Сиддхи Чарон Шрешта (1912-1992)

Сиддхи Чарон Шрешта (सिद्धिचरण श्रेष्ठ) – Непал шоири, таниқли адабиётшунос. Инқилобий руҳдаги шеърлари учун 1940 йилда 18 йил озодликдан маҳрум этилади. “Урваши” достони, “Менинг аксим” китобининг муаллифи.

ОЙДИН ШАРШАРА

Бир лаҳза ҳам тинмайди –
Жарангдор ва навқирон.
Кўнгул туби тубсиздир –
Куйла, куйла беармон!

Тинглар уни водийлар,
Ғорлар тинглар, гулшанлар.
Ҳадсиз, узундан-узун
Ёруғ гулзор, чаманлар.

Барглар тоза ва хушбўй,
Ой ва юлдузлар ёрқин.
Учқунларда акс этар
Сенингдек тиниқ, жўшқин,
Шудрингларда товланар…

О, шаршара, шундай бой,
Танти бўлмоқ, қандай соз!
Қучиб бўлмас кенгликлар
Туҳфа этар хуш овоз.

Гул, ором ўлкасида
Қайғудасан, не армон?
Излайсан олислардан
Бўронними қадрдон…

Чирмовиқлар оралаб,
Ойдин, сирли ўйингни –
Югурасан, топдингми
Уммонлардан уйингни…

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаcи