Одил Мирсайид (Adil Mirseyid oğlu Baxışov) 1956 йилда туғилган. Шоир ва рассом, Озарбайжон модерн шеъриятининг таниқли намояндаларидан бири. “Кўзгудаги одам”, “Булут одам”, “Қўшиқ одам” шеърий китобларининг муаллифидир.
* * *
Бир кеча уйғондим тун, ёмғир чак-чак,
Билмадим қайдаман, кимман, нимаман?
Эҳтимол, фалакдан қувилган малак –
Ва ёки сархуш бир майхоначиман.
Қандай ишонтирай – бахтим юлдузи –
Ногаҳон уйғотди кучли сўз сеҳр.
Кечалар тушимга кирарди тангри,
Тангрига сир бериб, сақлар эдим сир.
Деворга на милтиқ осилар, на ун,
Ёки ўз умримни тўқидим ногоҳ.
Нега уйғонмадим юз йилча олдин,
Нега уйғонмадим юз йил кейинроқ.
Кўкка учмоқликка етмас нафасим,
Жимдир девордаги соат қўрқувдан.
Юз йил аввал ёққан ёмғирнинг саси,
Бу кеча уйғотди мени уйқудан.
Озарбайжончадан Хосият Рустамова таржимаси.