Баҳоруддин Зайнал (1939)

Баҳоруддин Зайнал (Baharuddin Zainal) – малайзиялик шоир, адабиётшунос, Малайзия миллий шоири (2013). Тахаллуси – Баҳо Зайн. Хутан-Мелинтанг (Перак штати)да туғилган. “Деван Састра”, “Деван Будая”, “Деван Бахаса” журналларида бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Бир неча муддат Тил ва адабиёт, Малайзия таржимонлар миллий институти кенгаши аъзолигига сайланган. “Гонг ороли” (1967), “Оила овози” (1969), “Аёллар ва соялар” (1974) шеърий тўпламлари, эссе ва ҳикоялари эълон қилинган. Шеърлари инглиз, испан, хитой, рус, корейс тилларига ўгирилган.

ОТАЖОНИМ

Отамга
Шон-шуҳрат ва ҳокимият керакмасди,
У ҳеч кимга хушомад қилмасди, мақтамас эди.
Титивангса тоғига ўхшарди,
Тоғ отадай қаршимда турибди.
Ҳеч нарсани тушунтирмайди,
Ҳеч кимдан узр сўрамайди,
Салобатли,
Жим.

ҲАР БИР ЁШНИНГ ФАЗИЛАТИ БОР

Ўн саккиз ёшимда
Дунёнинг барча неъматлари ичидан
Муҳаббатни яхши кўрардим.

Йигирма ёшимда,
Гулханни ўчирадиган шамолни эмас,
Оловни севдим.

Ўттиз ёшга кирганимда,
Революцияни истадим,
Эволюцияни эмас.

Қирқ ёшга кирган пайтим
Ҳаловатсиз ҳаётдан чарчадим,
Сукунатни севиб қолдим.

Энди эса борича яшамоқчиман,
Хомхаёлларни ҳайдайман,
Ваҳимали орзулардан кечганман.

Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси