Йохан Себастьян Вельхавен (1807-1873)

Йохан Себастьян Вельхавен (Johann Sebastian Welhaven; 22 декабрь 1807 — 21 октябрь 1873) — норвег шоири, адабий тарихчи. Норвегиялик шоир ўз даври маънавий ҳаётидаги қусурларни танқид остига олган ҳажвий сонетлари, инсон руҳияти акс этган лирикаси билан маълум ва машҳур. У, шеър равшан ва батартиб бўлиши зарур, деб ҳисоблаган. Унинг “Ҳэнрик Вергеланнга” (1834) шеъри доимий ижодий мухолифи Ҳ.А.Вергеланнинг “Норвегия узра тонг” (1830) ҳажвий сонетлар тўпламига жавоби сифатида норвег ижтимоий муҳитида сезиларли воқеага айланган.

ТИКАНЛИ ОЛЧА

Истайсан, дарахтлар бўлса бетикан,
Ҳеч ўйлаб кўрдингми не хавф бор экан –
Мўрт ниҳол бошида; ахир, пайқаб гоҳ
Гулбаргда қон изин – шикаст еган шох
Ярасин боғлайсан, бер-да ўзинг тан.

Тикан – битган яра изидир холос.
Сен каби дарахт ҳам билар: недир мунг,
Синовдан ўтган у, барг ёзган, оз-оз
Гуллари ловуллаб ёлқинланган сўнг.

Кўкламда дарахтзор оралаб ўтсам,
У дарахт иболи эгилиб бир дам,
Шивирлаб деди: “Эй, азизим, жаҳлинг –
Чиқди сал-пал тирнаб қўйганимга ҳам,
Мен қанча ранжидим – етмади ақлинг!”

БЕРГЕН

Шарқдан эсиб шамоллар пуфлар,
Ёлғиз жўка барг ўйнаб уфлар,
Ўзи билан олиб ғамни-да
Сузиб кетар булут ғарб сари –
Ўшал ёқда болалик қарир
Қайтган тўлқин кўпикларида.

Олтин кунлар – болалик имлар,
Эски китоб: рангли расмлар,
Мен ҳар расм куйига шайдо;
Кўпиклаган шовва ости, чин,
Менга Хульдра тутди чилторин,
Тушим бўлди ўнгимда пайдо.

Айт-чи, не у захкаш экинзор?
У – кимсасиз, номсиз, бепушт, зор,
Камгап, худди ибодатхона.
Жилға бўйидаги пўлаттус
Оққайинлар менга буриб юз
Не бой бердим – санайди, ана.

Ташлаб дали дарёга соя
Узанганда ўрмону қоя,
Кўрганмисан, баҳайбат ғоят?
Гул бодраган ялангликларда,
Қуш инида тўшалган парда
Бахт булоғин топдим ниҳоят.

Жаннатий боғ девори ёни
Қўриқчилар мангу қалқони:
Чўққи кўкни кесган шамширдай,
Ботир яроғига атиргул
Мунглуқ гулбаргларин атаб ул
Диса3 сочиб ташлайди бирдай.

У ерларда қирғоқлар овлоқ,
Тоғча китлар мўлжали – у ёқ
Асрайди-да довулда замин
Кўрфаз узра байроқлар ҳилп-ҳилп,
Кеманг, мачтанг узра етилиб
Пишар алвон мевалар тағин.

Унда, Ўзи, бандага мажоз
Барҳаётлик тарҳин тузган соз,
Ўрмон, кўрфаз хорали4 янграр,
Қуббали чўққилар ибодатхонаси
Узра, қораялоқ чуғури-саси
Ва қаҳрли ўлка савти жаранглар.

Беланчагим тебранган ўша
Жимжит, нурли эманзор гўша
Аро орзу балқарди бот-бот;
Босиринқи туш панжасидан
Зил-замбил ўнг исканжасидан
Қутқаради мени хотирот.

Норвегия жон-қалби, салом!
Не синов бор, хулласи калом,
Сен баридан ўтган титансан5,чиндан;
Оғир совут эгнингда, ҳар чоқ
Лекин ўзинг хушфеълу қувноқ
Муҳаббат юраги урар кўксингда.

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси