Шоир ва, таржимон Герман Другенбрудт (Germain Droogenbroodt) Бельгиянинг Роллегем шаҳрида туғилган. 1987 йили Испанияга кўчиб ўтган. Унинг 11 та шеърий китоби немис, италян, испан, инглиз, француз тилларида чоп этилган.
МАСДАРГА ҚАЙТИШ
Тубсизликда
тубни кашф этгил
соатларни ўқи
вақт
гирдобида
сукунатни
асло бўшлиқмас
тўкисликдай ҳис қил
туннинг
соя-шарпалари-ла
очиб ташла нурни
ФАЖР
Оҳиста
ўз-ўзини битган шеър мисол
ҳеч нимадан
бино бўлур тонг
сукунатни этар тасарруф
ёруғликни келтирар хушҳол
тундан бўлак
бори тундликни
кўтаргувчи
шамсга бахшида
чор тарафда кўклам урар қулф
Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси