Шоир, таржимон, публицист Исо Исмойилзода Мустафо ўғли (İsa Mustafa oğlu İsmayılzadə) 1941 йилда Грузиянинг Қораязи (ҳозирги Қардабани) туманида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, 1958 йилда Озарбайжон Давлат университетининг филология факультетига кириб, уни 1963 йилда тамомлаган.
Ўрта мактабда муаллим, Давлат Телевидение ва радио қўмитасида муҳаррир, Озарбайжон Энциклопедияси нашриётида илмий муҳаррир, “Адабиёт ва инжасанъат” газетасида адабий ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, “Озарбайжон” журналида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Талабалик йиллари адабий фаолияти бошланган, илк шеърлари 1961 йилда “Апрель чечаклари” альманахи ва “Озарбайжон ёшлари” газетасида босилган. Бир қанча тўпламлар ва достонлар муаллифи. Шеърлари ва достонлари хорижий тилларга таржима қилинган.
“НОЗИМ ҲИКМАТ” КЕМАСИ
Кунларнинг бир кунида
Нозим кемага дўнди.
Дунё денгизларида
“Нозим Ҳикмат” кўринди.
Тушди улкан кўприкдек
Шаҳарлар орасига,
Кўрфазлар орасига,
Оқшомлар орасига.
Ҳасратдан чинқириб ул
Тўлқинларни ёра-ёра
Бир қўлини бу соҳилга,
Бир қўлини у соҳилга узатди.
Қучоқлашди соҳиллар,
Қучоқлашди кўрфазлар.
Денгизларга лангар солди,
Юракларга лангар солди…
* * *
Денгиз кўзли шоир Нозим
Севинчидан, шодлигидан
Ҳуштак чалиб узун-узун,
Қичқирарди узун-узун.
Ҳорғин-тоғин юрагини,
Юрагида пусиб ётган
Машъум, қора ўлимини
Жангга чақира-чақира
У кетарди ўлимга…
…Уммонларга хабар етди:
Сузар дунё сувларида
“Нозим Ҳикмат” кемаси.
Денгизларга хабар етди,
Кўрфазларга хабар етди:
Сузар дунё сувларида
“Нозим Ҳикмат” кемаси.
“Сочларининг оқларида,
Юрагининг оҳларида”
Асраб келган мамлакатда
Жиртак чалди қай бир нокас.
Сузиб ўтди Мармарадан,
Сузди Қора денгизларда.
Кўрфазларга лангар солди,
Шуҳратидан, отидан
Дир-дир титроққа тушган
Шубҳаларга, гумонларга лангар солди.
Ўзи ҳасрат чека-чека
Бир кемага айланди,
Номи келди бу ерга.
Бир хўрсинди Қора денгиз,
Бир хўрсинди Мармара…
Йўллар,
йиллар бунча узун…
Кўзинг ойдин, Истанбул,
Кўзинг ойдин, Трабзон!
Кўрфазларинг ғарқ бўлсин
Ол ёш ила, Туркия!
Нега ҳайрон-лол турибсан,
Гул-чечак-ла, табассум-ла
Чиқ, қаршила, Туркия!
Келур, кема ўғлинг келур,
Ажиб висол пайти келур.
Кўзинг ойдин, оғушингга
Сенинг ўғлинг қайтиб келур.
Усмон Қўчқор таржимаси