Зурина Ҳассан (1949)

Зурина Ҳассан (Zurinah Hassan) – малайзиялик шоира. Малайзия фанлар университетини тамомлаган. 2008 йил докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Бешта шеърий тўплами нашрдан чиққан (биринчиси – “Сокин кўча”, 1974). Бундан ташқари, қисқа ҳикоялардан иборат “Давомли йўл” (1998) тўплами ҳам эълон қилинган.

ҲУРМАТ ИЛА ЭРИМГА БАҒИШЛАЙМАН

I

Ташаккур сенга, ёр,
Сен мени умр йўлдоши этиб танладинг.
Танловинг, бу – улкан жасорат.
Жасорат мудом ҳам келтирмаган бахт.

II

Мен сени учратганда,
Сен покиза бир булоқ эдинг,
Мен бу чашманинг бокиралигидан уялардим –
Бу покиза ойнада менинг камчиликларим кўринарди.
Сени учратганимдан бахтиёрман.
Мени кечир, гоҳида
Олис найдан таралаётган шеърий нолалар
Мени сенинг бағрингдан юлиб
Илҳом оғушига отади…

ЛАБДАН УЧГАН ҲАР БИР СЎЗ – ГУНОҲ

Бу тунни шеърда муҳрламоқчи бўлдим –
Сенинг оғушингда сармастлигимни,
Сен кўз ёшларимни қуритмоққа уринганингни…
Мен бирор сўз бита олмадим,
Чунки бунда сўзлар гуноҳ бўларди.

Сен муҳаббатимни сўрасанг,
Яхшиси, ийманиб “билмайман” демоқ шарт.
Зеро, ростини айтиш –
Гуноҳкор эканингни тан олишдир.

Лабларимни тишлаб туришдан
Бошқа илож йўқ,
Зеро, овоз ҳам – душман,
Сўзлар – гуноҳкорлар,
Айбсиз айбдорлар.

Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси