Виллем Билдердейк (1756-1831)

Шоир ва олим Билдердейк (Willem Bilderdijk) ёшлик йилларини кўҳна ва замонавий тилларни, математика, фалакиёт, ер ҳақидаги фанлар ва ҳарбий илмларни ўрганишга сарфлади. Лейден университетини тамомлаб, 1782 йилда Гаагада адвокат бўлиб ишлайди. 1792 йилда янги ҳукмдорларга содиқ бўлишга онт ичмагандан кейин, шоир Нидерландияни тарк этишга мажбур бўлди. Олдин Гамбургда, сўнгра Лондонда хусусий дарс бериб кун кўрди. 1806 йилда Наполеон армияси Голландияга кириб, Янги Нидерландия қироллиги ташкил этилганда, Билдердейк ватанига қайтди ва қирол Людовик Бонапартнинг саройида нидерланд тили ўқитувчиси ҳамда қирол институтининг кафедра бошлиғи бўлиб ишлади. Наполеон бутунлай тахтдан четлатилганда, Билдердейк ҳам ишдан кетди.
Билдердейкдан филология, таржимачилик ва миллий адабиёт тарғиботига оид жуда катта ижодий мерос қолган. “Ибодат” (1796), “Олимларнинг дарди” (1809), “Шеърий санъат” (1809), “Хайрлашув” (1810), “Гуноҳкорларнинг тавбаси” (1826) сингари шеърий тўпламлари ҳамон қадрли.

ВИЖДОН

Нима, сен Холиқнинг эрмагимисан?
Нимадир сендаги ҳақиқий маъно?
Бизга ёпишасан ярим тун аро,
Бизга ҳақ, ноҳақни айтиб турасан.

Ўтмоқми жар узра осиқ кўприкдан,
Нимасан, боши берк кўчамисан ё?
Тишли ғилдиракми, ухлатмас бало?
Умидми, дам сайин кутган, ичиккан?

Уйинг қайда сенинг – ичдами, ташда?
Ёки сен нафснингми орқа тарафи?
Тушдами, ўнгдами кўринар кўркинг?

Раббим панд бергани ёдимга тушди:
“Ҳар жойда мен борман, виждон – менинг гапим.
Ҳам шундай деганман: Худодан қўрқинг!”

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси