Йоханн Вольфганг Гёте (1749-1832)

Гёте Йоханн Вольфганг (Johann Wolfgang von Goethe; 1749.28.8, Франкфурт-майн — 1832.22.3, Веймар) — немис ёзувчиси ва мутафаккири. Янги давр немис адабиётининг асосчиси. Ижоди 18-асрнинг 70—80-йиллари Германияда мавжуд бўлган «Бўрон ва ҳужум» адабий ҳаракатида иштирок этишдан бошланган. Шу даврда Гёте «Гец фон Берлихинген» (1773), «Прометей» (1773) каби драмалар ва лирик шеърлар яратди.
Гёте адабий фаолиятининг илк даврига мансуб «Ёш Вертернинг изтироблари» (1774) романи ўша давр немис адабиётида катта воқеа бўлди. Асарда илғор немис ёшлар авлодининг ижтимоий фожиаси ўз аксини топган. 1786—88 йилларда Гёте Италияга сафар қилади. Шу даврда у «Ифигения Тавридда» (1779— 81), «Эгмонт» (1788), «Торквато Тассо» (1780—89) каби драмалар ёзади. «Шеърият ва ҳақиқат» автобиографик китоби (1811—33), «Вильхельм Майстернинг ўқиш йиллари» (1793—96), «Вильхельм Майстернинг дарбадарлик йиллари» (1821—29) романларида инсон билан жамият ўртасидаги муносабат масаласи акс этган.
Гёте Шарқ мамлакатлари тарихи, маданияти, адабиётини чуқур ўрганади, Фирдавсий, Фаридиддин Аттор, Румий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби шоирлар ижоди билан танишади. Бу пайтда Ибн Сино, Улуғбек, Алишер Навоий ижодларидан намуналар немис тилига таржима қилинган эди. Гёте «Мағрибу машриқ девони»ни (1814—19) Шарқ шеъриятидан илҳомланиб ёзган. Девон «Муғаннийнома», «Ҳофизнома», «Ишқнома», «Тафриқнома», «Ранжнома», «Ҳикматнома», «Зулайхонома», «Темурнома», «Соқийнома», «Маталнома», «Форсийнома», «Хулднома» каби 12 бўлимдан иборат. Девонда «булбул», «ҳур», «фатво», «муғанний», «муфти», «тилсим», «мирзо», «дарвеш» каби сўзларни аслиятда қўллайди.
Гётенинг «Фауст» фожиаси (1768—1832) жаҳон адабиётидаги шоҳ асарлардан ҳисобланади. Бу асар Гётенинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самараси бўлди.
Гёте фалсафа, ҳуқуқшунослик, ботаника, геология, геодезия соҳаларига оид асарлар ҳам яратган.
Гёте шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш 20-асрнинг йигирманчи йилларидан бошланган (Чўлпон, Ойбек, Шайхзода ва б.). Кейинчалик Гётенинг «Фауст» (Эркин Вохидов таржимаси, 1972—75), «Мағрибу машриқ девони» (С. Салим Бухорий таржимаси, 1985—90), «Ёш Вертернинг изтироблари» (Я. Эгамова таржимаси, 1975) каби асарлари ўзбек тилида нашр этилган.
Гёте ижоди ҳақида ўзбек адабиётшунос ва танқидчилари (В. Зоҳидов, И. Ғафуров, О. Оллоберганов, Я. Эгамова, Пошали Усмон угли ва б.) адабий-танқидий макрлалар ёзишган. Германиянинг маърифий-маданий тадқиқотлар олиб борувчи нуфузли маркази Гёте номи билан аталади. Гёте институтининг филиаллари жаҳоннинг 78 мамлакатида, шу жумладан Тошкентда ҳам фаолият кўрсатмоқда (1998 йилдан).

ҲАЁТ

Ҳаёт, мени санама ожиз,
Такрор-такрор тегма жонимга!
Хотиржамлик тилайман ёлғиз,
Сола кўрма чанг имонимга!
Не йўл танлай? Кетайми бадар,
Азоблайсан бевақт, бемаҳал.
Бахтга ноил бўлмасам агар,
Ақл бергил менга лоақал!

ЖАСОРАТ

Олисларга дадил боқ, ўғлон,
Ҳали ҳеч ким босмаган қадам –
Майдонларни забт айла шодмон,
Ўз-ўзингга йўл оч муаззам!

Сал оғирроқ бўлгин, юрагим!
Дарз кетса – ҳеч айлама парво!
Ёрилса – муз, сен эмас асло!
(1775-1776)

САЙЁҲНИНГ ТУНГИ ҚЎШИҒИ

Тун қўйнида қоялар
Мудрайди аста.
Кўз илғамас соялар
Кезмайди пастда.
Чанг босилмиш йўлларда,
Борлиқ ухлар жам.
Сабр этгил, пайт келар-да,
Тин олгунг сен ҳам…
(1780)

АЛВАСТИ*

Ким бемаҳал, тунда ўрмон ичра от солган?
Ўғилчасин мингаштирган отлиқ, кеч қолган.
Қути учиб отасига ёпишса ҳам, воҳ,
Исимайди, болакайни босади титроқ.

“Намунча сен қисинасан пинжимга, болам?”
“Алвастини кўрдим, ота… кўзлари ола…
Бошида бор қора тожи, соқоли ўсган…”
“Йўқ, оқарган тумандир у, дарёни тўсган”.

“…Яхши бола, мен томонга ташла бир назар;
Кўп ғаройиб нарсаларни кўргунг муқаррар:
Феруза гул, турфа гуллар, дур-гавҳар бисёр,
Нақ олтиндан қуйилгандир қасрим улуғвор”.

“У алвасти, юр, қасримни кўрасан, дейди,
Дур бераман, ўйнаб-кулиб юрасан, дейди!..”
“Йўқ, йўқ, ўғлим, сенга шундай туйилгани рост,
Алвастимас, шамол ўйнар баргларни холос…”

“…Кел, болажон! Билсанг агар, эманзорим зўр,
Гулдай-гулдай қизларим бор, сен уларни кўр.
Биргалашиб, елиб-чопиб ўйнагайсизлар,
Ҳориб-толсанг, ухлатишиб қўйишар қизлар”.

“Ота, қаранг! Қизларини чорлар алвасти;
Ана, шохлар орасидан имлашар аста…”
“Йўқ, ҳаммаёқ тинч; кўрганинг қизлар эмас, йўқ:
У ҳурпайган дарахтлардир, кўнглинг бўлсин тўқ”.

“…Ширин бола экансан-да, ялинмам ортиқ:
Йўқ десанг гар, зўрлик билан олурман тортиб!”
“Ота! Ота!.. Қувиб бизга етай деб қолди!
Нафас қисар… ана… мени ушлаб ҳам олди!..”

Ваҳимага тушган отлиқ ўқдай елади;
Ингранади бола, гоҳ-гоҳ оҳ-воҳ қилади…
Уйга етди ота боқмай ўнгу сўлига…
Бола ўлиб ётар эди ота қўлида.
(1782)
____________
* Шеърнинг асл номи “Ольха қироли”. Рус таржимони “Лесной царь” дея таржима қилади. Мазмунидан келиб чиқиб “Алвасти” деб ўгирдик (изоҳлар таржимонники).

ФИЛИНА

Бас, етарли, кўз ёшлар ютиб,
Тун узун, деб ёзғирмоқ нечун?
Йўқ, Филина, тун яратилган
Сайли сафо, хуш дамлар учун.

Эркаклар дер: “Қўш мағизмиз биз!”
“Ярим”ларин тутиб назарда.
Кун ярми – тун, шу бизга азиз,
Тун гўзалдир азал-азалдан!

Кундуз ташвишларга ҳамроздир,
Кундуз доим ғурбат-ла боғлиқ.
Кундузнинг тез ўтгани создир,
Унда бўлмас ҳеч вақтичоғлиқ.

Лекин кечда сокин тун бағрин
Равшан айлаб ёнганида шам,
Нозлар ширин, сўзлар ҳам майин,
Бол томади дудоқлардан ҳам.

Қўшилишиб кетар нигоҳлар,
Амур – ошиқларнинг муҳиби,
Бизни ишқий ўйинга чорлар,
Тун туйилар бир роҳат киби.

Севишганлар узра ногаҳон
Бахт қўшиғин куйласа булбул,
Кўнгилларга жойлайди фиғон,
Руҳларни ҳам айлайди малул.

Онт ичурмиз шунда баякбор,
Кузатурмиз соат бонгини,
Ўн иккинчи занг билан такрор
Қаршилармиз висол тонгини!

Ким кундузи зерикса беҳад,
Диққат қилсин шундай маънога:
Ғамга ботса гар кундуз қат-қат,
Тун тўлиқдир сайли сафога!
(1795)

ЙИҒИДАН ТОПИБ ЮПАНЧ…

Айтгил, нечун чўмдинг хаёлга?
Атрофда барча шодмон.
Кўзларингда андуҳ изи бор,
Йиғладингми, дўсти жон?

“Ғам чекканим – ғаройиб нарса,
Юракка чуқур ботар.
Кўз ёшларми?.. Йиғласам хушдур,
Кўнгил ҳам енгил тортар”.

Суйкалишиб келишса дўстлар,
Тортма четга ўзингни;
Агарда ғам тушса бошингга,
Оч уларга кўнглингни.

“Сиз, бахтлилар, англармикансиз,
Мен англаган қайғуни?
Не ҳақда… Йўқ! У меникийди…
Йўқотиб қўйдим уни”.

Чўктирма ҳеч кўнглингни, зинҳор!
Ёшсан, мард бўлур эрлар.
Изласанг, бас, топасан бешак,
Ноумид шайтон, дерлар.

“Афсус! Бари беҳуда сўзлар!
Топиш осонмас бироқ.
Топай десам қўл етмас, ора –
Юлдузлар қадар йироқ”.

Нечун излай юлдузларни мен?
Улар ҳусни кўкка зеб.
Тунда осмон тиниқ чоғ, боққин,
Осмон кўрки шулдир, деб.

“Осмон тиниқ бўлганда қараб,
Кўзларимни олмайман.
Тунда… кўзда қанча ёш бўлса,
Тўка-тўка толмайман…”
(1803)

ДЎСТИ УЧУН ДЎСТ

Қўнғироқгул ўсади,
Ҳаворанг гул, ҳаворанг.
Бошин баланд кўтармиш
Майсалар узра, қаранг.

Ширинтомоқ болари
Шарбатин тотар нуқул:
Ахир дўсти учун дўст
Асалари билан гул.
(1814)

ПАЖ* ВА ТЕГИРМОНЧИ ҚИЗИ

П а ж
Қаёққа? Тўхта бирпас!
Гаплашайлик бир нафас!
Исминг нимадир?

Т е г и р м о н ч и қ и з и
Лиза.

П а ж
Қаёққа борасан? Шошилма, пари!
Қўлда хаскаш билан чопмайдилар, бил.

Т е г и р м о н ч и қ и з и
Яқин ўтлоғимиз, бизларнинг манзил
Ҳов анови қўрғондан нари.

П а ж
Қўрқмайсанми ёлғиз юрмоққа?

Т е г и р м о н ч и қ и з и
Узоқ эмас ўтлоққа!
Аммо ишим жуда шошилинч:
Ҳил-ҳил пишди боғда ноклар ҳам,
Ўримдан сўнг тераман кам-кам,
Қушлар чўқиб қўймаётир тинч.

П а ж
Йўқми бунда шийпон биронта?

Т е г и р м о н ч и қ и з и
Иккита бор икки томонда,
Ҳў-ў, панжара олдида бири.

П а ж
Соз бўларди, Лиза фариштам,
Унда икков танҳо олсак дам,
Салқин ҳаво гаштини суриб!
Нокингни ҳам қоқиб берардим…

Т е г и р м о н ч и қ и з и
Сал қийналиб қолмасмикансиз?

П а ж
Сўнг қучоқлаб, кўкрак керардим…

Т е г и р м о н ч и қ и з и
Хийлагина шум, қув экансиз…

Ўз ҳаддини билсин ҳар киши,
Дейдилар-ку, тенг-тенги билан.
Оқартирмоқ – доим ун иши…
Кийимингиз қоп-қора экан,
Кир қилади унга тегиб ун,
Чўтка ҳам йўқ, тозалаш учун…

Йигитим бор, батрак, мард ўғлон,
Удир кўнглим ёритган зиё.
Ун билан ун чиқишар осон,
Ун унни ҳеч кир қилмас, асло!
(1797)
______________
* Паж – маҳрам, зодагонлар ёки подшо саройида хизмат қилувчи ўғил бола, ўсмир.

ТОҒДАГИ ҚАСР

Чўнг қоялар аро қўр тўкиб,
Қаср турар юксакда, ана.
Миноралар бир пайтлар мағрур
Рицарларга эди бошпана.

Гўрда ётар рицарлар бироқ,
Миноралар куйиб бўлган кул.
Нураб ётган деворлар бўйлаб,
Ичкарига мен оламан йўл.

Бир замонлар ертўла ичра
Сақланарди қимматбаҳо май.
Оқсоч қиз ҳам энди бу томон
Кўза тутиб қўйганди кирмай.

Аввалгидек шошилмас залга,
Меҳмонларни олмайди кутиб,
Майдан қуйиб қутлуғ байрамда
Попга лутфан юрмайди тутиб.

Елиб-чопар экан, паж томон –
Чўзилмайди қадаҳ тутган қўл:
Пинҳон қилган сийлов учун қиз –
Пинҳон ҳадя этмайди қабул.

Деворлар ҳам, шифту пештоқ ҳам
Зинапоя – ҳаммаси вайрон.
Қулаб тушган ибодатхона,
Хоналардан кўринмас нишон.

Аммо хушнуд бир кунда, ёнда –
Ёш қайлиғим, суюклим, жоним,
Қўлда шиша, ўзга қўлда уд,
Тик қояда турган замоним,

Вайронага файз кирди гўё,
Ҳаётбахш руҳ кезди ҳар ёқда.
Аввалгидек байрам айёми,
Шовқин-сурон эшитилмоқда.

Хаёлимда, нозик меҳмонлар
Масрур келишмоқда изма-из.
Хаёлимда, ўтган замондан
Бир жуфт бўлиб кирмоқдамиз биз,

Кашиш кутар минбар олдида,
Ҳузурига чиқгаймиз аста,
У сўрайди: “Розимисизлар?..” –
Ерга боқиб деймиз секин: “Ҳа…”

Жаранглайди фараҳли қўшиқ,
Ёш қалблардай покиза ва соф,
Ҳаёт ишқи, ёруғ туйғулар
Юраклардан ўтади шаффоф.

Шом киради ҳаш-паш дегунча,
Тинар, тугар ишқнинг эртаги.
Ботаётган кун қоялардан
Йиғиштириб олар этагин.

Хонимлардай юрар оқсоч қиз,
Паж рицардай кезади шахдам.
Пажни меҳмон қилар, сийлар қиз…
Ҳадя берар сахий йигит ҳам…
(1802)

ЭҲТИРОС СЕГОҲИ*

1. Вертерга

О, кўзларни аччиқ ёш-ла сийлаган сиймо,
Гўё ўтмиш соясидай бўлдинг намоён,
Меҳмон каби кутиб олди бу ёруғ дунё,
Ҳайиқмасдан рўбарўмда турасан шу он.
Сен ёдимга солдинг, ўша олтин дамларни,
Яшнарди биз учун гуллар далалар аро.
Ҳайдаб нари бор кундузги ташвиш-ғамларни,
Айлар эдинг кун ботишин завқ-ла томошо.
Сен-ку – кетдинг, қисмат экан яшаб қолдим мен,
Кетдинг, аммо кўп нарсани йўқотмадинг сен.

Аслида-ку, бахт-толе деб берилган ҳаёт:
Кундуз кўрки, тун чиройи, само, коинот.
Аммо жаннат боғларин бир кезган одамзод,
Офтоб нурин симираркан, дам ўтмай, ҳайҳот, –
Қисматда бу – жим турмайди, дарҳол шу пайти
Ўз-ўзи-ла, ўзга ила кураш бошлайди.
Аммо бири иккинчисин босолмас ўрнин!
Ташқарида – тун, кўнгилда – кўргаймиз нурни,
Ё чулғаса қалбни зулмат чароғон кунда,
Қандай бахтни бой бердик биз – англаймиз шунда.

Мана ўша! Сен қанчалар ҳаяжонда лол,
Аёл кўркин кучин кўрдинг нечоғ бемисол!
Мафтун йигит ёрқин, порлоқ рўёларга ғарқ,
Баҳор сари одим отар, баҳордай ярқ-ярқ.
У ҳайратда: бағрин очмиш унга кенг олам,
Уникидир жумла борлиқ, еру осмон жам.
Ҳозир унга уй ҳам тордир, қасрлар ҳам тор,
Йироқларга интилади пуркуч улуғвор.
Қуш мисоли уфқларга этади парвоз,
Осмонларга учар, яйрар, чарх урару боз –
Ерга томон қанот қоқар осмон-фалакдан,
Ёр нигоҳи чорлар уни юрак-юракдан.

У барибир билар, бир кун – эртами ё кеч,
Асир тушар, парвозга ҳам илож қолмас ҳеч.
Висол они – фароғатдир, ҳижрондир – дўзах,
Яна висол! Шаксиз тутгай ҳар ённи фараҳ!
Бир лаҳзада йиллар шавқи бўлгай жобажо!
Аммо ортда пойлаб тургай ҳижрон, алвидо.

Кўзларингда ёш ялтираб, маҳзун кулдинг сен,
Ўлим билан донг таратдинг, машҳур бўлдинг сен,
Ҳамма кўз ёш тўкди аччиқ сўнгги фурсатда,
Ташлаб кетдинг бизни шодлик, ғаму ғурбатда.
Уч-қуйруқсиз тақдир бизни тинч қўймас асло,
Эҳтироснинг чалкаш-чулкаш йўллари аро
Бошлайди биз бебахтларни: “Тўхтама, юр!” деб,
Замирида ўлим пинҳон ҳижронни кўр, деб.
Ишқ куйчиси куйлар, кўнгил йиғлайди зор-зор,
Видо – ўлим, суйганингдан айрилма зинҳор!
Алам тортган руҳсизларга юпанч эт ато,
Дардларидан сўз очишга имкон бер, худо!
(1824)

2. Элегия

Азобдан лол қолиб қийналганда жон,
Дардимни айтишга йўл берди раҳмон.
Торквато Тассодан

Не келтиргай интиқ қилган висол оқибат,
Ҳали-ҳануз очилмаган, ул бокира гул?
Дўзахми ул, жаннатми ул – шодликми, ҳасрат?
Оҳ, кўнглингга шубҳа-гумон излаётир йўл.
Ул гул жаннат сари борар, яқин кирмоғи,
Севгисида – яшнар сенинг самовий боғинг.
Аста жаннат боғларига босарсан қадам,
Мангу умр соҳибидай, мангу руҳ каби.
Бунда йўқдир умидлар ҳам, хоҳиш, азоб ҳам,
Бунда – сенинг Эрам боғинг, орзу-матлабинг.
Дунёдаги ўшал танҳо нигоҳга тик боқ:
Кўз ёшларинг қурир тамом, боққил яхшироқ.

Кун судралар амал-тақал маъюс ва мунгли,
Зерикарли лаҳзаларни санайсан бир-бир.
Аммо кундуз, қоқ тушдаги офтоб ҳам тунги –
Бўса изин йўқотишга эмасдир қодир.
Лаҳзалар ҳам бир-бирига ўхшашар, қаранг:
Ака-ука янглиғ бир хил, аммо турфа ранг.

Сўнгги бўса ширин… ҳайҳот, мастсан лаззатдан,
Лаб босасан дудоқларга ташна ва чанқоқ.
Шошиласан ортга қараб, қочиб жаннатдан,
Гўё сени қувиб солар фаришта шу чоқ.
Олдга боқсанг қоронғу йўл, – дилга чўкар ғам,
Ортга боқсанг – ёпиқ жаннат дарвозаси ҳам.

Юрак ногоҳ узлат сари чекинар гўё,
Гўё қизга мутлоқ сирин очмаган мисол,
Толени ҳам ҳис этмаган, билмаган ҳатто,
Ёғдуси-ла юлдузларни қолдирмаган лол…
Шубҳа-гумон, қайғу-алам, гина, маломат
Қамраб келар эди уни мисли фалокат.

Ёки олам йўқ бўлдими? Наҳотки тоғлар
Тонг нурида олтинланмас, кўрсатмас чирой?
Далаларда йўқ зироат, шабнамсиз боғлар,
Ўрмон аро ўтмас энди дала томон сой?
Ярақламас бошлар узра гумбази даввор,
Сўнг булутлар тарқар, кўк-чи – анвор ул-анвор…

Ана, кўргил, юксакларда, осмон тоқида,
Нур, ҳаводан бино бўлган ойжамол мисол,
Фариштани танг қолдириш иштиёқида,
Ярақлайди ўшал гулга ўхшаган тимсол.
Бал, зиёфат, базмларда барқ урган жонон
Бўлар эди кўз олдингда шундоқ намоён,

Фақат бир он ҳайрат ила боқиб қоласан,
У жонсиздир, соя холос, руҳ, бир ҳавойи.
Ўша, ўша, хаёлингда яшаган суман,
Ҳар лаҳзада ўзгаради аммо чиройи.
Ўзи ёлғиз, бироқ юз хил тажассуми бор,
Ҳар тажассум шуълавордир, порлоқ, улуғвор.

У дарвоза қаршисида турарди доим,
Жаннат сари юриб кетдик зиналар боса.
Кетар чоғи ўпар эди мени мулойим,
Сўнг ортимдан бориб такрор берарди бўса…
Мангу тинмас ҳаракатда беором тимсол,
Ўт-ла қалбда нақшланмиш ёрқин, баркамол.

Ўшал қизга борлиғини бахш айлаган қалб
Ундан топди излаганин – муқаддас ҳисни.
Ўзин тўла кашф этолди ўша гул сабаб,
Зеро, ул гул сиймосида кўролди ўзни.
Ва ҳар лаҳза жўшар экан томирдаги қон,
Асирликни эркдан ортиқ кўрди бегумон.

Аллақачон совуқ ҳолат чулғамиш мени,
Совигандай қоним ҳам; йўқ майл ила ҳавас.
Бирдан босиб келди, ажаб, ҳаёт тўлқини:
Орзу, умид, мақсад, ният – бари басма-бас.
Шунда билдим, туғилганда янги тилаклар,
Ишқ ўтидан тириларкан севган юраклар.

Ҳаммасига ўша сабаб! Ғам-қайғу эзар,
Ҳориб-толдим, кўнглим ўксик, жоним ҳалакда.
Кўз олдимда ғира-шира арвоҳлар кезар,
Ёруғлик йўқ тунги кўкдай бўм-бўш юракда.
Бирдан кўнглим ёришди-ку – жамол очди гул:
Қуёш янглиғ рўбарўмдан ёниб чиқди ул.

Ҳақ яратган сирли хилқат – қалбнинг давоси,
Китобларда битилмишдир бу бори ҳикмат.
Шу ҳилқатдек ҳаётбахшдир севги маъвоси,
Дилдор билан қовушмоқлик – ошиқда мақсад.
Ёр ёнимда – ҳар не бўлса борим бахшида,
Бахтим, тахтим, аҳдим, касбу корим бахшида.

Талпинамиз биз нурафшон тимсолга томон,
Унга етмоқ, таъзим қилмоқ орзу муқаддас.
У мангудир, уни англаб бўлмас ҳеч қачон,
Унга ўзни топширмоқлик энг олий ҳавас.
Бу тақводир! Ёр олдида турибман, ёҳу:
Юрагимдан сизиб ўтар бу улуғ туйғу.

Кўклам тафти, оҳори бор ёр нафасида,
Нигоҳида – офтоб нури, шуъла, ёғдуси.
Юрагининг қат-қатида, дил қафасида
Тўнгиб ётган худбинликнинг эрийди музи.
Қадамларин кўриб, қочар ғаразлар нари,
Улуғворлик даъвосию кибрлар – бари.

Ёдимдадир, дилдоримнинг айтган сўзлари:
“Ҳар он ҳаёт туҳфа айлар, фароғат, ҳузур.
Қалбимизда йўқдир асло ўтмиш излари,
Келажакни бироқ ҳеч ким қилмас тасаввур.
Сен кутдинг-ки оқшом олиб келар ғам-алам,
Йўқ, кун ботди, ўзни сездик бир бахти бекам,

Тут ўзингни қувноқ, дадил, бўлма фаромуш,
Сен лаҳзанинг кўзига боқ! Шунда ҳамма сир!
Ишқ дейсанми, ё жасорат, ё оддий юмуш,
Ҳаёт сенга инъом этар барин бирма-бир.
Болаларча соддалик-ла айлагил қабул:
Бари ҳукми фармонингда жам бўлғуси, бил”.

Ўйлар эдим: “Тўғри, шундоқ сийлайди тақдир,
Лаҳзаларнинг муруввати сенга армуғон.
Сенга боқиб кўрдим, шак йўқ, бу рост, аниқдир:
Яратганнинг суйган қули экансан аён.
Аммо турса олдда машъум айрилиқ қараб,
Унда сенинг ўгитингдан бизларга не наф?..”

Ва… сен кетдинг!.. Шу лаҳзадан бошлаб мен ночор,
Не қилмоқни билолмасман, ғам-дард қаърида.
Турмушимда ҳаловат йўқ, руҳим беқарор,
Ҳеч нимарса эмас даркор, тўйдим баридан.
Мисли даштда танҳо янглиғ ўртаниб, ёниб,
Фақатгина кўз ёшларга қолдим ишониб…

Ўчмас асло, бурқсиб ёнар ичимдаги ўт,
Оқинг, дарё бўлиб оқинг, кўз ёшлар, алъон!
Қалбим қонар, парканд-парканд бўлсам дер вужуд,
Ҳаёт-мамот жанги кетар, жангки – беомон!
Дардим зил-зил, давосига дармон керак-да…
Лекин рағбат, журъат йўқдир, ҳол йўқ юракда.

Ақлим етмас, мангуликка бўлдим мен жудо,
Суйганимдан куппа-кундуз айрилдим ногоҳ.
Офтобжамол мени чорлар ёнига, аммо
Гоҳ кўринар, йироқларда ғойиб бўлар гоҳ.
Юпантира олмас мени дунё – бири кам,
Орзулар ҳам, парвозлар ҳам, инқирозлар ҳам.

Хайрлашмоқ керак, дўстлар! Дилда кўп армон,
Тик қоялар орасида қолгум мен ёлғиз.
Ёруғ жаҳон, кенг жаҳонга юз буринг шодмон,
Ҳашамату дабдабадан завқ олингиз сиз!
Барин билинг – осмону ер, дара, дарёни,
Табиатнинг туб-тубини, борлиқ дунёни!

Болаликдан манглайимни силамиш Худо,
Ўз-ўзимни бой бердим мен, бор умрим хароб.
Пандоранинг сандиқчасин кўрдилар раво,
Унда жамдир бойлик, жами уқубат, азоб…
Бахтли эдим, гулрў бирлан ўтдим никоҳдан,
Рад этилдим, ўладурман энди оҳ-воҳдан…
(1823)

3. Ярашув

Эҳтирослар изтиробга йўл топар осон,
Азобли дил айрилиққа бера олмас дош.
Қайдадир ул масъуд онлар, кетдилар қаён
Ул гўзаллик, ул нафосат, ул сулув сирдош?
Руҳим синган, не иш қилсам самарсиз бари,
Олам кўркин ҳис этмайди қалбим меҳвари.

Ногаҳонда бошинг узра жаранглар наво,
Фаришталар қанотида куй келиб етар,
Борлиғингга қутқу солиб шовқину ғавғо,
Оҳангларнинг ғалаёни қалбинг забт этар.
Кўз ёшларинг оқмоқдами? Йиғла, роҳат қил,
Кўз ёшлар ҳам мусиқадек илоҳийдир, бил!

Юрак сезар: қўр, ўт олар, шавққа минар боз,
Тепа бошлар, янги ҳаёт куйини чалар.
Ҳадяларга ҳадя берар, роз деганга роз,
Ўзлигини бахш этмоққа тайёр шунчалар.
Тирилурсан, икки бахтдан чиқмасин бошинг,
Мусиқа-ю, эҳтирос, бас, бўлсин йўлдошинг!
(1823)

Рус тилидан Муҳаммад Али таржималари
________________
* Яъни, “Трилогия страсти”. Бу машҳур туркум, Гётенинг ўзи эътироф этишича, ҳеч бир бошқа асарларига ўхшамайди. Шоир 74 ёшида ўн етти яшар Ульрика фон Левецов деган қизга қаттиқ кўнгил қўяди ва унга уйланмоқчи бўлади. Аммо қизнинг ота-онаси қаршилиги билан бу ният амалга ошмайди. Айрилиқ юз беради. Туркумда ўша айрилиқ азоблари ўз аксини топган.

ГЁТEНИНГ “ҒАРБУ ШАРҚ”ИДАН

Исонинг юраги соф эди,
Бир дерди оламнинг илоҳи.
Ўзини илоҳ деб билсалар
Куйиниб кетарди у гоҳи.

Бу замон – Муҳаммад сингари
Зиёга чулғаниш замони.
Аллоҳ бир, танҳо! – деб, охири
Имон-ла фатҳ этди дунёни.

***

Нодон ҳар ҳодисани ўзича шарҳлашга шай,
Ҳар ҳодиса сабабин билгум, деган авом-да!
Аллоҳга итоатдур ислом деган сўз асли,
Исломда яшаб ҳамма, ўлажакмиз исломда.

ЖАМИЯТ

Катта бир мажлисдан катта бир олим
Турди-да, уйига жўнаб кетди жим.
«Ёқдими?» — дедилар, у берди жавоб:
«Улар китоб бўлса ўқимас эдим».

***

Сабрсизлик қилган хароб бўлади,
Пушаймонлиғ ундан ҳам баттар.
Биридан гуноҳинг янада ортар,
Бири янгисига сабаб бўлади.

***

«Не қилдинг, ишларинг бу қадар улкан?
Дерларки, сен яхши инсон экансан!»
Авлодлар! Мен оқил ҳаракат қилдим,
Ўйламай босмадим биронта одим.

***

Парчала, ҳукм сур! Қандай беорлик!
Бирлаштир, етакла! Энг гўзал бойлик!

***

Ўзи айтганига ким қилса амал,
Етакчилик — унда кўринар гўзал.

***

Ҳар ким эшик олдин супурса ўзи,
Тоза бўлар бутун туманнинг юзи.
Ҳар ким ўз бурчини адо этса соз,
Ҳамманинг иши ҳам битади аъло.

***

Бекорга сен излама шифо!
Дардимизнинг энг оғир сири
Ҳовлиқмалик, бефарқлик аро
Турибди-ку қачондан бери.

***

Энг яхши бир сирни берайин сизга:
Даставвал қаранглар ўз ойнангизга!

***

Ёмонларни айбламангиз, этманг ҳалак,
Яхшилардан олиб юрсин яхши ўрнак.
Аммо кимдан асранишни яхшилар ҳам
Билиши шарт, чуқур ўйлаб боссин қадам.

***

Тинч, шовқинсиз қилавер меҳнат,
Майли, эргашмагин кимгадир.
Лекин кўрмоқ истасанг ҳурмат,
Ўзгани ҳам қилгин-да қадр.

***

Хоҳи севу, хоҳи ҳазар қил,
Бировларга етказма озор.
Бошқаларга теккизмасанг тил,
Билки, элда сенинг ўрнинг бор.

***

Менинг меросим комил, нақадар кенг, омондир,
Менинг мол-мулким замон, менинг далам замондир.

***

Ўзгани таниган, ўзига қараб,
Бу ерда ҳам бир якунга келмаса бўлмас.
Шарқ ила Ғарб
Энди бир-биридан айрилмас.

Икки дунё оралиғида
Керак дейман ўйлаб қадам босишимиз.
Яъни Шарқу Ғарб орасида
Яхши бўлмоғи шарт ҳар бир ишимиз.

***

Шеър ёзишни истасанг
Шеър юртида яшаб қол.
Шоирни билмоқ бўлсанг
Шоирнинг юртига бор.

Миразиз Аъзам таржималари

ЛАЙЧАЛАР

Чопамиз у ёқдан буён сарбасар,
Ҳасадга лойиқдир хонанишин жон,
Ва бутун йўл бўйлаб ёвуз ҳуришлар
Бизнинг изимиздан учар бегумон –
Ки қандай бўлмасин аямай шартта
Кимки ит тилида сўкса чидаймиз –
Улар исботлайди яна бир марта:
Биз – жим-тек турмаймиз, биз – ирғишлаймиз!
(1815)

ТАВОЗЕ

Онгни банд айлашни зўр ижод билди,
Мен кўрдим, аслида, у нима қилди;
Юзаки асарга берар эътибор,
Кўрдим – бисёр саҳву хатолари бор…
(1815)

ЙИЛЛАР

Ажойиб таомил ёшлик йиллардан:
Нимани сўрасанг – олинар тез тан,
Ва аҳил дўстликда ҳадик йўқ бирдай,
Яшаш мумкин сеҳрли эртакдагидай.

Лек ногоҳ алмашар сабот йилларни.
Қарасанг – кўрасан кўп дардисарни:
Қарзга беришмайди, таъна билишар,
Берганларин барин талаб қилишар.
(1814)

ИҚРОРЛИК

А
Ҳа, дўстим, чоғландинг шўрлик жафога?
Сен қўлга тушгансан мудҳиш хатода!
Б
Уларни тузатдим олдинги каби.
А
Қай тарзда?
Б
Ҳар кимдай орамиздаги.
А
Ўтганга ачиниб, қилдингми тавба?
Б
Йўқ, баттарроқ хато қилдим қайтанга.
Одамлар дарғазаб бўлишиб бундан,
Тез унутишди собиқ айбимни чиндан.

ҲИКМАТ

Мен ўз тақдиримга
Лаънат айтардим,
Қарасам, бир ўзим
Жаннатда эдим!
_________
У ўлди. Ҳамма тутатар ҳамда чекар фимиам…
Эҳ, сал илгари шуни қилсалар чекинарди ғам!
_________
Ҳа, бизлар биламиз, ёдда сақлайсиз ва шонга йўясиз:
Ўз-ўзидан равшан, ки, сизлар бизларга ҳайкал қўясиз!
_________
Бу ерга киришга
Шошиб келасан,
Эшикнинг ёнидан
Чопиб ўтасан!
_________
Суллоҳликлар
Орттирмасми жилвагар ғам-ташвишни?
“Болажонлар!
Бутун дунё бу уларга тегишли!”
_________
Ваҳима касал
Ҳеч тузалмас,
Эпми,
Вақтида ҳаётдан
Емай зўр тепки!
_________
Мен шундай севардим! Ўнгимда туш кўрардим!..
Асл ҳаёт мазмунин у дам яхши билардим…
_________
Раб ҳақида
Биз ҳаммамиз
Жуда яхши фикрдамиз:
У ҳеч кимсанинг йўлига тўсиқ бўлмайди ҳаргиз!
_________
“Ўзлигингни англагил”. – “Изоҳ сўраса экан!”
“Лутф айланг: бўлиш керак ва бир вақтда – бўлмаслик”.
“Ҳа, мазкур иборани, шубҳасиз, даҳо айтган:
Шундай ихчамки, балки бўлар ягона маслак!”
_________
Ўзлигингни англагил…
Ундан не наф топаман?
Англайман,
Кейин қайга қочаман?
_________
Худди карнавалга келгандек етиб,
Бирдан ниқобимни ирғитдим ечиб…
_________
Бошқаларни билиш учун –
Икки усул бор абад:
Бири – боплаб мазах қилиш,
Бошқа бири – хушомад.
(1812–1814)

ТУҒМА ТАЛАНТ

У дер:
“Ҳеч нарсада қарзи йўқ касман
Замондошлар, қари усталардан ҳам,
Ҳеч бир мактаб билан боғлиқ эмасман –
Кимдандир ўрганиш – уят ва алам!”

Барини жойладим битта сатримга:
“Ҳеч ким айбдор эмас аҳмоқлигимга…”
(1812)

ЯНГИ ТУХУМ – ЯХШИ ТУХУМ

Дўстлар,
завқ-шавқ ўхшар устрицага:
Чунки бу маҳсулот
Янги эмас –
Уни емаганинг афзал эрур, бас!

Шодиёналар –
Бу тузламамиди,
Сақлаб қолса йиллар оша таъмини!
(1815)

ҲАММАГА ВА ҲАР КИМГА

Ахир, сен ҳам – одамсан!
Назар солгин яқинроқ –
Дароз эмас ҳаммадан,
Калта ҳам эмас бироқ!

Кўп бало кўрдинг нохос,
Билардинг омад бисёр…
Ҳой, ака, ўпкангни бос,
Бизнинг ҳам ризқимиз бор!
(1815)

“БЕОЗОР КСЕНИЯ”ДАН

“Сен жудаям чарчадинг!
Ўзингни тий биз учун!”
“Сира санаб чиқмадим,
Тўласам ҳам бисёр хун”.
_________
Йўқ, ҳеч бир уйдирма менга ёқмайди!
Истайман, тузалар муаллиф, майли.
_________
Ҳар нарса бор ва яратилар,
Модомики биз англамасак,
Биз нимага зимдан қизиқсак, –
Гўё бари текин берилар…
_________
Ўз қулоқларимга ишонгим келмас!
Киндигим пичирлаб чиқарарди сас:
“Мўйсафид,
Бошингда туришга чоғлан!”
Бу каби ҳазиллар – болаларга тан!
Биз эса,
Ёшга хос расо одамлар,
Бошни баландроқ тутишни истар!
_________
Баайни, ажойиб? Яна тўнтариш?
Раҳмат! Бу қармоққа илинмаймиз ҳеч,
Пайпоқни тескари киймасдан тез еч –
Оёқ артишга ҳам арзимас шўриш…
_________
Тўқ қофия ила ортар баҳоси:
Бағоят табиий;
Ҳамма нарсани
Нимаси биландир билар бамаъни
Ўз ўрнида ҳар бир фикрат даҳоси!
_________
“Сен хафасан ёки касалсан –
Негадир ҳеч чиқармайсан сас?..”
“Йўқ, камина ғоят мамнунман,
Ахир, бу ҳол – машъум шеър эмас”.
_________
Бизни антиқаликка беҳад ундади даҳо!
Кошкийди замонавий бўла олсак мутлақо!
_________
Мана, офат қандайин:
Ҳамма бўлди хўжайин,
Ва қўшимча – ҳеч бир кас
Ўзига тўра эмас!..
_________
Қийин эмас у қадар
Бу каслар кўнглин топиш:
Бурнидан шартдир тортиш –
Улар сени тушунар!..
_________
Бу ерга шоирларнинг энг ёмони кўмилган,
Унга қарасанг, яна тирилиб келар чиндан!
_________
“Ишон, шайтонга шон хизматдан ночор –
У оз ва аянчли!..”
“Бунда йўқ хатар!
Кимни ҳамма одам ёмон кўрса гар –
Унда нимадир бор!”
_________
“Ўйлаш керак! Қироллар дадил эдилар
Супурги билан, худди бир уюм чангдай!..”
“Ана-ана! Ҳолбуки, ўша – қироллар,
Ахир, улар бус-бутун бўлишган ҳар дам”.
(1815–1832)

БОЗОРДА

Бирон зотни топиш мумкинми
Шу бугунги, манов артелдан,
Ким кўрсатар маҳоратини,
Ўрнак олиб биздаги тердан?

Шоша-пиша – мижоз тайёр.
Юришида бари аён –
Модага мос этик ҳусндор,
Фақат пайқаш қийин ҳамон!

Дейдиларки, айни лаҳза
Ҳар қандайин этикдўз ҳам,
Нима тикса, бахяласа –
Унда рассом меҳнати жам!

Қани, қайда чирик мол бор!
Ўз-ўзингни хўб алдайсан:
Қўлдан ўтгач – бу-ку бозор! –
Уста кўрмай – хор бўласан.

Эҳтиёт бўл, норасида!
Арзонидан асран, тингла!
Янги кийим бозорига
Оёқ яланг кирганингда!
(1814)

ЛАЙЛАК НИМА БИЛАДИ

Уя учун мўъжаз жой топар
Бизнинг лайлак!.. Зотан, мазкур қуш –
Қурбақага ҳавзада хатар –
Черков томин макон билар хуш.

Қўнғироққа ҳар кун шарт бардош,
Халқ доимо гувиллар бунда –
Мана ҳеч ким – на қари, на ёш –
Тегинмас у қурган ошёнга!

Сен сўрайсан, бу иззат бежиз
Қушча учун орттирмас ихлос? –
Бутхонада у эмас ёлғиз!..
Мақтовга мос малака, холос!
(1818–1819)

МУҚОЯСА

Бир гулчамбар тердим даладан,
Уйда соқол олгандим ўйчан.
Тафтли эди ҳарчанд бармоқлар,
Воҳ, сўлибди нозик гулбарглар…

Мен уларни тез сувга солдим –
Кўзларимга ишонмай қолдим:
Таранглашди эгик поялар,
Бошлар кўкка қараб талпинар,
Соҳиб бўлди собиқ кўркига
Гўё она-замин кўксида!

Эслаб юриб бу ҳодисанинг
Ардоқладим мен нимасини,
Қай бир онда ўз шеърларимнинг
Тинглаганда таржимасини.
(1828)

ВАҚТ – САНЪАТ МУНАҚҚИДИ

Дейдиларки, ўз болаларин
Қари Сатурн ютади барин
Хомлигича, тузсиз, паққос ё…
То виждони этар тақозо!..

“Ейиши шарт мен ва Шекспирни! –
Умумаждод нидоси маҳзун.
Аммо булар – иккала пирни:
Асраб қўйдим сўнгги дам учун!”
(1820)

* * *

Ашъорлар бутхона деразасидаги
Турфа ранг шишага ўхшар. Сиртдан ғорат,
Ҳеч нарса кўрмаймиз – мавҳум ичидаги.
“Яхлит хираликдир, балки баттар ҳолат!” –
Дейди маҳаллий шахс. У безовталанар,
Қай он у бу ерга ташламас бир назар!

Унга хўп.
Сиз эса – дадил қадам ташланг
Муқаддас шеърият чегараси сари!
Қандай яхши! Қандай ёп-ёруғ ва равшан
Сўниқдир турфа хил шишалар ранглари!
Ҳа, янги ёруғлик очилар биз учун.
Ҳамма руҳланади, кўзлар бўлар мафтун,
Гар сизда қалб бўлса – Сизни лол этгани
Кўнгил ила келар бу кўнгил маскани!
(1827)

Рус тилидан Сафар Оллоёр таржимаси