Динсман – Шамсиддин Усмон (1949)

Динсман (Dinsman) – малайзиялик шоир, театр арбоби. Асл исми Че Шамсиддин Усмон. 1974-1979 йилларда Тил ва адабиёт кенгашида ишлаган. “Хослар театри” гуруҳига асос солган. Абсурд йўналишида “Жебат”, “Протест”, “Бу ўз жонига қасд қилиш эмас” каби пьесаларни ёзган.

БИЗНИНГ БЕНДАХАРА АҚЛИДАН ОЗДИ

Ривоятим айтай – тингланг, эй, аҳли замон.
Битта бендахара – ҳиндмас, мусулмон,
Ҳукмдор бўлди бир зўр мамлакатда.
Аввал адолатли эди у чунон.

Миллатнинг шавкати ва камолоти
Унинг учун эди баридан устун.
Уни севар эди одамлар, эллар,
Мақтов айтардилар унга шу учун.

Авжига чиқарди мақтов, хушомад,
Унга садоқатдан эл ичди қасам.
Бендахара жуда севинди – роҳат,
Шуҳрати тарқалди хорижларга ҳам.

Унинг ҳар каломи – эл учун қонун.
Нени амр айласа – вожибдир шу чоқ.
Фақат бойлар бойиб борарди бадтар,
Қашшоқлар янаям афтода, қашшоқ.

Бендахара, бироқ, қилмади парво.
У эмас, азобда қолган оломон.
Ишонар, каломи – эл учун қонун.
Нимани истаса, муҳайё шу он.

Ҳашамдор саройлар қуринг мен учун,
Менга керак, – дерди, – энг чўнг самолет.
Пароходлар, заводлар – оилам учун,
Нефт ва газ фойдаси – менга даромад.

Халқ пулин совурар ўзиникидай,
Халқи унинг учун – қулдир, халқ эмас.
Халқнинг қўли унга етолмас, узоқ.
Бу ҳукмдор билан халқи балқимас.

Норизо бўлсангиз, қамаб, отади.
Ким қарши гапирса, душман саналар.
Ҳеч кимни аямас, содиқ вазир ҳам,
Урилди, топталди, ёнди қанчалар.

Халқнинг нолишига қулоқлари кар.
Уламо аҳлини хушламас, шайтон.
Одамлик, шафоат ҳиссин унутган.
Шафқатсиз ҳукмдор, бир ғайриинсон.

Бир овоза чиқди юртнинг аҳлидан:
Бендахара – шўрлик, озмиш ақлидан.

У кўрдики, ишлар чатоқдан-чатоқ.
Одамлар миш-миши оғирдир, ҳайҳот.
Аммо яна элни алдамоқчи у,
Телба эмаслигин қилмоқчи исбот.

Хонанда Сити ни солмоқда ишга,
Катта стадионга элни тўлғазган.
Аммо халқ шивирлар ўша бир гапни:
“Бендахарамиз, шўрлик, ақлидан озган…”

Ақлидан мосуво бўлган экан, рост,
Ишларимиз шундоқ, қулинг ўргулсин.

Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси