Гюнтер Грасс (Günter Wilhelm Grass; 1927.16.10, Польша, Данциг (Гданськ) – 2015.13.4, Любек, Германия) — немис ёзувчиси.
1956 йилда «Учар товуқларнинг афзаллиги» шеърий тўплами нашр этилган. «Тунука ноғора» (1959) романи машҳур. Унда немис халқининг яқин ва олис тарихи, инсоният олдидаги айби ва уни англаш ҳақида сўз боради. Гюнтер бу романини «Мушук-сичқон» (1961) қиссаси, «Ит йиллари» (1963) романи билан қўшиб, 1974 йилда «Данциг трилогияси» умумий номи остида нашр эттирган.
«Наркоз билан этни ўлдириш» (1969) романи авлодлар муносабати ҳақида. «Қалқонбалиқ» (1977) романида аёллар эмансипацияси борасидаги ўз қарашларини баён қилган. «Мода каламуш» (1986) романида кучайиб бораётган ядро уруши хавфига муносабат билдирган. «Бепоён дала» (1995) романида Германиянинг қўшилиши мавзуси қаламга олинган.
Нобель мукофоти лауреати (1999).
* * *
Мен нега жим турибман,
нега бу қадар узоқ сукут сақлайман,
ахир бу аён-ку ва кўпдан машқ қилинмоқда,
бу ўйин-режаларда биз оқибат,
агар яшаб қолсак ҳам,
қандайдир
унсиз қавсларга айланамиз?
Бу ўзи-ўзига ҳавола этилган
дастлабки зарбани бериш ҳуқуқидир,
бу зарба
қандайдир безори забт этган
ва оммавий қувонишга мажбурланаётган
эрон халқини
ер юзидан ўчиришга қаратилгандир,
гўё бу халқ
атом бомбасига эга эмиш.
Аммо нега мен ўзимга
бошқа яна бир мамлакатни тилга олишни
ман этаман,
ахир бу мамлакат кўп йиллардан бери зимдан,
кундан-кунга кучайиб бораётган
ҳеч ким назорат қилмайдиган,
чунки ҳеч кимни назорат этишга қўймайдиган
ядро салоҳиятига эга-ку?
Фактлар борасида оммавий сукут сақлашни,
менинг гунглигим ҳам бу сукутга асирдир,
мен оғир, залворли ёлғон
ва, сукутга риоя этилмаса,
жазо билан қўрқитувчи чеклов
сифатида қабул этаман,
чунки “антисемитизм” ёрлиғи тайёр.
Аммо энди,
кундан-кунга
ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмас
ўз жиноятлари жазолаётган
ва бу жиноят учун мудом
қимтиниб “айбни ювиш” ниқоби остида
менинг мамлакатимдан
мутлақо манфаат илинжида
Исроилга
навбатдаги сувости кемаси
жўнатилмоқда,
бу кеманинг мақсади
ҳаммани ҳалок этадиган ракеталарни
ҳали битта ҳам атом бомбаси борлиги исботланмаган
томонга йўналтирадилар, –
мен айтиш зарур бўлган гапни айтаётирман.
Нега мен шу кунгача сукут сақладим?
Чунки менга тузатиб бўлмас ноқислигим –
келиб чиқишим билан исканжага олинган ҳиссим,
мен боғлиқ бўлган ва боғлиқ бўлишни истаган
Исроил мамлакатини
бу факт қаршисига қўйишни ман этади, деб билардим.
Нега унда энди гапиряпман,
қариб қолганман, сўнги сиёҳларим ила ёзаман:
“Исроил деган атомли давлат
шундоқ ҳам нозик оламни хавф остига қўяди “?
Чунки, эҳтимол, буни айтиш
эртага жуда кеч бўлар,
бугун айтиш керак;
яна шунинг учунки, биз – олмонлар,
бусиз ҳам босим остида қолган миллат, –
жиноятни экспорт қилаётганлар бўлишимиз мумкин,
бу жиноятни олдиндан кўриш осон,
бу қотилликда бизнинг иштирокимизни
кейин ҳеч қандай тавба-тазаррў
оқлай олмайди.
Яна тан олишим керак: мен бошқа жим туролмайман,
Ғарбнинг юзсизлигидан чарчадим,
ва яна,
умид борки,
балким, яна кўплаб одамлар
сукут сақлашни тўхтатарлар,
ва аён хавфнинг сабабкори бўлганларни
зўравонликни тўхтатишга чақирарлар
ва шуни талаб қиларларки,
халқаро идораларнинг
мустақил
ва доимий назорати
исроилликларнинг атом салоҳияти
ва эронликларнинг атом станциялари устидан
ўрнатилар,
икки мамлакатнинг ҳукуматлари бунга йўл берарлар.
Худди шундоқ
ҳаммага ёрдам бериш мумкин,
исроилликларга ва фаластинликларга ҳам,
бунинг устига,
минтақадаги
телбалик забт этган
тирбанд ва ғазабнок яшаётган
барча халқларга,
ва, ниҳоят барчамизга –
фақат шундай мадад бермоқ мумкин.
Русчадан Карим Баҳриев таржимаси