– Миллат ва жаҳон фольклори намуналари билан танишиш жараёнида ўқувчида ғалати ҳиссиётлар кечади. Бамисоли ҳаётнинг энг муҳим ҳақиқатлари, муаммолари минг йиллар илгари пайдо бўлган ривоятлар, афсоналар, достонларга жо бўлгандек туюлади. Суҳбат аввалида фольклорнинг ўзига хослиги, унинг адабиётга таъсири ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Фольклор барча санъатнинг бошланиши, сарчашмаси, шу сабабли ҳам бошқа кўпгина санъатлар билан уйғунликка эга, шунинг билан бирга ҳеч бирига ўхшамаган ўзига хослиги билан ажралиб турувчи алоҳида санъат туридир. Бу соҳа ўз ичига мусиқа, рақс, ҳунармандчилик, тасвирий, бадиий ва бошқа санъатлар билан боғлиқ тасаввурларни қамраб олади. Бошқача айтсак, оғзаки ижод халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида ифода этувчи, унинг тақдири билан чамбарчас боғлиқ ижодий жараёндир. Шунинг учун ҳам алломаларимиз уни эл адабиёти деб атаган. Бирор бир халқнинг қандай халқ эканлигини билиш учун даставвал унинг фольклорига назар солиш лозим бўлади.
Халқ ижоди бу чинакам маънодаги доимий ўзгариш, доимий ҳаракатдаги санъатдир. Яъни, халқ ижоди намуналари ҳар галги ижрода анъаналарнинг давомийлигини сақлаган ҳолда муттасил янгиланиб, ўзгариб, мукаммаллашиб бораверади. Шунинг учун ҳам халқ ижоди намуналари кўплаб вариантлиликка эга. Ана шу вариантлилик халқ оғзаки ижодининг ўзига хослигини таъминлаб берувчи энг муҳим жиҳатлардан биридир.
Халқ оғзаки ижоди намунаси бор-йўғи оғзаки ижро этилгани учунгина эмас, балки оғзаки ўзлаштирилиб, оғзаки ижро этилиб, оғзаки тарзда мерос қолдирилиши, бошқача айтганда, ҳар галги ижро жараёнида қайта яралиши билан фарқланиб туради. Фольклоршунос олимлар таъкидлаганидек фольклорда қўшиқ йўқ, балки қўшиқнинг ижро ҳолати, ижро жараёни мавжуд. Бу фикрни халқ ижодининг бошқа жанрларига ҳам тадбиқ этиш мумкин.
Ғурур билан айтишимиз мумкинки, бизда дунё фольклори намуналари билан бемалол беллаша оладиган достон, эртак, мақол-матал, қўшиқ, афсона ва ривоятларимиз бор. Бугунги кунгача ёзиб олинган достонлар сонининг ўзи 400 тадан ошиб кетади. Бошқа жанр намуналари вариантлари эса кўплаб жилдларни ташкил этади. Бу ростакамига чинакам улкан хазинадир. Бундай бебаҳо мерос ҳамма халққа ҳам насиб этган эмас. Шундай улкан оғзаки меросга эга халқнинг ёзма адабиёти қандай бўлишини тасаввур қилаверинг.
Ҳар қандай санъатнинг боши фольклорда деган гап бугун пайдо бўлган эмас. У узоқ йиллик ҳаётий кузатиш, илмий тажрибанинг ҳосиласи. Ҳақиқатдан ҳам тасвирий, ҳунармандчилик, мусиқа, рақс, бадиий ва ҳоказо санъатларнинг аввали-боши, юзага келиши бевосита халқ оғзаки ижодига, халқнинг илк тасаввур ва ишончларига бориб тақалади.
Фольклорнинг ёзма адабиётга таъсири масалалари Алишер Навоий замонида қандай долзарб аҳамиятга эга бўлса, бугун ҳам худди шундай. Алишер Навоийнинг барча асарларида биз фольклорга ижодий ёндошувни, миллийликка суяниб, умумбашарий қадриятлар улуғланганини кузатамиз. Бу анъана Навоий, Бобур замонидан сўнг Абдулла Қодирийдан то бугунги кунда ижод этаётган адибларимизгача, Чўлпондан то замонамиз шоирларининг изланишларида ҳам у ёки бу даражада давом этаяпти. Фақат бизда эмас, дунё адабиётида ҳам шу ҳол кузатилмоқда. Айтиш мумкинки, сўнгги юз йилликда адабиётда фольклорга қайта юзланиш даври бошланди. Жойс, Борхес, Маркес, Кафка, Кавабата каби адиблар ижоди бунинг мисолидир. ХХI асрда дунё мифларига қайтадан мурожаат, янгича талқин қилиш даври, неомифологизм даври бошланди.
Фольклор ҳар бир ижодкорга ўз йўли, услуби, ўзлигини, ўқ томир илдизини топишга ёрдам беради.
Лотин Америкалик улуғ адиблардан бири Хорхе Луис Борхес: «Адабиёт миф билан бошланиб, миф билан тугайди», – дейди. Буни бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳар қандай санъат, жумладан, бадиий сўз санъати ҳам фольклор билан бошланиб, фольклор билан бирга тараққий этади.
– Биласизми, мен фольклорнинг муаззам жанри бўлмиш эпосни миллат тарихининг зерикарли рақамлардан холи бўлган, қизиқарли ва завқли тарихига ўхшатаман. Баъзи ҳолатларда эпос миллат адабиёти учун ўқ илдизлик вазифасини бажаради. Ҳомернинг “Илиада”си, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”и, ҳиндларнинг “Махабхорат” ҳамда “Рамаяна” эпосларини шу тоифага мансуб, дейиш мумкин. Бу муаззам асарлар ўзи мансуб миллатнинг тарихидан тортиб келажак орзуларигача қамраб олган. Айтинг-чи, давримизнинг муҳим мавзуларидан бўлган миллий қадриятларни асраш борасида эпосга қанчалик суяниш мумкин?
– Фольклор ва тарих чиндан ҳам долзарб мавзу. Зеро, эпос, яъни оғзаки ижод намунаси бўлган достонлар шунчаки бадиий асар эмас, балки халқнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналари, тафаккур тарзини ўзида мужассам этган миллий қомус ҳамдир.
Биргина «Алпомиш» достонини олиб қарайлик. Мазкур достон нафақат ўзбек, балки дунё достончилигида алоҳида мавқега эга, тарихий асослари қадимий, бадиий жиҳатдан юксак эпик ижод намунаси ҳисобланади.
Бу достон кўп ва хўп ўрганилди. Бироқ ҳали бу достоннинг жаҳон фольклоршунослигидаги ўрни, мифологик асослари, бадиий қатламлари такрор ва такрор ўрганилишни талаб этади.
Достоннинг бошламасидаги илк жумлага эътибор берайлик. Достон: «Бурунги ўтган замонда, ўн олти уруғ Қўнғирот элида Добонбий деган ўтди. Добонбийдан Алпинбий деган ўғил фарзанд пайдо бўлди. Алпинбийдан тағи икки ўғил пайдо бўлди: каттаконининг отини Бойбўри қўйди, кичкинасининг отини Бойсари қўйди. Бойбўри билан Бойсари – иккови катта бўлди. Бойсари бой эди, Бойбўри эса шой эди, бул иккови ҳам фарзандсиз бўлди». – деб бошланади.
«Бурунги ўтган замон» бу мифологик тушунчага кўра ибтидонинг бошланиши, хаоснинг космосга айланишидир. Шунинг учун эртакларимиз ҳам «Бир бор экан, бир йўқ экан, бурун ўтган замонда», деб бошланади. Сиз айтгандай, бу ҳар қандай миллатнинг рақамлардан холи, соф, бадиий тарихидир. Гап бу ерда нореаллик, ҳаётий асосга эга бўлмаган бадиий тўқима ҳақида кетмаяпти. Балки ярми афсона, ярми ҳақиқат, мифологик қобиққа ўралган ўтмиш, тарих ҳақида ҳикоя қилаяпти. Эртакдан фарқли ўлароқ достонни ижро этувчи бахши ҳам, тингловчи ҳам ундаги воқеалар чин ҳақиқат эканига ишонади. Қолаверса, достон аждодларнинг муқаддас хотираси, шонли тарихи ҳақида. Бу шонли воқеалар бир неча авлодлар томонидан куйланиб келинган, авлодларга етказилган ва ижро этилаётган замонда ҳам давом этмоқда.
«Ўн олти уруғ Қўнғирот эли» юқоридаги ўтмиш тарихига янада ҳаётийлик бағишлайди. Бу тарих маълум бир уруғ, айни бир пайтда бутун бошли элат ўтмиши билан алоқадор эканини урғуламоқда.
«Добонбий» сўзи довон, юксаклик маъносида келади. Бу исм шунчаки танланмаган. Ҳаётда катта ишларни амалга оширган, юксак марраларга эришган қаҳрамоннинг рамзий тимсолий образидир. Достонда бу образ чизгилари гўё мукаммал эмасдек, достон бошламасида эсланиб, кейин унутилиб кетадиган исмдек туюлади. Бироқ, бу образга кейинги жумлалар, кейинги воқеалар ойдинлик киритади. Алпинбийдек Алпнинг дунёга келиши ўз-ўзидан бўлмаган. Унга Добонбий чеккан заҳмат, эришган донишмандлик сабаб бўлган.
Бойбўри билан Бойсари исмларидаги «Бой» олд қўшимчаси уларнинг шажараси кимлардан эканини кўрсатиб турибди. Бироқ эътибор қилсак, Добонбий, Алпинбий саналиб, кейин икки жуфт исм саналаяпти. Бу бежизгами?
Фольклорда эгизаклар тушунчаси мавжуд. Ҳар иккала исм ана шу эгизаклар ҳақидаги тушунчанинг маълум даражадаги бадиий талқинидир. Одатда эгизаклар ҳақидаги мифологик тасаввурда эгизакларнинг бири катта, иккинчиси кичик бўлади. Она уруғчилик билан боғлиқ тасаввурлар устивор қонуният кашф этилаётган даврда урғу кўпроқ кенжага берилиб, кўп ҳолатларда бевосита она билан боғланади. «Кенжа ботир», «Учинчи ўғил» каби эртаклар, «Алибек билан Болибек» достонлари бунинг ёрқин мисолидир.
Фақат бу ерда урғу Бойсарига эмас, аксинча Бойбўрига қаратилган. Алпомишнинг ҳам Бойбўрининг фарзанди экани бежизга эмас. Демак, бу достонда ота уруғчилик билан боғлиқ тасаввурлар бўй кўрсата бошлаганидан далолат беради. Бироқ достоннинг бошқа, жумладан, Барчин, Қалдирғоч, Сурхайил кампир, Товка ойим образлари талқини шуни кўрсатадики, достонда она уруғчилиги билан боғлиқ тасаввурлар ҳам ҳали барқарор турибди.
Алп – қаҳрамон туғилишидан олдин ота-онасининг фарзандсизлиги аслида рамзий маънога эга бўлиб, гап бу ерда салтанатни мустаҳкамлайдиган, пароканда элни яна бирлаштирадиган янги авлод – Алпнинг туғилиши ҳақидадир.
«Алпомиш» достонида миллатнинг бўлиниши, парокандалиги Бойсарининг қалмоқ элига кўчиши орқали ифодаланади. Зеро, туркий халқлар тарихнинг маълум бир даврларида улкан салтанат, ҳокимият ва чексиз ҳукмронликка эга бўлган.Ўзаро бўлинишлар, урушлар ва бошқа сабаблар туфайли бу буюк салтанатга путур етган. Сўнгра халқни, миллатни бирлаштира олган Алпомишга ўхшаш янги авлод – Алплар туғилиб, туркий халқларнинг тарих саҳнасидаги олдинги юксак мавқейи яна қўлга киритилган. Худди шу воқеаларнинг бадиий ифодаси «Алпомиш»нинг асл моҳиятини ташкил этади.
Эътибор қилсак, «Алпомиш»да Алпинбийдан қолган, кўлда занг босиб ётган камонни фақат Ҳакимбек ота олади. Алплик камонининг кўлда занг босиб ётиши ундан олдинги авлод ўз вазифасини охиригача бажара олмаганидан далолат беради. Бундай вазифани янги авлод – Алпларгина охирига етказади.
Эпик ижоддаги алплик тизимига турлича ёндошув мавжуд. Хорижлик олимлар Лорд Раглен, Карл Райхл, Ожал Ўғзулар ўз тадқиқотларида «Қаҳрамонлик қолипи», ўзбек фольклоршунослари эса «алплик тизими» деган атамани ишлатади. Яъни фольклордаги қаҳрамон шунчаки қаҳрамон эмас, балки унинг жасорати, мардлиги, қаҳрамонлигини бўрттириб турадиган жиҳатлар мавжуд. Бу жиҳатлар достонларда эпик қолип шаклида келади. Яъни қаҳрамонлар маълум бир тизимга амал қилишади. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Достоннинг илк жумласидаёқ аждодларимизнинг шонли ўтмиши билан боғлиқ тасаввурлар мустаҳкам ўрин олган. Демак, мазкур ҳолат достоннинг мифологик қатлами, юзага келиш даврига ҳам маълум даражада аниқликлар киритади. Бошқача айтадиган бўлсак, халқнинг кўп минг йиллик тарихи, тафаккур тарзи ҳақида жуда бой ва қимматли маълумотлар беради.
Саволнинг иккинчи қисмига келсак, биз бугун миллий қадриятларимизни, анъаналаримизни халқ оғзаки ижодисиз тасаввур эта олмаймиз. Фольклор миллий анъаналаримизнинг ўзагини ташкил этади. Бу анъана ва қадриятлар биринчи навбатда оғзаки ижодда куйланиб, улуғланиб келинган. Фактларга мурожаат қилайлик: ҳеч бир эпосда халқимизнинг маиший ҳаёти, миллий қадрият ва урф-одатлари «Алпомиш» достоничалик кенг кўламда ўзининг бадиий ифодасини топмаган. Фарзанднинг туғилишидан олдин овга чиқмоқ, суюнчи олмоқ, фарзанднинг туғилиши, фарзандга исм қўймоқ, этагига солмоқ, бешик тўй, тўй маслаҳати, жарчи қўймоқ, чуфуррон тўй, тўёна бермоқ, аташтириб бешиккерти қилмоқ, иккинчи исм қўймоқ, аташтириб рўмол ўрамоқ, қаллиққа бормоқ, совчи қўймоқ, шартлашиш (кураш , кўпкари, пойга) куёв навкар, тўққиз товоқ, куёв товоқ, ўтни айланмоқ, қиз яширди, вакил ота, вакилини бермоқ, чимилдиқ тутмоқ, ит ириллар, ойна кўрсатар, соч сийпатар, қўл ушлатар, куёв улоқ, юз очди, бақан ташламоқ, солим бермоқ, ўлан айтмоқ, ёр-ёр, келин салом каби турли хил одат ва маросимларнинг «Алпомиш» эпосидан жой олиши муҳим аҳамиятга эга. Бу мавзу алоҳида тадқиқотни талаб этади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, эпосда маросим ҳеч қачон батафсил тасвирланмайди, балки унинг муҳим нуқталари ўз аксини топган бўлади. Энг эътиборли жиҳати, маросим эпос тизимида сюжетни юзага келтириб, эпик характер касб этади. «Алпомиш» достонидаги Ҳакимбекка иккинчи исм берилиши билан боғлиқ ҳалқа олиб ташланса, достон мазмунига жиддий путур етади. Демак, маросим, миллий қадрият ва урф-одатлар маълум маънода эпос сюжет ҳалқасининг юзага келишига замин бўлиши билан бирга бевосита эстетик функция бажариб келади.
Жеймс Жойс ярми ҳазил, ярми чин аралаш мабодо Дублин шаҳри ер юзидан йўқолиб кетса, менинг «Улисс» романимга қараб уни қайта тиклаш мумкин, деган гапни айтган. Худди шундай бизда қадимий урф-одат ва аъаналаримизнинг унутилган узвларини «Алпомиш»га ўхшаш эпос матнига қараб тиклаб олиш имконияти мавжуд.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Наврўз байрами халқимиз ҳаётида нечоғлик муҳим ўрин тутишини ўзингиз яхши биласиз. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин бу байрам тамомила янгича мазмун ва моҳият касб этди. Ҳар гал уни нишонлаганимизда қадимда унут бўлган қайсидир узви қайта тикланиб, янгича талқин этилганига гувоҳ бўламиз. Ана шу узвларнинг қайта тикланишига халқ ижоди намуналари – достон, эртак, қўшиқ, мақол-маталлар, халқ ўйинлари асос бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
– Халқ достонлари бир қарашда инсоннинг инсонга муҳаббатидан ўсиб чиққандек туюлса-да, унинг замирида даҳо ижодкорнинг ўз халқига ёки халқнинг ўз қадриятларига бўлган садоқати, ҳурмати мужассам. Замон эврилишлари, инсонларнинг фикрлаш тарзидаги ўзгаришлар халқ достонларига таъсир кўрсатиши мумкинми?
– Тўғри айтасиз, халқ достонлари энг аввало оила тотувлиги, ишқ-муҳаббат, ёрга садоқат, шахс тарбияси, юртга муҳаббат ҳақидадир. Достонларда ишқ-муҳаббат, инсоний муносабатлар, оила мавзуи муҳим ўрин тутади. «Алпомиш» достонида бир оила тарихи асосида бутун бир уруғнинг, миллатнинг тарихи ҳикоя қилинади. Турли хил сабаблар туфайли парчаланиб кетган миллат оғир синовлардан сўнг яна қайта бирлашиши, оила бахти, миллатнинг, юртнинг ор-номуси, шону шавкати учун кураш қаҳрамонлик эпосининг бош ғоясини ташкил этади.
Маълумки, шўро тузуми даврида бизга Шарқда ҳамиша аёлларни тутқунликда сақлаб келишган, уларнинг оилада ҳам, жамиятда ҳам ҳеч қандай ўрни бўлмаган ва ҳоказо дея уқтириб келишди. Археологик топилмалар, қадимги битиклар, халқ достонлари эса бунинг аксини урғулайди.
Европада этрусклар маданияти устида иш олиб борган олимлар қизиқ бир фактга дуч келишади. Ҳали Ғарбда демократия деган тушунча бўлмаган, аёллар ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмай, уйда эрларининг қули бўлиб турган бир пайтда, ғарбликлар наздида Европага бегона ва ёввойи халқ деб ҳисобланган этрускларнинг саройларидаги кўплаб қадимий деворларда юксак мавқега эга бўлган аёл суратлари тасвирланган. Бу суратларни таҳлил қилган археолог ва тарихчилар этруск маданиятида аёлнинг ўрни оилада ҳам, жамиятда ҳам эркаклар билан баравар бўлган, кўпгина давлат ишларини бевосита аёллар бошқарган деган хулосага келишган. Гарчанд баҳсли бўлсада, этрускларнинг келиб чиқишини, Европага бориб қолишини туркий халқлар тарихи билан боғлашади.
Юртимизда топилган археологик топилмаларда ҳам айнан аёл тасвирланган санамлар кўплаб учрайди. Халқимизнинг куй-қўшиғи, мақол-матали, алқовида аёл нечоғлик улуғланганини ким билмайди дейсиз? «Алпомиш» достонининг бир ўрнида Барчин:
– Хотин бўлмасмикан эрнинг вазири, – дейди.
Бир қарашда бахшининг шунчаки бадиҳагўйлигидек кўринган ушбу бир мисра, халқимизнинг тафаккуридаги эврилишларга ойдинлик киритади. Қадимги битикларда ҳам «хотун» сўзига алоҳида урғу берилади, ҳурмат ва иззат билан тилга олинади:
«Отам Ҳоқон ўлганда, иним Култегин етти ёшида Умайдай онам хотун бахтига, иним Култегин эр деган ном топди» ёхуд «Отам Элтариш ҳоқонни, онам Эл билга хотунни Тангри ўз мартабасида тутиб, юқори кўтарган экан», дейилади Култегин битигида.
Эътибор қилсак, битикда ҳам, достонларимизда ҳам она (аёл) ва хотун сўзлари ёнма-ён қўлланилади.
Хотун сўзи туркий халқлар эпосида бир титул, бир унвон маъносида келадики, шунинг учун у ҳамиша «алп», «бек», «хон», «тўра» каби сўзлар билан баравар қўлланилади. Бу эса «хотун» оддий бир калима эмас, юксак бир унвон, улкан мартабани ифодалашидан дарак беради.
Халқ достонлари асрлар давомида авлоддан-авлодларга мерос қолиб келаётган санъат. Унинг қат-қатида ибтидоий даврлар билан бир қаторда, анимистик, шомонлик, ислом маданияти ва шунинг билан бир қаторда достон ижро этилаётган даврдаги тасаввурлар ҳам қоришиқ ҳолда келишини кузатамиз. Достонларимиз шу даражада серқатламки, унда тарихнинг истаган бир даврига оид у ёки бу маълумотларга дуч келасиз. Сиз айтганингиздай замон эврилишлари, халқимизнинг тафаккур тарзидаги ўзгаришлар босқичма-босқич, бетакрор метафора ва тимсолларда ўзининг бадиий ифодасини топганлигини кўришимиз мумкин.
– Маълумки, қадимий афсона ва ривоятлар неча замонлардан бери ижод аҳли учун тенгсиз илҳом манбаи бўлиб келади. Биргина юнон афсоналарини олайлик. Буюк Ҳомернинг “Илиада” ва “Одиссея” достонларига асос бўлган мазкур афсоналар айни пайтда Эврипид, Софокл ҳамда Эсхил сингари оламшумул фожианависларнинг беназир асарларига мавзу берган. Умуман олганда, дунё адабиёти, санъати ва фалсафаси ривожи дунё мифологияси билан чамбарчас боғлиқ. Шундай эмасми?
– Бизга маълумки, санъат ва мифнинг тили битта – рамзларга асосланади. Ҳар иккаласини ҳам рамзларни шарҳлаб ўрганиш мумкин.
Момоқалдироқни найза дея тушуниш бу мифларни яратган ибтидоий аждодларимиз учун ташбеҳ эмас, шундай тушунилган, қабул қилинган. Халқ оғзаки ижодини тадқиқ этувчи бундай метод мифларни, рамзларни шарҳлашни инсон руҳиятини тадқиқ қилиш билан бирга қўша олди. Гарчи ушбу метод ягона бўлса-да, мифлардаги рамзларни шарҳлашда ҳар хил қарашлар дунёга келди.
Миф – инсоннинг фақат ўтмиши, аждодларнинг хаёлпарастлиги эмас, балки уларнинг кайфияти ва ўзи англаб етмаган, бироқ мияда сингиб ётган кечинма ва таассуротларидир. Мифга аждодларнинг жўн хомхаёллари ёки чўпчаклари сифатида эмас, инсон руҳиятининг инъикоси сифатида қараш зарур, шу сабабли ҳам миф ўтмиш садоси эмас, у кеча, бугун ва эртанинг мужассами, инсон руҳиятининг манзарасидир. Миф одам билан бирга яшайди, одам яшар экан у ўзича миф яратади. Бироқ ҳамма ҳам ўз мияси яратган мифни “ўқийвермайди”.
Америкалик олим Эрих Фромм ҳамма билиши шарт бўлган умумий тил – рамзлар тили миф, умуман бадииятни шарҳлашда энг зарур ва ягона воситалардан биридир, дея таъкидлайди.
Бугун ибтидоий давр деб баҳо бериладиган пайтларда аждодларимиз бизга қараганда юз карра шоирроқ бўлганлар. Минглаб йиллар аввал аждодларимизнинг тафаккур тарзи “поэтик мушоҳада” тарзида эди: улар ҳаётлари ва табиатдаги ҳар бир нарсани тасаввур қилган тушунчаларининг рамзи сифатида қабул қилардилар. У пайтлар осмон, сув, кўкат, қуёш, ой, ёруғлик ва зулматнинг жони бор деб тушунилган; кундуз ўрнини тун эгалларкан, эзгулик ва ёвузлик кураши кетаяпти деб ўйлашган.
Адабиётда мифологик тасвирга эҳтиёж ҳеч қайси замонда пасаймаган. Алишер Навоий асарларининг асоси мифга қурилган. Буюк шоир мифга ўз ғояларини, инсон ҳақидаги тадқиқот ва таълимотини сингдирди.
Миф ва адабиёт мавзуси ёзма ижод пайдо бўлгандан буён файласуфлар, олимлар, шоирларнинг энг қизғин мунозара майдони бўлиб келган. Мифнинг адабиётга таъсирини аниқловчи, таҳлил қилувчи турли-туман оқимлар пайдо бўлди; бу оқимларнинг бир қисми адабиётни реал ҳаётга, реал тасаввурларга яқинлаштириш, ундан мифологик тасаввурларни суриб чиқариш тарафдори бўлса, бир қисми адабиётни мифга яқинлаштириш масаласини кўтардилар. Инсоният ақли мифдан, мифологик оламдан, аждодларнинг илк хаёлий дунёсидан қанчалик узоқлашиб ва тараққиёт зиналаридан кўтарилган сайин бу мавзу яна ҳам қизғинроқ тус олди. Юксак техника тараққиёти асри бўлган ХХ асрда ҳам физика ва химиянинг ютуқларига қарамай мифология яна адабиётнинг асосий мавзусига айланди. Дунё адабиётининг дурдоналари ҳисобланган «Улис», «Ёлғизликнинг юз йили», «Қўрғон», «Юсуф ва унинг биродарлари», «Педро Парамо», «Ғазаб ва Шовқин» каби асарлар буни тасдиқлайди. ХVIII-ХIХ асрдаги танқидий, романтик реализмларни ўзлаштирган, инсонни ўрганишда ўзигача бўлган бой тажрибадан унумли фойдаланган ХХ аср адабиёти инсон дунёси ва руҳиятини таҳлил қилар экан, яъни у ўзигача бўлган адабиётлардан ҳам кўра инсон руҳияти ва қалбига кўпроқ яқинлашар, уни тадқиқ этар экан, ана шу руҳият ва қалбда илк инсонлар дунёси каби мифологик тимсолларга дуч келди. Шундагина мифни фақат ифода усули, бадиийлаштириш воситаси сифатида эмас, балки инсонни таҳлил ва тадқиқ қилувчи поэтик тил сифатида қабул қилиш бошланди. Шу сабабли бугун миф ва адабиёт алоқаси ҳақида гап кетганда, бу алоқани фақат сюжетлаштириш ва тасвир усули, бадиийлик воситаси сифатида эмас, инсон руҳиятини акс эттирувчи поэтик тил сифатидаги ўрнига катта аҳамият бериш керак. Зеро, Томас Манн, Франц Кафка, Жойс каби адиблар асарларида биз илгари кўниккан параллел мифик сюжетлар эмас, балки ички ва ташқи оламдаги мифологик жараён моделининг яратилишига урғу берилган.
Умуман, ХХ аср адабиёти мифологияга янги муносабатни шакллантирди. Бу мифологияни тушуниш учун мифологияни талқин қилишда янги назарияни яратган психоаналитикларнинг инсон ва ижод жараёнлари ҳақидаги қарашларининг ўзиёқ мифологияни адабиётга, санъатга яқинлаштиради.
Шу сабабли ҳам бизнинг асримизда адабиётда мифлар маълум маънода янгиланди ва инсон руҳиятига кириб борилган, унинг онг қатламлари кашф этилган, адабиёт ҳақиқий инсоншуносликка айланган сайин цивилизация янги бир чўпчак деб қараган мифга эҳтиёж шунчалик кучайди.
Миф, айтиш мумкинки, бадиий ижодда услуб имкониятларини кенгайтирди, поэтик мушоҳадага эркинлик берди, уни фалсафий кўлам билан тўлдирди. Маълумки, миф оламнинг яралиши, хаоснинг космосга айланиши, тартибсизликларга тартиб берилиши, умуман, дунё ва инсоннинг яратилиши ҳақидаги тасаввурлар йиғиндисидир. Хўш, бу тасаввурларнинг поэтик тасаввурга, асар поэтикасига қандай алоқаси бор?! Бу шу билан ифодаланадики, асарда ҳам мифдаги дунё каби ёзувчи дунёси яралади; яъни кенг олам ҳақида асарда фақат шу ёзувчига хос маълум ғоя сингдирилган ва шу ғоя ифода этилган дунё яралади. Ана шу кичик олам ёзувчининг катта олам ҳақидаги мифологик мушоҳадасининг маҳсули ўлароқ пайдо бўлади. Мифни шунчаки қайтариш, баён қилиш – бу ҳали ижод эмас. Ғарбда ҳам илғор адабиёт туғилишидан илгари мифларни шунчаки қайтариб ёки озгина ўзгартиришлар киритиб, мифологик руҳдаги асарлар эълон қилган ёзувчилар кўп бўлган, бироқ бу юксак бадиий адабиётнинг илк босқичи эди. Унинг юқори босқичи ёзувчи асарида, у яратган дунё моделида акс этади. Қадимги одамнинг дунёнинг яралиши, илоҳиёт, атрофни ўраб турган кучларнинг таъсирида туғилган тасаввури билан ёзувчи яратган дунё тасаввури ўртасидаги мантиқий боғлиқлик мифологияни поэтикага айлантиришдаги энг муҳим жиҳатдир. Мифлар инсоннинг коинотдаги ўрнига маълум маънода жавоб берган, жавоб топган. Адабиёт эса ҳалигача бу масалага тугал ойдинлик киритганича йўқ. Бугунги адабиёт ҳам инсоннинг ўрнини ва вазифасини(миссиясини) аниқлашга уринар экан, табиий равишда мифлар билан уйғунлашади ва мифологик тафаккур қонуниятларига амал қилади.
– Ҳар қандай афсона замирига (у қайси миллатга тегишли эканлигидан қатъи назар) муҳим ҳаётий мазмун яширинган бўлади. Шу боис адабий фаолияти давомида уларга мурожаат этган ижодкор кам бўлгани йўқ. Чингиз Айтматов ижоди бунинг яққол исботидир. Адибнинг “Асрга татигулик кун” романидаги манқурт ўғил афсонаси, Раймали оқин ва Бегимой ҳақидаги ривоят, “Оқ кема”қиссасидаги Шохдор она буғу ривояти ёки “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар” қиссасидаги сув парилари, шамоллар эгаси ҳақидаги афсоналар ўқувчини шу асарларга мафтун қилиб қўяди. Замонавий адабиётимиз намуналари орасида ҳам шунга ўхшаш, фольклор ва адабиёт ўзаро синтезлашган асарларни кузатганмисиз?
– Сиз айтаётгандек адабиётдаги синтезлашув жараёни ҳеч бир даврда тўхтаган эмас, ҳали юқорида таъкидлаганимдек, у бир даврда чуқур ёки юзаки, паст ёхуд баланд бўлиши мумкин холос. Бугунги шеъриятда ҳам, насрда ҳам биз бу ўзгаришларни, ижодий ўзлаштиришларни кўриб турибмиз. Бу жараён, албатта, ҳар бир ижодкорда ўз имконияти, қобилиятига яраша амалга оширилмоқда.
Назаримда ҳар қандай ижодкор, ҳатто фольклор ҳақида тушунчага эга эмасман деб ўйлаган тақдирида ҳам онги, шуурида фольклорий анъаналар яшайди. Ўз ижоди давомида айримлари билиб, айримлари билмай ҳам шу анъаналарга суянади. Яъни бадиий ижод жараёнини биз фольклордан айро ҳолда тасаввур эта олмаймиз.
Шу ўринда мен бир нарсани айтиб ўтишни истардим. Ҳақиқатдан ҳам Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема», «Асрга татигулик кун» каби асарларини ҳаммамиз севиб ўқиймиз. Айниқса, «Оқ кема» энг юксак мақомдаги бадиий асар билан бемалол беллаша оладиган, дунё адабиётининг энг нодир дурдоналаридан биридир. Мен ҳар гал бу асарни ўқиганимда, ёзувчининг маҳоратига тан бераман. Қирғиз халқи тарихи, тафаккури, тақдири билан боғлиқ асотирларга шу даражада чиройли сайқал берилганки, ундаги ҳар бир жумла, ҳар бир тимсол сизнинг руҳиятингизга таъсир этмай қолмайди. Бироқ ёзувчи кейинги асарларида ўз халқининг эмас, балки бошқа халқларнинг мифларига бадиий сайқал беришга уринди. Аммо кейинги уринишлари (бу албатта менинг шахсий кузатишим) олдингидай муваффақият олиб келмади. Бунинг сабаблари кўп, лекин энг муҳимларидан бири шуки, ижодкор қайси халқнинг вакили бўлса, унинг руҳиятида, шуурида, тафаккурида, бошқача айтадиган бўлсак, онг ости кечинмаларида ўша халқнинг урф-одат, анъана, қадриятлари, бадиий тимсоллари тайёр кодлар шаклида турган бўлади. Чунки у ўша муҳитда ўсган, тарбия олган, шу тилда тили чиққан, «ғайб олами» билан ҳам шу тилда «гаплаша» олади. Ўз муҳитингиздан узоқлашсангиз, билингки, сизни кўк билан кўринмас иплар билан боғлаб турувчи макондан узоқлашган бўласиз. Кейин минг уринманг, сиз уни қайтиб топмайсиз, бошқа бегона муҳит эса сизни барибир ўзидан итариб тураверади. Ижодкорлик ўша йўқотилган, бой берилган, яширинган, бошқалар кўролмаган кодларни – миллий тимсолларни топиш ва бугун учун ҳикматга айлантира олишда кўринади. Ижодкор қандай жанрда ижод қилишидан қатъий назар, у қайси заминда, қанда маънавий маконда турганини, нимадан руҳий қувват олаётганини, тепиб турган юрак қони қандай аждодларга бориб туташишини унутишга асло ҳаққи йўқ.
– Инсон келажакка интилиб яшар экан, ҳаёт интиҳоси ҳақидаги ўйлар уни гоҳ ошкора, кўп ҳолларда эса пинҳона мушоҳадага ундайди. Шубҳасиз, инсон учун интиҳодан кўра ибтидо сирлироқ. Шунинг учун фан-техника оламидаги оламшумул кашфиётни осонгина “ҳазм қиламиз”-у, афсонавий Ҳеракл, Ясон, Ахиллес ёки Али бобо ва қирқ қароқчи ҳақидаги фильмларни ҳайрат билан кўрамиз. Ўрни келганда, миллий фольклор тарғиботи ҳақида… Ўзбек халқ фольклорида юнон ёки рим афсоналаридан қолишмайдиган, аксинча, улардан бир қадар устун турадиган афсона, ривоятлар бисёр. Лекин уларни жаҳонга олиб чиқиш у ёқда турсин, ўз халқимизга ҳам тузукроқ таништира олмаётгандекмиз…
– Бу ўринда мен сизнинг фикрларингизга қўшила олмайман. Миллий фольклор тарғиботи борасида ҳеч ҳам нолийдиган жойимиз йўқ, айниқса, ўзбек фольклорини дунёга танитиш борасида. «Алпомиш» достонининг ўзи мустақилликдан кейин рус, инглиз, немис, турк, уйғур тилларига таржима қилинди, Германия, Туркия, Хитой, Финландияда нашр этилди. Анқарада ўндан ошиқ ўзбек достонлари ўзбек ва турк тилларида чоп этилди, яна қирққа яқин достон нашр жараёнини кутмоқда. У ерда ўзбек эртак, достон, афсона ва ривоят, қўшиқ, мақол-маталлари борасидаги ҳамкорликдаги изланишлар давом этмоқда. Бу тадқиқотлар чоп этилиб, илм аҳлининг эътироф ва ҳавасига сабаб бўлаяпти. Ўзбек фольклоршунослари дунёнинг кўплаб мамлакатларида анжуманларда иштирок этиб, долзарб мавзуларда маърузалар ўқиб келмоқда. Кечагина биз бирор-бир хорижлик олим билан танишишни ўзимизга шараф деб билган бўлсак, бугун хорижлик мутахассислар ўзбек фольклоршуносларининг илмий қарашларига суяниб тадқиқотлар олиб бораяпти, уларнинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур бўлаяпти. Фольклор асарлари асосида мультфильм, кинолар ишланаяпти, мунтазам телекўрсатувлар ташкил этилган.
«Ўзбек фольклори ёдгорликлари»нинг юз жилдлигини чоп этиш борасидаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Бу улкан мероснинг яхлит ҳолда чоп этилиши, ўйлайманки, республикамиз маънавий ҳаётида эришилаётган энг улкан ютуқлардан бири бўлади. Тўғри, ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бироқ бунга аста-секинлик билан эришилади. Ҳар ишнинг ўз вақти-соати бор.
– XXI аср фарзандларига “Алпомиш” ёки “Гўрўғли”ни ўқитиш методлари ҳақида нималар дея оласиз? Кези келганда эртак ўқимайдиган болаларда достонга қандай муҳаббат уйғотиш мумкин?
– Жавобни саволнинг кейинги қисмидан бошласак. Менинг назаримда айбни болалардан эмас, катталарнинг ўзларидан излаш керак. Агар катталарнинг ўзи эртаклардан узоқлашмаган бўлса, болаларнинг келажагидан хавотирланишга ўрин йўқ: олманинг тагига барибир олма тушади. От айланиб яна қозиғини топади. Гап фақат ўша қоқилган қозиқнинг нечоғлик мустаҳкамлигида.
Китобнинг қандай шаклда ўқилиши эмас, балки уни ўқишга, ўрганишга бўлган эҳтиёжнинг мавжудлиги муҳим. Бир пайтлар ҳамма нарса оғзаки тарзда бўлган. Юқорида айтганимдай, эртак ҳам, достон ва қўшиқлар ҳам оғзаки тарзда ижро этилган. Оғзаки ижод намуналарининг нашр этилиши ўз вақтида бу санъатни тамоман сўндиради деб қаралган. Бироқ китоб ҳолида чоп этиш жараёни қайсидир даражада халқ ижодининг янада оммалашишига, яшаб қолишига ҳам хизмат қилмоқда.
Бугунги замоннинг шиддати тез, шунга яраша талаб ва имкониятлар ҳам кенгаймоқда. Бугун фарзандларимиз ўз ҳаётларини замонавий технологияларсиз тасаввур қила олмаётган экан, уларнинг талабларини ҳам инобатга олишимиз зарур бўлади. Қани эди юзлаб эртакларимиз, ўнлаб достонларимиз асосида ишланган мультфильм, кинолар, компьютер ва уяли телефон ўйинлари, электрон дастурлар ишлаб чиқилса! Халқ ўйинларидан тортиб, эпос ижросигача барча оғзаки ижро жараёнининг аудио, видео тасвирларини истаган дўкондан харид қилиш имконияти бўлса! Бу бугун эҳтимол бир оз хом хаёлга ўхшаб туюлар, бироқ албатта, шунга келамиз. Чунки халқ бўлишнинг, буюк бўлишнинг, глобаллашувнинг шафқатсиз талотумида ўз исми ва руҳи билан яшаб қолишнинг талаби шу. Бунинг учун бизга ҳамиша фольклор ёрдамга келади, фольклор қутқаради.
«Алпомиш», «Гўрўғли» каби халқ достонларини ўқитиш масаласига келсак, бир томондан эришган ва эришаётган ютуқлардан фақат қувониш мумкин, бошқа томондан олганда биз ҳали ҳам достонларни чўпчаклар сифатида талқин қилишда, шундай сабоқ беришда давом этаяпмиз. Усулни ва услубни янгилаш керак, фольклордан чўпчак эмас, фикр ва ҳикмат излаш керак. Чунки у азал ва абад ҳақидаги энг буюк ҳикматдир.
– Кўп йиллардан бери “фольклор” деб аталмиш беғубор, завқли, сирли оламда умргузаронлик қиласиз. Суҳбат якунида журналхонларга шу оламда эришганларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
– Болалигимда қачондир келиб фольклорчи бўламан, деб орзу қилмаганман. Ҳаётдаги оддий тасодиф, устозларнинг эътибори ва меҳри туфайли шу томонга юз бурдим. Бироқ энди ўйлаяпманки, халқ ижоди томон юзланиш тасодифий бўлмаган, бу тақдир бўлган. Отам диний билимга эга бўлиш билан бир қаторда дўмбирани яхши чертарди. Момом топишмоқ, мақол-маталларни, онам эса халқ қўшиқларининг кўпини ёддан биларди. Мен ўсган қишлоқда биронта тўй-ҳашам бахшиларнинг иштирокисиз ўтмасди. Тандирда ёпилган нондан тортиб, уйдаги ҳар бир жиҳоз, уларнинг ранги, безаги аслида фольклор билан боғлиқ бўлган. Биз моҳиятини англамаган бўлсак ҳам фольклор ичида яшардик, у билан нафас олардик, дунёни унинг кўзи билан кўрардик. Биз шундай муҳитда ўсдик. Дейлик, хорижликлар юзлаб китобларни титкилаб англайдиган нарсалар бизга болаликдан таниш, тушунарли, таъбир жоиз бўлса қонимизга сингдирилган эди. Мен буни энди-энди англаяпман.
Ютуқларга эришиш борасига келсак, ҳали қойил қиладиган, ғурурланадиган бирон нарсани дўндирганимизча йўқ, деб ўйлайман. Бор-йўғи, фольклор деб аталган сирли, мафтункор олам сари юзланиб турибмиз, холос. Мен англаган нарса шуки, биз оёқ қўйиб турган тупроқ заррасидан тортиб, таъбир жоиз бўлса нафас олаётган ҳавомизгача, фарзанднинг туғилишидан то инсонлар ёшини яшаб, ошини ошаб вафот этгунга қадар бўлган барча жараёнлар, маросимлар, яшаш тарзимиз, онгимиз, фикримиз, тилимиз, куйимизу қўшиғимизгача барчаси айтилган-айтилмаган, тўқилган-тўқилмаган, ёзилган-ёзилмаган фольклор. Бизни фольклор ўраб турибди, заминимиз ҳам фольклор, осмонимиз ҳам. Олам ва ҳаётнинг ўзи фольклор. Фақат уни бахшилар ва ижодкорларга ўхшаб ўқий олишимиз керак. Дунёвий билимлар, адабиёт, умуман ҳар қандай санъат эшигига йўл мана шу миллий бойликни англашдан, ўзингга, руҳиятингга сингдиришдан бошланади. Халқимизнинг ўзидай содда, ўзидай донишманд, улуғ ва боқий бу мерос ўзбек деган номни ҳар ерда ва ҳар доим улуғлаб тураверади. Чунки фольклор деб аталган мерос халқнинг ҳамиша уйғоқ ва боқий тарихидир.
Суҳбатдош: Гулноз Мўминова
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 8-сон