Жобир Наврўз (1933-2002)

Жобир Мирзаев ўғли Наврўзов (Cabir Novruz) XX аср Озарбайжон адабиётининг таниқди намояндаси. Озарбайжон халқ шоири. Хизи туманининг Упа қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тамомлаганидан сўнг, педагогика техникумида ўқиган, 1952 йилда Озарбайжон Давлат университетининг журналистика факультетига кирган, бир йилдан сўнг Москвадаги Адабиёт институтига қабул қилинган ва уни 1957 йилда битирган.
Меҳнат фаолиятини 1958 йилда “Боку” газетасида адабий ходимликдан бошлаган, сўнгра “Озарбайжон” журнали, “Адабиёт ва инжасанъат” газетасининг Бош муҳаррири бўлган. “Менинг мақомларим”, “Йиллар ҳаёти”, “Бизнинг аср”, “Оддий ҳақиқатлар”, “Толенинг туҳфалари”, “Ўз дунём бор” каби ўнлаб шеърий китоблар муаллифи. Шоир 2002 йил 12 декабрда вафот этган.

ТИРИК ЧОҒИ ҚАДРЛАНГИЗ ОДАМЛАРНИ

Эй одамлар, бир гап айтай, рухсат беринг,
Тирик чоғи қадрлангиз ҳар бир жонни.
Яхшиларни тирик чоғи яхшисан денг,
Ёмонсан, денг тиригида сиз ёмонни.
Туҳмат, денглар гар сўзларим бўлса абас,
Ранжимайман, сиздан кўнглим бўлгай рози.
Шоирларни тиригида қилинг эъзоз,
Ҳайкал қўйинг борлигида бўлса лозим.
Сиз умидларни кейинларга тахламангиз,
Сўзингизни бошқа кунга сақламангиз.
Тўйдан кейин ноғорага ҳушим йўқдир,
Қуруқ гап-у пуч ваъдага ҳушим йўқдир.
Тирик чоғи расво қилинг қаллобларни,
Тирик чоғи тулкиларни тулки, денглар,
Қоплон денглар қоплонларни,
Тирик чоғи баҳолангиз инсонларни,
Ҳаёт чоғи ўз жойини билсин ҳар ким.
Бу ёмонлар ёмонлигин поймол этар,
Бу яхшилар яхшилигин пойдор этар.
Қандай гапки, биров ўлса қалбларимиз
Одамларга меҳр, шафқат билан тўлар,
Ўлдими бас. Яхшилар ҳам яхши бўлар,
Ёмонлар ҳам яхши бўлар.
Хотиралар ёзиб яна,
Таъзиялар тузиб яна,
Ҳаммасини ёппасига яхши атаб
Сўнгги йўлга кузатамиз.
Бу кечиккан кўнгилчанлик кимга керак,
Бундан қабр кенгаярми,
Ёки марҳум тириларми?!
Ҳушим йўқдир беоқибат одатларга
Ҳушим йўқдир.
Хўжакўрсин иззатларга, ҳурматларга
Ҳушим йўқдир.
Мендан кейин бўладиган шуҳратни
He ҳам қилдим.
Бир нафаслик умримни-ку
Ўлим отлиқ минг-минг зарга алишмайман,
Тирик чоғи бўлган зарра ҳурматни ман
Ўлгандаги минг ҳайкалга алишмайман.
Эй инсонлар, сўзларимни тингланг атай:
Юзланаман гўдакларга, кексаларга, ўғлонларга,
Тирик чоғи қадрланг сиз инсонларни.
Тирик чоғи яхшиларни яхши атанг,
Тирик чоғи ёмон денглар ёмонларни.

ГЎЁКИ

Қачонки ёзмасам, тарк этса хаёл,
Наздимда илҳомим бўлган каби лол.
Гўёки ҳаммадек ётиб-тураман,
Ҳаммадек ўзимдан мамнун юраман.
Ҳаммадек қарайман гўё офтобга,
Ҳаммадек қарайман инсонга гўё.
Ер гўё жўнлашиб қолаётгандек,
Кўк гўё жўнлашиб қолаётгандек.
Қичқирар поездлар, гавжум эл-юртлар,
Ҳар кимга бир орзу, бир умид ёрдир.
Лекин сўз мулкимда ҳоким сукутлар.
Барча учрашувлар, суҳбат, баҳсларга
Мен бўлсам уялиб, ўйлашиб бордим.
Йўлда китобхонлар тез-тез тутишар:
— Янги шеърдан борми?
— Бор, — деб куламан.
Бироқ туйғуларим четлаб ўтишар,
Хўш, кимга шеъримсиз керак бўламан?
Кўнглим ёритмади бу ёруғ олам,
Оддий шамолдан ҳам бебаҳра қолдим.
Онам оқ сочидан бўлдим кўп мулзам,
Еганим ҳар тишлам нондан уялдим.
Зеҳнимда бутунлай чалкашди дунё.
Мисоли кўр бўлдим.
Мисли кар бўлдим.
Энг оғир тўқнашув, жанг чоғи гўё
Ўқлари тугаган бир аскар бўлдим.
Шунақа бесамар турдим, ўтирдим,
Ҳатто шодмон кунлар ёзмади дилим.
Дўстлар даврасида нўноқ, тутилдим,
Ёқмади ҳаттоки туғилган элим.
Гўё камаярди кучим, журъатим.
Мени тарк этарди руҳим, қувватим.
Уч ярим миллиардлик инсонлар аро
Бенаф, кераксизи мен эдим танҳо.
Эзди юрагимни далалар, чўллар,
Наздимда тоғлар ҳам кичрайгансимон.
Ўйладим, бир куни ҳақталаб қўллар
Ёқамдан дафъатан тутгай бегумон.
Сўнг мени саволга кўмиб ташлагай.
Виждон ҳам тафтишин дарҳол бошлагай.
Бошимга бир тўфон ёғдирар улар,
Тириклик чироғим сўндиради ҳам,
Бекорчи қаламим синдиради ҳам…
Гўёки туйғулар жўш урди, балкди.
Бағримда уйғонди бир эзгу сурур
Ва ўтли мисралар қоғозга оқди…
Шу тарзда низомга тушди-я шуур,
Шу тарзда низомга тушдим-а, шукр.

Раззоқ Абдурашид таржимаси