Мадхав Прасад Гимир (1919)

Мадхав Прасад Гимир (माधव प्रसाद घिमिरे) – Непал шоири. “Ражешвари” ва “Осий она” достонлари унга катта шуҳрат келтирган.

ҚАДРДОН ТОҒЛАР

Мен шундай севаманки ватаним тоғларини,
Унинг мовий кўллари кўзгу эрур фалакка,
Ундаги водийлару гўзалликнинг барини…
Севдим, самоси эса ложувард юксаклик, ҳа!

Қадрдон тоғлар… Бунда жуда ҳам сероб гуллар,
Қумрилар даврасида муҳаббат гурунглари,
Ньяули дегани-ку унутма деб зорланар…
Юлдузлар милтиллаши… – завқимга ошно бари!

Дўстларим ой нурида бахт ҳақида куйлашар…
Қадрдон Ҳимолайим! Сен абадий хилқатсан.
Қалбим қайга йўл олса, ихтиёрингда яшар –
Камолим ва соғинчим ватанга муҳаббатдан.

Қорли тоғ тизмалари… ортида мамлакатим…
Гар қуёш юракда йўқ – тим қоронғи теварак.
Мен кўряпман – ана у ҳаворанг чўққи қадим
Ва ёнида булутлар латиф дўстдай жонсарак.

Шундай яқинки улар, мана, жингалак сочи,
Тегинмоқчи бўлсанг гар – тепага чўз қўлингни.
Унда – менинг ватаним… мудом ҳижрондан чўчиб,
Муҳаббатда кўрдим мен саодатманд йўлимни.

…Чўққи пинжига кирди кўкнинг оппоқ булути,
Худди юрак қаърига ёруғ қайғу киргандай!
Менинг кўз ёшларимда қалқиди севги ўти,
Камалак жилосидан кенгликлар кенгайгандай.

ШАҲИД ҚАҲРАМОНГА

Биз қўлда шамчироқ, қалбда қайғу билан турибмиз,
Биз сени эслаймиз, баҳодир. Шахтингга офарин жоиз!

Қаттиқ курашларда иссиқ қон оқди дарё сингари, ёҳу,
Сен қуладинг, аммо ёдингни она халқим унутмас мангу.

Биз ишонамиз – ғалаба барҳақ, озодликни сақлаймиз,
Биз сени эслаймиз, баҳодир. Шахтингга офарин жоиз!

Биз овлоқда зорланардик, мотамсаро кайфиятда,
Эплардик қисмат ҳаддин чидаб, ўтиниб азиятга.

Сен эса аёвсиз жангга кирдинг асрий дардга чўкмай тиз,
Биз сени эслаймиз, баҳодир. Шахтингга офарин жоиз!

Сен тоғда отрядни жангга чорлабсан, биз эшитмадик,
Кўчамиздан ўтибсан, бизни уйимизга тиққанди ҳадик.

Сен жонингни биз учун бердинг, барҳам топар манфур уруш,
Ҳозир бизга қандай оғир – юракларда ҳасрат билан туриш!

Ватан маҳзун инграганда сен уйда жим ўтиролмадинг,
Оғалар қандай ҳалок бўлишига асло чидай олмадинг.

Сен тушундинг – янги ҳаёт қуриш бўлмас зинҳор қурбонсиз,
Биз сени эслаймиз, баҳодир. Шахтингга офарин жоиз!

Байроқларда шиор ёнар: “Халқ –ўзини ўзи қўллайди!”
Уйларда шамчироқлар шаҳид қаҳрамон руҳига гуриллайди.

Сенинг курашингдан руҳландик, душманни мағлуб этамиз!
Биз сени эслаймиз, баҳодир. Шахтингга офарин жоиз!

Миннатдор авлодлардан пойингда гулчамбарлар.
Афсонавий қаҳрамонлар ёнида сен ёшсан бир қадар.

Улар сенинг йўлингдан борар, ибрат бўлиб қолдирдинг чўнг из…
Тинч ухла, бизнинг шаҳид қаҳрамон! Шахтингга офарин жоиз!

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси