қалтироқ:
Бир –
заиф иккига нисбатан,
Икки-чи? Бирликдан заифроқ!

Онлар ҳам, ҳаёт ҳам гупирсин!
Дунёга келганмиз бир марта:
Қалбимиз сингари кўпирсин
Биллурий қадаҳлар қўлларда.

Вужудда қонимиз тўнгмасин
Бўш ўтиб умрнинг бир они
Ва Фели нигоҳи сўнмасин,
Деб куйлар Филарет ўғлони.


КЕМАЧИ

О, ҳаёт уммони, даҳшатсан, даҳшат!
Сўлим сийнанг узра чиққандим йўлга,
Ҳайқира бошладинг таратиб ваҳшат!
Юриб бўлмас экан на орт, на олдга,
Қўлларга итоат этмагач мурват!

Ўзин бахтли сезар кемачи-маллоҳ,
Гўзаллик ва Меҳр кўрсатганда йўл:
Борлиқни зимистон қучганда ногоҳ,
Шу икки фаришта чўзиб унга қўл,
Орзу шароби-ла этаркан огоҳ.

Меҳр қадаҳини кўтарсанг агар,
Шуҳрат чўққисига етмоғинг осон,
Бу бода кайфидан туғилгай зафар;
Маллоҳ-чи, Гўзаллик жилмайган замон,
Эзилиб кетса-да, йўлини топар.

Афсуски, Гўзаллик юз кўрсатиб сал,
Ғойиб бўлиши ҳам мумкиндир тезда.
Умидинг иплари бўлару чигал,
Етимдай сезасан ўзни шу кезда
Ва алам қалбингга солади чангал.

Самовий Гўзаллик тарк айлаган чоғ
Зулматда бўрон-ла олишмоқ азоб:
Қўл излаб, харсангга йўлиқасан гоҳ,
Ё муз қучоғида бўласан хуноб,
Қандай чидар бунга тирик жон, эвоҳ?!

Мен-ку, зулмат қучиб, ўкирса ҳаёт,
Қутулишим мумкин бир имо қилиб…
Лекин ўзгалар-чи? Тўлқинда, ҳайҳот,
На ўлар, на қолар: борар осилиб,
Наҳот шу яшаш деб аталур, наҳот?!

Менга дейдиларки, ҳаёт – ўткинчи,
Мен эса ишончдан оламан мадад.
Чалғитиб турса-да ўлжа илинжи,
Нурин тарайверар абадул-абад, –
Руҳият юлдузин бузилмас тинчи.

Соҳилдан келдими бу бақир-чақир?
Ҳаҳ, дўстлар йўқлабди қояда туриб.
Тавба, қучса ҳамки туман-тошбағир,
Ўпқон-ла олишиб ётганим кўриб,
Оғриб кетмадими кўзингиз, ахир?!

Ҳозир бўла қолсам тўлқинга таслим,
Тушунмасангиз ҳам нелигин бўрон,
Гарчи йўқ ҳеч кимдан ҳеч қандай қарзим,
Тилингиз заҳрига бўлардим нишон
Ва таъна тошидан қутулолмасдим.

Азоблар рўйхати бўлмасди тамом:
Кемамнинг ҳамроҳи – ёмғир, дўл, чақмоқ.
Менга томошабин айтмасин аҳком,
Ҳакам қалбимдадир, ҳакамим – илоҳ.
– Сиз қайтинг, мен йўлда этаман давом.


ГУМОН

Кўп ҳам куйинмайман сени кўрмасам,
Эсим оғиб қолмас кўрганимда ҳам.
Лекин йўлларимиз тушганда йироқ,
Тимдалай бошлайди дилимни фироқ.
Бу сирнинг сабабин излайман гоҳи:
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Сиёқинг оҳиста бўлганда ғойиб,
Нетай, хотирамни қолсам-да койиб,
Шукрона айтаман, мен билан бугун
Шу ёруғ дунёда борлигинг учун.
Сўнг қийнар сўкилиб уйқумнинг чоки:
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Сенинг остонангни излаб топгунча
Жафолар чекдимми ахир озмунча?!
Ўша дардларимни ҳали ҳам бир бор
Куйлаб, этолмадим ўзингга изҳор.
Йўлимни ёритган ақл чироғи
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Дардингни олайин жонга улаб жон,
Сенга соғлиғимни этай армуғон.
Илжайма, сўзларим ҳавойи эмас,
Мен учун бир умр яшнаб юрсанг бас.
Айт-чи, қўрслигингнинг борми изоҳи:
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!

Қўлингни оҳиста қўлимга олсам
Ва орзу бағрига чўмиб-йўқолсам,
Уйқу нелигини билмаган гумон
Шўрлик юрагимда уйғотар тўфон,
Ақлимни шоширар унинг сўроғи:
Бу олти мисрали оташин нафас
Илҳом парисининг инъоми эмас,
Билмадим, сатрлар одимлаб вазмин,
Қандай келиб қолди қофия, вазн;
Шоирни шу қадар этган сайроқи
Ишқибозликмикин, ишқмикин ёки?!


ИККИ СЎЗ

Бир сўз айтолмай тилим бўлар лол
Учратиб қолсам авлоқда сени.
Балқимай туриб кўзингда хаёл,
Уққим келади дилингдагини.
“Не сўз айтар?” деб боқаман маҳтал,
Сен лабларингни очмасдан аввал
Уққим келади тилингдагини.
Кўзим интизор, қалбим интизор,
Буни ўзинг ҳам тушунасан, ёр.
Энг ноёб сўзлар жўнгина бўлар:
“Сени севаман, сени севаман!”
Деганларингни эшитгим келар.

Сўниб қачондир ҳаёт деган шам,
Арши-аълони айласак ватан,
Ёрим, ҳаттоки ўша ерда ҳам
Тўймай термулиб хумор кўзингга,
“Сени севаман” деган сўзингга
Бўлардим албат ўзим харидор
Ҳамда тинглардим такрор ва такрор.
Уни энг ноёб қўшиқдай қониб,
Тонгдан кечгача жўшиб ва ёниб:
Ҳа, миллион-миллион жилвалар ила
Таралаверсин гўёки шуъла
“Сени севаман” деган ашула!

“ҚРИМ СОНЕТЛАРИ”ДАН

КЎЗЛОВ ЧЎЛДАН ТОҚҚА КЎЗ ТАШЛАБ…

Сайёҳ ва Мирзо

С а й ё ҳ

Наҳот бу алп тоғни яратмиш оллоҳ
Фаришталар учун тахт ўрнатай деб?!
Тўсиб турганмикин йўлни ёки дев,
Бевақт ботмасин деб юлдузлар ногоҳ?!
Тоғ уфқи ловуллар гўёки ўчоқ,
Ё ўт тушдимикин Шоҳиншаҳарга?
Ёки йўл кўрсатиб сайёраларга,
Ёқиб қўйганмикин худойим маёқ?

М и р з о

У ерга чиққанман. Унда қишу ёз
Дарё, булоқларни суғорар Аёз,
“Уҳ” десам, қор ёққан оғзимдан ерга.

Булутни поралаб яна юксалсам,
Тегай деб қолганди юлдузга саллам,
Бу – бизнинг Чодиртоғ, билдингми?

С а й ё ҳ

Эҳ-ҳа-а!

ҲАРАМДАГИ ҚАБРИСТОН

М и р з о – с а й ё ҳ г а

Муҳаббат боғини қуритди оллоҳ,
Мева беришини кутмасдан гуллар;
Роҳат денгизида яйрамас улар,
Фақат босиб ётар бағрига тупроқ.

Танлар вақт қаърида бўлса-да ғойиб,
Кимдир дастор қўйиб қабр бошига,
Қай бир кофир эса қабр тошига
Марҳумлар исмини ёзибди ўйиб

Бир умр тўрт девор ичра асраб жон,
Кун кўриб бу шаффоф чашмалар аро,
О жаннат гуллари, бўлдингиз хазон.

Бугун пойингизга, бамисли гадо,
Кўз ёш тўкиб келгач ғайридин меҳмон,
Хобгоҳингиз очдим, кечирсин Худо!


АЙИҚТОҒ

Айиқтоғ, кифтингдан боқаман хушҳол
Сен томон югурган нилий тўлқинга:
Бош ургач, айланиб кумуш ёлқинга,
У бир дам ҳаволаб, тўкилар беҳол.

Сал ўтмай, соҳилда кўтарар ғовур
Навбатдаги тўлқин ундан ҳам баттар.
Сўнг, пода-балиқдай, изига қайтар,
Пойингда қолдириб шағал ёки дур.

Севги ҳам, эй ҳофиз, ажойиб нарса,
Кўзингни тиндирар забтига олса,
Яна борлиқ яшнар бошласанг наво.

Овозинг бўғолмас момақалдироқ,
Шеър-қўшиғинг эса янграр авжлироқ,
Мангу ўлмасликка йўлланманамо.

САРДОР

Тун яримдан ўтганда, бедор,
Уйга қайтди сафардан сардор.
Шубҳа ўртаб уни худди чўғ,
Хизматкорлар дамин ўчириб,
Эшик очиб, пардани суриб
Қарасаки, маликаси йўқ.

Ғазабидан олайиб кўзи,
Томоғига тиқилди сўзи.
Сўнг мошгуруч мўйловин бураб,
Енг шимариб, муштин тугди-ю,
Малайларга заҳрин сочди у:
“Ярамаслар, ўзи нима гап –

Қайда қолди қулф-калитлар,
Қайга кетди қўриқчи итлар?
Мен ҳаммангни… Йўқ, йўқ, биринг тур,
Қанорқоп ва арғамчини ол,
Ўқлаб узат милтиқни дарҳол,
Бир боплайки,.. Қани, энди юр!”

Кетди девор паналаб сардор,
Писиб борар ёнида дастёр.
Боққа кириб, боқсаларки жим,
Ҳамон обод фавора бўйи,
Бир йигитни тинглаган кўйи
Ўлтирарди оқ кийган хоним.

Йигит куяр: “Ҳаётим битди,
Орзум уйи нуради-кетди,
Мен давлатим деган неки бор, –
Оппоқ сийнанг хилқатларин ҳам,
Оташ кафтинг лаззатларин ҳам
Сотиб олди тиллага сардор.

Сени излаб гадо бўлдим мен,
Дардинг чекиб адо бўлдим мен!
Нетай, бурдинг мендан юзингни.
Куймади у изингдан юриб.
Ҳамёнининг ваҳмини кўриб,
Қучоғига отдинг ўзингни.

Учиб келдим зулматда бугун
Кўзларингга бир боқиш учун.
Келдим дардим изҳор этгани,
Янги уйда янги бахт тилаб,
Ўша момиқ қўлларинг силаб,
Сўнг бошимни олиб кетгани”.

Тўхтатолмас қиз ёш булоғин,
Йигит ўпар бошу оёғин.
Барглар аро сардор ва дастёр
Икки ўқни милтиққа жойлаб,
Бамисоли ўлжани пойлаб,
Яқинлашар, отишга тайёр.

Шу пайт, ногоҳ бўлгандай касал,
Дастёр бола тайсаллади сал:
“Ярамайман, хўжам, бу ишга,
Кўзим хира, қўлим қалтироқ,
Ўқлолмадим ҳатто яхшироқ
Ҳам ожизман тепки босишга!”

“Малайвачча, ўчир унингни,
Кўрсатаман ҳали кунингни, –
Дер хўжайин, – мўлжаллаш лозим:
Бекачангни сен ол нишонга –
Бироз кўтар, энди – сал ёнга…
Тинчитаман йигитни ўзим!”

Унинг сўзи бўлмасдан адо,
Янграб кетди “қарс” этган садо, –
Наҳот дастёр қолди шошилиб,
“Адашдими” мўлжалдан айёр:
“Оҳ” деди-ю, қулади сардор,
Манглайидан дарча очилиб.

ГУЛГА ЧЎМДИ ДАРАХТЛАР ЯНА

Гулга чўмди дарахтлар яна,
Хуш бўй тарар борлиқ тун бўйи.
Эманзорда қилар тантана
Булбул, ҳатто чигиртка куйи.

Лекин чулғаб бошимни хаёл,
Дард эзади менинг елкамни.
Юрагимда кезар бир савол:
– Ким мен билан кутгай кўкламни?

Ой нурида чайқалиб шу пайт,
Куйлай бошлар қандайдир машшоқ.
Деразамни очсам, оҳ, нетай,
Кўз ёшларим бўлади булоқ.

Бу – ёр васфи, севги достони,
Ишқ деб ҳофиз яратган инжу.
Лекин сўнмас қалбим афғони:
Дардин ахир кимга айтсин у?

Не кунларни бошдан ўтказдим,
Она юртга этолмай сафар.
Ўзгаларга айтмаган дардим
Ўзим билан қабрга кетар.

Шам олдида бир кун букиб тиз,
Муштни қисиб, сен билан бирга,
Қалбим, барин куйга солармиз,
Туширармиз ёки сатрга.

Ўйларим – қуш, ўйларим – болам,
Ўйларимдан таралар оҳ-зор;
Шу фарзандлар ташвиши билан
Бева қалбим бир умр абгор.

Баҳор ўтар, ўтар саратон,
Ўтар-кетар қору ёмғир ҳам.
Эримагай аммо ҳеч қачон
Юрагимда чўкиб ётган ғам.


МОВИЙ МУҲИТ УЗРА

Мовий муҳит узра, само бағрида
Терилиб турарди қоялар қатор.
Акси муҳрланиб денгиз қаърида,
Гўёки кўзгудан боқар беғубор.

Мовий муҳит узра, само бағрида
Пойга қилар эди булутлар саф-саф.
Акси ўрмаларди денгиз қаърида,
Қора дуд таратган жинларга ўхшаб.

Мовий муҳит узра, само бағрида
Булутлар кўксини тилади яшин.
Акси лип этади денгиз қаърида
Ва узоққа бормай, сўнади тағин.

Мовий муҳит узра қўниб ҳаловат,
Гўёки мудрарди кўрфаз ниҳоят.

Мен-чи, бўлсам ҳамки юраги доғлиқ,
Дилимнинг тубида яшайди поклик …
Қора қоялардан юраман йироқ,
Нурни акс эттириш менга маъқулроқ …

Қоялар бу ерда туражак мангу,
Булутлар суғориб юражак мангу …
Шу ерда липиллар чақмоқ ҳам мамнун …
Фақат менинг кемам йўлдадир ҳар кун.

КЎЗ ЁШИМ ШАШҚАТОР …

Кўз ёшим шашқатор, ёғар беғубор
Олис ҳамда холис болалигимга,
Сўнгра ювар қуюн йигитлик уйин,
Сўнг – етуклик фасли, ғам-алам васли:
Кўз ёшим шашқатор – ёғар беғубор …

Рус тилидан Ҳусниддин Шарипов таржималари