Қосим Қосимзода (1933-1993)

Таниқли шоир ва адабиётшунос олим Қосим Қосимзода Хонсувор ўғли (Qasım Qasımzadə) Кубадлидаги Хўжамсахли қишлоғида туғилган. Бокуда университетни битиргач, адабий-ижтимоий газета ва журналларда, Адабиёт институтида ишлаган, “Адабиёт ва инжасанъат” газетасининг Бош муҳаррири бўлган.
Шеърий ва илмий асарлари билан замонавий адабиётнинг ривожига ўзига хос улуш қўшган. Хусусан, адабиётшуносликка оид илмий асарлари учун унга Озарбойжон Давлат мукофоти берилган (1984).
Унинг “Бизнинг тоғлар” (1955), “Юрак тўлқинлари” (1959), “Сўнгги кўришув” (1960), “Бинафша япроғи” (1965), “Бордим, кўрдим, ўйладим” (1971), “Инсон минг йил яшарди” (1973), “Ўтма номард кўпригиндан” (1975), “Тоғлар, мени қўйворинг” (1978), “Тошни кесган сўз” (1981), “Сендан айриларман” (1985) каби шеърий ва илмий китоблари босилган.

ОНАМ ЭКАН-ДА

Умрнинг паст-баланд йўлидан ўтдим,
Яхшию ёмонни кўриб, фикр этдим,
Уйландим, жойландим, ташвишга ботдим,
Болаликнинг тоти онам экан-да.

Нодонга, душманга бўлиб юзма-юз,
Оҳ, санчиб юрагим, танг қолганим кез,
Бир овоз куч берар: “Болам, биз бормиз!”
Дилимнинг қувввати онам экан-да.

Қанча оналарга онам онадир,
“Олам бир ёна-ю у бир ёнадир”,
У ёзган дастурхон шакархонадир,
Ҳаётнинг лаззати онам экан-да.

Келиннинг, куёвнинг билар ўрнини,
Боланинг боласин чекар дардини,
Эркалаб авайлар бари-барини,
Яхшилар қисмати онам экан-да.

Газ унча иситмас ётоғимизни,
Совуқ қиш жунжитар қучоғимизни;
Неча бор эшитдим — ўчоғимизнинг
Ўти, ҳарорати онам экан-да.

Умрнинг қор фасли оқартди бошим,
Мени ота дейдир синглим, қардошим,
Қийин пайт титрайман, етмас бардошим,
Ота шон-шавкати онам экан-да.
1973

ИНСОН МИНГ ЙИЛ ЯШАРДИ

Океанлар, денгизлар инсон учун яралмиш.
Қирлару дала-тузлар инсон учун яралмиш.

Чақмоқ чаққан онларда юзи очилиб, кулган
Туманли тоғ, қоядан томчи-томчи тўкилган
Бол булоқ,
Яшил ўтлоқ
Инсон учун яралган.

Мевазор шу қишлоқлар –
Неъмат тўла бўхчалар,
Қирғовулли овлоқлар,
Булбулли боғ-боғчалар,
Шалолали тепалар,
Яйлоқдаги капалар,
Чўққидаги қор, чечак,
Уфқдаги минг безак,
Осмондаги минг нақш
Инсон учун яралмиш.

Инсон минг йил яшарди
Бу неъматлар ичинда!..

Юз ёшда ёшликнинг илк ҳаваси-ла жўшарди,
Беш юзида қуш учмас юксак тоғдан ошарди,
Саккиз юзга етганда, юраги ўйнамасди,
Касаллик қийнамасди,
На-да ақли шошарди,
Инсон минг йил яшарди –
Қиличини туйғулар солмасайди устига,
Ҳасрат, ёвлик, айрилиқ тушмасайди қасдига.

Илк муҳаббат жавобсиз қолганида,
Бутоқ-бутоқ орзулар сўлганида,
Ҳар бир кунинг айланиб қайчига, бил,
Кесар ёшлик, умрингдан юз йил, юз йил.

Яна қони жўшарди,
Тоғ сойидек жўшарди,
Инсон минг йил яшарди –
Босмасайди бошини турмушнинг дард-қайғуси,
Ота-она мотами, номарднинг кин, қасоси.
Бола доғи тоғ бўлиб,
Букмасайди белини,
Кесмасайди умрининг
Қанча-қанча йилини.

Етимларнинг ҳаққи, мулки таланса,
Бечоралар таъналарга беланса,
Олимлардан кулса авом, қўланса,
Ҳақиқатдан ёлғон устун келганда,
Санчиб-санчиб оғрир юрак, тешилар,
Овқатимга ҳар кун оғу қўшилар…

Ёт қўшинлар юртимни топтаганда, эзганда,
“Ерсиз келди! Қоч, шу ерлик!” дея кулиб, кезганда,
Шон-шавкатли бу халқим буланганда бўҳтонга,
Чидамай ғазабига, золимга, зўравонга
Отмасайди ўзини,
Қора кунига кўниб,
Юмса эди кўзини,
Чақмасайди бошида чақмоқ бўлиб юрт дарди,
Ўн асрни, минг йилни ўз кўзи-ла кўрарди –
Инсон минг яшарди.

Қай кимсалар шон-шарафин отганда,
Касб, ғурурни мансаб учун сотганда,
Юзин буриб, терс боққанда миллатга,
Тош-тупроқ ҳам тушганида ғурбатга,
Шаҳар-қишлоқ кезиб, ўтиб тоғ-тошдан,
Юртдош иш, нон тиланганда юртдошдан,
Не даҳшат!
Жон узилар бетинч жангда… не ваҳшат…
Қўшниси ётиб қолса,
Уйидан чиқмасайди,
Дўстнинг оғир кунида қайрилиб боқмасайди,
Мазлуму муҳтожларнинг етмасайди додига,
Чопмасайди ҳар олис жафокаш фарёдига,
Яхшиликнинг завқидан бўлса эди бехабар,
Ёмонларга кўксини қалқон этмаса агар,
Бадантарбия машқин қилса эди бутун кун,
Билмасайди келганин бу дунёга не учун –
Юз йилларни ташвишсиз яшаб ўтарди осон,
Қарғадай гўнг титганча яшаб ўтарди инсон.

Яхшиямки, умримиз минг йилга чўзилмайдир –
Яхшики, одам, дунё унчалар бузилмайдир.

Озарбайжон тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси