Муҳаммад Ҳодий (1879-1920)

Муҳаммад Ҳодий (Məhəmməd Hadi) XX аср бошларидаги энг кучли шоирлардан бири. Унинг ижодида Шарқ ва Ғарб маданиятининг, шеъриятининг энг юксак анъаналари, янгиликлари мужассамлашгандир.
Ҳодий 1879 йилда Шамахида, савдогар оиласида туғилган. Мактаб таҳсили давридаёқ араб, форс, рус тилларини яхши ўрганган. Шоир сифатида шаклланишида, айниқса, А.Ҳомид, Н.Камол, Т.Фикрат каби турк шоирларининг таъсири каттадир.
1905 йилдан Бокуга келган, “Ҳаёт”, “Фуюзот” каби газета-журналларда асарлари билан қатнашиб, шоир сифатида танила борган. 1910 йилда Истанбулга кетган, у ерда “Танин” газетасида ишлаган, шеърлари “Сарвати фунун”, “Рубоб”, “Шуҳрат”, “Моҳтоб”, “Ҳилол” каби нашрларда давомли босилган.
Курашчан ва муросасиз шоир замон ҳақидаги фикрларини очиқ айтгани, бу айримларга ёқмагани сабабли 1913 йилда Истанбулдан Салоникка сургун этилган. Уйсиз, оиласиз, ишсиз шоир оғир кунларни бошидан ўтказган. Биринчи жаҳон уруши бошлангач, Усмонли давлати ҳарбий қўшинлари ичидаги озарийлардан тузилган махсус “ваҳший дивизия” сафида жангларга қатнашган. Уч йил жангчиларнинг мулласи сифатида хизмат қилган. У 1918 йилда Бокуга қайтади, аммо кейинги ҳаёти ҳам аввалгисидан яхши кечмайди, ичкиликка берилиши эса уни тамоман йиқитади. Икки йилдан сўнг Ганжа касалхонасида ғарибларча вафот этади. Бу оғир ҳаёт руҳи унинг шеърларида ҳам шафқатсиз ва моҳирона акс эттирилган.
Шоирнинг Бокуда қуйидаги китоблари босилган: “Фирдавси илҳомот” (1908), “Шукуфаи ҳикмат” (1914), “Ишқи муҳташам ёхуд она қучоғи” (1914), “Алвоҳи интибоҳ ёхуд инсонларнинг тарихий фожеалари” (1918), “Танланган асарлар” (1956, 2 жилдлик 1979), “Эл фарёди” (1980).

ЭСКИ ЗАМОН ШОИРЛАРИ

Бир пучак пул бўлди шеър, илҳомимиз,
Қолмади бир мухлису қолди китоб.
Кимса олмасдан уни ўтгай шитоб,
Барча шоир ғирт бекорчи ҳам хароб,
“Ҳей, заволлилар, — дея этгум хитоб. —
Бир чақа илҳомимиз ҳам номимиз!”

Бўйни хам ҳам киссаси бўш, кўнгли қон,
Бир тўда соҳибқалам, не-не замон,
Шеър сотиб олган муҳибни кўрмамиш,
Ҳолингиз не, деб-да кимса сўрмамиш.
Эски шоир, боқ, кетибдир томимиз,
Бир чақа илҳомимиз ҳам номимиз!
1914 йил

УМИД

Мен бир қуёшу ерда ёзиқ нурли баётим,
Шеъримда пориллаб турадур чеҳрайи зотим,
Йўқдур зарари, кечса-да фақр ичра ҳаётим,
Мен-ким эканим билдиражак, балки мамотим,
Эртанги ўлим чоғи бу эл йиғлаяжакдир,
Лек унда кўзим дасти ажал боғлаяжакдир.

Мен ҳам сўлайин, токи очилсин у баҳорим,
Мен ҳам сўнайин, шуълалансин у наҳорим,
Эйвоҳ, бу ватан бўлди тирикликда мозорим,
Арбоби зако душманидир энди диёрим,
Сўнганда зако, аҳли ватан йиғлаяжакдир,
Кўз инжуси-ёшлар юрагин тиғлаяжакдир.

Энг сўнг тилагим: мақбарим ўлсин ватанимда,
Тандир ватаним, қолгусидир жон-да танимда.
Руҳимки меним қолмаяжак бу баданимда,
Қуш шаклина кирсин, қанот очсин чаманимда,
Сўнгакларим оғуши Эрам сақлаяжакдир,
Эртанги момот донгли отим туғланажакдир.

Бахтим каби бўлсун ватаним, яъни сиёҳнок,
Ҳайкал тиламам! Ҳайкал эрур мақбарим – афлок!
Миллат куни туғсин! Мени ютсин бу қора хок,
Ёлғиз тилагим-бўлса элим соҳиби идрок,
Идрокли бўлуб, сўнгра мени тинглаяжакдир,
Ҳар элки ақл бирла тирик – англаяжакдир!

Не чора, яшаркан, ватанимдир менга мақбар,
Чунки ватанимдир, бўла олмамки мукаддар,
Юртим-да онамдир, бутун авлоди баробар,
Мен истаюрам, бўлса улар бари мунаввар,
Кўп эрса қора халқ – бу зарар! Занглаяжакдир!
Бир кун келажак, янглишини англаяжакдир.

Юлдузлар амал нури, ҳаётимда дурахшон,
Дилбар кабидир, хандайи мағрур ила хандон,
Гоҳ-гоҳ кўринур, гоҳ бўладир пардада пинҳон,
Бир ишва билан жон оладир сўнгра у жонон,
Ул офати жон бир куни том ром бўлажакдир,
Дил булбули ҳамбазми гуландом бўлажакдир.

ИНСОНЛАРНИНГ ТАРИХИЙ ФОЖЕАЛАРИ
ЁХУД УЙҒОНИШ ЛАВҲАЛАРИ

(Парчалар)

Қулоғимда ҳаёт товши фақат фарёд шаклинда,
Одамзот барча қардошдир валекин ёт шаклинда,
Бутун Ер қонли овлоқдир, башар сайёд шаклинда,
Адоват – бор, муҳаббат – йўқ, қуруқ сўзот шаклинда,
Азалдандир бу дунё саҳнайи бедод шаклинда,
Жаҳон бошдан-оёқ майдони мотамзод шаклинда,
Қувончлар ҳибс этилган, қайғулар озод шаклинда,
Мусибатлар, балолар, ғуссалар обод шаклинда,
Юраклар ғам ўти бирлан ҳамон барбод шаклинда,
Аламлик бу юзу кўзлар бутун ношод шаклинда,
Бу мотамгоҳни ким кўрмиш суруробод шаклинда?!.

Саодат – бир хаёл, қайғу – шақоватлар ҳақиқатдир,
Сурур ўткинчидир, доим малолатлар ҳақиқатдир,
Муҳаббатлар муваққатдир, адоватлар ҳақиқатдир,
Адолат йўқ замонда зулму ваҳшатлар ҳақиқатдир,
Қани ҳуррият оламда, асоратлар ҳақиқатдир,
Фароғат бир қувилган руҳ, машаққатлар ҳақиқатдир,
Бало, дард Ерни босгандир, фалокатлар ҳақиқатдир,
Бутун бор-йўғимиз қонли, жиноятлар ҳақиқатдир,
Бу тарихлар эмас ёлғон, ҳикоятлар ҳақиқатдир,
Одам борки, ёмонлик бор – шароратлар ҳақиқатдир,
Жаҳон бир арзи мотамдир, мусибатлар ҳақиқатдар,
Жаҳаннам бор бу дунёда, азиятлар ҳақиқатдир,
Ҳаловатсиз ҳаётда ранжу заҳматлар ҳақиқатдир,
Башар норози умриндан, шикоятлар ҳақиқатдир,
Не қилсин бадбахт инсонлар – шу меҳнатлар ҳақиқатдир,
Кадарлар, ғуссалар, ғамлар – сафолатлар ҳақиқатдир,
Ҳар одамда ва ҳар кунда бу сувратлар ҳақиқатдир,
Аламлик бу юзу кўзлар бутун ношод шаклинда,
Бу мотамгоҳни ким кўрмиш суруробод шаклинда?!.

Кулишлар барчаси ёлғон, фақат ғамлар табиийдир,
Фараҳларда тамал йўқдир, у мотамлар табиийдир,
Кўнгилда ғам ўти, кўзлардаги намлар табиийдир,
Ҳамиша қалбни маҳзун айлаган дамлар табиийдир,
Ер узра ҳар куни оққан қон – у дамлар табиийдир,
Демак, ҳеч вақт тузалмас, қонхўр одамлар табиийдир,
Демак, пок бўлмаган, кирли бу оламлар табиийдир,
Демак, дунёда мазлум бирла азламлар табиийдир,
Табиат оламинда ғамли кўркамлар табиийдир,
Аламлик бу юзу кўзлар бутун ношод шаклинда,
Бу мотамгоҳни ким кўрмиш суруробод шаклинда?!.

Озарбайжон тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси