Воқиф Баётли Ўдар (1949)

Жаброилзода Воқиф Исиб ўғли – Воқиф Баётли Ўдар (Vaqif Bayatlı Odər) 1949 йилда Жабройил туманининг Буюк Маржонли қишлоғида туғилган. Озарбайжон Иншоот муҳандислари институтида таҳсил олган. 1980 йилгача Бокуда ўз ихтисоси бўйича, яъни муҳандис бўлиб ишлади. Кейин матбуот соҳасига ишга ўтди.
“Юлдуз” журналида бўлим мудири (1981 — 1990), “Ҳазар” альманахининг Бош муҳаррири бўлди (1989— 1992). Озарбайжон телерадиокомпаниясининг чет элларга эшитгиришлар студиясининг директори вазифасида ишлади (1992). Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг бошқарув ҳайъатига сайланиб, ёшлар билан ишлаш соҳасига раҳбарлик қилди (1991).
Унинг шеърий асарлари Кутаисида шеърият фестивалида Владимир Маяковский мукофотига, Озарбайжон Матбуот фондининг Мирза Жалил мукофотига лойиқ кўрилган (1993). “Танҳо юлдуз остида” (1982), “Унутилажак бутун савдолар” (1986) “Сени савмак оздир” (1990), “Энг кулгили ўлик”, “Юм-юмалоқ бир ишқ ила” каби китобларнинг муаллифидир.

БУ ЖОНИМ ЕР ЮЗИДА

Бу жоним ер юзида,
Ажин-ажин юзлари-ла,
Тўрли-тўрли кўзлари-ла,
Оқ-оқ толалари-ла
Машина йўлларида
Бувилар етим.

Бу жоним ер юзида,
Оҳ, яна кимлар етим?
Асрдан бош олиб кетган,
Бир тикланиб, бирда ботган
Ўтмишидан ҳам узилган
Бокусиз Табриз етим.

Бу жоним ер юзида,
Эҳ, яна кимлар етим?
Ориқ сийналари-ла,
Қийшиқ оёқлари-ла,
Пахмоқ
Бетароқ сочлари-ла
Шаҳар-шаҳар қишлоқ қизлари етим.

Бу жоним ер юзида,
Воҳ, яна кимлар етим?
Қора туфлиси билан,
Оппоқ либоси билан,
Порлоқ бўйинбоғи-ла,
Бинафша тароғи-ла
Севган қизин қайтарган
Жаброилнинг ўғли етим.

Онам ҳам ер юзида,
Жоним ҳам ер юзида,
Воҳ, яна кимлар етим?

ҲАР КИМ СЕВГАНИГА ЕТМАС ДУНЁДА

Ҳар ишқнинг ҳам сўнги бахт бўла олмас,
Ҳар ким севганига етмас дунёда,
Сойлар ахтаргани денгизга оқмас,
Булутлар сузгани тупроққа ёғмас,
Шамоллар кезгани япроққа эсмас.
Ҳар кимга бир хил бахт келавермайди
Ғарибнинг кимсаси бўлмас ёнида.
Карамни висолга бир тугма қўймас.
Ҳар кас севганига етмас дунёда.

Ўлимлар ҳам адашар севгилар каби,
Ҳар кас ўз аҳдига етмас дунёда.
Ҳар нарсанинг сўнги яримча қолур,
Дарахт ўлими-ла ўлар инсонлар,
Инсон ўлими-ла ўлар дарахтлар.
Фақат, фақатгина…
Юлдуз ўлими-ла ўлмас инсонлар,
Ҳар каснинг юлдузи алдайди уни.

Ҳамма қарайдиган бир қора том бор,
Ҳар саҳар янгитдан сўниб қарама.
Олдин юлдуз бор эди,
Юлдуз бўлар сўнг ҳам.
Ҳар кас севганига етмас дунёда,
Ҳар севгининг сўнги бахт бўлавермас.

САС

Мени бир гўзал сас алдайди фақат,
Менга бир сархуш сас англатар фақат,
Бу дунёда англашилмас ҳар нимаки бор.
Қани бир қўшиқ айт, куйла, гўзалим,
Тўхтасин дарёлар, очилсин девор.

Алда, англат менга ёниқ сасинг-ла,
Бу дунёда англашилмас ҳар нимаки бор.
Талаба кабиман яна, гўзалим,
Чўнтагимда фақат танга, чақам бор.

Ғам чекма, ҳар ҳолда бу қорли кунда
Сенга бир даста гул олмоққа етар.
Мендай бир одамни тиз чўктиришга
На Гўрўғли керак, на-да пайғамбар.

Эй севикли гўзал, ғамгин бир қўшиқ
Бир оғиз жумлангнинг ўзи кифоя:
“Воқиф Жаброилзода, қўлингни кўтар!”

Миразиз Аъзам таржимаси

ТОҒЛАРНИНГ У ТОМОНИДА

О жоним йигитлар,
Кўзим арслонлар,
Дор оғочига осилганлар
Чўзила-чўзила
Оёқ бармоқларнинг учидан
Илдиз отдилар тупроққа.

Ўғиллар
Дор оғочидан чўзилганда тупроққа
Туманли тоғларнинг у томонида
Нораста болалар куч йиғардилар
Ҳовлидаги қора тошларни суриб.
Болалар ҳам куч йиғиб
Илдиз отдилар тупроққа.

Ўғиллар
Дарахт бутоқларидек
Ён-ёнга ёйилганда
Туманли тоғларнинг у томонида
Оппоқ-оппоқ келин – тераклар
Ғамли-ғамли боқардилар оналарга.

Озарбaйжoн тилидан Усмон Қўчқор таржимаси

ТОҒЛАРДАН ҲАМ КУЧЛИ

Тоғлардан ҳам кучли
бир нарса бор бу дунёда.
Балки, у дев кучидирки,
бир сой юлдузларига қоришиб,
оқиб кетар сувларда.

Нима бор, нима бор бу дунёда:
бир чумчуқ боласининг
бир том устидаги
осмонидан юксак?
Тоғлардан ҳам кучли
бир нарса бор бу дунёда.

Балки, у чумчуқ боласининг
бўлажак дев кучидирки,
сир яшил яфроғ каби
оғзига олар
сув ўтли бу денгизни.

ИККИ БАХТ ДАРАХТИ ЁНМА-ЁН

Сув парилари
чиқиб қоялар устига,
ғамгин қўшиқлар куйлаб-куйлаб,
ўлган тўлқинларни уйғотардилар.

Уйғотмоқ!
Уйғотмоқ!
Қўл уриб тоғни,
тошни уйғотмоқ,
тошдаги инсонни уйғотмоқ,
булутдан ёмғирни,
ёмғирдан севгини уйғотмоқ,
бир гул барги остида ётган
бир малакни уйғотмоқ.

Бир йўл бошида
икки бахт дарахти ёнма-ён,
бир севги дардидан
икки бахт дарахти орасидан
севиб ўлганлар –
шакар лаблар
юз берган тупроқни уйғотмоқ…

Уйғотмоқ!
Уйғотмоқ!
Булутдан ёмғирни,
ёмғирдан севгини…

ФАЛАКНИНГ ҲАМ ЮЗИ КУЛСИН

Нелар, нелар севди Аҳмадни,
айрилиғлар севди Аҳмадни…
Нелар, нелар севди Аҳмадни,
дарди кадар севди Аҳмадни…
Нелар, нелар севди Аҳмадни?!
Ҳаммани билдирган Тангри,
йиғлатиб, кулдирган Тангри,
Аҳмадга ҳам ташлади назар.
Кўз берди, кўнгул берди,
Аҳмад ғамдан қутулди,
оқар сув париваши –
бир гўзалга тутилди.
Анор гули, анор чечаги–
бир гўзалга тутилди,
дарддан ғамдан қутулди.
Ўт тушди юрагига,
тилига келди қўшиқ.
Юзи кулди, кўзи кулди,
сўзлаганда дудуқ-дудуқ
саси кулди,
юрганида майда-майда
бўйи кулди.
Чеҳрасида кулгу ўйнар Аҳмаднинг…
Сувлар тўлиб ариғига
фалакнинг ҳам юзи кулсин,
суви кулсин ариғининг
чархпалакни айлантириб.
Тангри билар, бу оламда
бирор кимса ғами, дарди
тенг келмайди Аҳмадга.
Бир гўзални севди, севди –
ҳаддан ошди ғами, дарди.
Тангри билар бу оламда
у гўзал қиз севилгандек
севилмайди ҳеч бир гўзал…

* * *

Қўшнининг тўйида,
тўрт ҳовли нарида
ўйнаган бола,
бир гул япроғи остида,
гул япроғи шаклида
ёзилар пешона ёзуви.
Қўшнининг тўйида
тўрт ҳовли нарида
ўйнаган бола,
чиқ япроқ остидан
ой сенга боқар…
Ёмғирга чайилган само пештоқи…
Қўлингни қўйиб пешонангга
кўкка тикилдинг,
кўк юзида қорамой ҳиди
анқирди ҳали.
Гуноҳкорлар юз тутиб,
онт ичганча йўқ,
ой сенга боқар…
Ёмғирдан сўнгги
кўкка менгзалган –
қўшнининг тўйида,
тўрт ҳовли нарида
ўйнаган бола.

ЎЛГАНДАН СЎНГ БОШЛАНАР ШОИРЛАР УМРИ

                     Пабло Нерудага

Нима бўлди, ногаҳон,
Михаил Юрьевич?
Қабр – милтиқ стволидай тор!
Ўйлардингизки, ахир,
ҳамманинг Худоси бор!
Тиз чўкинг,
жаноб Мартинов!
Тиз чўкинг,
фалакнинг зулми кўп,
Худонинг марҳамати.
Тиз чўкинг,
бир шоир сўнди,
оловга тушган ёғочдай қоришиб,
тепада Худо бор,
тепада осмон.

Тиз чўкинг
кўзлар қабоқда,
сийнада ўлим,
пешонага ёзуғли қора кунга ҳам,
бозордаги пиёзнинг қийматига ҳам
бир баҳона керак,
керак бир боис.
Отинг шоирларни!
Барига,
барига шоирлар сабаб:
кимнинг ғуссаси бор,
кимнинг оҳи бор,
дунёнинг нақадар қора тонгги бор,
бир баҳона керак,
керак бир боис.
Жаноб Мартиновлар!
Отинг шоирларни!
Сўнгра, тиз чўкинг!
Ғирот кишанланган, Гўрўғли дорда,
сартарошлар фойтунда кезар.
Бунда йиғлаганлар кулади гўрда,
гўрда йиғлаганлар қаерда кулар?
Отинг шоирларни!
Отинг қулоқларга ўрнашмасдан
тоза овозларни,
Соф қонларни отинг!
Отинг шеъриятни,
Лоркани,
Нерудани.
Қабристонлар ўликка ҳасрат,
жиннихоналар жиннига ҳасрат.
Отинг шоирларни!
Шоирлар ўларлар ёз ёмғиридан,
хотин қарғишидан,
қиз боқишидан,
чархи кажрафторнинг нобоплигидан
гуноҳли,
гуноҳсиз шоирлар ўлар.
Отинг шоирларни!
Лекин, тавба оқшоми,
майитдан қолган кафан эгнида,
қўрқа-писа
Пушкиннинг жароҳатин ўпмоққа
югурсин Дантес.
Сўнгра,
йўл беринг,
йўл беринг, жаноб Мартиновга,
йиқилган Лермонтовни қучоқламоққа.

Озар тилидан Икром Отамурод таржимаси