Нурдал Григ (1902-1943)

Нурдал Григ (Nordahl Grieg) — Норвегия шоири. Унинг исми норвегияликлар учун ҳилпираб турган байроқ эди. У бор-йўғи қирқ икки йил яшади-ю, лекин ажойиб шеърий мерос қолдирди.
1943 йил 3 декабрда Берлин бомбардимон қилинганда кўплар қатори Нурдал Григ ҳам ҳалок бўлди. У Норвег қуролли кучларининг капитани ва ҳарбий журналист эди. Лекин шоир сифатида Нурдал Григ норвегияликларнинг ёрқин юлдузи эди ва шундай бўлиб қолади.  У “Эзгу умид буруни атрофида”, “Оқимдаги тошлар”, “Норвегия – бизнинг қалбимизда” каби шеърий тўпламлари, “Кема йўлида давом этади” романи, “Бизнинг оримиз ва қудратимиз”, “Мағлубият” драмаларини яратади.

АЛЛА

Шимол туни, ел дайди,
Ота-она ғамдайди.
Лекин зулмат қўйнидан
Нурга тўлиб чиқдинг сан.

Осмон йироқ, ер қаттиқ,
Лекин юзинг ёп-ёруғ.
Кўзларинг юм, ухла-ё,
Алла болам, алла-ё.

Қуёш йўқ, лек эртадан
Тўяжакмиз эртакдан.
Эрта қуёш чиққунча
Сен нур сочгин гул-ғунча.

 ЯКШАНБА

Кемамизда бир мўъжиза бор:
Об-ҳавони берибди Оллоҳ!
Рақсга тушар зўр, тантанавор
Шамол, қуёш бир-бирдан огоҳ.
Минг бир зарра ярқираб турар
Тўлқинларнинг қобирғасида.
Қуш галаси яшиндай ҳурур,
Тонг янграйди ўқиб қасида.

Кир ювишга бошлаймиз жадал,
Шимларимиз сақичдай қора.
Кийимимиз эмандай дағал,
Ҳамда зангу қумлардан пора.
Қўшиқ айтиб, латифа айтиб,
Қувонамиз қуёш чароғон,
Зерикишлар кетади қайтиб,
Эртагача бўлади гумдон.

Якшанбанинг алдови ширин.
Яна меҳнат ҳафтаси бордир.
Кирни ювиб бўлдик ва лекин
Хурсандчилик яна ҳам қодир.
Ўғирланган экан-ку, арқон,
Кирни қайга ёймоқ керакдир.
Ёймоқдамиз чаққон ва чаққон,
Қоронғу ҳам тез келмоқдадир.

 УЗУН КУНЛАР

Денгиз узра яна битта кун,
Худди ўша кечаги каби.
Моторлардан сачрайди учқун,
Худди ўша кечаги каби.

Тўлқин кучли, тўлқин шиддаткор,
Худди ўша, кечаги каби.
Осмон сиқар, тўлқин беқарор,
Худди ўша, кечаги каби.

Эртадан-кеч иш ўша-ўша,
Худди ўша, кечаги каби.
Атрофимда юз-кўзлар ўша,
Худди ўша, кечаги каби.

Моторларнинг оҳанги ўша,
Худди ўша, кечаги каби.
Ортда қолди узун кун ўша.
Бугун ёки кечаги каби.

 МАКТУБ

Хатни тутиб турибман хомуш
Дақиқалар ўтади бир-бир.
Ҳарфлару сўзлари таниш
Кулранг конверт кутади бесабр.

Почта муҳри тортар хаёлим,
Ўтибди-ку, роса ўн ҳафта.
Кўм-кўк норвег маркаси лим-лим
Нурларини аста сочмоқда.

Кутган эдим шундоқ ҳафталаб.
Хат йўлига бўлиб интизор.
Хатни шошиб очмайман шитоб,
Назаримда бироз фурсат бор.

Ёпиқ жилднинг ичидаги хат
Сируасрор беркинган гўша.
Қалбимизни ёндирар қат-қат,
Ёзилмаган сўзлар ҳамиша.

ИШСИЗЛАРНИНГ БОЛАЛАРИГА

Яслиларда туғилиб қолган
Чақалоқни алқаймиз чунон.
Ундан кейин у шоҳ бўлажак,
Жаннатларда ургувчи жавлон.

Ҳозир эса очлик, ғам-андуҳ
Болаларни қириб йўқотар.
Болакайлар бунда чилпарчин,
Сен уларни эсла, биродар!

ЁЗ ОҚШОМИ

Ёз оқшоми йўлда борар ароба,
Оқшомги қуёш ҳам сочар қирмиз нур.
Ёнимда шамолда тўзғиб бир қизнинг
Сочлари оловдай бўлиб кўринур.

Қуёшнинг нурлари унинг юзини
Ёритиб турарди олов тусида.
Қаршидан учарди унга рўбарў
Ўрмонлар, далалар кенглик устида.

Манзилга етдик биз. Келдик бўз ерга.
Қарағай елими ярқираб қолди.
Эркаклар ишлатар белкуракларин,
Болалар келишиб шўх сурон солди.

Менга не бўлмоқда? Нурланар шафақ,
Пичан ҳиди роҳат, куйлайди дарё,
Ер юзи яшнаган сиру синоат,
Бир она боласин кўтарган аммо.

Ҳар нарса меники: пичан ҳидлари,
Дарё куйламоқда, орзу яширин,
Келажак куйлайди иқбол ҳақида…
Атрофда сукунат, ишқ жондан ширин.

ДЕНГИЗ

Сенинг дилинг тилсиз бир денгиз,
Ололмайди ақлимни сира.
Лекин сенинг кўзларинг тенгсиз,
Жинни қилмоқ бўлар бир сидра.

Қолдинг танбал тўлқин мисоли,
Қалбим тинчин буза олмас-ов.
Лекин лабинг ёқут тимсоли,
Бу гал мени ёндирган олов.

Қалбинг ўлик денгиздир гўё,
Саҳросида йўқолмоқ осон.
Кўзларингнинг боқиши аммо
Асир этар тамоман, инон.

АВИАСОЗЛАР ҚЎШИҒИ

Бизнинг ҳам бор ўз парвозимиз,
Учмасак ҳам ҳаттоки бизлар,
Мотор, қурол учоқларимиз
Бизни мангу бойлаб банд этар.
Учувчилар жанг этмоғи-чун
Бизникилар бахш этар кучин.

Номсиз бўлсак ҳамки биз жангда,
Ерда меҳнат қилган жангчилар.
Бизлар уруғ сочамиз чангда,
Учувчилар ўриб янчарлар.
Учувчилар жангда ғолибдур,
Авиасоз ерда қолибдур.

Қуёш, ёмғир осмон сатҳидан,
Маҳсул берар ерга дамо-дам.
Учувчилар олган ҳақидан
Ерга қувонч келтирар ҳар дам.
Умид билан сочамиз уруғ,
Эркинликнинг ҳосили қутлуғ!

ЎТЁҚАРЛАР

Пивохона ичра бахтни излаймиз,
Қуруқликда эркинлик, ўйна!
Ҳаёт туман ичра қолгандай ғализ,
Ўз-ўзингни алдашни ўйла.

Пештахта олдида пулни совуриб,
Пичоқ ва мушт шай турар ҳамон.
Кўйлагимиз пора ва пора йиртиб,
Қасам ичмоқ туюлар осон!

Ишлашамиз худди шайтондай жадал,
Даҳшатнинг ҳеч чеки йўқ мисол.
Ўлкамизга кирар қип-қизил амал,
Эриб турган ҳарорат завол.

Қўлларда белкурак тушади ишга,
Кўмир чўғи тоғдай беаёв.
Юқори чиқамиз ҳаво олишга,
Пастда эса ловуллар олов.

Оёқлар ҳорғиндир, чектир тамаки,
Яна баҳсу мақтаниш такрор.
Энди бошқа дўстлар баҳслашсин токи
Чекингунча олам ва ҳунар.

Сўкиш эшитамиз меҳнатни қилиб,
Гуноҳимиз авф этилажак.
Фоҳишалар бизга кўрсатган қилиқ —
Майда бахтдан ким қутулажак?!

ОҲАНГ

Жаранглайди торлар садоси,
Ваҳималар дилимдан кечар.
Ўйлар эдим умр адосин,
Эсда аммо тоғдаги кеча.
Бўш йўргакдай эди ўша ёз,
Осмон ости бизга эди соз.

Эсимдадир сенинг нигоҳинг,
Нигоҳларинг эди бегона.
Кўзда ёшинг, лабингда оҳинг
Нечун кўзёш, сўрдим шу онда,
Сен дердингким тушдаги янглиғ,
Йиғлаганинг мен учун аниқ.

Менинг бўсам аритди ғамни,
У вақт ҳаёт нелигин билдим…
Эсдан чиқиб қолганим дамми?
Ёинки бахт йўқолдими жим?
Қайноқ бўса тушдаги симон
Унутилиб бўлгандир ёлғон.

Шундан буён кулдим мириқиб,
Ҳамма нарса бўлганди унут.
Шунданмикан тун бўйи писиб,
Юрагимга кирди муз сукут.
Ёруғлик йўқ пардада шундан,
Сен йиғлардинг мен учун чиндан.

ВЕЛОСИПЕД РУЛИ

Велосипед рули ярқирар,
Июн. Шумурт гуллаган фасл.
Кўйлаклари юпқа қизлар ҳам
Баҳор каби тансиқ ва асл.

Жуфт-жуфт бўлиб учар жимгина,
Велосипед шохини ушлаб.
Сариқ шиппак кийган йигитлар
Бироз ортда кўнглини хушлар.

— Мен ҳам учай! — Қиз унга тутар
Ярақлаган ароба шохин;
Оппоқ камзул ҳилпирар тинмай.
Олдга, орқа, олдинга гоҳи.

Ва ниҳоят эпчиллик ғолиб! —
Велосипед учмоқда ўзи.
Рулни ушлар қўл билан фақат,
Июн. Шумурт ислари тўзир.

Қиз қўли-ла сийпалар рулни,
Йигит ва қиз улар баробар.
Улар ҳайдар велосипедни,
Дунёлардан бўлиб бехабар.

Улар учар ёнма-ён ва жим,
Кўнгиллари нимагадир зор,
Икковининг қўллари рулда.
Велосипед… Муҳаббат… Баҳор…

ЖАСОРАТ ШАВАТ ДЕМАКДИР

Қаҳрамонлик ва парвоз деган
Яшар буюк жасорат билан.
Ёвузлик-ла дўстдир жасорат,
Ер юзини қилажак ғорат.

Лекин учар ёриб тўлқинни
Жасоратнинг ўзга тўлқини.
Бу жасорат ичра намоён
Меҳр, меҳнат ғоятда шоён.

Бу жасорат бўрондан асраб,
Нону нурга беради тараф.
Бунга ғоят яқин тургувчи
Яшиллигу гўдак кулгуси.

Жасорат-ла денгизчи зоти
Денгизларда енгар зулматни…
Бу дунёда буюк жасорат
Инсонларга бўлган муҳаббат.

МУЗ УММОНИДАГИ ОРОЛ

Орол пайдо бўлмиш денгизда,
Совуқ, қуруқ, яланғочдир у.
Норвегларга берилмишдир бу.
Оллоҳ берган неъмат ва қайғу.

Туманларнинг ёзги подаси,
Сим-сиёҳ қиш қаҳратонлиги.
Қуруқ ерни эговлар шағал
Ҳамда тош, муз ҳукмронлиги.

Бунда бизнинг бошпана бордир,
Барибир ҳам зулматдан зиё
Каби бизлар йўқотган ўша
Мамлакатни эслаймиз гўё.

Ўту ўлан, гуллар, ўрмонлар
Уйимизни ўраб турарди.
Ҳар бир гулу гиёҳлар билан
Юрагимиз қон талашарди.

Мамлакатнинг тупроғи қора,
Бизлар қалбан бир юрт улуси,
Бўй кўрсатар ғам-андуҳ, соғинч
Наҳот ҳаёт шундай бўлғуси?

Биз йўқотдик кенг уфқларни,
Тоғларимиз йўқотганмиз биз.
Энди бизлар аҳил бўлсак ҳам,
Кенгликларни топа билмасмиз.

Оролимиз яланғоч совуқ,
Совуқ ҳамда ялтироқ музлик.
Ушалмайди бунда орзулар.
Ўлажакдир бунда эзгулик.

Бошқа биров, ўзга бир улус
Бу зулматдан чиқаркан аммо.
Ўз кучи-ла мағрур эрур ул,
Биз сингари эмасдир асло.

ЯХШИЛАР

Бўйсунмаган тақдир йўлини
Чақмоқ каби ёритар ўлим.
Энг яхшилар ҳалок бўларлар
Курашимиз ўтида сўлиб.

Қалби тоза жасур ўғлонлар
Эди доим қатъий ва қўрқмас.
Ҳаёт билан видолашдилар,
Режалари қолдилар абас.

Дунё ишин олди тириклар,
Майли, қолсин ўлим билмаслар:
Қўрқа-писа жимгина яшаб,
Ўтмас пичоқ қалби ўлмаслар.

Яхшиларни ювар тўлқинлар.
Ер юзидан ўчирар ўқлар.
Янги авлод, келажак учун
Бор-йўғини бермишди улар.

Агар бизлар уларни эслаб,
Йиғларканмиз аччиқ ва аччиқ.
Бу хиёнат қаҳрамонларга,
Хиёнатдир очиқдан-очиқ.

Яхшиларнинг васиятларин
Бажарингиз кўзёш тўкмайин.
Фақат жасур юраклар учун,
Улар қони тўкилмиш тайин.

Яхшиларни кўрган инсонлар
Хотироти бой эрур, илло.
Яхшиларнинг жасоратларин
Фарзандлари эслар доимо.

Бойитдилар бизни яхшилар
Бутун борлиқ, жаҳони билан.
Яхшилар ҳеч ўлим билмагай
Шарафию ва шони билан.

Рус тилидан Азиз Абдураззоқ таржималари.

ЁЗ КЎЗИ

Йўл танобин тортар чанғим, қуёш суст,
Ботар кун, чиқар кун.
Саҳрога чирмалган излар устма-уст,
Қаҳри қаттиқ тоғлар олар совуқ тус,
Тепада кўк сўник ва беун.

Музлаган дарёча бўйлаб юрсам гар
Соз, деб, бежон қирдан тушдим шаҳд қилиб;
Мовий тоғлар аро кўзга илғанар,
Шафақ яллиғида гўё сирғанар
Анарйокка иланг-биланг чўзилиб.

Чанғим адаштирмас қўшиғин ҳеч дам
Ғира-шира тонглар ёришган сайин,
Кўзларни бичгудай чошгоҳга ҳамдам,
Аёз бағридаги ойдинда ўктам
Куйлар асло оҳанг тахин бузмайин.

Кўк-у саҳро аро янграр вақт уни;
Элас-элас, лип-лип шуъла уринур…
Ногоҳ кўриб қолдим қор узра шуни,
Мовий аланганинг мовий учқуни!
Мовий бир гардишдан чиқар эди нур.

Гўё муз қўйнидан боқар ёз кўзи –
Бу, ях эриган жой ҳовлиқиб, тўлиб,
Ҳаёт қўшиғини айтади ўзи.
Туб – тошлоқ, сув ўйнар, чўлпиллар музи
Тўнглаган заминнинг бўсаси бўлиб.

Эй, уйғоқ ҳаёт-у тиним билмас сув,
Вақти келар ҳали
Бунда эркин сузар оққушлар сулув,
Оқ кема дарёга солади ғулув,
Етар ёзнинг гали.

Аммо ҳозир эга бўлганларимоқ
Шукур қилмоғимнинг лойиқ сабаби.
Бу мовий оқимлар ўйнар, кулар гоҳ,
Менинг юрагим ҳам очилар бу чоғ –
У, муз эриган жой ёз кўзи каби.

Юрагим, тўл, мангу балқиган кўйи
Чорлаган бу нурга айлагил жавоб!
Тошлар бор, нур шимиб йиғар кун бўйи,
Сўнг нуру тафт берар совуқ тун бўйи –
Бундан маъни топ.

Эй, гўзаллик ғолиб, ёш, шавққа тўла,
Дардинг ҳушни олар, ўзга қаратиб!
Ҳаёт, сўнсам, билки, сочгайдир шуъла
Руҳим коинотни қучиб бир йўла
Замин гўзаллигин хушҳол таратиб!

НОРВЕГ КЕМАЛАРИ

Бу – темир жон, тоши – ўн тонна,
Қора тўши ёрар тўлқинни.
Човут солса довул беаёв,
Йўлдан қолмас – ҳеч бузмас синни.

Портга кирар, юк кўтаргич-ла
Туширилар келтирганлари.
Ўзи эса бурилиб олар
Интиқ мовий уммонлар сари.

Ҳозир келди, тағин сафарга –
Ҳужжат тайёр, олға, марҳамат,
Дакка, Бўмбай, Кобе ё Гонконг
Уйи томон сузмайди фақат.

Темир қисиб, денгиз чирмаган
Кимдир бунда ботартиб ишлар.
Ким бу ходим? Тоши – ўн тонна,
Киракашлик берар ташвишлар.

Лекин тунда яйдоқ денгиз ё
Ёт элдаги узоқ бир портда
Зулмат ичра биқинган ҳаёт
Мавжудлиги сезилар бортда.

Тизилгандир мачтага кўк барг,
Кўмир устин ёпган ўт-ўлан,
Ҳув, олисда зангори бурун,
Шафақ уйни қоплар зар билан.

Ўрмон иси – умумхонада,
Майин куйлар ненидир дарё;
Шундай яшар у – жонажон юрт
Денгизчининг тушлари аро.

Тингларми у жўмрак шовқинин?
Йўқ, бир бошқа дунёда иши
Келар унга олис ёз туни
Блаккеннинг қадам товуши.

Туёқ саси, ўрмон шовқини
Уйғунлашар, юрак ҳаприқар.
От бир текис қадамлар экан,
Тинч бир ҳаёт яйловга чиқар.

Жанубий хоч қораяётган
Кўкда қордай сепилар бисёр,
Уйга қайтар икковлон шомда,
Эрир аёл сочларида қор.

Қўрс кўринган иссиқ оролни
Мавж недир деб тебратар, гўё ,
Қуш қичқирар, тушар булдуруқ,
Мовий сувда сирғалар рўё.

Тўлқин урилдию настарин
Остидаги бола уйғонди,
Аммо дарҳол мавж алласига
Ром бўлди-ю оромга қонди…

Тўлқин қайтар, гуруллар гулхан,
Денгиз оша чорлов юборар.
Қаҳва анқир, чайқалар зира…
Очиқ кундан тонг берар хабар.

Қораялоқ кумушин сочиб,
Какку саси сингар узоққа.
Дўстлар ботиб зар тусли чангга
Кетиб борар бозорли ёққа.

Бўш жойда уй бўлибди пайдо,
Боғ соясин тўшабди бутун;
Ана, таниш қадам товуши –
Пешвоз чиқар она. Хайрли кун!

Тун. Бандаргоҳ. Юк – буғдой келар,
Оқ йўнғичқа бўлиб анқир ой.
Дарвозадан чиқиб келган қиз
Турар ёлғиз – кутар, ҳойнаҳой.

Бу – темир жон, гирдини ўраб
Ёт тўлқинлар қасд қилар мангу.
Аммо элтар бортида мудом
Бебаҳо юк – юрт руҳини у.

ЭНГ ЯХШИЛАР

Мардлар умр йўлин машъалдай
Ёритади ўлим баъзида.
Энг яхшилар бўлади ҳалок
Курашимиз алангасида.

Кучи қайнар, юраги тоза,
Ҳар бири ҳам ёвқур, аҳди чин.
Видолашди бирдан ҳаёт-ла
Охирига етказмай ишин.

Тирик эга эрур дунёга,
Майли, омон бўлсинлар ҳар дам,
Ўлимга тик боқмайдиганлар,
Тинчгина кун кўрувчилар ҳам.

Гирдоб ютар энг яхшиларни,
Чувлаб ўқлар бошига етар.
Бу одамлар келажак учун
Имконида борин бахш этар.

Шарафласак, ёдласак маҳзун,
Гар ёшимиз дув-дув тўкилур,
Шундай асл қаҳрамонларга
Нисбатан бу – хиёнат бўлур.

Энг яхшилар васиятини
Бажараркан, йўл қўйманг оҳга.
Лойиқ фақат энг жасур юрак
Улар қонин қабул қилмоққа.

Ким уларни тириклигида
Кўрган, шу ёд билан бойдир, рост.
У, қурбонлар фарзандлари-чи,
Олгай улар мардлигин мерос.

Не-ла тирик одамзод – барин
Энг яхшилар бойитдилар, бас.
Энг яхши одамлар мангудир,
Энг яхшилар – абадий ўлмас.

Рус тилидан Муҳаммадали Қўшмоқов таржимаси