Емилиан Буков (1909-1984)

Буков Емилиан Нестерович (Emilian Radu Bucov; 1909.27.7 Жанубий Бессарабия – 1984) — Молдавия халқ ёзувчиси (1982). Бухарест университетини тугатган (1936).
Илк ижодида жамият кескин танқид қилинган, инқилобий кураш руҳи кучли («Меҳнат қайнайди», 1932; «Қуёш нутқи», 1937; «Хитой», 1938 ва бошқа шеърлар тўпламлари). Кейинчалик бошқа ватанни, молдаванлар ҳаётидаги ўзгаришларни куйлаган («Мен сени кўряпман, Молдавия», 1942; «Днестрда баҳор», 1944; «Менинг мамлакатим», 1947 ва б.).
«Бугун ва эрта» (1965) шеърлар тўплами, «Реут шаҳри» (1965) шеърий роман, «Қалб учқунлари» (1965) ҳикоялар тўплами ҳамда «Магистрал» (1969) романи бор. «Она» ҳикояси, «Ёшларга», «Апрель», «Бугун ва эрта», «Ўтмиш ва истиқбол» шеърлари ўзбек тилига таржима қилинган.
Молдавия давлат гимнининг муаллифи (ҳамкорликда).

ЗАНЖИНИНГ ДУОСИ

О… тангрим!
Э қуёш фарзанди!
Менга қара, бир дам қулоқ сол!
Қачонлардир илтифот билан
Яратганинг қоп-қора занжи
Қилмоқчидир сенга арзи хол:
Атрофингни ўрамиш тамом
Осмонўпар зил қояларнинг
Силсиласи занжир мисоли.
Бўм-бўш ғордан учган калхатдай
Чиқар ҳувиллаган тўшингдан
Жазирама саҳро шамоли.
Илтифотинг тутмагил дариғ,
Эй худойим, мендек қулингга!
Мен ғинг демай, илтижо қилиб,
Бошим эгган эдим йўлингга.
Менинг хўжам — оқ танли жаноб,
Оппоқ кун-у, оқ булутдай оқ.
(Уни кўрсам, важоҳатидан
Мен шўрликни босади титроқ.)
Шундай экан,
ахир
нега у —
Сен тангрининг севган бандаси —
Бўлди менинг ягона қизим —
Зайресжоннинг шум кушандаси?!
Унинг қамчисидан Зайресжон,
Шакарқамиш ниҳолисимон,
Шарт кесилиб таг-туби билан,
Кўз ўнгимда жон берди-ку, жон!
Тонг отиши билан эрталаб,
Қизгинамнинг жажжи танасин
Бир ямламай ютди Сахара,
Хўдди аждар каби қонсираб.
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Наҳотки энди
Зайрес сўзи оқмас шарақлаб?
Наҳот чўғдай яллиғланиб ҳеч
Зайрес кўзи ёнмас чарақлаб?
Наҳот бевақт сўлган гул каби
Зайрес табассуми, Зайрес қўшиғи
Ётар қора лаҳатни безаб?
Золим хўжам билганин қилди.
Бошимизда ўйнатди қамчи.
Эҳ, илонбош қамчи зарбидан
Тандан оқди қон томчи-томчи.
Кўтаролмай мусибат юкин
Она шўрлик чўпдай қуриди.
Фақат унинг икки кўзидан
Булоқ бўлиб оққан ғам ёши
Тупроқ узра қордай эриди.
Бўрон тинди бизнинг азобдан,
Қум чекинди бизнинг хитобдан,
Тонг ёришди қизил қонимиз —
Рангин олган қизғиш офтобдан.
Фақат,
фақат сен индамадинг,
Бир отадай бошимиз силаб,
Биз қулларга бир сўз демадинг.
Айтгил, худо, кўрмиди кўзинг?
Нега бизнинг аҳволни кўриб,
Билмасликка солдинг сен ўзинг?
Нега ахир, қудратли оллоҳ,
Оқ хўжайин бизни калтаклаб,
Теримизга сомон тиқса ҳам,
Арзимаган баҳона билан
Бошимизда ёнғоқ чақса ҳам,
Тек турдинг сен, лом-мим демадинг?
Кечир мени, эй парвардигор,
Мен соянгга таъзим қилардим.
Зулм тиғи етди суякка,
Ноилождан ёндим, ҳайқирдим.
Гуноҳкорман, осий бандангман,
Шафқат қилғил. Оғирдир дардим…
… Нега жимсан?
Нега лол қолдинг?
Қачонгача мен берай бардош?
Ё оғзингга талқонми солдинг?
Тош экансан….
Узинг… бағри тош!
Сахаранинг зўр шамолидай
Парвоз этгум қуллар ёнига.
Чақиргум мен мазлум элларни,
Саодат-чун жанг майдонига.
Ёндиргум мен ғазаб ўтини
Таҳқирланган туллар онгида!
Ҳайқираман бор овоз билан,
Худо ҳиссиз тош экан, дейман,
Эй халойиқ, қўрқмангиз ундан,
У иблисга бош экан, дейман.
Қалқар,
қалқар шунда миллатлар,
Эрк ва нажот учун курашга!
Қалқар қора танли элатлар
Ҳаёт-мамот учун курашга!
Шунда мен ҳам чўл бўронига
йўлдош бўлиб бошлайман ҳужум.
Шунда пўлат қилич кўтариб,
Оқ хўжайин устига юргум.
Даъват этгум занжи авлодин
Энг сўнгги жанг, зўр имтиҳонга!
Байроқ қилиб қутлуғ қонимиз,
Кўрсатаман жумла жаҳонга!
Шунда фиғон ва оҳ ўрнида
Ҳам сажда-ю, дуо ўрнида
Жаранглайди исён қўшиғи!

УРУШҚОҚ БИР ЖАНОБГА ХИТОБ
(«Киши-кишига…» тўпламидан)

Жаноб!
Ҳар қалай сенда ҳам
фарзанддан бордир,
Оила бошлиғисан шулар туфайли.
Зоҳиринг — художўй,
ичинг — заҳар, кир.
Оллоҳинг ўзингга!
Яшайвер, майли!
Не учун
атом деб вайсайсан мудом?
Оғзингда пичоқ тишлаб,
пойлайсан кимни?
Инсоф билан айт ўзинг,
сендай сурбетни
Ота,
эр,
ё инсон деб аташ мумкинми?
Уруш — сенинг истагинг.
Халқлар бошида
Бомбалар портлашин қиласан орзу.
Наҳотки
чинданам
уруш даҳшати
Иблисона қалбингга сололмас қўрқув!?
Истагинг: бировлар
бошига кулфат —
Емғири ёғилса бомбалар билан.
Сен эсанг
уйингда
кайфингни суриб,
Қизариб кекирсанг
виски зарбидан.
Йўқ, йўқ!
Янглишасан,
бир сирни айтай:
Сен
мамнун илжайиб,
кўк харитага
Қора крестчалар битганинг чоғи,
Ракеталар дўл каби ёғиб устингга,
Куйдирар уйингни,
тўзитар боғинг.
Понига1 минолмас
қувнаб ўғилчанг.
Сочини юлганча қолар аёлинг.
Узинг қўйган тузоққа ўзинг илиниб,
Қуримасми шўринг,
не кечар ҳолинг!?
Қаерга бекинасан?
Жавоб бер менга!
Темир сандиққами?
Ёки қудуққа?
Сандиқ торлик қилар
ва ундан кейин —
Атом тўлқинида айланар чўққа!
Наҳотки
Ер шари қилади торлик?
Тинч-тотув яшашлик
эмасми афзал?
Билиб қўй:
мабодо
қилиб беорлик,
Атом хирмонига қўйсанг агар ўт,
Атом зарраларга
минг бор бўлиниб,
Ғойиб бўлганидек
одам кўзидан,
Сенинг ҳам тақдиринг қилинади ҳал!

Р. Муқимов таржималари