Адолат Аскарўғли (1957-2013)

Адолат Аскарўғли (Ədalət Əsgəroğlu) 1957 йилда туғилган. Ҳозирги замон озарбайжон шеъриятининг истеъдодли вакилларидан бири. Олти китоби чоп этилган. “Эртасини йўқотмаган одамлар” (2003) китоби адабий танқидчилик эътиборини тортди ва мукофотга сазовор бўлди.

* * *

Биз кексайиб қолдик, илоҳим,
жуда кексайдик!..
Сочларимиз, ўмровларимиз
оқариб бўлди.
Дардларимиз ўзимиздан ҳам кексадир.
Жон берамиз —
боболаримиздан мерос қолмиш
дардларимизга бош эгиб.
Кўра олмас кўрлар каби кўзларимиз
боболаримизни сўнгги дамда.
Омонат кезинар дардларимиз.
Кексардик, илоҳим, кексардик!
Умидимиз йўқдир эртага.
Тилимизда барча кексаларнинг
узуқ-юлуқ айтган бир қўшиғи,
Сўник кўзларимизга чўкмиш
балоларимизнинг қони.
Елкаларимизда
оғир, муқаддас тупроқ ҳаққи.
Ўлажакмиз, илоҳим, жуда кексардик!
Тош каби лолу жим!
Ўлтирдик чорпоялар устида,
чубук чекиб сабр этдик.
Ўқ ўз бадбахт соҳибини
ахтариб топган каби
Бунча тез топди бизни кексалик?
Оёқларимизга тафт бермаса-да
оёқ босганимиз тупроқлар,
Эй ўтга рўбарў бутларимиз!
Эй ғамангиз толеимиз!
Боқинг, кўринг,
Тупроқ ҳасратли,
Қўзиқорин каби
ажин босмиш
юзимиз бор.
Бу дард, бу кадар ила
олма бизни ўз бағрингга,
олмагин, она тупроқ!

Русчадан Усмон Қўчқор таржимаси.