Ҳайнрих Ҳайне (1797-1856)

Ҳайнрих Ҳайне (Christian Johann Heinrich Heine; 1797.13.12, Дюссельдорф — 1856.17.2,  Париж) — немис шоири, публицист, танқидчи ва мутафаккир. Бонн, Гёттинген, Берлин университетларида ўқиган (1819—25). Биринчи шеърий тўплами «Қўшиқлар китоби» (1827) романтизм руҳида ёзилган бўлиб, унда немислар ҳаётидаги мешчанлик, худбинлик қораланади. Кейинги «Йўл манзаралари» (1826-31) насрий асарида ҳам шу йўналишни давом эттириб, инсон эрки, шахсини хўрловчи тартибларга қарши чиқади, бу тартибларни ҳимоя қилувчи кучларни, давлат идораларини танқид қилади. Шундан сўнг Ҳайне Германиянинг ҳукмрон доиралари билан келиша олмай, 1831 йилда Парижга кетишга мажбур бўлади ва у ерда умрининг охиригача сиёсий маҳбус сифатида яшаб қолади. «Француз ишлари» (1832), «Лютеция» (1854) китоблари француз сиёсий ҳаётининг йилномасидан иборат. 1843— 44 йилларда ёзилган «Замонавий шеърлар», шунингдек «Атта Тролль» (1842), «Германия. Қиш эртаги» (1844) поэмалари ўз даврининг илғор асарларидандир. «Атта Тролль» мажозий достон бўлиб, «ҳайвонлар эпоси» тарзида ёзилган, ўткир ҳажвий йўналишга эга. Бунда Пиренея тоғларида яшовчи халқ сиймосида немис мешчанлари ва сохта инқилобчилар фош қилинган. «Германия» достонида эса оғир меҳнат билан яшаётган немис ишчиларининг образи тасвирланган. Шоирнинг ижодий фаолиятида муҳим аҳамиятга эга бўлган «Романсеро» (1851), «Эътироф» (1854) шеърий китоблари ҳам мавжуд. Ҳайненинг асарлари 20-йилларда Чўлпон, 30-йилларда Миртемир ва 1997 йилда Абдулла Шер таржимасида ўзбек тилида нашр этилган.

СИЛЕЗИЯ ТЎҚУВЧИЛАРИ

Кўз ёши тўкмаган боқишлар қайғули,
Дастгоҳда ўтириб, тишларин қайрайлар;
Германия, тўқиймиз биз кафанингни,
Лаънати уч рангли жияк тутамиз –
Тўқиймиз, тўқиймиз!

Тангрига лаънатки, унга биз совуқ
Очлик, қашшоқликда ибодат қилдик!
Ҳар соат биз ундан кўмаклар кутдик,
У бизни алдади ва лақиллатди –
Тўқиймиз, тўқиймиз!

Лаънат, у қиролга, золим хоқонга.
Инграшимиз унга таъсир этмади.
Биздан у энг сўнгги чақани сўрди,
Мол каби ётқизди бизни пичоққа…
Тўқиймиз, тўқиймиз!

Лаънатлар бу юртга, ёлғон ватанга,
Унда бахт кўради тубанлик, хўрлик.
Унда бемаҳал топталган ғунча…
Унда ҳар ўсмирни моғол босади.
Тўқиймиз, тўқиймиз!

Дастгоҳ ғижирлайди, мокиси чаққон;
Тўқиймиз кеча-кундуз сира толмасдан
Қари Германия, тўқиймиз кафанинг,
Уч қат лаънат ила жияк тутамиз –
Тўқиймиз, тўқиймиз!

Ойбек таржимаси

* * *

Ўтганимда мен айни саҳар
Кўчанг бўлиб ғамгин, дарбадар:
Суюнардим, дарчанг ёнида –
Турган бўлсанг, қўзим, сен агар.

Шаҳло кўзлар ташлагай назар,
Киприк қоқмай боқарсан, дилбар:
– “Бечора на ахтарар бунда.
Ким экан бу ғариб қаландар?..”

– “Мен бир немис шоири, қўзим,
У ўлкада машҳурман ўзим,
Яхшиларни ёдларкан мени –
Шаксиз эслар қуралай кўзим!

У элларда ғамгин анча бор,
Менга, қўзим, худди шу даркор:
Оғир қайғу тилга олинса,
Иккимизнинг қайғумиз бўлар…

* * *

Бас, эй кўнгил! Сенга не бўлди?
Тақдирингга тан бергил сен ҳам.
Нимаики қиш пайти сўлди,
Олиб қайтар яна соз кўклам.

Йўқолган йўқ, ҳаммаси буткул:
Ажаб создир, гўзалдир олам.
Нимаики истаса кўнгил –
Сайла тугал, сев, йўқ ғов бу дам!

* * *

Уюм-уюм ётсин қор, майли
Қутқу солсин бўронлар, майли.
Дарча қоқсин, майли, беқарор!
Бўронлардан ҳайиқсин диллар.
Қор остида гул очар, гуллар –
Ёр тимсоли ва сўлим баҳор!

* * *

Ажаб гўзал баҳор ойи – соз,
Жумла дарахт куртак очди боз,
Ҳам уйғониб ёш кўнглимда ишқ,
Биринчи гал бўлдим ишқибоз,

Ажаб гўзал баҳор ойи – соз,
Ўрмонларда қушлар хушовоз,
Иқрор бўлдим дилбарга мен ҳам,
Унга дедим ўз ишқимдан роз.

* * *

Оқ кўпикдан тўқилган қадар –
Чиройи оқ, ёрқин, жилвагар;
Унашилган бегонага қиз,
Четга келин бўлур у дилбар.

Кўнгил, кўнгил, тўлқинланма – тек,
Жек кўргандан олмагил сен кек,
Майли, тоқат қил, эси паст ёр –
Қилмишларин кечир, қўлинг чек!

* * *

Яйдоқ шимол, тоғ чўққисида
Бир қарағай турар яккаҳол,
Мудрар ҳам муз, ҳам қор устида –
Чулғанмишдир оқ кафан мисол.

У бечора кўрар тушида,
Овлоқ ерда – кун ёқда жим, лол –
Кунда куйган қоя тўшида
Куюнар бир хурмо яккаҳол.

* * *

Улар мени қийнади роса,
Ўликдай нур ўчди рангимдан.
Баъзилари севгандан бўлса,
Баъзилари – душманлигидан.

Улар оғу қўшди ошимга,
Улар қотди сувга ҳам заҳар –
Баъзиси дўст, келар қошимга,
Баъзилари душмандан баттар.

Лекин ўша дилбарки – дилбар,
Ситамидан ҳануз дил нолон;
Менга раво кўрмади ҳеч шарр,
Севмади ҳам мени ҳеч қачон.

Миртемир таржималари

ИШҚИЙ ҚЎШИҚЛАР

ДЕБОЧА

Бир рицар яшарди қайғули, камгап,
Чеҳраси қонсиз-у, униққан, рангпар;
Кезарди у доим гангиб, тентираб –
Тунд ўйлар қўйнида бир ўзи бесар.
Ҳуркиб у ёввойи, чапдан юрарди,
Гуллару шўх қизлар ўнгда турарди –
У мункиб кетганда кулиб ишвагар.

Шом қўнгач, уйидан чиқмай кўпинча,
Ўлтирар одамлар кўзидан нари.
Гоҳ ғамгин чўзилар қоқмасдан мижжа,
Бир оғиз сўз айтмас, тунддир назари.
Ҳар куни ярим тун бўлганда, лекин,
Ғаройиб куй-қўшиқ бошланар секин,
Шиқирлар эшикнинг, сўнг зулфинлари

Ва уйга оҳиста киради гўзал,
Мавжлар кўпигидан либоси гўё,
Чақнайди, қулф урар ёнади ял-ял,
Тиллаҳал ёпинчи сочади жило.
Тилларанг кокили – ҳуснига ҳусн,
Кўзида хуш имо, ҳукмрон фусун –
Бир-бирин қучади иккала шайдо.

Ёрини қучару тобора маҳкам,
Ловуллаб ёнади рицар оловдек,
Қизарар рангпар юз, уйғонар шу дам
Танида қуввати янги куёвдек.
Ўйинқароқ гўзал шунда ноз билан
Ёрининг бошига ёпиб дафъатан
Оқ ҳарир чодрани, бир зум қолар тек.

Сўнг биллур сув ости қасри шу маҳал
Рицарни сеҳрига тортар, ал-амон!
Безагу дурлари ярақлар ял-ял,
Қамашган кўзларин у ишқар ҳайрон.
Қучар сув париси, шунда, дилбари,
Оҳ, рицар куёвмиш, келинмиш пари,
Ҳур қизлар соз чалиб ўйнармиш комрон.

Атрофда қўшиғу рақс, ўйин-кулгу,
Қанотга айланар оёқлар бу дам;
Рицарни титратар бирдан муз туйғу,
Парига суқилар, қучоқлар маҳкам –
Машъаллар йитару беиз шу заҳот,
Бир ўзи ўлтирар, қараса, ҳайҳот,
Захкаш шоирона кулбада пурғам.

1

Келганида ажиб, гўзал Май
Жамъи дарахт барг ёзди такрор,
Шунда менинг ёш қалбимда ҳам
Ишқ уйғониб, кўз очди илк бор.

Келганида ажиб, гўзал Май
Жамъики қуш куйлади бедор,
Шунда мен ҳам тилакларимни
Маҳбубамга айладим изҳор.

2

Гуллар униб кўзёшларимдан
Бўй чўзади бир-бир самога
Ва оҳларим  менинг айланар
Булбул учун суюк навога.

Мени севсанг, сеники бўлгай,
Қўзичоғим, шу гуллар буткул
Ва тонггача дарчанг олдида
Жаранглатгай дунёни булбул.

3

Атиргул, нилуфар, қуёшу каптарим –
Шуларни мен ёниб, қувониб севардим.
Энди-чи, севганим улармас, йўқ, ўзга –
Ошиқман бир қизга, гул юзга, чўғ кўзга;
Ўшадир энди, оҳ, ягонам, севарим –
Атиргул, нилуфар, қуёшу каптарим.

4

Кўзларингга боқсам, гулбадан,
Кўзим тинар қўшиғу ғамдан;
Лабларингга лабимни боссам,
Бағри бутун, қодирман шу дам.

Кўкрагингга бош қўйсам фаршда,
Мен ўзимни сезаман аршда;
Лекин: “Сени севаман!” десанг,
Аччиқ кўзёш қилар мени танг.

5

Тушда кўрдим кеча бўйингни
Гўзал рўйинг, суюк рўйингни,
У мулойим, у малакнамо,
Жуда рангпар, рангпардир аммо.

Қирмизидир лабларинг фақат,
Ўлим ўпгай, лекин, бешафқат.
Кўзингдаги илоҳий нур ҳам
Тезда сўниб, топажак барҳам.

6

Юзларингни юзларимга қўй,
Кўз ёшимиз бирлашиб кетсин.
Юрагингни юрагимга бос,
Оловлари чирмашиб кетсин.

Шу гулханни босганда бир кун
Кўз ёшимиз тошқини ногоҳ,
Маҳкам қучиб мен сени нигун,
Армон билан ўлгайман, эвоҳ!

7

Нилуфарнинг биллур жомини
Қалбим билан тўлдирай жўшиб;
Жаранглатсин ёрим номини
Нилуфардан таралган қўшиқ.

Ўшал қўшиқ ўхшар албатта
Лаблардаги титроқ қасамга –
Мўъжизакор, тотли соатда
Ёргинамдан олган бўсамга.

8

Минг йилларки, ғужғон юлдузлар
Юксакларда қотганча турар,
Ишқ соғинчи ёнган кўз билан
Бир-бирига тўймай телмурар.

Энг бой тилда, энг гўзал тилда
Роз айтади улар ўзаро;
Бирор элда бирор тилшунос
Тушунмайди у тилни аммо.

Биргина мен ўргандим уни
Ва умрбод унутмасман ҳеч;
Тил дарслиги бўлди мен учун
Маҳбубамнинг жамоли ҳар кеч.

9

Қўшиқларнинг қанотларида
Кел, учайлик, жоним, икковлон –
Гангадан ҳам ҳатто нарида
Нурга чўмган гўшалар томон.

Унда сокин ойдиндаги боғ
Қирмизланиб кутар бахтини.
Нилуфарлар кутади муштоқ
Опажони келар вақтини.

Бинафшалар қиқирлаб шўхчан,
Юлдузларга боқар мастона;
Шивирлайди атиргуллар шан
Бир-бирига хушбўй афсона.

Яқинлашар оҳулар чўчиб,
Тинглайдилар еллардан садо;
Мавжларидан резалар учиб,
Чайқалади муқаддас дарё.

Ёнбошлаймиз унда сен билан
Паноҳ қилиб юксак ҳурмони,
Сармаст бўлиб ишқу оромдан,
Ўнг қиламиз тотли рўёни.

10

Бозиллаган жазирамадан
Нилуфарнинг дилида қўрқув,
Бошин эгиб мудрайди, қўмсаб
Тунги ширин рўёларни у.

Ошуфтаси унинг тўлин ой
Уйғотганда суюклисини,
Кўрсатади ойга нилуфар
Ишва билан оппоқ юзини

Ва қулф урар, чақнар, ловуллар,
Сўнг қотади кўкка боқиб лол;
У бўй сочар ёш тўкиб, титраб,
Эҳтиросу ишқдан бемажол.

11

Райндарё, гўзал дарёни
Ва мавжларни қилганча кўзгу,
Қутлуғ Кёлн алқаб самони,
Чўнг жомени кўз-кўзлар мангу.

Ул жомеда, бордир, маъбуда,  –
Олтин ҳалда акс этган жамол;
Тунд умримга менинг осуда
Қувонч нурин сочди ул аёл.

Фаришталар, гулу ғунчалар
Ул аёлни қутларлар ўраб;
У ёримга ўхшар мунчалар:
Ўша кўз-қош, ўша юзу лаб!

12

Сен севмайсан, севмайсан, жонон
Ва лекин мен қилмайман парво;
Чунки сени кўрсам бас, шу он
Бахт тахтида подшоман, подшо.

Менга нафрат, фақат нафрат бор
Ол дудоқдан чиққан ҳар сўзда,
Лекин ўпсам шу лабдан, бир бор
Унутгайман барини тезда.

13

Сўз бермагин, бўса бергин, бас,
Аёл онти ишонтиролмас!
Сўзинг болдек ширин-у, бироқ,
Бўсанг ундан минг бор тотлироқ!
У – меники, ишончлидир у,
Сўз эса – дуд, йитгай бетутқув.

Сўз бер, жоним, энди мен – ўзга:
Ишонгайман биргина сўзга!
Мен кўксингга бош қўйганим вақт
Ишонгайман борлигига бахт;
Ишонгайман сен билан хуррам
Яшашимга у дунёда ҳам.

14

Ёримнинг қароғин  мадҳ эта-эта,
Тўқидим ғаройиб канцона*лар мен.
Ёримнинг дудоғин мадҳ эта-эта,
Тўқидим бол каби терцина**лар мен.

Ёримнинг ёноғин мадҳ эта-эта,
Тўқидим улуғвор станс*** лар мен.
Ёримда юрак йўқ, афсуски, нетай,
Энг гўзал сонетлар қолди тўқилмай.

________
* К а н ц о н а – қўшиқ. (Итал.)
** Т е р ц и н а – қофияланган учлик. (Лот.)
*** С т а н с – шеърий сатрлар. (Франц.)

15

Киборлар кўр, киборлар нодон,
Дидсизлашар кундан-кун минбаъд!
Улар койир феълингни, жонон:
Сенда йўқмиш бирор фазилат.

Киборлар кўр, киборлар нодон,
Тушунмасдан қиларлар хато:
Билмасларки, ҳар бўсанг – бир жон,
Тирилтиргай ўликни ҳатто.

16

Айт-чи менга, жонгинам, бугун:
Сен эмасми, ёзда, мабодо,
Кириб шоир тушига сузгун,
Унинг ҳушин талаган рўё?

Бироқ, бундай ғунча оғизни,
Бундай кўзу сеҳрли нафас,
Бундай ширин, суюкли қизни,
Йўқ, шоирлар яратган эмас.

Юҳолару зулук-илонни,
Бадбашара, ёвуз, беқиёс,
Афсонавий не-не ҳайвонни
Яратолгай шоирлар, бу – рост.

Лекин сени, сенинг ул маккор
Атворингу алдамчи нигоҳ
Ва ишвали кулгингни, дилдор,
Яратолмас шоирлар, эвоҳ!

17

Шаффоф мавжлар кўпикларидан
Туғилгандек балқиб турар ул
Ўзга ёрнинг ўпичларидан, –
Қулф урганча бугун мисли гул.

Қалбим, қалбим, чекмагил фарёд,
Суғура бил ғам нишларини:
Лоқайд бўлгин, кечиргин бедод,
Нодон ёрнинг қилмишларини.

18

Гинам йўқдир, гарчанд дардинг – юракда игна,
Сен мангуга мендан кечдинг! Қилмайман гина.
Лекин қанча чақнамасин кўзинг  олмоси,
Ёришмагай қалбингдаги зулмат дунёси.

Буни кўпдан мен билардим. Бўлмишди аён
Тушларимда юрагингни қучган зимистон,
Тушларимда юрагингни илон сўрарди –
Сен ҳам бахтсиз эканингни кўриб турардим.

19

Мен гина қилмайман: сен бахти қаро; –
Азизам, бизларга бахт йўқ дунёда!
Ўлимни қучгунча бемор қалблар то,
Азизам, бизларга бахт йўқ дунёда.

Сен мазах қиласан, лабинг бурасан,
Ўжар нур кўраман кўзингда ҳар дам,
Кўксингни ғоз тутиб, мағрур турасан –
Ва лекин бахтсизсан мен каби сен ҳам.

Кўринмас йиғи бор, лабингда, қара,
Яширин кўз ёшдан кўзинг афтода.
Юрагинг тубида беркинмиш яра, –
Азизам, бизларга бахт йўқ дунёда.

20

Куй бошлади ғижжагу най,
Жўр бўлди-ку ноғоралар:
Оҳ, мен севган қизни, нетай,
Бугун эрга бермоқдалар.

Янграр ғижжак, қўшноғора,
Шовқин аро аммо бир оҳ:
Малоиклар, дили пора,
Қисматимиз қарғар, эвоҳ.

21

Бутунлай унутдинг кўпдан буён сен
Юрагинг соҳиби бўлганимни мен.
Ул юрак бир ширин, бир жажжи, бир қув,
Ундан қув, ширинроқ нарса йўқ, сулув.

Бутунлай унутдинг сен кўпдан буён
Юрагим бўлганин ишқ, ситамдан қон.
Билмам, ишқ кўпмиди унда ё ситам?
Билганим – чўнг эди иккаласи ҳам!

22

Билганида гуллар мабодо
Юрагимнинг жароҳатини,
Йиғлардилар дардимга ошно
Аямасдан шафоатини.

Билса эди булбуллар не ҳол, –
Менинг ишқим таъмаларини,
Куйлардилар мен учун дарҳол
Энг ёқимли наъмаларини.

Билса эди ситамларимни,
Олтиннигоҳ юлдузлар учиб,
Кеткизай деб аламларимни,
Сўзлардилар ёнимга тушиб.

Улар билмас қайғумни, аммо,
Бир гўзалга фақат у аён:
Чунки ўша, ўша бепарво
Қилмиш менинг юрагимни қон.

23

Нечун сўлмиш бирдан атиргул,
Айтгил менга, жонгинам, нечун?
Нечун кўм-кўк майсалар малул,
Бинафшалар бош эгмиш нигун?

Нечун тилар ҳавони етим
Бўзтўрғайнинг аламли саси?
Нечун ҳаёт дарахтидан жим
Таралади ўлим нафаси?

Нечун қуёш сочар совуқ нур,
Адирларга боқар хўмрайиб?
Нечун борлиқ кулранг, бесурур,
Қабр каби ётар шумрайиб?

Нечун ғариб, хастаман ўзим,
Айтгил менга, жонгинам, бу пайт?
Айтгил менга, суюкли қўзим,
Нечун мени ташлаб кетдинг, айт?

24

Улар қанча тарқатдилар гап,
Қанча ғийбат, қанчалар ёлғон!
Билмадилар, лекин, ёмонлаб,
Дил дардимни, афсус, ҳеч қачон.

Ачиндилар улар ғаминг еб,
Раҳми келиб чайқатдилар бош
Атадилар мени ёвуз деб,
Қулоқ тутдинг ғийбатга юввош.

Энг ёмони, лекин, то ҳануз
Кўринмади ғийбатларида –
Нимаданки мен қилсам номус –
Ёпиқ қолди қалбим қаърида.

25

Жўкилар гуллаган, булбуллар хушхон,
Қуёш ҳам жилмаяр дўстона, қувнаб:
Бўйнимга чирмашиб, лаб чўздинг комрон,
Потраган кўксингга, сўнг, босдинг ёниб.
Қарғалар қағиллар, баргларда ғусса,
Қуёш ҳам хўмраяр, авзойи ўзга;
«Алвидо!» дедик биз – хўшлашув қисқа,
Киборий таъзиминг ўхшарди музга.

26

Биз у пайт ҳислардан ёнардик лов-лов,
У дунё на гўзал, қандай бокира!
Кун бўйи ўйнардик биз «келин-куёв»,
Жанжалу аразни билмасдик сира.
Биз у пайт ўпишиб, бўса санардик,
Қучишиб шўху шан, эркаланардик.
Болалик қилдиг-у, ўрмонда бир кун
Беркинмачоқ ўйнаб, яширдик изни.
Шу-шу биз излаймиз, чорлаймиз нигун,
Лекин тополмаймиз бир-биримизни.

27

Содиқ қолдинг сенгина ҳар вақт,
Бир сенгина қўлладинг қоим,
Таскин  бўлдинг шафиқ, мулойим,
Мендан юзин ўгирганда бахт.

Нон-сувимдан бўлдинг хабардор,
Қарз ҳам бердинг, кийим-кечак ҳам
Ва сафарга отланганим дам
Бошпуртни ҳам келтирдинг тайёр.

Жоним! Сени асрасин Худо
Кун тиғидан, аёздан доим
Ва шафқатинг учун, илойим,
Ғазабини кўрмасин раво.

Олмончадан Абдулла Шер таржимаси

ТУШ

(“Рўёлар” туркумидан)

Мен кўрибман ғаройиб бир туш,
Лол бўлдиму бошдан учди ҳуш.
Тун-кечада кўрган ваҳимам
Тинчлик, ором бермайди бир дам.

Бир боғ экан, ям-яшил бўстон,
Ҳар ёғида жаннатдан нишон.
Чаман-чотир очилмиш гуллар,
Менга хандон боқармиш улар.

Қушлар, қушлар бу тушда нажиб,
Чирқиллашар ғаройиб, ажиб.
Олтин қуёш ёнар осмонда,
Кўрку чирой, фусун ҳар ёнда.

Нечоғ гўзал, фароғатли боғ,
Шинам, сўлим, тароватли боғ!
Борлиқ атроф олар кўзингни,
Завқларга ғарқ кўргунг ўзингни.

Лим-лим ҳовуз, турсангиз қараб,
Сув қуйилар унга шарқираб.
Қўлларида оқ мато, ёлғиз,
Шошилмасдан кир ювар бир қиз.

Нозик адо фариштасимон,
Олтин сочи ўғирлар иймон.
Суйгулимдек туюлар, ҳайҳот,
Меники-ю… менга етти ёт.

Сув қуйилар, сув оқар жўшиб,
Сувга боқиб қиз айтар қўшиқ:
“Шарқирайбер, оқабер, оқ, оқ!
Ювиб бергин киримни тезроқ!”.

Бораману ёнига аста,
Шивирлайман унга шикаста:
“Айт-чи, ойқиз, гар бўлмаса сир,
Кимга атаб ювмоқдасан кир?”

Жавоб берар ул нозикбадан:
“Билиб қўйгин, бу – сенга кафан!”
Ғойиб бўлар шу лаҳза арвоҳ,
Мен қолурман деганча: “Эвоҳ!..”

…Ғаройиб бир ўлкададурман,
Рўбарўмда даҳшатли ўрмон,
Дарахтлари ўрлаган кўкка,
Кўз узолмай боқаман тикка…

“Тақ-тақ!” саси келади ногоҳ,
Худди кимдир болтада шу чоқ
Дарахт кесар эди; ул томон –
Юрдим аста, дилда ҳаяжон.

Ялангликда паҳлавонсимон
Бўй чўзганди ям-яшил эман.
Шу он ерми, кўкданми олис –
Пайдо бўлар болта тутган қиз.

Қиз болтани ўйнатар жўшиб,
Жўшиб-жўшиб ҳам айтар қўшиқ:
“Ҳой, болтажон, кескир бўл, кескир!
Кескирликда тезгир бўл, тезгир!”

Бораману ёнига аста,
Шивирлайман унга шикаста:
“Сир бўлмаса, кимга, дўндиқча,
Ясамоқчи эдинг сандиқча?”

“Рост айтаман, сўзим ёдда тут:
Сенга тобут ясайман, тобут!”
Ғойиб бўлар шу лаҳза арвоҳ,
Мен қолурман деганча: “Эвоҳ!..”

… Рўбарўмда тақир ер пайдо,
Файзи ҳам йўқ, машъум, бедаво.
Гунг-лол турдим тикилиб бирпас,
Эс-ҳушим ҳам ўзимда эмас…

Боқаману дилим ғашланар:
Оқ доира кўзга ташланар.
Тикилиброқ боққан маҳалим,
Кўрдим: турар яна гўзалим!

Қўлларида ўткир белкурак,
Ер қазийди тез-тез, жонсарак.
Нозикниҳол, ранглари бўздай,
Кўринади менга ёвуздай.

Белкурагин тутганча, жўшиб,
У куйлайди ғалати қўшиқ:
“Эй, белкурак, сен катта, зўрсан!
Эй сен қабр, чоҳдай чуқурсан!..”

Бораману ёнига аста,
Шивирлайман унга шикаста:
“Айт-чи, ойқиз, гар бўлмаса сир,
Кимга атаб қазурсан қабр?”

Жавобдан нақ ақлдан оздим:
“Бу қабрни сен учун қаздим!..”
Шу каломлар айтилган заҳот,
Рўбарўмда очилди лаҳад.

Юрагимни қамради ҳарос,
Шу лаҳадга қуладим бехос.
Қабр мени қаърига ютди!
Қичқирдим-у уйғониб кетдим…

* * *

Бирга жўш урарди туйғуларимиз,
Ўртада тенг эди шодлик ила ғам.
“Эр-хотин” ўйинин ўйнар эдик биз,
Аммо уришмадик бирор марта ҳам.
Йиғласак ҳам бирга, кулсак ҳам бирга,
Ўпишдик, суюшдик – жой йўқдир сирга.
Эркимиз бўш қўйган ҳаётнинг изни…
Бир кун бекинмачоқ ўйнаб ўрмонда,
Шундоқ яшриндикки, бир-биримизни
Ҳануз топа олмай қолдик армонда…

* * *

Қоронғида уйлар кўринар
Сирли шарпа, хаёлот сифат.
Ёмғирпўшга ўралганимча
Мен бораман, бир оз бетоқат…

Минорада соат занг урар,
Ўн икки! Эҳ, қолмас қарорим!
Тоқатлари тоқ бўлиб магар
Деразадан боқар дилдорим!

Ой-чи, мени кузатар доим,
Юзларимни ёритар нури.
“Хайр!” дейман унга силкиб қўл
Ва кираман уйга югуриб.

“Раҳмат сенга, садоқатли дўст,
Йўлларимга нур сoчдинг сўлим.
Сенга энди ижозат, боргин,
Ўзгаларнинг ёритгин йўлин.

Агар қай бир ошиқ нотавон
Тақдиридан нолиса, дарҳол
Худди мени юпантиргандай,
Бошин сила, аста кўнглин ол!..”

ВАЛТАСАР

Юлдузлар сўндилар, тун-чи, зимистон,
Уйқуга ғарқ эди бутун Вавилон.

Фақат шоҳ саройи эди нурафшон,
Унда – бақир-чақир, ҳам шовқин-сурон.

Меҳмонлар айтилди бунда сарбасар,
Байрам қилмоқчийди подшо Валтасар.

Аъёнлар яйрашиб ўлтирар бунда,
Майлар қадаҳларда ялтирар бунда.

Обрўси ошгандир май қадаҳларнинг,
Шодмон лаҳзаларнинг, хуш фараҳларнинг.

Бирдан подшо турди ўрнидан, ажаб,
Ненидир эслади, бўлди дарғазаб.

Жаҳл чиқса ақл қочар, дегандай,
Улуғ руҳларга ҳам тош отди атай.

Танобин тортади гуноҳкорларнинг,
Бадномлар айлайди айби борларнинг.

“Келтиришсун, – дейди подшо, – барини,
Яҳудий ўлкасин бойликларини.

Подшо аскарлари топган дафина,
Иегова ғорат этган хазина –

Шунда бўлсин бари!” Подшо олар май,
Олтинранг қадаҳни қўлидан қўймай,

Сипқорар, оғзида кўпик, ғазабнок,
Уят сўзларни дер, диллар бўлар чок:

“Иегова, иснод тушар бўйнингга,
Вавилон подшоси шундай дер сенга!..”

Лекин подшо сўзи узилиб қолар,
Дилни сирли ваҳма эгаллаб олар.

Бирдан қийқириқлар тинар шу заҳот,
Залга кириб келар гўёки мамот!

Бирдан оқ деворда – ўнгми ёки сўл –
Шундоқ пайдо бўлар ёниб турган қўл.

Нелардир деворга ёзар шу асно,
Сўнг эса йўқолар зулумот аро.

Подшо ўлик мисол ранглари оппоқ,
Қотиб қолган эди телба бир нигоҳ.

Ҳаммани, ҳаммани қамради даҳшат,
Қўлларда қалтироқ, дилларда ваҳшат.

Сеҳргарлар ҳам лол, уқишолмас чин
Лов-лов ёниб турган сўзлар маъносин.

Тонг отмай подшога бердилар жазо:
Бошини танидан этдилар жудо…

* * *

Қўшиқларим заҳарланган, рост,
Ким ҳам етар менинг додимга.
Тап тортмадинг, бор заҳарингни
Қуя олдинг гул ҳаётимга.

Қўшиқларим заҳарланган, рост,
Куч етганча бердинг озор сан.
Юрагимда илонларим кўп,
Сен ҳам шулар ичида борсан.

ДИЛ ИЗҲОРИ

(“Шимолий денгиз” туркумидан)

Оқшом секин қуюла бошлар,
Шов-шув қилиб кўтарилар сув.
Ўлтираман денгиз бўйида,
Тўлқинларнинг ўйинин кўриб.

Кўнглим эса денгиз каби титраб қалтирар.
Денгиз каби қайғу-ҳасрат қамраган уни,
Ёруғ чеҳрам, соғиндим сени,
Чароғбоним ҳар жойда ўзинг,
Ҳамма жойда чорлайсан мени,
Сен ҳар ерда, сен ҳамма ерда мужассам –
Шамолларнинг увиллаши,
денгизларнинг гувуллаши,
Менинг кўнглим фиғонларида.

Қамиш билан қумга ёздим:
“Агнесса, мен сени жуда севаман!”
Аммо ювиб кетди ёвуз тўлқинлар,
Из ҳам қўймадилар дил изҳоримдан
Ёвузлар…

Эй, синаётган қамиш, эй сочилаётган қум,
Эй мавж урган тўлқинлар,
Ишончим йўқ сизларга ортиқ!
Осмон қораяди, юрагим эса ёнар, ўртанар.
Бас, бораман Норвегия ўрмонларига
Ва энг баланд арча танлаб оламан аввал,
Сўнг кучли қўл билан ердан шартта суғуриб,
Ботираман ланғиллаган Этна-вулқонга,
Сўнгра ўтга тўйинган ул улкан қалам-ла
Шундай сўзлар ёзажакман осмон тоқига:
“Агнесса, мен сени жуда севаман!..”

Ҳар тунда ловуллаб аланга олар
Юксакда балқиган ўтли ёзувлар.
Набира, чевара, эваралар ҳам
Завқу ҳайрат билан ўқурлар аён,
Қалблари бемисл шодликка тўлар,
Чунки, у сўз эмас, Осмон сўзлари,
Осмон сўзларию, имон сўзлари:
“Агнесса, мен сени жуда севаман!”

* * *

Севишарди улар бир-бирин,
Учрашишмас эдилар бироқ.
Ишқ деб бўлди жонлари ҳалак,
Лек адоват айлади йироқ.

Айрилдилар; эслар бир-бирин
Энди тушда кўрганларини.
Билмасдилар улар ўзларин
Аллақачон ўлганларини…

ГРЕНАДЁРЛАР

Рус асирлигидан Францияга
Икки аскар қайтар, бошлар эгик, хам.
Йўқ бирон жўяли фикр мияда…
Олмон ерларига қўйдилар қадам.

Дашномлар тинглаш бор иснодлар учун,
Поймолу хор бўлган мамлакат шаъни,
Майдонда чилпарчин жанговар қўшин,
Ҳатто император асир тушгани…

Нохуш хабарлардан бағри-дили қон,
Аскарларнинг бири шерикка деди:
“Биродар, юрагим зирқирар ёмон,
Эски яраларим очилиб кетди!..”

Ўзгаси дер: “Ўртоқ, этсам дил изҳор,
Ортиқчаман энди жаҳонда мен ҳам.
Лекин уйда хотин, бола-чақа бор…
Аммо ҳеч вақо йўқ, бари шип-шийдам.

Бошга тушганини кўради чин мард,
Хотин, бола-чақа кўрар бир кунин.
Кўнглимни қиймалаб турар бошқа дард:
Император – асир, асирдир, бу чин!

Ушбу васиятим хотирингда тут:
Гар бунда тугаса аскар ҳаётим,
Менинг жасадимни юртга олиб кет,
Ул ерда дафн эт, шулдир муродим!

Қизил тасмага тиз орденларни сен,
Юрагим устига териб қўй қатор.
Найза бер, найзамга суянгайман мен,
Қурол тутқизмасанг қўлимга – бекор!

Худди соқчиликда тургандек вазмин,
Мен сергак ётаман лаҳадда, ўртоқ,
Замбарак овозин, бурғулар сасин,
Отларнинг кишнашин эшитганим чоғ,

Бас, аён, У келар мозорим сари,
Байроқлар дилларга солади сурур.
Шунда, Император, содиқ аскаринг
Қабридан чиқади пойингга мағрур!

* * *

Ажралишар экан икки дил,
Хайр, дея қолмайин бардош,
Бир-бирига узатарлар қўл,
Оҳ чекарлар, кўздан тўкиб ёш.

Бизга ажраш бўлмади қийин,
“Хайр!” дедик икки бағри тош.
Ҳар томонга кетдигу кейин
Айри-айри кўздан тўкдик ёш…

Рус тилидан Муҳаммад Али таржимаси